Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:30

Оренбургда автоаварияда нобуд бўлганлар шахси аниқланди (РЎЙХАТ-ВИДЕО-ФОТО)


Автоаварияда 6 киши ўлди, 2 киши оғир жароҳатланди. (Воқеа жойидан олинган сурат)
Автоаварияда 6 киши ўлди, 2 киши оғир жароҳатланди. (Воқеа жойидан олинган сурат)

Оренбург-Оқбулоқ трассасида 24 ноябрда содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлган 6 кишидан 4 нафари Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабарича, яна бир ўзбекистонлик аёл оғир аҳволда маҳаллий шифохонада қолмоқда.

Озодлик нобуд бўлганларнинг шахсини аниқлади.

Россиянинг Оренбург вилоятида 24 ноябрь куни юз берган авария оқибатида 4 ўзбекистонлик ва 2 тожикистонлик муҳожир ҳалок бўлди.

Оренбург вилоят прокуратурасининг Озодликка билдиришича, яна 2 шахс оҳир аҳволда шифохонага ётқизилган.

- Биз Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 264- моддаси 5- қисми (Икки ва ундан ортиқ одамларнинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш) асосида қўзғатилган жиноят иши боришини назоратга олдик. 6 киши, жумладан вояга етмаган 3,5 яшар бола ўлганини тасдиқлаймиз, - деди вилоят прокурори ёрдамчиси адлия катта маслаҳатчиси Ольга Аникеева.

Авария тонг саҳарда содир бўлди (Оренбург ИИББси фотоси)
Авария тонг саҳарда содир бўлди (Оренбург ИИББси фотоси)

Прокуратура хабарига кўра, Оренбург-Оқбулоқ автомагистралининг Чистий қўрғони олдидан ўтувчи 15- километридаги қисмида 24 ноябрь тонгги 5 ларда “Hyundai Starex” микроавтобуси ва “Scania” юк машинаси тўқнашиб кетган.

Микроавтобусда жами 8 киши, жумладан, 5 ўзбекистонлик ҳамда 3 тожикистонлик бўлган.Фура ҳайдовчиси жароҳат олмади.

Ижтимоий тармоқларда тўқнашувдан мажағланиб кетган минивен ва йўл четига чиқиб кетган юк машинаси акс этган видео ва фотосуратлар пайдо бўлди.

Error rendering VK.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда 4 нафар марҳумнинг жасадини ватанга юбориш масаласи устида ишлаётгани Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар қилинди.

"Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда", дейилади расмий ахборотномада.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги аварияда жароҳат олган бир ўзбекистонлик Оренбург вилоят касалхонасига ётқизилганини ҳам маълум қилди.

Оренбург вилоят полиция бошқармасининг исмини очиқламасликни сўраган мулозими “Оренбург-Оқбулоқ” трассасида ҳалок бўлган ва жароҳатланган меҳнат муҳожирлари тўлиқ рўйхатини Озодликка тақдим этди.

Автоаварияда нобуд бўлган ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар:

  1. Жалолиддинов Акбархон, 2016 йилда туғилган, Тошкент вилояти,
  2. Қулматов Орифжон, 1989 й.т., Самарқанд вилояти Булунғур тумани,
  3. Султонова Ҳамидахон, 1973 й.т., Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани,
  4. Исломов Жамшидбек, 1985 й.т., Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани,
  5. Фирузи Аҳмад, 1993 й.т., Тожикистон Республикаси,
  6. Хусниддини Маликзода, 1992 й.т., Тожикистон Республикаси.

Касалхонага ётқизилганлар:

1. Бобохонова Саодат, 1995 й.т., Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани;

2. Исматов Шаҳбоз, 1995 й.т., Тожикистон Республикаси.

Оренбург вилоят Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вилоят касалхонасига олиб келинган Бобохонованинг аҳволи борасида Озодликка буларни гапирди:

- Бобохонова Оренбург шаҳридаги 1-вилоят клиник шифохонасига госпитализация қилинган. Унда ўта оғир бош суяги-мия жароҳати, бош суяги асоси синган, бош суяги ёрилган, тос ва қўл-оёқлари, қовурғалари синиб кетган. Аҳволи, тушуниб турганингиздек, жуда ёмон, деди исмини очиқламаган Оренбург полиция бошқармаси навбатчиси.

Тўқнашган юк машинаси кюветга тушиб кетган (Оренбург ИИББси фотоси)
Тўқнашган юк машинаси кюветга тушиб кетган (Оренбург ИИББси фотоси)

Полиция олиб бораётган тергов-суриштирувнинг дастлабки натижаларига кўра, “Hyundai Starex” минивенини бошқариб келаётган 39 яшар ҳайдовчи қарши йўлга чиқиб кетган ва бор тезликда “Scania” юк машинасига бориб урилган.

Терговчилар узоқ йўл юриб келаётган микроавтобус ҳайдовчиси ухлаб қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Озодлик Қозоғистон чегарасига бориб қайтаётган ва Ўзбекистон-Россия йўналишида ҳаракатланаётган микроавтобуслар ҳалокатлари тез-тез бўлиб туриши борасида кўп маротаба хабар бериб келган.

XS
SM
MD
LG