Линклар

Шошилинч хабар
01 август 2021, Тошкент вақти: 23:02

Олмаотада сиёсий ислоҳотлар талаби билан норозилик акцияси бўлиб ўтди (ВИДЕО)


Олмаотадаги намойиш пайти. 31 октябрь. 2020 йил

31 октябрь куни Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотада юзлаб ҳуқуқ фаоллари сиёсий ислоҳотлар ўтказилишини ҳамда сиёсий таъқиблар тўхтатилишини талаб қилиб норозилик акциясини ўтказди.

Хабарларга кўра, расмий рухсат берилган раллида 300 га яқин одам қатнашган.

Норозилик раллиси Олмаота шаҳрининг Чўқон Валихонов номидаги паркида бўлиб ўтган.

Олмаотада юзлаб фаол норозилик акциясига чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

Ой бошида кутилмаганда Олмаота расмийлари норозилик акциясини ўтказишга рухсат берган эди.

12 октябрь куни таниқли ҳуқуқ фаоллари Бақитжан Тореғожина ҳамда Ғалим Агелеуовлар акция ўтказилишига расмий рухсат берилганини маълум қилган эдилар.

Ундан олдин шаҳар расмийлари икки марта рад жавобини берган.

Расмийларнинг позицияси нима сабабдан ўзгаргани номаълум бўлиб қолмоқда.

Агелеуов бундан олдин икки марта шаҳар расмийларига ралли ўтказиш учун рухсат сўраб мурожаат қилганини, аммо рад жавобини олганини сўзлаб берди.

Агелеуовнинг сўзларига кўра, акция мамлакатда экстремистик ташкилот ўлароқ ман этилган икки партия – «Қозоғистон демократик танлови» партияси ҳамда «Коше» (кўча) партиялари қўллови билан ўтказилган.

«Қозоғистон Демократик танлови» партиясига тадбиркор Мухтор Аблязов асос солган. Сиёсий тазйиқлар ортидан мамлакатни тарк этган Аблязов Интернет орқали тез-тез норозилик акцияларини уюштириб туради.

Айни дамда Францияда яшаётган Аблязовга 5 миллиард долларга яқин маблағни ювиш айблови қўйилган. Сиёсатчининг ўзи ва унинг тарафдорлари бу айбловни рад этиб келади.

Акция ташкилотчиларининг сўзларига кўра, оломон йиғилишидан олдин фуқаролик кийимидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари акция бўлиб ўтадиган ҳудуд атрофини ўраб олиб, содир бўлаётган воқеаларни яқиндан кузатишган.

Митинг иштирокчиларидан ижтимоий масофани сақлаш ва бўр билан чизилган белгилар устида туриш сўралган.

Акция қатнашчилари учун юк машинаси платформаси минбар хизматини ўтади. Акция давомида Тореғожина ва Агелеуов билан бир қаторда иқтисодчи Айман Турқинқан ҳам нутқ сўзлади.

Турқинқан Қозоғистон ислоҳотларга муҳтож эканлигини, акс ҳолда мамлакат иқтисоди инқирозга юз тутишини айтди.

Митинг ўз якунига етганидан кейин, минбарга аёллар кийими ва парик кийиб олган шахс яқинлашди. У қамоқдаги трансгендер маҳбус Виктория Берикхўжаевани қўллаб-қувватлаш учун келганини айтди. Бир неча одам зудлик билан унга ҳужум қилиб, дўппослади. Акция ташкилотчилари ёрдамга келиб, уни оломон ичидан хавфсиз жойга олиб кетишга уриндилар.

Қозоғистонда ҳукумат сиёсатини танқид қилиб ўтказиладиган норозилик акцияларига камдан-кам ҳолатларда расмий рухсат берилади.

Мамлакат қонунчилигига биноан, ҳар қандай оммавий тадбирни ўтказиш учун аввал маҳаллий расмийлардан рухсат олиш керак.

Қозоғистондаги ва хориждаги танқидчилар ушбу қонун аҳолининг конституцион ҳуқуқларини бузишини айтиб келадилар.

XS
SM
MD
LG