Линклар

Шошилинч хабар
24 июн 2021, Тошкент вақти: 08:06

Ўзбекистон хабарлари

Расман: Электр таъминотидаги узилишлар сони икки баравар камайди

Мамлакат энергетика тизимидаги воситаларнинг эскирганлиги муносабати билан эълектр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Мониторинг маълумотларига кўра, 2020 йилда электр энергиясидаги узилишлар сони ва давомийлиги 2019 йилга нисбатан икки баравар камайган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати 10 ноябрь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, Ўзбекистонда мавжуд электр станциялари ва электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда.

“Бу эса жорий йилда электр энергиясидаги узилишлар сонини икки баравар камайтиришга имкон берди”,-дейилади хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, “Ўзбекистонда мавжуд электр станцияларининг жорий қуввати мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётига, жумладан, куз-қиш даврида электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ қондириш имконини беради”.

Аммо мамлакат энергетика тизимидаги воситаларнинг эскирганлиги муносабати билан электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

“Ҳозирги кунда фойдаланилаётган энергоқурилмаларнинг 50 фоизигача 30-40 йил давомида фаолият кўрсатади. Уларнинг жисмонан ва маънан эскириши ушбу энергоблокларнинг ишдан чиқишига олиб келади, бу эса электр станцияларининг айрим энергоблокларида узилишлар юз беришига олиб келади. Одатда уларни таъмирлаш учун 3-5 соат вақт кетади. Ушбу ҳолатлар қисқа муддатли электр узилишларининг сабаблари ҳисобланади”,-деб билдирди вазирлик.

Кун янгиликлари

Янги ўқув йилида ОТМлар бакалавриатига қарийб 158 минг талаба қабул қилинади

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг бакалавриатида 2021/2022 ўқув йилида давлат бюджети ҳисобидан ўқитиш учун 57 минг 755 та жой ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилдагисидан 17 минг 805 тага кўпдир. 2020/2021 ўқув йили учун бакалавриатга 139 минг 950 та ўрин ажратилганди.

Янги ўқув йили учун қабул квоталари мамлакат президенти томонидан шу йил 22 июнида қабул қилинмиш “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари қуйидагича белгиланган:

Бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 113 минг 530 нафар;

сиртқи таълим шаклига – 37 минг 675 нафар;

кечки таълим шаклига – 6 минг 550 нафар.

Магистрлар тайёрлаш бўйича – 12 минг 900 нафар.

Хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича – 500 нафар.

Қарорда абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 22 июнидан 22 июлига қадар бўлган муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилиши қайд этилган.

Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этишга оид қарорни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни “Янги Ўзбекистон” университетида таълим жараёнини ташкил этишга оид тақдимот билан танишган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур университет давлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари – нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни шакллантириш экани айтилмоқда.

Университетда 5 та – муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади.

Қайд этилишича, президент университетда қабул ва таълим жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берган.

“Университет талабалари 1-курсдан ўз соҳаси бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва илмий марказларга бириктирилиши керак. Вазирликлар, нуфузли институт ва йирик компаниялар университетнинг васийлик кенгашига кириши муҳим. Улар ўз эҳтиёжларини билдириб, таълим жараёнига интеграциялашиши, бўлғуси мутахассисга олдиндан сармоя киритиши зарур”, деган Шавкат Мирзиёев.

Тақдимот билан танишган президент “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этишга оид қарорни имзолаган.

Афғон ҳарбийлари Тожикистонга қочгани ортидан Мирзиёев ва Раҳмон телефонда суҳбатлашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан борган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари 23 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида минтақавий хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашдилар ҳамда Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида яқин мулоқот ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг телефон мулоқоти Афғонистон ҳукумати қўшинларининг Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан жангга кирган 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган бир вақтда ўтказилди.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, тожик чегарачилари “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда, афғон ҳарбийларига Тожикистон ҳудудига тўсиқсиз кириб олишга рухсат беришган”.

Бироқ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда бу воқеалар эсланмаган.

Президент матбуот хизмати учрашувда 10-11 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилганини таъкидлаш билан чекланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан борган эди.

Махсус поезд 25 ва 28 июнь кунлари Россиядан ўзбекистонликларни Тошкентга олиб келади

Иллюстратив сурат.

Россиядан ватанига қайтиш ниятида бўлган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 25 ва 28 июнь кунлари иккита махсус поезд қатнови амалга оширилади.

Ўзбекистон темир йўллари”нинг билдиришича, 25 июнь куни Волжский-Тошкент, йўналишидаги биринчи поезд соат 20:57 да Волжский вокзалидан Тошкентга йўлга чиқади.

28 июнь куни 22:28 да Москванинг Қозон вокзалидан Тошкент йўналишида поезд ўз ҳаракатини амалга оширади.

Йўловчилар ёки уларнинг яқинлари е-ticket.railway.uz сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилишлари мумкин.

Россия Бош вазири Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишга даъват этди

22 июнь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин

Россия Бош вазири Михаил Мишустин 22 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан Москвада бўлиб ўтган учрашувда Евросиё иқтисодий иттифоқи – ЕОИИга қўшилиш расмий Тошкент учун манфаатли бўлиши ҳақида гапирди. Ҳозирда Ўзбекистон Россия назоратидаги мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Россия ҳукумати расмий сайтида маълум қилинишича, Мишустин: “Ишонаманки, Евросиё иқтисодий иттифоқида тўлақонли иштирок этиш ўзбек иқтисодиётининг ривожланиши учун қўшимча имкониятлар яратади ва Ўзбекистон фуқаролари учун сезиларли даражада фойда бўлади”, - деб айтган.

Мишустин ўз сўзида бу ташкилотга аъзо бўлган давлатлардан Россияга ишлаш учун келган муҳожирларга берилаётган имтиёзларни алоҳида таъкидлаган.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқи давомида: “Ишонаманки, бизнинг давлат раҳбаримиз амалга оширадиган ташриф доирасида ўзбек-рус ҳамкорлигининг асосий магистраль йўналишлари белгилаб берилади”, - деб айтган.

22 июнь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия мажлисини ўтказишганди.

Ўзбекистон президентининг Москвага навбатдаги сафари 2021 йилга белгиланган. Бироқ бу сафар қачон амалга оширилишига оид аниқ муддат ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистонда “Коррупционерлар қора рўйхати” шакллантирилиши иддао қилинди

Иллюстартив сурат.

“Коррупционерлар қора рўйхати шакллантирилади, давлат хизматчилари даромадлари декларация қилинади, ишга қабул фақат очиқ танлов асосида бўлади, раҳбар кадрлар мажбурий ротацияси йўлга қўйилади – коррупцияга қарши ўта аҳамиятли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди!”

Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ўзининг Telegram’даги каналида 23 июнь куни мана шундай баёнот билан чиқди.

Унга кўра, Адлия вазирлиги “президент топшириғи билан коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратишга қаратилган Фармон ва қарор лойиҳалари ишлаб чиқди”. Бу лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Шаҳноза Соатованинг иддао қилишича, мазкур ҳужжатлар қабул қилинган тақдирда, 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва нотўғри маълумот киритиш давлат хизматидан бўшатиш ва жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Бундан ташқари давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади. Шунингдек, 2021–2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланиши кутилмоқда.

Kun.uz сўз эркинлиги бўғилаётганига норозилик сифатида 2 кун ўз сайтини янгиламади

Иллюстратив сурат.

Kun.uz нашри Ўзбекистонда сўз эркинлигини бўғишга қаратилган қонун меъёрлари мавжудлигига тоқатсизлик сифатида ўз сайтини 21-22 июнь кунлари янгиламади. Бу ҳақда нашр 23 июнга ўтар кечаси расмий баёнот тарқатди.

21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Kun.uz сайтида эълон қилинган диний мақолалар билан боғлиқ маъмурий иш кўриб чиқилган эди.

Суд жараёнида нашр эълон қилган диний мақолаларда қонунчиликка зид келувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги эътироф этилган. Айни пайтда нашр бу мақолаларни диний экспертизадан ўтказмай туриб эълон қилгани учун Kun.uz раҳбари 12 миллион 250 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

Ушбу суд жараёни муносабати билан Kun.uz 21-22 июнь кунлари ўз фаолиятини тўхтатиб, хабарлар лентаси янгиланмади.

“Мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ айрим қонунчилик меъёрлари (жумладан, Kun.uz’нинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган қонун нормалари) ҳамон эски қолипларда қолаётганига кўз юмиб бўлмайди. Бундай камчиликлар исталган вақтда сўз эркинлигига қарши қурол сифатида фойдаланилиши мумкин.

Kun.uz фаолияти билан боғлиқ сўнгги воқеалар ҳам буни кўрсатиб берди. Таҳририят бунга тоқатсизлик билдирди ва фаолиятида танаффус қилиш орқали ўз норозилигини ифодалади”,-дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясига қўшилишга қарор қилди

ТУРКПАга аъзо мамлакатлар вакилларининг Қирғизистонда ўтган мажлисларидан бири, Бишкек, 2017 йил декабри

Ўзбекистон Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясига (ТУРКПА) кириш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда, Туркиянинг “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкентга борган ТУРКПА делегацияси билан учрашув чоғида билдирган.

Туркия Буюк миллат мажлиси депутати Исмет Учма бошчилигидаги делегация таркибига қозоғистонлик, қирғизистонлик ва туркиялик депутатлар кирган.

Томонлар Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар билан Ўзбекистон ўртасидаги икккин томонлама алоқалар ҳамда Ўзбекистон парламенти ва ТУРКПА ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганлар.

Учма Ўзбекистон ўтмишда бўлгани каби ҳозир ҳам турк дунёсида алоҳида ўрин тутишини қайд этган.

“ТУРКПА Ўзбекистон билан ҳар соҳада ҳамкорликни ривожлантириш ниятида”, дея билдирган туркиялик депутат Ўзбекистоннинг ТУРКПАга қўшилиши мазкур ташкилот кучига куч қўшишини қўшимча қилган.

Ўз навбатида, Содиқ Сафоев Ўзбекистон Туркий кенгаш билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини урғулаган.

“Ўзбекистон парламенти ТУРКПА билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятида”, деган Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Сафоевга кўра, Ўзбекистон келажакда ТУРКПАга қўшилишга қарор қилган.

Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясига 2008 йил ноябрида Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон вакиллари иштирокида Истанбул шаҳрида асос солинган.

Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 107 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, жорий йилнинг 22 июнь ҳолатига кўра, 107 минг 266 нафарни ташкил этган.

ССВ маълумотига мувофиқ, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида 419 киши коронавирус инфекциясини юқтириб олган.

Айни пайтда сешанба куни Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 528 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 103 минг 74 нафарни ташкил этган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса шу кунда 3 минг 470 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда Ўзбекистон бўйлаб коронавирусга чалингани ортидан 2 киши вафот этгани, хасталик қурбонларининг умумий сони эса 722 нафарга етганини билдирган.

Ўзбекистон ва Россия бош дипломатлари Мирзиёевнинг Москвага сафари масаласини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари А. Комилов ва С. Лавров шу йил мартида Москвада учрашишганди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 22 июнь куни россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг томонларни қизиқтирган соҳалардаги долзарб жиҳатлари муҳокама қилинган, турли даражадаги бўлажак расмий учрашувлар жадвали кўриб чиқилган, минтақавий хавфсизлик ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Россиялик дипломатлар қайдича, мулоқот пайтида вазирлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига бўлажак давлат сафарига ҳозирлик масаласини, имзолаш режаланаётган икки томонлама ҳужжатлар рўйхатини муҳокама қилишган. Бироқ ТИВ хабарномасида Мирзиёевнинг қайси санада Москвага ташриф буюриши очиқланган эмас.

Ўзбекистон президентининг Россияга сафари 2020 йилга режаланганди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли ташриф муддати ўзгарган. Кейинроқ президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ш. Мирзиёевнинг Россияга сафари 2021 йилда бўлиб ўтишини маълум қилган.

Сешанба куни Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия мажлисини ўтказишганди. Учрашув чоғида томонлар 12 та ҳужжат имзолашган. Тадбирда бош вазир А. Арипов Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми яқинда 10 миллиард долларга етиши мумкинлигини билдирган.

Судьялар маоши ошгани ортидан суд тизимида коррупция камайгани иддао қилинди

Ўзбекистонда судьяларнинг ойлик иш ҳақлари ошгани оқибатида тизимда коррупция ҳолатлари камайган. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари Алишер Жалилов 22 июнь куни журналист ва блогерлар учун Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Qalampir.uz нашри хабарига кўра, матбуот анжумани чоғида А. Жалилов жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда судьяларнинг маоши оширилгани, бироқ улар олаётган маош миқдорини хизмат сири бўлгани учун ошкор қилиб бўлмаслигини қайд этган.

Айни пайтда мулозим бугунги кунда ўзбекистонлик судьялар камида 16 миллион сўм (шу кундаги расмий курс бўйича 1,5 минг АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) маош олаётганини очиқлаган.

“Aйрим ҳолатларда хизмат сири ёки давлат сири бўлгани сабабли маошлар ошкор қилинмайди. Судьянинг яшаб турган ҳудуди, иш ҳажми ҳисобга олиниб, 18-21 разрядларда ойлик иш ҳақи белгиланади. Мисол тариқасида айтиш мумкин - 18 разрядда ишлайдиган судьялар ойлик иш ҳақи 16 миллиондан бошланади. Ҳар бир судья кўрадиган ишининг ҳажмига қараб 17-18 млн ва ундан ортиқ маош олиши мумкин. Ойлик маошлари оширилган, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниш даражамиз кўтариляпти”, дея иқтибос келтирган А. Жалилов сўзларидан онлайн нашр.

COVID-19 чекловлари: Транспортга ниқобсиз чиқиш, оромгоҳларга ПЗР-тестсиз кириш тақиқланди

Ўзбекистонда бундан буён йўналишли автобус ҳайдовчилари (кондукторлари) ва метро кузатувчилари ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик чораларини кўриши лозим. Бунга оид қарор Республика махсус комиссияси томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ва бошқа қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига биноан қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, мунтазам равишда микрофон орқали шахсларни масъулиятни ошириш бўйича тушунтириш ишларини олиб борилиши, жамоат транспортларининг охирги бекатида дезинфекция-тозалаш ишларини амалга оширилиши зарурлиги кўзда тутилган.

Айни пайтда мутасаддиларга темир йўл вокзаллари ва аэропортларда санитария-эпидемилогия талабларига амал қилинишини қатъий назоратга олиш, жумладан дезинфекция ва тозалаш тадбирларини мунтазам равишда йўлга қўйилишини таъминлаш вазифаси юкланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Республика махсус комиссияси қарори билан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, энди Ўзбекистонда алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар фуқароларни санаторий, пансионат ва болалар оромгоҳларига қабул қилишдан олдин охирги 72 соат давомида топширилган ПЗР (полимер занжирли реакция) таҳлили талаб этилиши тартиби жорий этилади.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар аввалги декадага нисбатан икки баробар (ўртача 200 тадан 400 тага) ортгани кузатилмоқда.

Аввалроқ Озодлик Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланувчилар рўйхати кенгайтирилгани, эндиликда ёши 50 дан ошганлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.

Прокуратура олтин қазувчилар ҳалок бўлгани тўғрисидаги Озодлик хабарини тасдиқлади

Ноқонуний олтин қазувчилар ўта хавфли ибтидоий усулларидан фойдаланади.

Навоий вилоят прокуратураси 22 июнь куни Хатирчи туманидаги Олтинсой тоғ тизимларида очиқ ҳолатда ташлаб кетилган ташландиқ конда олтин қазиётган 4 кончи ҳалок бўлгани ҳақида Озодликда 19 июнь куни эълон қилинган маълумотни тасдиқлади.

Прокуратуранинг билдиришича, 12 июнь куни Хатирчи туманида яшовчи 7 киши Олтинсойдаги ташландиқ конда “электродвижок”дан чиққан ёқилғи тутунидан заҳарланган. Оқибатда кончилардан 4 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 3 нафари касалхонага ётқизилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Хатирчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади билдирувда

Озодлик радиоси сайтида 19 июнь куни эълон қилинган мақолада бу биринчи ҳолат эмаслиги, бундан аввал ҳам ташландиқ конларда олтин қазиш билан шуғулланган шахслар ҳалок бўлгани, ички ишлар органлари эса бу каби воқеаларнинг олдини олиш ўрнига эътиборсизлик қилаётгани ҳақида айтилган.

Навоий вилоят прокуратураси Озодлик радиосида кўтарилган бу муаммолар юзасидан муносабат билдирмади.

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони камида 720 кишига етди

21 июнь куни 400 кишида вирус аниқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 21 июнь куни Ўзбекистонда коронавирусдан яна икки бемор вафот этди ва бу билан вирус қурбонлари сони камида 720 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йилнинг 22 сентябридан бери вафот этганларнинг қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотларни бермай келмоқда.

Шунингдек, ўтган йилнинг сентябрида коронавирус ҳолати бўйича кундалик жадвалдан вафот этганлар сони ва уларнинг вилоятлар кесимидаги кўрсаткичи тўғрисидаги маълумотлар ҳам олиб ташланган.

Вазирликнинг билдиришича, 21 июнь куни 400 кишида вирус аниқланди. Бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 106847 нафарни ташкил этмоқда.

Касалликдан соғайганлар жами 102546 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3581 нафар бемор даволанмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда биологик қурол ишлаб чиқарилаётганини рад этди

Иллюстратив сурат.

Ташқи ишлар вазирлиги 22 июнь куни айрим оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистондаги мавжуд лабораторияларнинг гўёки биологик қурол ишлаб чиқаришга мўлжалланганлиги тўғрисида тарқалаётган маълумотлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслиги” тўғрисида баёнот берди.

“Шуни таъкидлаш керакки, ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган”,-дейилади баёнотда.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Бактериологик ва токсик қурол-яроғларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция иштирокчиси сифатида биологик қурол-яроқларни ишлаб чиқариш ва тўплашнинг тақиқланишини таъминлайди.

“Ўзбекистонга нисбатан билдирилган ҳар қандай асоссиз баёнотлар икки томонлама муносабатларда муайян кескинликни келтириб чиқаради ва, энг муҳими, ўзаро ишончга асосланган давлатлараро мулоқотга зарар етказади, деб ҳисоблаймиз”,-дейилади баёнотда.

Бундан аввалроқ Россия томонидан назорат қилинадиган “Sputnik Ўзбекистон” нашрига берган интервьюсида Россия Давлат думаси депутати Геннадий Онишенко Ўзбекистонда “Пентагон назорати остидаги илмий лабораториялар” мавжудлиги ва уларда биологик қурол ишлаб чиқарилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Kun.uz диний мақолалар чоп этгани ортидан жаримага тортилди

Иллюстратив сурат.

Kun.uz раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Kun.uz нашрининг билдиришича, маҳкама 21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида ўтказилган. Судда таъкидланишича, Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан ўтказилган интернет-мониторингда Kun.uz сайтида диний мақолалар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги 10-сонли қарорига зид равишда диншунослик экспертизасидан ўтказилмасдан туриб чоп этилгани аниқланган.

Мазкур мақолалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза ўтказиш учун юборилган. Экспертиза мақолаларда ноқонуний ҳолатлар мавжуд эмаслигини тасдиқлаган.

Лекин мақолалар диний экспертизадан ўтказилмай туриб эълон қилингани қонунбузарлик деб топилган ва суд нашр раҳбарини жаримага тортган.

Ёдгор Обид немис шоирларига бериладиган нуфузли мукофот соҳиби бўлди

1992 йилда Ўзбекистонда қамалиш ва ўлим таҳдиди остида ватанини тарк этган ва Австрияда сиёсий бошпана топган Ёдгор Обид ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар орасида ёши энг улуғи.

Муҳожирликда яшовчи ўзбекистонлик шоир ва ҳуқуқ фаоли Ёдгор Обид Австриянинг нуфузли Ингеборг Бахман адабий мукофотига сазовор бўлди. Ингеборг Бахман номидаги мукофот 1977 йилдан бери жаҳондаги немис тилли муаллифларга берилади.

Ўзбек шоирининг мазкур мукофотга лойиқ топилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда шоирнинг дўстлари маълум қилди. Ёдгор Обиднинг ўзи айни пайтда касалхонада даволанмоқда.

Ёдгор Обид бундан 30 йил аввал адабий ижоди ва ҳуқуқбонлик фаолияти ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва Австриядан бошпана топган.

У ўз шеърларини ўзбек тилида ёзишда давом этмоқда. Унинг шеърлари кўплаб тилларга, жуимладан, немис тилига таржима қилинган.

Ёдгор Обид 1997 йилда Human Rights Watch халқаро мукофотига ҳам сазовор бўлган эди.

Ёдгор Обид 1940 йилда Тошкент да туғилган. Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган. Унинг биринчи китоби "Оққуш эртаги" номи билан 1973 йилда чоп этилган.

Эллик ёшдан ошганлар ва ОТМ ўқитувчилари коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланувчилар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда ёши 50 дан ошганлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор, ССВ қайдича, Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.

Махсус комиссиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида куни кеча ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинган.

Йиғилишда аввало касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар аввалги декадага нисбатан икки баробар (200 тадан 400 тага) ортгани кузатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 июнь ҳолатига кўра мамлакат бўйлаб коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 106 минг 847 нафарга етгани, ўтган кеча-кундузда 395 нафар киши коронавирусга чалинганини маълум қилган.

Сенатнинг галдаги ялпи мажлисида диний эркинликка оид қонун муҳокама қилинади

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 25 июнь куни чақирилади. Бунга оид қарор Сенат кенгашининг 21 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган, дея маълумот тарқатди юқори палата матбуот хизмати.

Қайд этилишича, видеоконференцалоқа тарзида жума куни ўтказижак галдаги ялпи мажлисда дастлаб Сенатнинг давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, унинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилади.

Шундан сўнг мажлисда “Расмий статистика тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Ялпи мажлис чоғида Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳам режаланган.

Шунингдек, 25 июнь куни сенаторлар томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ва бошқа масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Россиянинг “Газпром”идан табиий газ сотиб ола бошлади

Россиянинг “Газпром” ширкатига газ сотган Ўзбекистон эндиликда сотувчидан харидорга айланди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги газ сотувчи концерн ҳисоботидаги маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳисоботга мувофиқ, 2018 йили Ўзбекистон “Газпром”га 3,8 миллиард куб метр газ сотган, 2019 йили бу миқдор 4,9 миллиард куб метргача оширилган, 2020 йилдан газ сотишни тўхтатган. 2021 йилнинг илк чорагида Ўзбекистондан “Газпром”га газ сотилмаган.

Билъакс, “Газпром” 2020 йилдан эътиборан Ўзбекистонга туркман газини сота бошлаган, ўтган йили мамлакатга 0,9 миллиард куб метр, 2021 йилнинг биринчи чорагида эса 1,5 миллиард куб метр газ етказиб берилган.

“Газпром экспорт” МЧЖ бош директори Елена Бурмистрова буни Ўзбекистон ичида табиий газга бўлган эҳтиёж ошгани билан изоҳлаган.

Асадов президент сайловига номзодлар кейинги ой охиридан кўрсатила бошлашини билдирди

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов

Ўзбекистонда президент сайлови бўйича сайловолди жараёнига июль ойи охиридан старт берилади. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 21 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда билдирган.

“Америка овози” радиоси мухбирига саволига жавоб бера туриб, Ш. Асадов президент сайловида қайси номзод ва қачон илгари сурилиши кейинги ой охиригача кутилиши лозимлигини қайд этган ва “бу ҳар бир номзоднинг, ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқи” эканини таъкидлаган.

Мулозимга кўра, Ўзбекистонда президент сайлови жараёнини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

“Биз Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси миссиясини бир неча бор қабул қилдик ва тайёрланиш жараёнини энг олди жаҳон стандартлари, хусусан, ЕХҲТ стандартлари бўйича олиб боришга тайёрмиз”, деган президентнинг матбуот котиби.

Сайловолди жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўринлари жуда муҳим бўлишини урғулаган Ш. Асадов ўзбек расмийлари барча ОАВдан, хусусан, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган чет эл ОАВдан объективлик-холисликни кутишини айтган.

Унга кўра, аккредитациядан ўтган барча хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонга келиб, сайловолди жараёнини бемалол ёритиши мумкин.

COVID-19 тарқалишига қарши тадбир ўлароқ ўзбек-афғон чегараси вақтинча ёпилмоқда

Ўзбек-афғон чегарасидаги Ҳайратон кўприги

Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганлигини инобатга олган ҳолда ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақдаги қарор Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра қабул қилинган.

ССВ қайдича, мазкур қарорга мувофиқ Афғонистон фуқароларига ҳам туристик визалар беришни ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.

Айни пайтда “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади:

  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига;
  • халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
  • ўз юртига қайтаётган ўзбекистонлик ва афғонистонликларга.

Қарор билан “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда, уларни Ўзбекистон ҳудудига киритиш кўзда тутилган.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон фуқаролари эса тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади, коронавирусга чалинганликда гумонланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.

Туркистондан Тошкентга илк парвоз амалга оширилди

Туркистон – Тошкент – Туркистон йўналишидаги авиақатновлар Air Astana ширкати таркибига кирувчи Fly Arystan авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан Тошкентга 21 июнь куни илк парвоз амалга оширилди.

Қозоғистоннинг Fly Arystan авиакомпаниясига қарашли самолёт Тошкент халқаро аэропортига илк 180 йўловчини олиб келди.

Ширкатнинг билдиришича, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари Туркистон-Тошкент-Туркистон йўналишидаги рейс Airbus A320 самолётида амалга оширилади. Бир томонга энг арзон чипта нархи 870 минг сўм экани, парвоз 50 дақиқа давом этиши айтилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 2 июнь куни Самарқанд ва Олмаота шаҳарлари ҳамда Тошкент ва Туркистон шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинганини билдирган эди.

Аввалроқ Озодлик март ойидан Қозоғистоннинг SCAT авиаширкати Ақтау – Урганч – Ақтау йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйгани ҳақида хабар қилганди.

Ўзбекистон Халқаро молия корпорацияси билан кимё саноатига оид битимни имзолади

Халқаро молия корпорацияси Жаҳон банки гуруҳига мансуб.

Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси билан Ўзбекистон ҳукумати кимё саноатига сармоя киритишга оид битимни имзолади. Бу ҳақда 21 июнь куни Молия вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, кимё саноатига киритиладиган сармоя эскирган ишлаб чиқариш тизимини модернизациялаш, кимёвий маҳсулотларни ва ўғитларни тақсимлаш, сармояларни рағбатлантириш, рақобатбардош соҳани яратиш, юқолри малакали ишчилар учун иш ўринларини кўпайтириш каби ислоҳотларни амалга оширишга сарфланади.

Молия вазирлиги Халқаро молия корпорацияси киритмоқчи бўлган сармоя миқдорини ошкор этмаган.

Расмий хабарларда билдирилишича, 2021 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонга киритган сармоя миқдори 160 миллион доллардан ошган.

Россия 12 ой ичида Ўзбекистонда Lada ва Renault йиғишни йўлга қўймоқчи

Россиянинг "Автоваз" ширкати 12 ой ичида Ўзбекистонда Lada ва Renault автомобилларини йиғишни йўлга қўяди. ТАССнинг 21 июнда билдиришича, бу ҳақда ширкат президенти Николай Мор маълум қилди.

Айни пайтда Мор UzAuto фаолият юритаётгани ортидан Ўзбекистонда Россия автомобиллари бозори “унча катта бўлмаган ҳолда қолаверади”.

"Автоваз" 2020 йилда Lada автомашиналари экспорти ҳажми ни 2019 йилдагига нисбатан 19 фоизга қисқартиришга мажбур бўлганди. 2019 йилда мазкур русмули автомашинадан 41 мингтаси экспорт қилинганди. Россияда ҳам "Автоваз" машиналари савдоси 5 фоизга камайган.

2020 йилнинг охирларида президент Шавкат Мирзиёев 2021—2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини тасдиқлаган эди. Мазкур дастурга асосан Жиззахда LADA ва Renault автомобилларини йиғишни ташкил этиш режалаштирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG