Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:31

Прокуратура ходими: Меҳнат таътилимизда 1 кун ҳам дам ололмаймиз


Ахир биз қонун устуворлигини таъминлайдиган, фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган, адолатни рўёбга чиқарадиган орган бўлсак, қандай қилиб ўзимиз адолатсизлик ичида бўла туриб, ўзимизнинг ҳуқуқларимиз бузилиб турган бир вақтда бошқаларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз мумкин?

Бу гап Ўзбекистон "прокуратура органларида хизмат қилаётган" шахсини очиқласа "1 дақиқада мени ишдан бўшатиб юборишлари аниқ" бўлган фуқаро хатидан олинди. Хат муаллифи ўз исм-фамилиясини ҳатто Озодлик ўзи билиши учун ҳам очиқламади. Фақат чиндан ҳам прокуратура ходими эканлигига далил сифатида гувоҳномаси муқоваси суратини жўнатди.

Ишчи-хизматчилар меҳнатидан фойдаланишда қонунда белгиланган меъёрлар қўпол равишда бузилаётгани тўғрисидаги шикоятлар Озодликка кўп келади. Бу муаммо кейинги ойларда маҳаллий матбуотда ҳам ёритилмоқда. Бу масалада қатор вазирликлар "назоратга оламиз", "риоя қиламиз" деган мазмунда баёнотлар билан ҳам чиққан. Бироқ, прокуратура ходимидан келган хатга қараганда, аҳвол ўзгаришсиз қолаётган кўринади.

Таҳрирсиз, қисқартиришсиз, имло ва стилистикасини сақлаган ҳолда эълон қилаётганимиз мактубни ўқинг:

"Мен прокуратура органларида хизмат қиламан. Яқинда меҳнат таътилига чиқаман, аммо бошлиқларим менга 1 кун ҳам дам беришмоқчи эмас. Моддий ёрдамни олда, ишингни давом эттир дейишмоқда.

Биз туну-кун тинмай меҳнат қиламиз, баъзида кечалари ишхонада тунашга тўғри келади. Шундай бўлсада умуман дам йўқ.

Ахир биз қонун устуворлигини таъминлайдиган, фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган, адолатни рўёбга чиқарадиган орган бўлсак, қандай қилиб ўзимиз адолатсизлик ичида бўла туриб, ўзимизни ҳуқуларимиз бузилиб турган бир вақтда бошқаларни ҳуқуларини ҳимоя қилишимиз мумкин?

Биздан юқорида турувчиларга фақат уларни ўтирган курсиси керак, қўл остидаги ходимлар билан умуман иши йўқ, асосийси улар лавозимни тарк этмаса, стулчасини қучоқлаб олса бўлгани, ходимлар ўлиб кетмайдими, уларга барибир.

Бизга ИШЛАШ УЧУН барча шароитлар яратилган, ҳа ишлаш учун, аммо дам олиш учун заррача ҳам имконият йўқ.

Ҳозир бу хабарим сизларни ижтимоий тармоқларингизга чиқганидан кейин нимадир ўзгариш бўлиши мумкин, вақтинча. Аммо шунда ҳам мени давлат хоинига чиқарадиганлар ҳам топилади. Ишда қолмаслигим аниқ, агар бирор сабаб топилиб қамоққа олишмаса.

Аслида улар умуман ўйлаб кўришмайдики, мен фақат ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқмоқдаман. Биз ҳам халқмиз, ердан чиққан қўзиқорин эмас. Болаларимиз тарбиясиз бўлиб ўсмоқда, вақт ажратолмаганимиз сабабли.

Биз розимиз кечаю-кундуз ишлашга, бериладиган топшириқларни сўзсиз ва беками кўст қилиб бажаришга, шанба ва якшанба кунлари ишлашга. Фақат йилида 1 марта бериладиган меҳнат таътилидан ҳеч бўлмаса 1 ҳафта тўлиқ беришларини сўраб қоламиз.

Юқоридагилар курсисидан ажралмаслиги учун унданда юқоридагилардан мазкур ташаббус чиқиши лозимдир.

Шахсимни ва қайси ҳудудда фаолият кўрсатишимни айтолмайман. Чунки 1 дақиқада мени ишдан бўшатиб юборишлари аниқ. Рахмат".

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

XS
SM
MD
LG