Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:26

Лукашенко: “Юрт отаси”ми ёки диктатор?


Беларус президенти Александр Лукашенко
Беларус президенти Александр Лукашенко

1994 йилда Александр Лукашенко президент этиб сайланганида Беларусь мустақиллигига атиги 3 йил бўлган ва кўпчиликка номаълум мамлакат эди. Лукашенко президентлик курсисига ўтирганидан кейинги чорак аср давомида репрессиялар, ғалати хатти-ҳаракатлари ва ўзига қаршиларга ранг-баранг таҳдидлари билан эътибор қозонди.

Якшанба куни Минск хусусий ширкат учоғини қўнишга мажбурлаб, унинг бортидаги мухолифатчини ҳибсга олгани Лукашенко хуш кўрадиган бошқарув услубига яққол мисол бўлди.

AP мухбирининг ëзишича, Лукашенко демократик қадриятларни назар-писанд қилмай келаётгани ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи ачинарли бўлгани учун Беларусь Ғарб мамлакатлари орасида яккамоховга айланган ва Лукашенко “Европанинг сўнгги диктатори” лақабига сазовор бўлган.

66 га тўлган Лукашенко ўзини ёш мамлакатни тўғри йўлдан етаклаётган қаттиққўл, аммо доно патриарх – “Батька” (“Отахон” ёки “Дада”) ўлароқ тақдим этиб келади.

Лукашенко бир-икки марта Ғарб билан муносабатларни яхшилаш учун ҳаракат қилди. Аммо у 2020 йилда ўтказилган президентлик сайловида олтинчи муддатга сайланганидан кейин, унга қарши оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетди ва авторитар президент Ғарб билан ярашиш фикридан бутунлай воз кечди. Мухолифат ва кўплаб Ғарб давлатлари сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб, уларни тан олмади.

Намойишларда қатнашган ўн минглаб одам ҳибсга олинди, уларнинг кўпини полиция калтаклади; асосий мухолифат етакчилари мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлди ёки қамалди; хорижлик журналистлар мамлакатдан ҳайдаб чиқарилди; оддий фуқаролар туғилган кун ва велосипед пойгалари каби “рухсатсиз оммавий йиғилишларда” қатнашгани учун ҳибсга олинди.

Лукашенко ўз ҳукмронлиги даврида полиция зўравонлиги ва ҳибсга олишлар орқали мухолифатни бостирди, иқтисодиётнинг катта қисмини давлат назорати остида сақлаб қолди. Натижада Беларусь нео-совет мамлакатга айланди.

Лукашенко Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо қўшниларига ишончсизлик билан қараб, Россия билан яқиндан алоқа ўрнатди. Аммо Москва билан бир неча марта жанжаллашиб ҳам олди.

Лукашенко зўравонлиги ва провокацион чиқишлари билан танилган. Сиздирилган АҚШ дипломатик ноталарининг бири муаллифи авторитар раҳбарни “ғалати” деб таърифлаган эди.

2006 йилда Лукашенко намойишчилар бўйнини “ўрдакникидек юлиб олишини” айтиб, таҳдид солди. Жорий йил бошида эса Мавлуд мавсумида интервью бераётиб кичкина пахмоқ кўппагига байрам дастурхони оралаб юришга изн бериб, интернет мемлар қаҳрамонига айланди.

Якшанба куни Лукашенко қирувчи учоққа Литвага учиб кетаётган йўловчи учоқ йўлини тўсишни буюрди. Йўловчи учоқ бортида Беларусни тазйиқлар туфайли тарк этган журналист Роман Протасевич бор эди. Беларусь расмийлари бу чорага учоққа бомба ўрнатилгани ҳақидаги маълумот асос бўлганини иддао қилдилар. Аммо Ғарб давлатлари бу изоҳни ошкора қароқчилик ҳаракатини оқлаш учун уйдирма деб атади.

Лукашенко тез-тез хоккей ўйнаб туради ва ўзини мачо эркак ўлароқ кўрсатиб келади.

Бир пайтлар ватандошлари коррупцияга қарши курашувчи раҳбар ўлароқ кўрган Лукашенко ўнлаб йиллар давомида мухолифат аъзоларини қамаб, мустақил оммавий ахборот воситаларини сиқувга олиб, сайловларда турли йўллар билан қайта-қайта ғалаба қозониб, сайловчилар ишончини йўқотди.

Баъзи сайловлардан сўнг норозилик намойишлари бўлиб ўтди, аммо улар узоққа чўзилмади. 2020 йилги сайлов ортидан эса Лукашенко рақибларининг сабр косаси тўлди. Бунга нафақат сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги айбловлар, балки мамлакатдаги иқтисодий таназзул, Лукашенко репрессияси ҳамда президент коронавирусни менсимай, унга қарши чора кўришдан бош тортгани туртки бўлди.

