Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2019, Тошкент вақти: 15:16

Минскда фаоллар Беларуснинг Россия билан интеграциясига қарши чиқди


Аляксандр Лукашенка Владимир Путин билан.

Ўнлаб кишилар Минскдаги “Озодлик” майдонида Беларуснинг Россия билан эҳтимолий интеграциясига қарши митингга тўпланди.

Таниқли мухолиф сиёсатчи ва президентликка собиқ номзод Николай Статкевич 6 октябрда келаси ойда бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдидан имзо йиғиш баҳонасида норозилик митинги ташкил қилди.

Мухолифат етакчиси президент Аляксандр Лукашенкани (президент исм-фамилиясининг белорусча имлодаги шакли) назарда тутиб, “бу одамнинг мамлакатимиз, давлатимизни сотишга нима ҳаққи бор?” деган саволни ўртага ташлади.

Ушбу тадбир ва сўнгги ҳафталар мобайнида бутун мамлакат бўйлаб ўтазилган митинглар “Мустақиллик учун ҳаракат” шиори остида ўтказилди.

Дастлаб 16 сентябрда “Коммерсантъ” газетасида босилган, кейинчалик Россиянинг бошқа ахборот воситалари чоп қилган мақолаларда Беларусь билан Россия декабрда имзолашни мўлжаллаётган “интеграция режаси” Москва билан ҳамкорлик кучайтирилиши юзасидан хавотирлар уйғотди.

Россия ахборот воситалари хабар қилишича, “Иттифоқ шартномаси” имзолангани 20 йиллиги муносабати билан Кремль раҳбари Владимир Путин билан Лукашенка 8 декабрда бир қатор икки томонлама шартномаларга қўл қўйиши кутилмоқда.

Икки мамлакат иқтисодиёт вазирлари имзолаган дастлабки шартномада ягона пул-кредит, банк ва божхона тизимини яратиш кўзда тутилган эди.

Аммо ахборот воситалари қайд этишича, янги шартномаларда ягона солиқ кодекси, энергетика бозорларининг ягона регулятори ва айрим божхона тартиб-қоидаларини бирлаштириш назарда тутилади.

Лукашенка шу пайтгача Россия билан интеграцияни янада ривожлантиришни пайсалга солиб келди, 2014 йилда Кремль Украинанинг Қрим ярим ороли қўшин жўнатганидан сўнг қайта бош кўтараётган Москвадан безор ҳам бўлди. Россия пировардида ярим оролни босиб олди ҳамда Украина шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб турган урушда 13 000 дан ошиқ киши қурбон бўлди.

Минск арзон нефть сотиб олиш учун Россияга суяниб қолган, асосан, давлатга тегишли ва шўролар давридан қолиб, эскириб кетган иқтисодиёти ҳар йили 5 миллиард долларга яқин субсидия олади. Бундан фақат ахборот технологиялари мустасно.

2017 йили Лукашенка 80 та мамлакат билан визасиз режим жорий этди, бу Москванинг Беларусь билан ўзаро визаларни тан олиш тизимини яратиш бўйича режаларини барбод қилди.

Беларусь президенти сентябрь охирида Европа Иттифоқи билан виза режимини соддалаштиришга оид битим имзолашини ҳам эълон қилди.

Авторитар ҳукмдор сиёсий маҳбусларни озод қилди ҳамда НАТО Москвани тийиб туриш учун Шарқий Европадаги ҳозирлигини кенгайтирганидан сўнг Россиянинг ҳарбий-ҳаво базасини мамлакат ҳудудида жойлаштиришга розилик бермади.

Гарчи 17 ноябрдаги парламент сайловининг “Иттифоқ давлати шартномаси” яхлит санасига алоқаси бўлмаса-да, Статкевич Минскда тўпланган камсонли оммага қарата, бундай кишилар мамлакатда “миллионлар” эканини ва улар аҳолининг “бўйнимиздан бўғиб турган бир ҳовуч кишилардан фарқли ўлароқ, 90-95 фоизини ташкил қилиши”ни айтди.

Парламент депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш 17 октябрдан кейин бошланади.

Ҳозирги пайтда мухолиф партиялар 110 ўринлик Беларусь Вакиллар палатасида, бор-йўғи, иккита ўринга эга. Мухолифат вакилларининг сайловни бойкот қилишга оид олдинги даъватларини айни пайтда кўпчилик қўллаб-қувватлаётгани йўқ.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG