Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 01:22

Путин Лукашенкони кимнинг яхтасида айлантирди?


Путин ва Лукашенко Қора денгизда - 29 май, 2021

Россия президенти Владимир Путин ўтган йилнинг августидан буён Беларусь президенти Александр Лукашенко билан тўрт марта учрашди. Сўнгги учрашув 5 соатдан узоқ вақт давом этганига қарамай, Кремль атиги 7 дақиқалик видеолавҳани эълон қилди.

Учрашув тафсилотлари оз бўлгани сабабли, кўплаб кузатувчилар 29 май куни бўлиб ўтган норасмий музокаралар 54 метрли ҳашаматли яхтада ўтказилганига эътибор қаратди.

«Афтидан, бир ойда 10 000 дан 40 000 рублгача ишлаб топадиган россияликлар... Путиннинг 30 миллион евролик яхтаси борлигидан фахрланади», деб ёзди “Twitter” фойдаланувчилардан бири истеҳзо билан.

31 май куни «Дождь» мустақил телеканали «Чайка» деб номланувчи яхта Туркияда қурилгани ва уни Россия ҳукумати 2011 йилда сотиб олгани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, «Дождь» телеканали Путин ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 2018 йилда айни шу яхтада учрашганини эслатди.

Расмий маълумотларга кўра, 28–29 май кунлари Сочида ўтказилган музокаралар давомида Москва Минскка берилган 500 миллион доллар қарздан воз кечган ҳамда тарафлар Россия ва Беларусь ўртасидаги парвозлар сонини кўпайтиришга келиши олган.

Лукашенко ҳукумати 23 май куни Грециядан Литвага йўл олган “Ryanair” ширкати учоғини Минскка мажбуран қўндириб, рейс йўловчиларидан беларуслик мухолифатчи блогер Роман Протасевич ҳамда унинг қиз ўртоғи Софья Сапегаларни ҳибсга олган эди. Бу ҳолатни Ғарб давлатлари кескин қоралади ва Европа авиалиниялари Беларусь ҳаво ҳудудини четлаб ўта бошлади.

Расмий баёнотларда Россия ва Беларусь ўртасидаги яқин, аммо тез-тез кескин тус оладиган муносабатларга таъсир кўрсатаётган муҳим масалалар ҳақида лом‑мим дейилмади. Шу сабабдан ижтимоий тармоқларда кузатувчиларнинг Путин ва Лукашенко денгиз бўйида тушган фотосуратларга изоҳ беришдан бошқа иложи қолмади. Айримлар ҳазил билан, бошқалари ғазаб билан ҳашаматли яхта ҳақида шарҳ ёзди.

Расмий маълумотларга кўра, Путин 2020 йилда тахминан 136 минг доллар маош олган. Президент ўз декларациясида камтарона квартира, Совет Иттифоқи даврида ишлаб чиқилган учта автомобиль ва марҳум отасидан мерос қолган кичик лагерь трейлерини санаб ўтди.

Аммо қарийб 22 йил президент ёки бош вазир ўлароқ ишлаган Путин улкан шахсий бойлик тўплагани айтилади. 2012 йилда марҳум мухолифатчи Борис Немцов Путинга тегишли бўлган ёки унинг ихтиёрида бўлган вертолётлар, самолётлар, уйлар, қимматбаҳо соатлар ҳамда тўртта яхта ҳақида ҳисобот ёзган эди.

Ҳисоботда «Чайка»га ўхшаш 54 метрли яхта ҳам тасвирлаб берилган. Аммо унда «Кремль флотилиясининг ҳақиқий олмоси» жакузи, барбекю ва катта мармар ҳаммом билан жиҳозланган беш қаватли кема экани айтилди.

Жорий йилнинг январь ойида мухолифатчи Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси «Путин саройи» номли суриштирув-фильмни эълон қилди. Фильмда Россия президентининг Геленжик яқинидаги 68 гектар майдонни эгаллаган, қиймати 1.36 миллиард доллар бўлган ҳашаматли мулки ҳақида ҳикоя қилинди. Жамғармага кўра, мажмуа ерости муз саройи, аквадискотека, концерт зали, черков, «чойхўрлик уйига ўтиш учун» 80 метрли кўприк ҳамда саройдан денгиз соҳилига элтувчи ерости йўлагини ўз ичига олади

Владимир Путин тадқиқотга изоҳ бераркан, сарой ҳеч қачон унинг ўзига ҳам, яқин қариндошларига ҳам тегишли бўлмаганини айтди. Кейинроқ ўзини сарой мажмуасининг соҳиби деб Путиннинг эски таниши, тадбиркор Аркадий Ротенберг даъво қилиб чиқди.

Апрель ойида жамғарма Путинга алоқадор яна бир дабдабали қароргоҳ ҳақида хабар берди.

Тавсия этилади

XS
SM
MD
LG