Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 07:41

Халқаро хабарлар

Россиянинг Ленинград вилоятида ўзбекистонлик қурувчи ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Ленинград вилояти Всеволож туманида 22 ёшли ўзбекистонлик қурувчи йигит янги қурилаётган уйнинг юқори қаватидан йиқилиб тушиб, ҳалок бўлди.

78.ru нашрининг полицияга таяниб хабар беришича, ҳодиса 17 июнь куни Старая қишлоғида юз берган. Ўзбекистонлик йигит қурилаётган 12 қаватли уйнинг иккинчи қаватидан йиқилиб тушган.

Йигит Всеволож туман касалхонасига оғир аҳволда олиб келинган. Орадан тўрт кун ўтгач-21 июнь куни йигит касалхонанинг жонлантириш бўлимида хушига келмай вафот этган.

Кун янгиликлари

Литва чегарачилари мигрантларнинг чегара масканидан бошқа жойлар орқали киришига йўл қўймайди

Литвалик чегарачилар Беларусь билан чегарани мустаҳкамламоқда

Литва чегарачилари сешанбага ўтар тун мобайнида Беларусь ҳудудидан Литвага ўтишга уринган ўнлаб одамларнинг чегарани кесиб ўтишига йўл қўймай, уларни ортига қайтарган. Бу ҳақда LRT нашрига берган изоҳида Литва ички ишлар вазири ўринбосари Арнольдас Абрамавичюс маълум қилди.

Литва ички ишлар вазири томонидан 2 август куни имзоланган буйруқда чегарачиларга одамларни чегарани кесиб ўтиш назарда тутилмаган жойлар, яъни расмий ўтказиш масканларидан бошқа ерлар орқали мамлакатга киритмаслик учун куч ишлатишга рухсат берган. Чегарачилар бундай ҳолларда одамларни расмий ўтказиш масканларига йўналтириши керак.

Мазкур қарор Яқин Шарқ ҳамда Осиё мамлакатлари, хусусан Ироқдан келган муҳожирлар оқимининг Беларусь орқали Литва ҳудудига ёпирилиши манзарасида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, чегара чизиғини тақиқланган жойлардан кесиб ўтишга қасддан уринганлар жиноий хатти-ҳаракатларни содир этаётган шахслар ўлароқ кўрилади.

Вазир ўринбосарига кўра, аввалига одамлар адашган бўлишлари мумкинлиги ва бошқа мамлакат ҳудудига ўтаётганлари ҳақида огоҳлантирилади, бироқ чегарани кесиб ўтишга ҳаракат давом этган тақдирда чегарачилар куч ишлатишга ҳақли.

Шу билан бирга, Литва ҳукумати ноқонуний мигрантларнинг бошпана сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқини шубҳа остига қўймаслигини урғуламоқда.

Йил бошидан бери Литвага Беларусь орқали — одатда, чегара постларини четлаб ўтган ҳолда 4 минг нафарга яқин мигрант келган. Бу рекорд миқдор ҳисобланади. Мигрантлар оқими сўнгги ҳафталарда кескин ўсган, баъзи кечалари Литва чегарачилари 100 дан зиёд одамни қўлга олмоқда.

Литва ЕИга аъзо давлат бўлиб, мигрантлар у ерда бошпана олишга умид қилишади, чунки бу уларга Евроиттифоқ ҳудудида эркин яшаш имконини бериши мумкин.

Литва ҳукумати расмий Минскни мамлакат Александр Лукашенко режимига нисбатан кескин позицияни сақлагани учун ўч олиш мақсадида миграция оқимини рағбатлантираётганликда айблаб келади.

Беларуслик журналист Лукашенкони “ҳақорат қилганлик” иддаоси билан 18 ойга қамалди

Беларуслик журналист Сергей Гордиевич

Беларуслик журналист Сергей Гордиевич мамлакатнинг авторитар раҳбари Александр Лукашенкони ҳақорат қилганлик ва милициянинг икки ходимига туҳмат қилганликда айбланиб, 18 ойга озодликдан маҳрум этилди.

50 ёшли журналист устидан чиқарилган ҳукм кузатувчилар томонидан Беларусь расмийларининг мустақил оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқбонлар ва фаолларга нисбатан репрессив хатти-ҳаракатларининг бир қисми ўлароқ баҳоланмоқда.

Беларусь журналистлар ассоциацияси 2 август куни Минскдан 300 километр узоқликда жойлашган Дрогичин шаҳридан бўлган Гордиевичга суд тақрибан 1600 АҚШ доллари миқдорида жарима ҳам солганини билдирган.

“Первий регион” нашрида ишлаган Сергей Гордиевичга қарши айблов Telegram мессенжеридаги чатда ёзилган ва ўтган йили ўчириб юборилган ёзувларга асосланган ҳолда белгиланган. Журналист мазкур айбловларни рад этган.

“Вясна” ҳуқуқбонлик маркази маълумотига кўра, июль ойида Беларусь милицияси фаоллар ва журналистларнинг уйлари ва офисларида 200 дан зиёд тинтув ўтказган. Мамлакатда маҳкамани кутаётган ва устидан ҳукм ўқилган ўнлаб журналист ҳибсхоналарда қолмоқда.

Москва метросидаги пранкда иштирок этган тожикистонлик блогер 2 йилу 4 ойга қамалди

Суд залига олиб кирилаётган блогер Кароматулло Жабборов (ўртада), Москва, 2021 йил 2 августи

Москванинг Пресненск тумани суди 2020 йилда Москва метросида ўзини коронавирус юқтирган бемор қилиб кўрсатган тожикистонлик блогер Кароматулло Жабборовни икки йилу тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги судланувчининг адвокатидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Суд Жабборовни бир гуруҳ шахслар билан, олдиндан тил бириктирган ҳолда безорилик қилганликда (РФ ЖКнинг 213-моддаси 2-қисми) айбдор, деб топган.

Жиноят ишининг қолган икки фигуранти — Станислав Мелихов ҳамда Артур Исаченко икки йилга шартли қамоқ жазоси олиб, ҳар бирига уч йилдан синов муддати тайинланган.

Прокуратура Жабборовни тўрт йил, унинг шерикларини эса уч йилданга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Улар 2 февраль куни Москва метросида, ўнлаб йўловчи кўз ўнгида коронавирус “хуружи”ни ижро этишган: пранк иштирокчиларидан юзига тиббий ниқоб таққан бири ерга йиқилиб, титроққа тушган, қолганлари эса ёлғондакам ваҳима кўтарганлар.

Йўловчилар вагондан чиқиб қочишгани акс этган пранк видеоси интернетда ёйинланган. Кейинроқ Жабборов бир ойга ҳибсга олиб, устидан безорилик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шериклари эса шаҳардан чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат олингач, қўйиб юборилган.

Айбланувчиларнинг адвокатлари йигитлар видеони интернетга “коронавирусдан ҳимояланишнинг муҳимлигини кўрсатиб бериш мақсадида” чиқаришганини иддао қилиб, ўзини касалга солганлик учун қамаш мумкин эмаслигини айтишмоқда.

Қозоғистонлик яна уч киши Pegasus жосуслик дастури орқали кузатилган бўлиши мумкин

Pegasus жосуслик дастури ёрдамида кузатилгани тахмин этилаётган Сауат Минбоев

Исроилда ишлаб чиқарилган Pegasus жосуслик дастури ёрдамида ташкил қилинган киберкузатувнинг эҳтимолий нишонлари рўйхатида қозоғистонлик яна уч кишининг фамилияси пайдо бўлди.

Улар давлатнинг собиқ ёки амалдаги юқори лавозимли мулозимларидир. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) сайтидаги маълумотга кўра, киберҳужумларга:

– Парламентнинг собиқ аъзоси, Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси ва ФВВнинг собиқ раҳбари Владимир Божко;

– “Қозоғистон темир йўли” миллий темир йўл ширкатининг собиқ раҳбари, илгари президент маъмуриятида бошлиқ, ҳукуматда бош вазир ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири, энергетика вазири, саноат ва савдо вазири лавозимларида ишлаган Сауат Минбоев;

– Ҳозирда Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаётган, илгари президент маъмуриятига раҳбарлик қилган, бош вазир ўринбосари, пойтахт ҳокими, саноат ва янги технологиялар вазири лавозимларида ишлаган Асет Исекешевлар ҳам нишон бўлган бўлиши мумкин.

OCCRP маълумотига кўра, бу одамларнинг телефонларига кузатув дастури 2018 йилда ўрнатилган. Ўша пайтда Божко парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари эди. Асет Исекешев 2018 йил сентябрда пойтахт ҳокимлигидан олиниб, президент маъмуриятига бошлиқ этиб тайинланган.

OCCRP 2018 йили улкан активларга эга “Meridian Capital” хусусий ширкати ортида турган “сирли миллиардер” ўлароқ таърифлаган Сауат Минбоев ўша йили “Қозоғистон темир йўли”га раҳбар бўлгани ҳақида ёзган.

Аввалроқ OCCRP Pegasus дастури ёрдамида кузатилгани тахмин қилинаётган қозоғистонликлар номларини очиқлаган эди. Рўйхатда мухолифатчи Мухтор Аблязов, қозоқ олигархи Бўлат Утемуродов, Назарбоевнинг ўртанча куёви Тимур Қулибоевнинг жияни Алибек Қулибоев, шунингдек мамлакатнинг биринчи шахслари — президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда бош вазир Асқар Маминларнинг исмлари қайд этилган.

Россия театрларининг Путин қарашларига нақадар хайрихоҳлиги текширувдан ўтказилади

Акстриса Лия Ахежакова "Современник" театрининг "Биринчи нон" спектаклида

Россия Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши Россия театрларида уларнинг Владимир Путин имзолаган “миллий хавфсизлик стратегияси”га мувофиқлиги юзасидан текширув ўтказади.

Кенгаш раиси Михаил Лермонтовга кўра, гап аввало маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳақида бормоқда. У текширув натижалари қаерга жўнатилишига ва оқибатлари қанақа бўлишига аниқлик киритмаган, мулозим Маданият вазирлиги қошидаги кенгаш “жамоат назоратчиси” вазифасини зиммасига олиши кераклигини айтган, холос.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Москвадаги “Современник” (“Замондош”) театрининг “Биринчи нон” спектаклини унда ветеранлар шаънига ҳақорат бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида текширган эди.

Қўмита расмий баёнотига кўра, текширувга “жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари ва ОАВдаги чиқишлар” сабаб бўлган, “жамоатчилик норозилиги эса спектакллардан бирида актёрлар нафақат сўкиш сўзларни ишлатгани, балки Улуғ Ватан уруши ветеранларини ҳақорат қилгани важидан келиб чиққан”.

Бунга қадар “Россия офицерлари” ташкилоти Бош прокуратурадан спектаклни текширишни талаб қилган, кремлпараст SERB ҳаракати эса “Биринчи нон” спектакли намойишини тўхтатишга уринган.

Анталияда туристларни олиб кетаётган автобус ағдарилиши натижасида уч киши нобуд бўлди

Анталия курортлари россиялик туристлар энг кўп борадиган дам олиш жойларидан бири бўлиб ҳисобланади

Туркиянинг Анталия вилоятида россиялик сайёҳларни олиб кетаётган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учрагани оқибатида 3 киши ҳалок бўлган. “РИА Новости” агентлиги хабарига кўра, автобусдаги йўловчилардан яна 5 нафари оғир жароҳат олган, улардан икки нафари жонлантириш бўлимида ётибди.

Қайд этилишича, Анталия аэропортига кетаётган автобус 2 август куни маҳаллий вақт билан соат 18 лар атрофида Манавгат шаҳри яқинидаги автотрассада ағдарилиб кетган. Унда россиялик 22 нафар фуқаро бўлгани, улардан 9 нафари вояга етмаган болалар экани айтилмоқда. Туристлар Анталиядан Россиянинг Самара шаҳрига учиб кетиш учун аэропортга кетаётган эдилар.

Йўл полициясининг дастлабки тахминларига кўра, ҳайдовчи автобусни бошқаролмай қолиб, қарши йўлга чиқиб, ағдарилиб кетган.

Турк матбуоти автоавария чоғида жами 16 киши жабрланганини ёзмоқда. Жароҳати оғир бўлганлар яқин атрофдаги касалхоналарга етказилган. Автобус ҳайдовчисининг ўзи ҳам ҳушсиз аҳволда касалхонага йўллангани билдирилган.

ЕИ Лукашенко режимининг спортчи Тимановская қарши хатти-ҳаракатларини танқид қилди

ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича вакили Жозеп Боррель

Европа Иттифоқи Беларусь расмийларининг спортчи Кристина Тимановскаяни Токиодан Минскка мажбуран қайтаришга уринганини кескин танқид қилиб чиқди. Айни пайтда Брюссель Польшанинг 24 ёшли беларуслик спортчи аёлга гуманитар виза тақдим этиш қарорини олқишлади.

ЕИ баёнотида қайд этилишича, Тимановскаяни мажбуран Минскка қайтаришга қилинган ҳаракат Лукашенко режими репрессив чораларининг шафқатсиз эканига яна бир мисолдир. Минск атлетларга қарши ҳам қатағон сиёсатини қўллаш ва бу билан Олимпия ўйинлари чоғида душманона хатти-ҳаракатларни тўхтатиш каби қадим қоидани бузиш мумкин, деб ҳисоблайди. Бу баёнот ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича вакили Жозеп Боррель тилидан янграган.

2 август куни Кристина Тимановская Польшанинг Токиодаги элчихонаси биноси олдида кўриниш берган. Шу куннинг ўзида Польша ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Павел Яблонский Токиода ўз ҳукумати беларуслик спортчи аёлга зарур бўлган барча ёрдам беришини тасдиқлаган.

Вашингтон яна 24 нафар россиялик дипломатга АҚШни тарк этиш тўғрисида талабнома топширди

АҚШ ҳукумати Россияга 3 сентябргача Қўшма Штатлардан чиқиб кетиши лозим бўлган 24 нафар элчихона ходими рўйхатини топширди. Бу ҳақда The National Interest журналига интервюси чоғида Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов маълум қилган.

Унинг айтишича, кетаётган дипломатларнинг аксарияти ўрнига бошқа ходим олинмайди, чунки АҚШ виза бериш тартибини кучайтирган. Қолаверса, ўтган йили декабрь ойида Давлат департаменти Россия ТИВ ходимларининг АҚШда хизмат сафарида бўлиш муддатига уч йиллик лимит белгилаган эди, дея қайд этган Антонов.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Россия элчисининг сўзларини “бир оз чалкаш” деб атаб, РФ ўзининг Вашингтондаги элчихонаси ходимлари визаларининг амал қилиши тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирилгани ва ушбу ходимлар ўз визалари муддатини узайтириш бўйича сўров беришлари мумкинлигини урғулаган.

Давлат департаменти вакили Россия АҚШни РФдаги Америка дипломатик ваколатхоналарига Россия фуқароларини ишга ёллашдан воз кечишга мажбур қилганини эслатган, бу эса, Прайс сўзларига кўра, Россиядаги Америка дипмиссияси фаолиятига, жумладан унинг Россия ҳукумати билан “дипломатик иш олиб бориш” қобилиятига “салбий таъсир этган”.

Шу билан бирга Нед Прайс Россия элчихонаси ходимларининг визалари муддати чекланиши Россиядаги Америка дипломатик миссиясига нисбатан жорий этилган чеклов чоралари билан боғлиқ эмаслигини қўшимча қилган.

Май ойида Россия ҳукумати АҚШни “душман мамлакатлар” рўйхатига тиркаб, унинг дипломатик миссияларига россияликларни ишга қабул қилишни тақиқлаган эди. Ўшанда АҚШ техник ва маъмурий лавозимларда, шунингдек маслаҳатчи ва юрист бўлиб ишлаётган 182 ходимни бўшатишига тўғри келган.

2021 йил апрелида янги санкциялар манзарасида Россия ва АҚШ бир-бирининг ўн нафардан дипломатини бадарға қилган. 1 августдан бошлаб, ходимлар етишмаслиги сабабли АҚШ Россияда консуллик хизматлари кўрсатишни тўхтатган.

2017 йилга қадар Американинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналарида минг нафардан зиёд россиялик ишлаган, бироқ Россия ТИВ АҚШ санкцияларига жавобан улар сонини 450 нафарга қисқартирган.

АҚШ: Республикачилар COVID-19 Хитой лабораториясидан тарқалганини айтишмоқда

COVID-19 генетик жиҳатдан модификацияланган вирус Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораториядан сизиб чиқиши натижасида тарқалган — АҚШ Вакиллар палатасидаги республикачилар суриштирувидан шундай хулоса чиқади, деб ёзган The Hill нашри.

Ҳисобот муаллифи конгрессмен Майкл Макколга кўра, лаборатория профилактик чораларни ўрганиш мақсадида вирус мутациялари устида тадқиқотлар ўтказган. Аммо изланишлар хавфсиз бўлмаган шарт-шароитда олиб борилган, деб ҳисоблайди конгрессмен.

Суриштирувда айтилишича, коронавирус одамга биринчи марта юқиши 2019 йилнинг ноябрь ойида эмас, сентябрь ойида қайд этилган.

Маккол Ухандаги вирусология институтига ва, ўз иддаосича, пандемияга қарши курашга халал берган Хитой компартияси вакилларига нисбатан санкциялар жорий этишга чақирган.

Май ойида АҚШ президенти Жо Байден COVID-19 вирусининг келиб чиқиши ҳақида маълумот сўраб разведка идораларига мурожаат қилган эди. Байден Хитой лабораториясининг вирус пайдо бўлишидаги роли хусусида маълумот олиш учун уч ой муҳлат берган.

2021 йил бошида Уханга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари борган. Улар суриштирув ўтказиб, COVID-19 пайдо бўлишига доир ҳақиқатга энг яқин тахмин бу унинг одамга ҳайвондан ўтганидир, дея хулоса қилган.

Пекин коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширганлик айбловини ҳамда унинг лабораторияда яратилганини рад этиб, ЖССТнинг қўшимча суриштирувида иштирок этишдан бош тортган.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери ушбу вирус билан қарийб 200 миллион одамга юққан, ўтган давр мобанида шундан беш миллионга яқин бемор вафот этган.

Арманистон: Никол Пашинян бош вазир лавозимига тайинланди

Никол Пашинян

Арманистон президенти Никол Пашинянни бош вазир этиб тайинлашга оид фармонни имзолади. Уни бу лавозимга янги парламентнинг илк иш кунида иқтидордаги “Фуқаро шартномаси” партияси кўрсатган.

Пашинян ихтиёрида янги ҳукуматни шакллантириш учун 15 кун бор. Ҳукумат аъзолигига даъвогарларни депутатлар тасдиқлаши лозим. Маҳаллий нашрлар янги парламентдаги ўринларнинг учдан икки қисмини Пашинян тарафдорлари эгаллагани учун у ҳукуматни шакллантиришда ҳеч бир қийинчиликка дуч келмаслигини тахмин қилмоқдалар.

Мухолифат вакиллари парламентнинг илк мажлисига ваколатларини суиистеъмол қилганлик айблови билан ҳибсга олинган мухолифатчилар суратлари акс этмиш ва “сиёсий маҳбуслар” деб ёзилган майкаларда келганлар. Мухолифатчилар улар сиёсий сабабга кўра таъқиб этиляпти, деб ҳисоблайдилар.

Арманистонда навбатдан ташқари парламент сайлови шу йил июнида ўтказилган. Мазкур сайлов ўтказилишига Озарбайжон билан Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича тинчлик шартномаси имзолангани ортидан Арманистонда юзага сиёсий инқироз сабаб бўлган. Икки давлат ўртасида ўтган йил ноябрида сулҳ шартномаси тузилганидан кейин Арманистонда бош вазирга қарши оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетган. Пашиняннинг тарафдорлари Тоғли Қорабоғдаги мағлубиятга мамлакатнинг аввалги раҳбарлари, жумладан собиқ президентлар Роберт Кочарян ва Серж Саргсян ҳам жавобгар эканини иддао қилиб келадилар.

Украинада яшаётган ингушетиялик фаол БМТ комиссари ҳимоясига олинди

Илёс Белхароев

Украинада яшаб келаётган асли ингушетиялик фаол Илёс Белхароевни БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ваколатхонаси ўз ҳимоясига олди. Россия Белхароевни қайтаришни талаб қилиб келмоқда. Ватанида у Ингушетия Экстремизмга қарши кураш маркази бошлиғини ўлимига алоқадорликда айбланган.

Белхароев миграция хизматидан ҳимоя сўраб мурожаат қилгани тўғрисида маълумотнома олган, унинг экстрадиция иши тўхтатилган. БМТ олий комиссари маҳкамаси Белхароевнинг сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини тан олди, дея хабар қилган “Кавказ.Реалии”.

Уч ой ичида Украина миграция хизмати унга қочқин мақомини бериш ёки қочқин мақомини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

Белхароев май ойида Интерпол сўровига асосан қўлга олинган. Терговчилар тахминича, у 2019 йилда шериклари билан бирга “Батал ҳожи издошлари” диний гуруҳининг жанговар қаноти етакчисига тўппонча ва ўқлар бергани, Ингушетия ИИВнинг Экстремизмга қарши кураш маркази бошлиғи Иброҳим Элжаркиев ва унинг укаси шу қуролдан отиб ўлдирилгани айтилмоқда.

Белхароевга қарши айблов унга нотаниш одамнинг кўрсатмасига асосланган бўлиб, ушбу гувоҳ қурол етказиб берилгани ҳақида бошқалардан эшитганини иддао қилган, дейди адвокат.

Элжаркиев иши бўйича 11 киши (айримлари — сиртдан) қўлга олинган. Январь ойида гумонланувчилардан бири ўз адвокатига ҳибсда уни қийноққа солишганини билдирган.

Илёс Белхароев “Кавказ.Реалии” билан суҳбатда ватанида ўз қариндошлари бўлмиш ингуш мухолифатчилари мунтазам таъқиб қилинаётганини айтган. Фаолнинг айтишича, 2013 йилда федерал ҳукуматнинг республика раҳбари лавозимига сайловни бекор қилиш ташаббусига қарши чиқишгани, Ингушетия ва Чеченистон ўртасида чегара белгиланганидан сўнг норозилик чиқишлари ташкил қилишгани учун ҳукумат улардан шу тариқа ўч олмоқда.

Италияда ҳакерлар COVID-19 қарши эмлов тизимига ҳужум қилишди

Италиядаги эмлов марказларидан бири

Италияда ҳакерлар Лацио вилоятидаги коронавирусга қарши эмлашни назорат қилувчи ширкатнинг маълумотлар базасига ҳужум қилишди.

Жиноятчилар соғлиқни сақлаш портали тизимини ўчириб қўйишган. Расмийлар аҳолини вилоятда эмлаш дастури ижроси кечиктирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган, дея хабар қилди Reuters.

Маълумотлар базасига ким ҳужум қилганига аниқлик киритилган эмас. Полиция суриштирув олиб бормоқда.

Август ойида Италияда COVID-19 га қарши эмланганлар учун турли тадбирларга, ресторан ва қаҳвахоналарга бориш, учоқлар ва олисга қатновчи поездлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномалар жорий этилиши керак эди. Коронавирусга тест топшириб, салбий натижа қайд этганларга ҳам рухсатнома берилади, аммо бу ҳужжат атиги икки кун амал қилади.

Италия ОАВга кўра, ҳукумат эмланмаган ходимларни ишдан четлатишни пандемияга қарши кураш воситаси ўлароқ кўрмоқда. Мазкур тартиб тиббиёт соҳасига аллақачон татбиқ этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи тўлиқ эмланган.

Ватанига қайтишни истамаган беларуслик спортчи қиз Токиода “хавфсиз жой”га етказилди

Беларуслик спортчи Кристина Тимановская Токио аэропортида, 2021 йил 1 августи

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси беларуслик енгил атлетикачи Ксритина Тимановская билан тўғридан-тўғри мулоқот қилди. Бу ҳақда ХОҚ матбуот хизматига таянган ҳолда ТАСС хабар қилган.

Аввалроқ Япониянинг Sports Hochi нашри Тимановская хавфсиз жойга жойлаштирилганини маълум қилган эди. Тимановская ватанига қайтишни хоҳламаслигини эълон қилганидан сўнг ХОҚ вакиллари кейинги қадамлар хусусида у билан музокара олиб бормоқда.

ХОҚ 2 августга ўтар кечаси эълон қилган баёнотга кўра, қўмита аъзолари ва япон расмий шахслари Тимановская билан юзма-юз сўзлашишган. ХОҚ вакили Марк Адамс спортчи қизи тунни аэропортдаги меҳмонхонада япон ҳукумати ҳимояси остида кечирганини айтган.

Бу орада қўшни Польша ва Чехия Тимановскаяга ўз ёрдамини таклиф этмоқда. Польша ТИВ раҳбари Марцин Пшидач “Twitter”даги саҳифасида мамлакат спортчига гуманитар виза беришга тайёрлигини ва у ўз фаолиятини Польшада давом эттириши мумкинлигини билдирган.

Бир неча соатдан сўнг Тимановская Японияда у “хавфсизликда” ва полиция ҳимояси остида эканини маълум қилган.

Беларусь спортчилари бирдамлиги фондига (BSSF) кўра, Тимановскаяни Беларусь олимпия терма жамоаси енгил атлетикачиларининг мураббийлар штабини танқид қилгани учун Токиодан куч билан олиб кетмоқчи бўлишган.

Тимановская 2 август куни 200 метрга югуриш мусобақаларида иштирок этиш керак эди. 1 август куни унинг хонасига терма жамоа ходимлари келишиб, ашёлари билан бирга, куч ишлатган ҳолда аэропортга олиб кетишган. Аэропортда қиз полицияга мурожаат қилган. Беларусь Олимпия қўмитаси Тимановскаяни депортация қилиш қарори унинг руҳий-психологик аҳволи билан боғлиқлигини иддао қилмоқда.

Pfizer ва Moderna ЕИ учун коронавирусга қарши ўз вакциналари нархини оширди

Moderna ва Pfizer фармацевтика ширкатлари коронавирусга қарши ўз вакциналари нархи оширилганини эълон қилдилар. Бу ҳақда Financial Times нашри вакцина етказиб беришга оид шартномаларда акс этган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳар иккала ширкат вакциналари ўз самарадорлигини кўрсатгани қайд этилган хабарда Pfizer препарати нархи 25 фоизга ошгани айтилган. Эндиликда бу ширкат вакцинасининг битта дозаси нархи Европа бозорида 19,5 еврони ташкил этади (аввалги нархи 15,5 евро эди.)

Moderna ширкати эса нархни 10 фоизга оширган. Сўнгги шартномаларда Moderna вакцинаси нархи 25,5 АҚШ доллари ўлароқ кўрсатилган. Financial Times маълумотига кўра, аввал бу вакцинанинг бир дозаси 22,6 доллардан сотилган.

Pfizer ва Moderna вакциналари синовининг учинчи босқичи бу препаратларнинг AstraZeneca ва Johnson & Johnson ширкатлари вакциналаридан самаралироқ эканини кўрсатган.

Европа комиссияси ва ЕИ мамлакатлари ҳукуматлари Европадаги вакцина ишлаб чиқарилувчи заводлардан препарат етказиб берилишини таъминлаш учун кўпроқ пул тўлашга рози бўлган.

Moderna ширкати ўз препаратлари бундан буён қимматроқ нархда сотилишини тасдиқлаган. Бироқ Pfizer ширкати вакили ЕИ учун вакцина нархи оширилган-оширилмагани юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Россияда қарз туфайли мамлакатдан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар сони 7 миллиондан ошди

Россияда қарзи борлиги туфайли мамлакатдан чиқиш ҳуқуқи чекланган фуқаролар сони 7 миллион 200 минг кишига етди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги Профессионал коллекторлик агентликлари миллий ассоциацияси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Суд приставлари федерал хизмати маълумотига кўра, қарздорлиги туфайли Россиядан чиқа олмайдиганлар сони ўтган йил охирида 4 миллиондан сал кўпроқ эди.

Россияда қарздорларни жазолаш мақсадида уларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш амалиёти 2005 йилдан жорий этилганди. Ҳозирда суд приставлари 30 минг рублдан кўпроқ қарзи бор ва қарзини тўлаш муддати 90 кундан ошган фуқароларга мамлакатни тарк этишни вақтинча тақиқлаб қўйиши мумкин. Алиментдан қарзи бор шахсларга эса қарз миқдори 10 минг рубль қилиб белгиланган.

Шу йил июль ойи охирида Россия ҳукумати қошидаги комиссия суд приставларига қарздорларнинг хорижга чиқиш паспортини олиб қўйиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Саккиз нафар спортчи Токио Олимпиадаси аккредитациясидан маҳрум этилди

Дзюдочи Важа Маргвелашвили аккредитациядан маҳрум этилганлардан бири

Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси саккиз спортчининг аккредитациясини бекор қилди.

Жумладан, грузиялик иккита дзюдочи Важа Маргвелашвили ва Лаша Шавдатуашвили Олимпия шаҳарчасини тарк этишгани учун бундай жаримага тортилди. Токио-2020 ташқилий қўмитаси қоидасига кўра, коронавирус пандемияси олдини олиш мақсадида Олимпиада иштирокчиларига шаҳарчани тарк этиш тақиқланган.

Иккала грузин спортчиси ҳам Токиода ўз тоифаларида кумуш медални қўлга киритган ва ўз чиқишларини якунлаган. Грузия терма жамоасининг хабар беришича, спортчилар мусобақадан кейин Япония пойтахтининг диққатга сазовор жойларини кўришни хоҳлаган ва уйга жўнаб кетишидан бир неча кун олдин сайрга чиқишган.

Бундан ташқари, ташкилотчилар исми ошкор қилинмаган терма жамоа спортчиларига нисбатан яна бир ишни тергов қилмоқда. Улар паркда спиртли ичимлик ичишган, бу ҳам қоидалар билан тақиқланган.

Охирги кунларда Токио Олимпия ўйинларида хизмат кўрсатаётган ходимларда коронавирус инфекциясининг яна ўнлаб янги ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда мусобақа ташкилотчилари 31 июль куни эълон қилишганди.

Токио Олимпиадасида касалланганларнинг умумий сони 246га етди.

Бир кун олдин, Токионинг ўзида биринчи марта тўрт мингдан ортиқ янги коронавирус ҳолати қайд этилган. Бу пандемия давридаги энг юқори кўрсаткич. Мамлакат ҳукумати вазиятнинг ёмонлашуви Олимпиада билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб келмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги: Россиялик хакерлар 2020 йилнинг майида прокурорлар почтасини бузиб кирган

Ўтган йилнинг охирида АҚШнинг SolarWinds компанияси дастурий таъминотини бузган россиялик хакерлар ўша йилнинг май ойида АҚШ федерал прокурорларининг электрон почталарини бузишган. Шанба куни бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

Associated Press нашри таъкидлашича, хакерлар Нью-Йоркдаги тўртта прокуратура идоралари ходимлари томонидан ишлатилган Microsoft серверларидаги электрон почта ҳисоб рақамларининг 80 фоизини бузиб кирган. Жамини олганда, АҚШнинг турли штатларида 27 та прокуратура муассасаси электрон почта манзиллари хакерлар ҳужумига учраган ва синдирилган.

Қўшма Штатлар Адлия вазирлиги аниқлик киритишича, почта аккаунтларини бузиб кириш ҳолатлари 2020 йилнинг 7 майидан 27 декабригача қайд этилган.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг декабр ойи ўрталарида россиялик хакерлар SolarWinds дастурий таъминотини бузиш орқали ўнлаб давлат ва хусусий ташкилотлар тармоқларига кира олишган. Зарар камида тўққизта давлат идорасига етказилган.

2021 йил апрелда Президент Байден маъмурияти Кремлга қарши янги санкцияларни эълон қилганди. Хусусан, SolarWindsнинг хак қилиниши ва Россиянинг 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашувига жавобан бир гуруҳ россиялик дипломат АҚШдан чиқариб юборилган эди.

Россия барча бу каби айбловларни рад этиб келади.

Мьянмада ўтиш даври ҳукумати тузилади

Давлат кенгаши раиси ва ҳарбий хунта раҳбари генерал Мин Аун Хлайн

Мьянмада ўтиш даври ҳукумати тузилиши эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат Давлат маъмурий кенгаши маълум қилди.

Ўтиш даври ҳукуматини Давлат кенгаши раиси ва ҳарбий хунта раҳбари генерал Мин Аун Хлайн бошқаради.

Ўтиш ҳукумати генерал Ву Не Виннинг муваққат ҳукумати билан ўхшашлик асосида яратилди. У 1958 йилда ҳокимиятга келган ва 1960 йилги умумий сайловларга қадар ҳукуматни бошқарган.

1 феврал куни Мьянмадаги генераллар Аун Сан Су Чжи ҳукуматини ағдаришди. Хунта раҳбарияти иддаосича, ўтган йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтган сайловларда “Демократия учун Миллий Лига” партияси фирибгарлик эвазига катта фарқ билан ғалаба қозонган.

Хавфсизлик кучлари ҳарбий тўнтаришга қарши оммавий намойишларни шафқатсизларча бостирди, юзлаб намойишчиларни ўлдирди ва кўплаб одамларни ҳибсга олди.

Жорий йилнинг июль ойи охиридаги сайлов натижалари бекор қилинди.

Толиблар Афғонистонда Ҳирот, Қандаҳор ва Лашкаргоҳга ҳужум қилмоқда

Толибон ҳаракатининг қуролли гуруҳлари Афғонистон ғарбидаги шу номли провинциянинг ярим миллионлик маъмурий маркази - Ҳиротнинг бир қисмини эгаллади. Ҳукумат кучлари мамлакат жанубидаги Қандаҳор ва Лашкар Гахни эгаллаб олмоқчи бўлган Толибон экстремистик гуруҳларига қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Толибон ҳаракатининг қуролли гуруҳлари Афғонистон ғарбидаги шу номли провинциянинг ярим миллионлик маъмурий маркази - Ҳиротнинг бир қисмини эгаллади. Ҳукумат кучлари мамлакат жанубидаги Қандаҳор ва Лашкар Гахни эгаллаб олмоқчи бўлган Толибон экстремистик гуруҳларига қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Толиблар мамлакат ҳудудининг 50 фоизини назорат қилади, дейди хорижий кузатувчилар. Аммо Толибон расмийларининг айтишича, улар Афғонистоннинг 80 фоизини назорат остига олган.

Бугунда Қандаҳорда 11 мингга яқин оила қочқинлар лагерларида яшайди. ББC хизмати Афғонистон парламенти аъзосининг баҳоларига таяниб, шаҳарни экстремистлар томонидан босиб олиш хавфи "ҳақиқатдан ҳам реал" эканлигини хабар қилмоқда.

Депутатнинг сўзларига кўра, толиблар Қандаҳорни вақтинчалик пойтахт қилиш ниятида. Агар бу шаҳар ҳимояси қуласа, ҳукумат жануби-ғарбий минтақадаги яна беш-олтита вилоят устидан назоратни йўқотади.

Толиблар мамлакат ҳудудининг 50 фоизини назорат қилади, дейди хорижий кузатувчилар. Аммо Толибон расмийларининг айтишича, улар Афғонистоннинг 80 фоизини назорат остига олган.

Бугунда Қандаҳорда 11 мингга яқин оила қочқинлар лагерларида яшайди. ББC хизмати Афғонистон парламенти аъзосининг баҳоларига таяниб, шаҳарни экстремистлар томонидан босиб олиш хавфи "ҳақиқатдан ҳам реал" эканлигини хабар қилмоқда.

Депутатнинг сўзларига кўра, толиблар Қандаҳорни вақтинчалик пойтахт қилиш ниятида. Агар бу шаҳар ҳимояси қуласа, ҳукумат жануби-ғарбий минтақадаги яна беш-олтита вилоят устидан назоратни йўқотади.

Францияда CОVID -19га қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди

Намойишчилар CОVID -19 эмлаш марказларини вайрон қилмоқда

Францияда коронавирус чекловларига қарши 200 мингдан ортиқ кишилик норозилик намойиши ўтказилди. Франция ҳукумати ушбу чораларни CОVID-19 пандемиясининг тўртинчи тўлқинига қарши курашиш учун киритган эди.

Намойишлар пайтида 20 киши ҳибсга олинган, уч полициячи тан жароҳати олган.

Франциядаги аҳоли намойишлари кетма-кет учинчи ҳафта охирида ўтказилмоқда. Бунинг сабаби Макрон ҳукумати қабул қилган янги қонун эди. Янги тартибга кўра, аҳоли тест қилиш, эмлаш ёки ўтказилган коронавирус сертификати асосида санитария гувоҳномасини олишга мажбур қилинади, кўплаб муассасаларга махсус рухсатномасиз кириш ман этилади.

Намойишчиларнинг фикрича, ҳукумат французларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекламоқда. Француз аҳолиси CОVID -19 эмлаш марказларини вайрон қилишга киришди.

Бундан ташқари, янги қонунга кўра, сентябр ойининг ўрталарига қадар шифокорлар мамлакатда мажбурий эмлашдан ўтишлари лозим. Бу эса норозиликларга шифокорларнинг ҳам қўшилишига олиб келди. Масалан, Лионда клиникалардан бирининг ходимлари бир неча кундан буён мажбурий эмлашга қарши иш ташлаш ўтказмоқда.

Олдинроқ Франция президенти Эммануел Макрон ҳукумат чораларига қарши чиқаётган мухолифчиларни худбинликда айблаганди.

АҚШ мутахассислари ҳомиладор аëлларни COVID-19 га қарши эмлаш зарурлигини айтмоқда

АҚШдаги икки етакчи акушерлик гуруҳи ҳомиладор аëлларнинг барчасига COVID-19га қарши эмланишни тавсия қилди.

Америка акушер-гинекологлар уюшмаси ҳамда Она ва ҳомила тиббий жамияти 30 июль кунги баëнотида вакцинанинг она ва ҳомила саломатлиги учун бехатарлигини билдирди. Мутахассислар ўтган ойлар давомида ўн минглаб ҳомиладор аëлнинг эмлангани вакцинанинг зиëнсизлигини тасдиқлашини таъкидлади.

Экспертларга кўра¸ COVID-19 инфекцияси ҳомиладор аëл саломатлигини жиддий хавф остига қўяди ва ҳатто она ва ҳомила ўлимига сабаб бўлади.

АҚШ ҳукумати эълон қилган рақамларга кўра¸ ҳозирга қадар америкалик ҳомиладор аëлларнинг фақат 22 фоизигина бир ëки икки дозa акцина олган¸ холос. Айни пайтда¸ вояга етган америкаликларнинг 70 фоиздан кўпроғи эмланган.

“COVID-19 вакцинаси она ва ҳомила саломатлиги учун туғиладиган жиддий муаммолардан асрашнинг энг яхши йўлидир,” деди хусусан Она ва ҳомила тиббий жамияти президенти Уильям Гробман.

Бундан аввал ҳар иккала гуруҳ ҳомиладор аëлларнинг эмлаш дастуридан четда қолмаслигини билдирган¸ аммо ҳомиладорларни ëппасига эмлашни тавсия қилмаган эди.

30 июль кунги тавсия¸ АҚШда коронавируснинг ниҳоятда юқумли Дельта штамми кенг тарқай бошлаган вазиятда эълон қилинди.

Хитойда COVIDнинг янги ўчоғи туғилгани ортидан юз минглаб одам карантинга олинди

Вируснинг янги ўчоғига айланган Нанкиндаги 9.2 миллион аҳоли икки марта тестдан ўтказилди

Хитойда коронавируснинг бирлами ўчоғи Ухандаги вазиятдан бери мисли кўрилмаган янги тўлқини бошланди. Давлат матбуоти таъкидича¸ мамлакат шарқидаги Нанкиндан тарқаëтган янги тўлқин пандемия бошланган Ухандагидан кучлироқдир.

Хитой расмийлари¸ эпидемиянинг янги ўчоғи Air China компаниясининг Москвадан учиб келган йўловчи учқичи хизматчилари эканини билдирди. Нанкин шаҳрида камида 200 одамнинг касаллангани¸ вируснинг 15 минтақадаги 26 аҳоли пунктига тарқагани аниқланган.

Ниҳоятда юқумли бўлган Дельта штаммининг Хитой бўйлаб ëйила бошлагани ортидан юз минглаб одамни карантинга олинди¸ Нанкиндаги 9 миллиондан ошиқ аҳоли икки марта тўлиғича короновирус тестидан ўтказилди.

Айтилишича¸ ҳозирга қадар Хитойда 1.6 миллиард доза вакцина аҳолига берилган. Айни пайтда¸ Хитой вакцинасининг коронавирусга қарши самарадорлиги савол остида қолмоқда. Мутахассислар Хитой вакцинасининг вирусдан ҳимоялаш потенциалини 50-80 фоиз атрофида баҳоламоқда.

Нанкинда янги вирус ўчоғи бошланишининг бирламчи манбаси сифатида кўрилаëтган Air China учқичи хизматчиларининг деярли ҳаммаси¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ Хитой вакцинаси билан тўлиқ эмланган бўлган.

Ҳиротдаги БМТ миссияси аксил-ҳукумат кучлари ҳужумига учради

Ҳиротдаги афғон ҳукумати қўшинлари

Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилояти маркази Ҳирот шаҳри ташқарисида Толибон ва Афғонистон ҳукумат қўшинлари ўртасидаги жанглар давом этмоқда.

Толибон вакиллари ўз қўшинлари шаҳарга кирганини иддао қилди. Ҳукумат кучлари эса бу иддаони рад қилиб¸ толиблар ҳужуми қайтарилганини билдирди.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги расмийсининг Озодликка айтишича¸ “ҳукумат қўшинлари Толибоннинг Ҳирот¸ Қандаҳор¸ Ҳелманд ва Тахор вилоятларидаги ҳужумларини қайтариб¸ уларни мағлуб қилишга муваффақ бўлган”.

Айни пайтда¸ Афғонистондаги БМТ миссиясининг Ҳиротдаги офисига 30 июль куни уюштирилган ҳужум оқибатида бир қўриқчи ўлдирилган. АҚШ Давлат департаментига кўра¸ БМТ миссияси биносига ҳужумни "аксил-ҳукумат кучлари" уюштирган.

АҚШ ва бошқа хориж ҳарбийлари Афғонистондан чиқиб кетишни якунлаëтган бир кезда Толибон мамлакатнинг аксар ҳудудларини ўз назоратига олмоқда.

Исроил нефть танкерига қилинган ҳужум учун Эронни айблади

IИсроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид

Исроил Ташқи ишлар вазири Яир Лапид 30 июль куни Эрон ҳукуматини исроиллик миллиардерга қарашли нефть танкерига ҳужум уюштирганликда айблади.

29 июль куни Эял Оферга қарашли Zodiac Maritime ширкати танкерига Араб денгизида қилинган ҳужум оқибатида экипаж аъзоларидан иккитаси нобуд бўлди. Улардан бири Британия¸ иккинчиси Руминия фуқаросидир.

Исроил дипломатлари раҳбари ҳужум ортида Эрон турганини тасдиқловчи тафсилотларни очиқламади. Айни пайтда Лондон ҳукуматини мазкур ҳужумга нисбатан кескин жавоб қайтаришга чақирди.

"Эрон фақат Исроилнинг муаммоси эмас. Терроризм¸ бузғунчилик ва беқарорлик экспортчиси ҳаммамизга зиëн етказади. Дунë ҳамжамияти кемалар эркинлигига раҳна солувчи Эрон террорчилиги қаршисида жим турмаслиги керак”¸ дейилади Лапид баëнотида.

Ҳозирча Эрон ҳукумати бу айбловга муносабат билдирмади. Теҳрон ўз ядровий дастури учун масъул олимнинг ўлдирилиши ва ядровий иншоотларига ўтган йили уюштирилган ҳужумлар учун Исроилни айблаб келади.

Эрон давлат телеканали аноним манбага таяниб¸ Исроиллик миллиардерга қарашли танкерга ҳужум Суриядаги Эрон аэропортига уюштирилган ҳужум учун жавоб эканини таъкидлади.

Исроилнинг энг яқин ҳамкори АҚШ ҳукумати воеалар ривожи хусусида хавотир билдирди. Ғарб агентликлари АҚШ ҳукуматидаги манбага таяниб¸ танкерга дронлар воситасида қилинган ҳужумни ким уюштиргани ҳозирча номаълум эканини билдирди.

Хитойда расмийларни танқид қилган миллиардер 18 йилга қамалди

Сунь Даву

Хитойда Коммунистлар партиясини танқид қилгани билан танилган миллиардер Сунь Даву “адоват қўзғагани” учун 18 йилга озодликдан маҳрум этилди, бундан ташқари, у 3 миллион юань жаримага ҳам тўлаши лозим. Бу ҳақда Гаобейдянь шаҳри халқ судининг “WeChat”да эълон қилган қарорига таянган ҳолда South China Morning Post хабар қилган.

Хабарга мувофиқ, Даву оломонни давлат муассасаларини ишғол қилишга ундаш, ноқонуний бизнес юритиш, ерларни ноқонуний эгаллаш ва бошқа қилмишларда айбдор, деб топилган.

67 ёшли Сунь Даву тақрибан 9 минг киши ишлайдиган қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбаридир. У ҳукуматни 2019 йилда 100 миллиондан зиёд чўчқанинг қирилиб кетишига сабаб бўлган Африка чўчқа гриппи эпидемиясининг ҳақиқий кўламини яширишга уринганликда айблаган кам сонли кишилардан бири саналади.

Reuters агентлигининг хабар қилишича, ўша танқидлардан сўнг тадбиркор давлат фермаси билан ерга оид даъво ишига тортилган. Миллиардерга кўра, совхоз ходимлари унинг ширкатига қарашли бинолардан бирини бузгани келганида полиция билан тўқнашув чиқиб, унинг ишчилари жабр кўришган.

Хитойлик ҳуқуқбонлар суд ҳукмини “Сунни инсон ҳуқуқларини дастаклагани учун жазолашга уриниш”, деб атаганлар. Фаоллар фикрича, Сунь бутун умрини қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилашга бағишлаган.

Сунь Хитойнинг нуфузли университетларида маърузалар ўқир ва меценатлик билан шуғулланарди. Айни фаолияти ҳам жиноят ишига боғланган: уни, жумладан, хайрия мақсадлари учун ўз ишчиларидан ноқонуний пул йиғиб олишда ҳам айблашган. Сунь айбловни тан олмаган.

Сунга нисбатан қамоқ жазоси танқидий кайфиятдаги тадбиркорларга қарши қатағонлар кучайиши манзарасида тайинланди, деб ёзган CNN. Телеканал Компартиянинг ўтган йили эълон қилинган раҳбарий қоидаларида хусусий секторга “партия белгилаб берган йўлдан оғишмай юрадиган сиёсий оқил одамлар” зарурлиги таъкидланганини эслатган.

Ўшанда Компартия етакчиси Си Цзиньпиннинг коронавируснинг олдини олиш стратегиясини кескин танқид қилган миллиардер Жэнь Чжицян коррупция жиноятларида айбланиб, 18 йилга қамалган эди. У ўз чиқишларидан бирида давлат раҳбарини “ҳокимиятга ташна масхарабоз”, деб атаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG