Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:46

"Спутник V" фақат россияликлар учун". Мигрантлар "Спутник Лайт" билан эмланмоқда


12 июль ҳолатига Россияда 70 мингга яқин меҳнат муҳожири эмланган.
12 июль ҳолатига Россияда 70 мингга яқин меҳнат муҳожири эмланган.

Шу йилнинг 10 июлидан хорижликларнинг Россияга кириши тартиб-қоидалари яна ўзгартирилди. Эндиликда Россияга кириб келаётган ҳар бир шахснинг коронавирусга қилинган тест натижалари “Путешествую без COVID-19” (“COVID-19сиз саёҳат қиламан”) дастурига киритилиши лозим.

Россияга миллионлаб меҳнат муҳожири етказиб берувчи Тожикистон ҳукумати ҳозирча бу талабларни тўлиқ бажара олмаслигини билдирди.

Айни дамда Москвадаги меҳнат муҳожирлари 1300 рублдан “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмланмоқда.

Эпидемиологларга кўра, “Спутник Лайт”нинг самарадорлик даражаси пастроқ ва у билан эмланганлар коронавирусни қайтадан юқтириш эҳтимоли юқори.

Санкт-Петербург гигиена ва эпидемиология маркази эпидемиологи Юлий Соттаевнинг 12 июль куни онлайн тарзида ўтган конференцияда маълум қилишича, “Спутник Лайт” коронавирусдан даволанганлар учун кўпроқ мос келади.

Тожикистон янги коронавирус чекловларига тайёр эмас

Россия бош давлат санитария врачи имзолаган 17-сонли қарорига кўра, хориж ватандошларининг Россия ҳудудига кириш тартиби ўзгарди.

- Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ва Тожикистон учун - 10 июлдан, Озарбайжон, Молдова, Ўзбекистон, Туркманистон ватандошлари учун эса 1 сентябрдан Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтиш учун COVID-19 га ПЗР усули ёрдамида камида 3 кун олдин лаборатория тестининг манфий натижаси олингани “Путешествую без COVID-19” мобил дастури орқали тасдиқланиши лозим, дея хабар қилди Россия Транспорт ва коммуникация вазирлиги матбуот хизмати.

Дастур муаллифлари унинг асосий мақсади хорижликларнинг “коронавирус пандемияси пайтида эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш” эканига урғу бермоқда. Роспотребнадзор томонидан фойдаланиш мажбурий қилинган бу дастурни Play Market ёки App Store-дан кўчириб олиш мумкин.

Бироқ Тожикистон ҳукумати Россиянинг бу талабларини тўлиқ бажаришга тайёр эмаслигини билдирди.

Озодликнинг Душанбедаги мухбирлари Тожикистондаги қатор лабораториялар “Путешествую без COVID-19” мобил дастуридан фойдаланишга тайёр эмасликларини аниқлади. Тожик расмийлари энг катта муаммо – Россияга йўл олаётган меҳнат муҳожирларининг янги тартиблар тўғрисида мутлақо хабарсиз эканлигига урғу бермоқда.

Расмий Душанбе коронавирус чекловлари жорий этилишини кечиктиришни сўраб, Кремлга мурожаат йўллагани айтилди.

Муҳожирлар фақат "Спутник Лайт" билан эмланмоқда

Айни пайтда, 27 июндан бошлаб Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларни Россияда “Спутник” вакцинаси билан эмлаш ишлари бошлаб юборилди.

Россия Бош санитария врачи қарорига мувофиқ, коронавирусга қарши вакциналар билан биринчи навбатда савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат корхоналари ишчилари таъминланиши керак.

Меҳнат мигрантлари фақат учта жойда – Сахарово миграция маркази, Лужники спорт мажмуаси ва “Садовод” бозорида вакцина олиши мумкин.

Рус ҳукумати қарори билан мигрантлар ҳозирда фақат бир компонентли “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмланиши мумкин. Ҳар бир доза хорижликлар учун 1300 рубль (~17,5 доллар) туриши айтилди.

"Спутник Лайт" билан эмланган муҳожир сертификати
"Спутник Лайт" билан эмланган муҳожир сертификати

Москва ҳокими Сергей Собянин кейинчалик вакцинацияга меҳнат муҳожирларининг бошқа тоифалари ҳам жалб қилинишини билдирди. У нима учун хорижлик ишчилар самараликроқ ҳисобланаётган “Спутник V” биланмас, вакцинанинг биринчи варианти бўлмиш “Спутник Лайт” билан эмланаётганини бундай тушунтирди:

- Мумкин бу “Спутник V”га нисбатан бироз самарасизроқ вакцинадир, ҳар ҳолда у ўзининг ижобий эффектига эга. Мигрантлар чегаралардан, минтақадан минтақага, бир жамоадан иккинчисига тез–тез кўчиб туриш хусусиятига эга ва шу боис уларни эмлаш нинг тўлиқ цикли билан таъминлаш жуда қийин. “Спутник Лайт” бир мартада самара берувчи восита ва вакцинация қилиш жуда тез кўчади, - деди Сергей Собянин.

Санкт-Петербург гигиена ва эпидемиология маркази эпидемиологи Юлий Соттаевнинг 12 июль куни онлайн тарзида ўтган конференцияда маълум қилишича, “Спутник Лайт” коронавирусдан даволанганлар учун кўпроқ мос келади.

"Спутника Лайт"нинг самарадорлиги пастроқ, чунки унда вакцинанинг фақат битта компоненти қилинади. Бу эса эмланган одам вирусни қайта юқтириш эҳтимоли юқори, дегани", дея эпидемиологнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда fontanka.ru нашри.

Москвада вакцинациядан ўтган меҳнат муҳожирлари билан суҳбат асносида эмлашдан олдин шифокорлар хорижликларнинг миграция қайди ва ишга рухсатномаси бор-йўқлигини текшираётгани аниқланди.

Москвада ҳайдовчилик қилиб келаётган Рустамжон ўз ҳисобидан эмланган мигрантлардан бири. Унинг Озодликка айтишича, иш ўрнини йўқотишдан қўрқаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари биринчилар қаторида бориб эмланиб келган.

- Мен биринчилар қаторида “Путешествую без COVID-19” дастурини телефонга кўчириб олдим. Чунки яқин орада мен Ўзбекистонга бориб келмоқчиман. Ҳозирча унда Ўзбекистондан келганлар қайддан ўтолмайди, дастур тест режимида ишлаяпти. Ўтган ҳафта ўз ҳисобимдан бориб эмланиб келдим. “Спутник V” фақат россияликлар учун экан, мигрантларга “Спутник Лайт” уряпти. Биз пулга ҳам ололмас эканмиз “Спутник V”ни. Мен вакцина олмасам, 15 июлдан кўчага ҳам чиқаришмайди! Ишимни йўқотгим йўқ, болаларимни . Менинг танишларим ҳам қўлида коронавирусга қарши вакцина олгани тўғрисида ҳужжати бўлмаса, ишга қўйилмаслигини айтяпти, - дейди Рустамжон.

Суҳбатдош айрим меҳнат муҳожирларида эмланишни қайдга олувчи дастурни ўрнатиш учун смартфон йўқлиги, тил билмайдиган бошқа бир қисми учун эса қайддан ўтишнинг ўзи қийинчилик туғдириши мумкинлигини инкор этмади.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги call-марказида Озодлик сўровига Россияга кириб келишда муҳожирларга ҳозирча Ўзбекистонда топширилган ПЗР тести натижалари етарли эканини айтишди.

Россия COVIDга қарши оператив штаби 11 июлга қадар Москвада 68 минг мигрант “Спутник Лайт” билан эмланганини хабар қилди.

27 июнь куни Россия президенти Владимир Путин 15 июлга қадар меҳнат мигрантларини эмлашни ташкил қилиш ва бунинг “молиявий манбаларини белгилаш”га буйруқ берган эди.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий маълумотича, коронавирус яна авж олаётган мамлакат бўйлаб кунига 25 мингдан зиёд янги касалланган аниқланмоқда.

Россия ИИВси 2021 йилнинг биринчи ярмида Россияда хорижликларга 540 минг ишга рухсатнома – патент берилганини очиқлади.

XS
SM
MD
LG