Линклар

Шошилинч хабар
06 август 2020, Тошкент вақти: 05:22

Туризм қўмитаси темурийлар мақбарасини меҳмонхонага айлантирмоқчи. Маданият вазирлиги норози


Ашратхона мақбараси

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий саҳифасида 8 январь куни эълон қилинган хабарга кўра¸ Самарқанддаги XV аср архитектура ëдгорлиги - Ашратхона (илмий манбаларда Ишратхона деб ëзилади - таҳр.) Испаниянинг Paradores ширкати тарафидан «меҳмонхонага айлантирилади».

Хабарда айтилишича¸ Бухородаги Тош-сарой мажмуаси ҳам испан инвесторлари назарига тушган.

Хабарда ëзилишича¸ қўмита раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулазиз Оққулов “Paradores” меҳмонхоналар тармоғи вакиллари билан бу борада келишувга эришган.

«Учрашув давомида тарихий биноларда меҳмонхона хизматларини ташкил қилишга йўналтирилган “Paradores de turismo de Espana” компаниясининг асосий фаолияти тақдим этилди. “Paradores” меҳмонхоналари муқобилига мос икки объект алоҳида қайд этилди. Бу – Самарқанддаги Ишратхона ҳамда Бухородаги Тош-сарой. Меҳмонхоналарни яратиш жараёни меъморий ёдгорликларнинг дастлабки кўринишини тиклаш ҳамда кейинчалик уларни меҳмонхонага айлантиришни кўзда тутади»¸ дейилади хабарда.

Paradores de turismo de Espana ширкати қадимий қаср ва ибодатхоналарни меҳмонхонага айлантириш билан шуғулланади.

Айни ширкат Испаниянинг Эстремадура минтақасидаги XIV асрга оид Харандилья-де-ла-Вера (исп. Jarandilla de la Vera) қасрини тўлалигича меҳмонхонага айлантирган.

Ашратхона мажмуаси
Ашратхона мажмуаси

Ширкат расмий нашрида айтилишича¸ улар меҳмонларга тарих ичида яшаш ва тунаш имконини яратади.

Ширкат Ўзбекистонга қадимий обидалар ичида меҳмонхона қуриш бўйича расмий Тошкент таклифи билан келган.

Озодлик Paradores de turismo de Espana ширкати вакиллари Самарқандга келган пайтда уларга ҳамроҳлик қилган Самарқанд вилоят туризм департаментининг ўзини Дилшод деб таништирган вакили билан суҳбатлашди.

Унинг 21 январь куни Озодликка айтишича¸ “Paradores” ширкати вакиллари Ашратхона мажмуасига бориб¸ уни меҳмонхонага айлантириш истиқболини муҳокама қилган.

- Бу муҳокама пайтида Ашратхона обидасининг испанларга берилиши ҳақида узил-кесил қарорга келинмаган.

Самарқанд
Самарқанд

Эътирозлар

Ўзбекистондаги тарихий-маданий обидалар ҳимояси билан шуғулланувчи Маданият вазирлиги 18 январь куни туризм идорасининг бу ташаббусига​ қаршилигини ëзма шаклда ифода қилган.

Шахси сир қолишини сўраган вазирлик расмийси Озодлик билан суҳбатда қатъий шаклда «Темурий ҳукмдор Абу-Саид XV асрда қурдирган бу обида испанларга берилмайди ва меҳмонхонага айлантирилмайди"¸ деди.

- Самарқанд шаҳри, Садриддин Айний кўчаси, 6-манзилда жойлашган XV-асрда барпо этилган Ашратхона мақбараси Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ комиссарлари Кенгашининг 1923 йил 27-мартдаги 52-сон қарори билан тарихий, меъморий маданий мерос объекти сифатида Давлат муҳофазасига олинган. XV асрга оид шакл ва безакларининг мукаммаллиги, нафислиги билан кишини ҳайратга соладиган бу обида ҳали ҳам давлат муҳофазасида турибди"¸ деди Маданият вазирлиги расмийси.

Темурийзодалар қабри жойлашган мақбарани меҳмонхонага айлантирилиш режаси эълон қилингани ортидан санъатшунослар ҳам ижтимоий тармоқларда ўз эътирозини билдирди.

Озодлик билан 21 январдаги суҳбатда санъатшунос ва меъмор Абдумалик Турдиев бу ғояни “Ленин мавзолейини гостиницага айлантириш каби абсурд”¸ деб атади.

Ашратхонани меҳмонхонага айлантириш ҳақидаги гап қаердан чиқди?

Туризмни ривожлантириш билан боғлиқ ҳукумат лойиҳасида ишлаëтган¸ матбуотга гапириш ваколатига эга бўлмагани боис исмини айтмаган мулозимга кўра¸ “Ўзбекистондаги қадимий обидаларни меҳмонхонага айлантириб туристларни жалб қилиш таклифи мамлакат раҳбари Шавкат Миромонович тарафидан селектор йиғилишида айтилган”.

Суҳбатдошга кўра¸ "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги бу селектор йиғилиши 2019 йил январида бўлган:

- Шундан кейин президент 2019 йилнинг 5 январида фармон имзолади. Бу ҳужжат 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси¸ деб айтилади.

Мулозимга кўра¸ шундан сўнг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси шу концепция асосида таклифлар киритган.

"Ашратхонани меҳмонхонага айлантириш ҳақидаги таклиф қўмита ва Маданият вазирлиги ўртасида баҳсга сабаб бўлди. Обида вазирликка тегишли. Вазирлик бермаймиз деб оëқ тираб турибди. Жамоатчилик фикри ҳам қабристон устида меҳмонхона қуриш ғоясига қарши. Билишимча¸ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу борада ëн беришга мажбур бўлади"¸ деди ҳукуматнинг туризм лойиҳаларига бевосита алоқадор мулозими.

Ашратхонанинг 1895 йилги тасвири
Ашратхонанинг 1895 йилги тасвири

Hotelга айланган мадраса

Ўзбекистонда қадимий обидаларни меҳмонхонага айлантириш жараëни совет даврида бошланган.

Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасаси 1977 йилда чет эллик туристлар учун меҳмонхонага айлантирилган эди.

Хиванинг қўнғирот ўзбекларидан чиққан 7- хони қурдирган бу ноëб обиданинг 125 ҳужрасида замонавий клозет ва душ кабиналари қўйилгани ўз вақтида ЮНЕСКО эътирозига сабаб бўлган эди.

Бу эътирозларга қарамай¸ айни кунларда ҳам Муҳаммад Аминхон мадрасасидан меҳмонхона¸ кафе-бар сифатида фойдаланилмоқда.

Санъатшунос ва меъмор Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ “отель қилинган Хивадаги мадрасага канализация қувурлари ўтказиш чоғида обида жиддий зарар кўрган":

- Қадимий обиданинг туризм индустрияси ошқозонида ҳазм бўлишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу масалада дунë тажрибаси мавжуд. Обидани Маданият вазирлиги қўриқлаб¸ таъмирлаб боради. Туризим индустрияси эса обидадан масофаланган ҳолда ўз бизнесини юритади. Дунëдаги кўп обидаларни вайрон ҳолида консервация қилиб сақлаб туришади. Масалан¸ Туркиянинг Адана шаҳридаги ерга тўшалган қадимги мозаикалар ўқ ўтмас ойна билан қопланган. Туристлар ойнанинг устида юриб томоша қилишади.

Ашратхона ҳақида

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Озодлик сўровига биноан¸ Ашратхона мақбараси ҳақида маълумот тақдим қилди

Бу маълумотда ëзилишича¸ Ашратхона мақбараси маданий мерос объекти сифатида жорий йилда таъмирлаш -тиклаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун Давлат дастурига киритилган.

Ашратхона кейинги юз йил ичида шарқшунос ва археологлар қизиқишига сабаб бўлиб келмоқда.

Хусусан¸ таниқли немис санъатшуноси Эрнст Кон-Винер, 1924 йилда Ашратхона мажмуасини тадқиқ қилиш учун Самарқандга келган.

Муаллиф ўз тадқиқотида Ашратхонани Испаниянинг Гренада шаҳридаги Аламбра (исп. Alhambra,араб. الحمراء‎ аль-хамро ëки қизил ранг маъносидаги ал хамар) обидаси билан қиëслаб таҳлил қилган.

Эрнст Кон-Винер Ашратхона эстетик жиҳатдан Аламбрадан қолишмайди ва баъзи жиҳатлари билан ундан кўра мукаммал¸ деган хулосага келган.

Таниқли археолог Борис Засипкинга кўра¸ Ашратхона архитектура шедевридир.

Шаклларга бойлиги ва ранг-баранг безаклари боис Ашратхона шу пайтгача қурилган мақбаралар ичида энг мукаммалидир. Бошқа барча мақбаралар Ашратхона билан солиштирганда туссиз ва ғариб кўринади”, деб ëзган эди археолог олим.

Ўзбек санъатшуноси Турдиевга кўра “бу мукаммал бино совет даврида ва ундан кейин мустақилликнинг 28 йилида нўноқ таъмирчилар томонидан мунтазам вайрон қиилинган”

- Реставраторлар бино жозибаси йўқолиши учун қаттиқ ҳаракат қилишди. Бунинг устига жоҳил аҳоли бино ғиштларини ташмалаб кетди. Табиат ҳам бу бинони аямади. 1897 йилги зилзила оқибатида бинонинг гумбаз қисмида ëриқ пайдо бўлди. 1903 йилги зилзилада мақбаранинг гумбаз ва барабан (гумбазни ушлаб турувчи тиргак) қисмлари қулаб тушди. Омон қолган 30 фоиз рангли кошинлар ва қабариқ нақшлар бинонинг ўтмиш жозибасини тасаввур қилиш учун етади.

XS
SM
MD
LG