Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:07

Россияда талабаларнинг DOXA нашри журналистлари жиноятда айбланмоқда


Нашр тарафдорлари йиғилган суд биноси атрофини назорат қилаётган полиция ходимлари.
Нашр тарафдорлари йиғилган суд биноси атрофини назорат қилаётган полиция ходимлари.

Москванинг Басманний тумани суди кеча, чоршанба куни DOXA талабалар нашрининг тўрт нафар журналисти — Армен Арамян, Владимир Метелкин, Наталья Тишкевич ҳамда Алла Гутниковаларга уйдан кўчага чиқишини тақиқлаш кўринишида эҳтиёт чораси белгилади.

Журналистлар судга тинтув ва сўроқдан кейин олиб борилганди.

Мазкур жиноят иши “Вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган хатти-ҳаракатларга жалб этиш” моддаси бўйича қўзғатилган. Бу ерда гап мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш мақсадида январь ойида ўтказилган норозилик намойиши билан боғлиқ жиноят иши эпизодларидан бири ҳақида бормоқда.

Навальнийнинг яқин сафдошларидан бири Леонид Волковга ҳам айни шу жиноят иши доирасида айблов эълон қилинган.
Суд DOXA журналистларига соат 00.00 дан 23.59 га қадар, яъни кун бўйи уйдан чиқишни ман этди.

Эҳтиёт чораси белгиланган куни Басманний суди олдида DOXA журналистларини қўллаб-қувватлаб бир кишилик пикетлар уюштирилди.

Пикетда суд биноси олдида тўпланган ўнлаб кишилар иштирок этган.

Пировардида пикет иштирокчилари бирдамлик занжири ҳосил қилишди. Норозилик акцияси қатнашчиларидан бири ҳибсга олинди.

DOXA журналистларининг жиноятда айбланишига улар 23 январь куни эълон қилган видеоролик сабаб бўлди. Роликда муаллифлар талабалар ҳамжамиятига мурожаат қилиб, ўқув юртлари раҳбариятининг Навальний ҳимояси учун норозилик намойишларида қатнашган талабаларга ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилиши қонунга хилофлигини айтишган эди.

“Роскомнадзор” журналдан ушбу роликни YouTube’дан ўчиришни талаб қилди. Талаб бажарилди ҳам. Аммо бу DOXA журналистларини жавобгарликдан сақлаб қола олмади.

14 апрель куни эрталаб журналистларнинг уйларида тинтув ўтказилди, сўнг улар Россия Тергов қўмитасининг Москвадаги Бош бошқармасига келтирилди.

Тинтув журнал таҳририятида ҳам ўтказилди. Нашр ходимларининг телефонлари ва ноутбуклари мусодара қилинди. Тинтувдан кейин бинонинг мулкдори таҳририят билан тузилган ижара шартномасини бекор қилди.

“Агора” халқаро ҳуқуқбонлар гуруҳи раҳбари Павел Чиковнинг маълум қилишича, Арамян ва Гутниковаларнинг ота-оналари яшайдиган уйлар ҳам тинтув қилинган.

DOXA — талабаларнинг замонавий университетлар ҳақидаги мустақил журнали бўлиб, Россия ва жаҳон мамлакатлари таълим тизимига оид ўткир муаммоларни ёритади.

2019 йил декабрида Олий иқтисодиёт мактабининг (ОИМ) Талабалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши DOXA журналини талабалар ташкилоти мақомидан маҳрум қилган эди.

ОИМ ҳуқуқий хизмати журналда эълон қилинган қатор мақолалар, жумладан, Москва шаҳар думаси сайловларини ҳалол ўтказиш учун уюштирилган норозилик чиқишлари ҳақидаги материалларни “Олий иқтисодиёт мактаби шаънига доғ туширувчи мақолалар” деб атаган.

Кеча Олий иқтисодиёт мактаби матбуот котиби DOXA журналистлари билан юз берган сўнгги воқеаларнинг ОИМга дахли йўқлигини айтиб чиқди.

XS
SM
MD
LG