Линклар

Шошилинч хабар
14 август 2020, Тошкент вақти: 05:24

Путин Россия конституциясининг нимасини ўзгартирмоқчи?


Россия президенти Владимир Путин 15 январь куни Федерал мажлисга берган йиллик ҳисоботи давомида мамлакат конституциясига йирик ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.

Бу ўзгартиришлар Россия Давлат кенгаши, парламент ва бош вазир ваколатларини кенгайтиришга қаратилгани айтилди.

Путиннинг Федерал мажлисга мурожаати ортидан 2012 йилдан буён бош вазир Дмитрий Медведев бошқариб келган ҳукумат истеъфога кетди.

Владимир Путин бош вазирликка Россия Федерал солиқ хизмати (ФНС) раҳбари Михаил Мишустин номзодини таклиф этди. Номзод янги ҳукуматда жиддий ўзгартишлар амалга оширишини эълон қилди.

Федерал мажлисдаги бир соатлик ўз чиқишида Россия президенти Владимир Путин улкан сиёсий ислоҳотларни бошлаш даври келганини эълон қилди.

- Мамлакат дучор бўлаётган кенг кўламли ижтимоий, иқтисодий ҳамда технологик қийинчиликларни бартараф этиш учун тезроқ натижа кўрсатишимиз керак, - деди Путин.

- Жамиятимиз ўзгаришларни талаб қилаётгани ҳаммамизга аён. Одамлар тараққиёт истайдилар ва ҳунар, илм-фан ҳамда турмуш соҳаларида олға қадам ташлаш учун курашяптилар, - дея қўшимча қилди президент.

Хўш, Россия президенти нималарни таклиф қилди?

- Владимир Путин Россия Федерацияси ҳукумати раиси, у томонидан таклиф қилинган бош вазир ўринбосарлари ва федерал вазирлар номзодларини тасдиқлашни “Давлат Думасига ишониб топширишни” таклиф қилди. Шунингдек, Россия президенти Дума қарорларини қабул қилмаслик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ташаббусга кўра, президент вазир ва ўринбосарларни ишдан бўшатиб юбориш ҳуқуқини сақлаб қолади.

- Минтақалар кучишлатар тизимлари ва прокурорлари “Федерация Кенгаши билан муҳокамлардан кейин” президент томонидан тайинланади. Федерация Кенгаши Конституциявий ва Олий Суд аъзоларини лавозимдан четлатиш масаласини кўтариб чиқиш имконига эга бўлади. Конституциявий Суд давлат раҳбари имзолашидан олдин нафақат қонун лойиҳаларини, балки бошқа давлат ҳужжатларини текшириш ҳуқуқини олади.

- Россия Конституциясига “Давлат кенгаши” тушунчаси киритилади. Сиёсатшунослар Владимир Путин Россияда Қозоғистонда “синовдан ўтган” тизимни жорий қилишга шошилаётганини тахмин қилмоқда. Тарихчи Владимир Рижков 2024 йилда истеъфога кетиши мумкин бўлган Путин ўзига “кучли жой тайёрламоқда”, деди.

“Конституцияга оммавий ҳокимият ягона тизими тамойилларини жорий этиш, давлат ва муниципал органлар ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш керак деб ҳисоблайман. Шу аснода одамларга энг яқин бошқарув поғонаси саналган маҳаллий бошқарув ваколатлари ва амалдаги имкониятлари кенгайтирилиши ва кучайтирилиши мумкин” деди Владимир Путин.

Дмитрий Медведев В.Путин билан 20 йил Россияни бошқарди
Дмитрий Медведев В.Путин билан 20 йил Россияни бошқарди

Россиянинг барча олий амалдорлари ва судьялари хориж гражданлигига ёки вақтинчалик яшаш гувоҳномасига эга бўлмаслиги керак. Россия раҳбари Россия президентлигига мамлакатда доимий равишда 25 йил яшаган ва умри давомида бошда давлат ватандошлигига эга бўлмаган шахс номзодлигини қўйиши мумкинлигини Асосий қонунда акс эттиришни таклиф қилди.

