Линклар

Шошилинч хабар
09 июл 2020, Тошкент вақти: 06:43

Самарқандда Каримов ташаббуси билан қурилган девор бузиб ташланади


Бу девор Самарқандни иккига ажратиб қўйган

Самарқанддаги тарихий Регистон майдонини шаҳарнинг эски шаҳар қисмидан ажратиб турувчи 2006 йили қурилган баландлиги 3, узуни 320 метрлик девор бузиладиган бўлди. Девор Ўзбекистоннинг биринчи президенти ташаббуси билан тикланган эди.

Деворни бузиш ҳақида қарор қабул қилинганини Озодликка Самарқанд вилоят маданият бошқармаси ходими билдирди.

Мулозимга кўра¸ Регистон орқасидаги девор бузилишига Маданий мерос ташкилоти , Милиий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармалари розилик берган:

«Бу девор 2006 йилда асосан хавфсизлик мақсадида қурилганлиги ва маданий қийматга эга эмаслиги сабабли бузиб ташланиши белгиланди»

Деворнинг шимол тарафдан кўриниши
Деворнинг шимол тарафдан кўриниши

Самарқанд вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича янги тайинланган маслаҳатчисиси Тахмина Турдиалиева Озодлик мухбири билан суҳбатда «тарихий ахамияти бўлмаган» деворнинг олиб ташланишини олқишлар экан, деди:

«Ҳозирда девор олиниб ташлангандан кейинги ҳолат қандай бўлиши борасида дизайн таклифлар кўриб чиқилмоқда. Майдоннинг асл тарихий холатига зарар етказмайдиган таклифлар инобатга олинади».

Меъмор ва антрополог Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича¸ бу девор 2006 йилда Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизмати таклифига биноан тикланган ва девор қурилиши ўша даврда Бош вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиëев назоратида амалга оширилган:

- Деворни қуришдан биринчи мақсад Регистон майдонидаги давлат тадбирлари мобайнида ўша даврдаги биринчи раҳбар Ислом Каримовни эхтимолий террор хужумидан химоялаш бўлган. Бу бирламчи мақсад. Шу боис девор пишиқ ғиштдан қалин қилиб қурилган. Иккинчи омил эса Самарқанднинг эски шаҳар қисмидаги мулозимлар фикрича¸ хунук деб билинган аҳоли уйларини меҳмонлар назаридан пана қилиш эди. Деворнинг Регистон тарафидаги қисми геометрик нақшлар билан безатилган. Аҳоли уйлари тарафидаги қисми эса безаксиз. Девор ўрнида олдин Регистон ансамблини эски шаҳар билан боғлайдиган қадимий кўча¸ ариқ¸ ховуз ва тутзорлар бор эди. Янги қурилган девор бу уйғунликни йўққа чиқарган эди. Бу деворнинг олиб ташланиши шахарсозлик ва тарихий -эстетик жиҳатдан ҳам тўғри қарор.

Деворниинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвири
Деворниинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвири

Самарқанддаги Берлин девори?

Девор бузилиши тўғрисидаги хабар ижтимой тармоқнинг ўзбек сегментида асосан ижобий баҳоланди.

Нодир Равшанов исмли facebook юзери Регистон орқасидаги деворни Берлин девори билан қиёслайди: «Ижро ҳокимияти Самарқанднинг кўрки Берлин девори каби қурилган суньий деворлар эмас, балки шаҳарнинг одатий табиий кўриниши эканлигини англаётганидан хурсандман. Гўри Амир мақбараси орқасидаги баланд девор бузилишини ҳам кутиб қоламиз».

Айни тармоқнинг яна бир юзери - Шерзод Баватов эса шаҳардаги ушбу девордан-да муҳимроқ ишлар қолиб кетаётганлигини танқид қилди: «Ҳокимият ва архитектура вакилларига ҳайронман. Бузилишдан бошқа нарсани билмайсизлар. Аввал шаҳардаги бор бузилишларни тартибга солиб, кейин ушбу деворни бузиб ташласа бўлмайдими?» -

Тармоқдаги мавзу муҳокамасида иштирок этган меъмор Файзулла Муҳаммадқулов эса «Деворнинг ҳаммасини бузиш зарур эмас» деб ҳисоблайди:

«Ҳаммасини бузмай миллий арка тарзида кесиб дарвозалар қилса бўлади Тилла кори мажмуаси тарафидан қаралса деворнинг смалта билан безатилган гулдор қисми чиройли кўринади. Хар холда реставратор усталарнинг бу нақшларни яратишга озмунча меҳнати сингмаган».

Дунëнинг сайқали

Самарқанднинг Регистон майдони учта мадраса: Улуғбек мадрасаси, (1417—1420) Тиллакори мадрасаси (1619-1636), Шердор мадрасаси (1619-1636), дан ташкил топган меъморий мажмуа.

Тарихий маълумотларда Регистоннинг жанубий томонида халқ орасида “Чилдухтарон” деб аталмиш такя ва мақбаралар жойлашгани айтилади.

Аммо бу саҳн 1904 йилги зилзила оқибатида харобага айланган ва 1910 йили бутунлай бузиб ташлангани ҳақида маълумотлар бор.

Регистон майдони ва унга ëндош мавзе 2001 йилда ЮНЕСКОнинг жахон мероси рўйхатига киритилган.

Регистон майдони
Регистон майдони

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG