Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:46

Ўз ходимини ётқизиб чотига тепган суд раиси жазодан 20 миллион сўм жарима билан қутулди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Навоий вилоят маъмурий судининг ўз ходимини ерга ётқизиб, чотига тепган раиси Отабек Тошевга энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида (20 миллион 273 минг сўм) жарима жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида 12 августда чиқарилган ҳукмга кўра, шунингдек, собиқ судья икки йил муддатга суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Озодлик 15 февраль куни эрталаб Отабек Тошев Навоий вилоят судининг тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси, 31 яшар Дилшод Норовни ҳамкорлари кўз ўнгида ерга ётқизиб тепгани ҳақида хабар берганди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиали чиқарган ташхисга кўра, ёрғоғининг чап бўлаги ёпиқ шикастланган Дилшод Норов бир ҳафта давомида шифохонада қолган.

"Одил судга етказилган путур"

Суд ҳукми
Суд ҳукми

Видеоконференция алоқа режимида ўтказилган суд мажлиси сўнгида, 43 яшар Отабек Тошев ўз мансаб ваколати доирасидан четга чиқишда айбдор деб топилди.

Нусхаси 26 августда Озодликка етиб келган ҳукмга кўра, Отабек Тошев ўз ходими Дилшодга "телевизор пультини отиб, унинг олдига бориб, оёғи билан унинг икки оёғи ораси (жинсий аъзоси)га тепиб, тан жароҳати етказган".

Cуд ҳукмида хулоса қилинишича, Отабек Тошев “мансабдор шахс бўла туриб, суд этикасига зид равишда” иш тутган.

Бу амали билан Навоий вилоят маъмурий судининг раиси “фуқаролар ва жамият олдида Ўзбекистон Республикасининг суд тизими ва одил судловнинг нуфузига путур етказилишига сабабчи бўлиб, Д. Норовнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек, давлат манфаатларига жиддий зиён етказган”.

Айбланувчи ва жабрланувчи важлари

Жабрланувчи Дилшод Норов
Жабрланувчи Дилшод Норов

2017 йил августида Навоий вилоят маъмурий суди раиси вазифасига тайинланган Отабек Тошев видеоконференция алоқа режимида ўтказилган очиқ судда айбига иқрор бўлмаган ва ўзига қўйилган айбловларни “туҳмат” деб атаган.

У Дилшод Норовга “9 февралда оғзаки танбеҳ бергани учун унда қасд олиш нияти пайдо бўлиши мумкин”лигини айтган.

Отабек Тошев жабрланувчини урмагани балки “жаҳл устида” телевизор пультини унга қарата улоқтирганини қўшимча қилган.

У “Дилшод Норовга ёки бошқа ходимларга ҳам оғзаки танбеҳ бериб турганини, лекин ҳақорат қилиш ёки камситиш ҳолатлари умуман бўлмаганини” айтган.

У 16 йил давомида “суд тизимида ҳалол ишлаб келиб, паст-баландни яхши билишини, бу каби туҳмат билан ўзининг бир неча йиллик меҳнати барбод бўлишини билдириб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни” сўраган.

Бироқ жабрланувчи Дилшод Норов унинг “икки оёғи ораси”га тепган пайти “жинсий олатининг тепаси оғриганини”айтган.

Унинг даъво қилишича, Отабек Тошев олдин ҳам икки марта ходимлар ўнгида “шарманда” қилган.

Дилшод Норов Навоий вилоят маъмурий суди раисини “кечира олмаслиги билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган”.

Ташхис

Ташхис нусхаси
Ташхис нусхаси

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиали 15 февралда чиқарган клиник ташхисга кўра (ташхис нусхаси Озодликда мавжуд),Дилшод Норов “ёрғоғининг чап бўлаги ёпиқ шикастланган”.

Умумий аҳволи ўрта оғирликда. Ёрғоқ чап ярми ҳисобидан бироз ассиметрик, оғрлиқли, оғриқ чап чов соҳасига тарқалади,” дейилади ташхисда.

15 февралдан 22 февралга қадар касалхонада қолган Дилшод Норов бир неча ой давомида урологнинг амбулатория назоратида қолган.

Дилшод Норовнинг яқинлари собиқ судья устидан маҳкамага арз қиларкан, "адолатнинг ўрнатилишига" умид қилганликларини айтдилар.

Озодлик Отабек Тошевнинг ўзи билан 26 август куни бир неча бор боғланишга уринди.

Лекин собиқ судья мобил телефонини кўтармади.

XS
SM
MD
LG