Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:26

Ерга таҳдид қилаётган экоҳалокат Орол мисолида кўрсатилган фильм ўзбек тилига ўгирилди


Қуриб қолган Оролда чириб ётган кема.
Қуриб қолган Оролда чириб ётган кема.

Тошкентлик икки фаол, блогер ва тадбиркор Нурбек Алимов ва овоз режиссёри Фурқат Усмонов дунëда шов-шувларга сабаб бўлган «Уй» фильмини ўзбек тилига дубляж қилишди. Таниқли блогер ва тадбиркор Алимовнинг Озодликка билдиришича¸ фильм дубляжига кетган ҳаражатларни ўзлари кўтарган.

- Биз буни уддаладик! Дўстим Фурқат Усмонов билан «Уй» фильмини таржима ва дубляжини якунладик! Олдин ушбу фильмнинг эгаси Goodplanet Fondation раҳбари Жаклин Гоффард хонимга хат юбордик, Гоффард ҳоним эса бизнинг бу беғараз ишимизни олқишлаган ҳолда бизга фильмнинг оригинал (кадр ортидаги овозсиз) нусхасини жўнатди. Тез кунларда Ютюбда уларнинг расмий каналида дунёнинг халқаро 6 тили қаторида 7- чиси бўлиб фильм ўзбек тилида эълон қилинади.

Филм дубляжини амалга оширган овоз режиссёри Фурқат Усмонов Озодлик билан суҳбатда бу кинонинг "ўзбекча гапиришига" ҳисса қўшганидан мамнунлигини айтаркан, бундай деди:

- Продюсер Люк Бессон ва режиссёр Ян Артюс-Бертран томонидан ишланган “Уй” филми табиат муҳофазасига бағишланган. Фильм глобал иқлим ўзгаришлари, Ер сайёрасининг қисқача тарихидан тортиб ҳозирги кунда инсоният олдида турган жиддий экологик муаммолар, глобал иқлим ўзгаришларини ўз ичига олади.

Асосий мужда - Ер куррасини асра!

Айни пайтда Фурқат Усмонов кинодаги асосий мужда «бир қатор давлатларнинг табиат ресурларига нисбатан олиб бораётган нотўғри сиёсати» ҳақида эканлигини таъкидлади.

- Шу кунда “Уй” 36 та давлатда тақиқланган. Бу давлатлар рўйхатига Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Аргентина, Қозоғистон, Нигерия, Сенегал ва яна бир қатор давлатлар киради. Тасвирга олиш жараёни 18 ой давом этган. Cineflex камерасида вертолётлар ёрдамида ишлаган суратга олиш гуруҳи 53 та давлатда бўлган. Таъкидлаш жоизки, Хитой ва Саудия Арабистонида ҳаводан тасвирга олишга мазкур давлатлар ҳукуматлари рухсат беришмаган. Ҳиндистонда олинган материалларнинг ярми конфискация қилинган. Аргентинада эса суратга олиш гуруҳи бир ҳафта қамоқхонада сақланган.

Фильмни Қозоғистонда нега тақиқлашди?

Бу саволга жавоб берган Фурқат Усмоновнинг айтишича, «болаларни пахтага мажбуран олиб» чиққан Қозоғистон ҳукумати фильмда танқид қилинган:

- “Уй.” филмида Қозоғистон билан боғлиқ қизиқарли бир эпизод мавжуд. Унда муаллиф Қозоғистоннинг пахта сиёсатини кескин танқид қилган. Жумладан, Қозоғистон манзаралари кўрсатилганда, мактаблар ёпилиб, мактаб болалари пахта далаларига мажбуран олиб чиқилаётгани ҳақида сўз боради. Табиийки, бу ҳолат қозоғистонликларга ёқмади ва фильм тақиққа учради.

Фильм танқидчилари фикрича, "Уй"нинг муаллифлари шу масалада ноаниқликка йўл қўйган.

Бошқа давлатларда нега тақиқланди?

Фурқат Усмонов фильмнинг кўпчилик давлатларда тақиқланганини бундай изоҳлади:

-“Уй”нинг 36 та давлатда тақиқлангани сабаби шундаки, фильм ушбу давлатларнинг табиатга, табиат ресурсларига, экология муаммолари ва иқлим ўзгаришларига нисбатан олиб бораётган сиёсатини жиддий танқид қилган. Давлатларни табиатга нисбатан олиб бораётган сиёсати қандай ҳалокатларга олиб келгани ва келажакда олиб келиши мумкинлигини далиллар, рақамлар ва тасвирлар билан яққол кўрсатиб берган. Шу ўринда қайд этиб ўтмоқчиманки, “Уй” филмининг яна бир қисми ҳам бор - “Уй. Саёҳат тарихи” деб номланади. “Уй. Саёҳат тарихи” бу фильм ҳақидаги фильмдир. Режиссёр Янн Артюс-Бертран фильмни тасвирга олиш ишларида қандай манзараларни кўргани, қандай муаммоларга дуч келгани ва қандай тўсиқларни енгиб ўтгани ҳақида ҳикоя қилган.

Фурқат Усмонов кино ҳақида кино бўлган “Уй. Саёҳат тарихи” фильми дубляжи режаланганлигини билдирди:

- Томошабинларимиз учун даставвал “Уй” филмининг ўзини ўзбек тилига ўгирдик. Агарда унга бўлган қизиқиш яхши натижа берса, фильм ҳақидаги фильм бўлмиш “Уй. Саёҳат тарихи”ни ҳам ўзбек тилига дубляж қилишни ўйлаб қўйганмиз.

Фильм Ўзбекистонда тақиқланмаган

«Ўзбеккино» давлат акциядорлик ширкатининг исмини айтмаган ходими продюсер Люк Бессон ва режиссёр Ян Артюс-Бертран томонидан ишланган “Уй” фильми Ўзбекистонда тақиқланмаганлигини айтди.

- Бу фильм намойиши тақиқланган фильмлар рўйхатида йўқ. Ҳеч ким бу фильм устидан шикоят ҳам қилмаган. Кинотеатрда намойиш қилиш учун изн ҳам сўрамаган.

Тафаккурни ўзгартирадиган фильм

Фильмни томоша қилган 26 яшар тошкентлик Азизбекнинг айтишича¸ асар бошқа шу каби кинолардан буткул фарқ қилади:

- Биз чой ичамиз¸ пахтадан кийим киямиз ëки асоси нефть бўлган минглаб пластик ашëларни қўлланар эканмиз пировардида дунë экологиясига катта зарар етказаëтганимизни шу фильм орқали теран англаймиз. Айниқса, пахта боис дунëдаги энг катта тўртта кўлдан бири бўлган Орол қуригани ҳақида фильмда яққол кўрсатилган. Мен бу фильмни инглиз тилида кўрдим¸ тенгдошларим учун ўзбек тилида кўриш имкони пайдо бўлганини олқишлайман¸ - деди суҳбатдош.

Энг қиммат ҳужжатли фильм

Ўзбекистонлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодликка билдиришича, "Уй" дунë кинемотаграфия тарихидаги энг қиммат хужжатли фильмдир:

- Фильм бюджети 10 миллион евро. Фильм тақдимотини ҳам мисли кўрилмаган деб айтган бўлардим. Бугун ўзбек тилида томошабинларга тақдим қилинган кино 2009 йилнинг 5 июнида атроф-мухитни ҳимоя қилиш халқаро кунида бир вақтнинг ўзида Лондон¸ Париж¸ Токио¸ Берлин¸ Нью-Йорк ва Москва кинотеатрларида намойиш қилинди. Кино ижодкорлари бу фильмни барчага, шу жумладан 60 та етакчи телеканалга текинга беришди. Мақсад одамларни экоҳалокатдан огоҳ қилиш. Орадан 10 йил ўтиб бўлса ҳам бу фильм ўзбек тилида чиққанлигини олқишлайман. Чунки экологик муаммо долзарблиги кун сайин ошиб борадиган мавзу.

Рақамлардаги даҳшат

Абдумалик Турдиев фильмда акс эттирилган мавзу тафсилот ва рақамларга бой эканлигини айтади:

- Дунë жонзотларининг 20 фоизини ташкил қилган инсонлар планетанинг 80 фоиз ресурсини истеъмол қилади. Инсон комфорти учун йилига 13 миллион гектар ўрмон йўқ бўлади. Кўллар қурийди¸ дарëларга нефть тўкилади¸ Хар йили 5 минг одам ифлос сув ичиш оқибатида ўлади. Бир миллиард одам тоза ичимлик сув ичишдан маҳрум. Дунëдаги экин экиладиган ерларнинг 40 фоизи гербицидлар боис яроқсиз холга келган. Дунëда етиштирилган ғалланинг 50 фоизи биоëқилғи ва мол еми сифатида ишлатилади. Дунë ҳавзалардаги балиқларнинг 75 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Қушлар ва ҳайвонларнинг ноëб турлари қириб ташланди. Мен бир неча жумлага жойлаганим бу даҳшатли маълумотлар кинода қуш учадиган баландликдан туриб олинган тасвир фонида ўта ҳиссиëтли ҳикоя қилинади. Таниқли киночи Элем Климовнинг «Бор ва кўр» (Иди и смотри) деган киносига ўхшайди бу фильм. Фарқи шундаки¸ Климов фашизмни фош қилса, режиссер Ян Артюс-Бертран экологик офатни фош қилади.

«Уй» фильмини ўзбек тилига дубляж қилган икки фаол Нурбек Алимов ва Фурқат Усмонов бундан олдин рус блогери Дудь суратга олган «Колыма – қўрқувларимиз ватани» фильмини ўзбек тилига кўнгилли тарзда ўгирган эди.

XS
SM
MD
LG