“Белта”: Ҳукумат намойишлар устидан назоратни қўлга олди!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:16 0:00

Намойишлар бир неча ой давом этди ва қиш бошланганидан кейингина кучини йўқотди. Аммо расмийлар бўш келмади ва минглаб одамни ҳибсга олди. Айрим ҳолатларда мухолифат рамзига айланган оқ ва қизил рангли кийим кийган белоруслар ҳибсга олинди.

Лукашенко Беларусь қишлоғида туғилган. Қишлоқ хўжалиги академиясини тугатганидан сўнг, чегара хизматида ишлай бошлаган ва пировардида колхоз раиси этиб тайинланган. 1990 йилда у Беларусь Олий Кенгашига депутат бўлган.

1991 йилда Кенгаш депутатлари орасида фақат Лукашенко Совет Иттифоқи парчаланишига қарши овоз берди. Орадан уч йил ўтиб, янги мамлакатнинг биринчи президентлик сайловларида ғолиб чиққан Лукашенко кўп жиҳатдан ўтмишда қолгандек кўринди ва зўр бериб Беларуснинг совет меросини сақлаб қолишга уринди.

Қўшни собиқ совет республикалари капитализмга мослашар экан, Лукашенко Беларусь иқтисодиётининг катта қисмини давлат назоратида сақлаб қолди.

Дастлаб ушбу стратегия туфайли уни қўллаб-қувватлашди, чунки белоруслар “шок терапияси” орқали иқтисодни ислоҳ қилиш билан боғлиқ қийинчиликларга дучор бўлмадилар.

Аммо Беларуснинг давлат назорати остидаги иқтисодиёти бозор иқтисодиёти билан беллаша олмади. Беларусь рубли қайта-қайта девальвация қилинди, 2020 йилга келиб мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 480 долларни ташкил этди.

Лукашенко даврида мамлакатнинг асосий хавфсизлик агентлиги СССРдан қолган КГБ қисқартмаси билан аталди. Шунингдек, у янги давлат байроғи Беларусь ССР байроғига жуда ўхшаш бўлиши учун референдум ўтказди.

Бундан ташқари, Беларусь ўлим жазосини амалда қўллайдиган ягона Европа давлатидир. Қолаверса, ўлим жазосига ҳукм қилинганлар совет давридагидек тарзда қатл этилади. Хабарларга кўра, маҳбусни хонага олиб киришади ва унинг барча арзлари рад этилганини айтишади. Сўнгра маҳкум тиз чўкишга мажбурланади ва жаллод унинг бошига қарата ўқ узади. Бу жараён бошидан охиригача тахминан икки дақиқа давом этади.

Лукашенко президент этиб сайланганида Беларусда мустақил мамлакат ўлароқ тажриба деярли йўқ эди; мамлакат Совет Иттифоқи республикаси этиб ташкил этилишидан олдин бошқа империяларнинг таркибида бўлган.

Беларусь Биринчи жаҳон уруши йилларида мустақил бўлишга уринди, аммо бу узоққа чўзилмади. Россия, Польша, Литва ва Латвия ўртасида жойлашган мустақил Беларусь турли йўлни танлаши мумкин эди.

Лукашенко асосий эътиборни шарққа – Россияга қаратди. 1997 йилда у Россия билан яқин иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий алоқаларга эга “иттифоқ давлатини” тузиш тўғрисида битим имзолади, аммо икки мамлакатни тўлиқ интеграция қилишгача бормади.

Шартнома Беларусь иқтисодиёти учун дастак бўлди. Минск Россия нефтини бозор нархидан арзон нархда сотиб олди. Аммо Лукашенко Россия охир-оқибат Беларусни бутунлай эгаллаб олишга интилаётгани ҳақида хавотир ола бошлади ва ўз хавотирларини тобора кўпроқ изҳор қила бошлади.

Афтидан, ўтган йилга келиб Россиянинг Лукашенкодан хафсалаcи пир бўлганди. Москва 2020 йилда уни йўқ қилиш учун чора кўра бошлагани ҳақида хавотирлар мавжуд.

Президент сайловида “Газпром” ширкатига тегишли банкнинг собиқ раҳбари Лукашенко учун жиддий рақиб ўлароқ кўрила бошлади ва кўп ўтмай Лукашенко уни қамоққа улоқтирди.

Айни пайтда Беларусь Россия сайловни издан чиқариш учун мамлакатга хусусий ҳарбий пудратчиларни юборганини иддао қилди ва Лукашенко Москвани кескин танқид қила бошлади.

Аммо Лукашенконинг қатағонлари туфайли Ғарбга элтувчи эшиклар ёпилган эди. “Батька” йирик норозилик тўлқинига дучор бўлар экан, Москвадан ёрдам сўрашдан бошқа иложи қолмади.

Россия президенти Владимир Путин намойишлар зўравонликка айланиб кетса, вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашиш учун полиция кучларини юборишга ҳозирлигини изҳор қилди, аммо бу ваъдалигича қолди.

XS
SM
MD
LG