Конституция киритилаётган ўзгартишлар қаторида “президентликка кетма-кет 2 муддат сайланиш ҳуқуқига эга” жумласидан “кетма-кет” сўзини референдум асосида олиб ташлаш таклифи илгари сурилди. Сиёсий шарҳловчилар бу ўзгартиш хорижда яшаб келаётган мухолифат вакиллари, масалан ЮКОС собиқ раҳбари Михаил Ходорковский ёки Йел университетида таҳсил олган Алексей Навалнийлар каби шахсларни давлат бошқарувига яқинлаштирмасликка қаратилганини гапирди.

Путин Россия Конституциясини халқаро шартномалар ва халқаро ҳуқуқ нормаларидан устунлигини таъминлашни қонунан белгилашни таклиф қилди. У “Халқаро қонун-қоидалар Конституцияга зид келмаган ҳолатдагина амал қилиши мумкин”, деди. Мутахассислар Владимир Путиннинг бу таклифига дарҳол “ҳуқуқий изоляционизм” деб ном қўйди.

Давлат раҳбари таклифлари орасида Асосий қонунга минимал иш ҳақи кун кечириш учун зарур бўлган нарсаларнинг энг оз миқдоридан кам бўлмаслиги, нафақалар эса индексация қилиб турилиши кераклиги бор.

Россия инқирозини кучайтириб бораётган аҳоли сонининг камайиши муаммоларини бартараф қилиш мақсадида Путин ҳукумати “материнский капитал” – иккинчи фарзандни туққан оналарга бериладиган маблағни 466 минг рублдан (~7,5 минг АҚШ долл.-таҳр.) яна 150 минг рублга кўтаришни таклиф этди. У бундан буён таълим тизими ва тиббиётга давлат ғазнасидан кўпроқ маблағлар ажратилишини эълон қилди. Россия президенти ваъдалари қаторида 1-4 синф болаларининг давлат ҳисобидан бепул нонушта билан таъминлаш ҳам бор.

Ўз ҳисоботида Россия президенти иқтисодиётга 20 йиллик бошқаруви давомида қилинмаган технологик янгиликларни жорий қилишни таклиф этди.

Бироқ, мутахассислар бу ўзгартишлар жамиятда ошиб бораётган норозиликка жавоб тарзида юзага келганини бир овоздан эътироф этмоқда. Ўз чиқишида ташқи сиёсий масалаларга деярли тўхтамаган Владимир Путин асосан ички масалаларга эътибор қаратгани кўзга ташланди.

Нутқи давомида Путин Россия ҳарбий салоҳиятини мақтаб ўтди. Президент Россия глобал қурол-аслаҳа пойгасида етакчилик қилаётганини иддао қилди.

Бош вазир лавозими бош солиқчи М.Мишустинга таклиф этилди
Бош вазир лавозими бош солиқчи М.Мишустинга таклиф этилди

Охирги йилларда коррупция жанжалларига аралашиб, обрўси тушиб кетган бош вазир Дмитрий Медведев ўрнига таклиф қилинган Михаил Мишустин Россиянинг энг ривожланган ва нисбатан тартиб ўрнатилган соҳаси – солиқ тизимини бошқариб келмоқда. Владимир Путин собиқ бизнесмен, дастурчи Михаил Мишустинга 2024 йилгача амалга оширилиши керак бўлган ва 26 триллион рублга баҳоланган “миллий лойиҳаларни” амалга оширишни топширмоқчи.

Ўз лойиҳаларини парламент билан яқин ҳамкорликда ҳаётга татбиқ қилишини билдирган ва турли сиёсий гуруҳлардан узоқда бўлиб келган янги бош вазир Михаил Мишустин барча томонларни қониқтирган кўринади.

67 ёшга тўлган Путин Россия сиёсатида сўнгги йигирма йил давомида энг муҳим шахс бўлиб келади. 2018 йилда Путин олти йиллик муддатга қайта сайланди. Жорий қонунларга биноан 2024 йилда у президентликни тарк этиши керак, чунки бир шахс кўпи билан қаторасига икки муддатгагина сайланиши мумкин.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG