Линклар

Шошилинч хабар
15 июн 2021, Тошкент вақти: 09:36

Ўзбекистон хабарлари

Тергов департаменти: Ангрендаги автоҳалокатда 7 киши қурбон бўлган, 14 киши жароҳатланган

Ангрендаги автоҳалокатда 8та машинада кетаётган одамлар жароҳатланган. Тергов департаменти фотоси.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти Ангрендан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг 184 километрида 24 май куни соат 9:30да содир этилган автоаварияда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сонига аниқлик киритди.

Расман билдирилишича, тўқнашув оқибатида 7 киши ҳодиса жойида вафот этган ва 14 киши тан жароҳатлари олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бир неча соат аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги автоаварияда 5 киши ҳалок бўлгани ва 4 киши жароҳатлангани тўғрисда маълум қилган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, "МАН" русумли юк автомобили бошқарувини йўқотиб, ағдарилиб кетган. Юк автомобили ағдарилиш жараёнида “Ласетти”, “Кобальт”, “Жентра”, “Нексия-3”, “Матиз”, “Нексия-3” ва “Ласетти” каби 7та енгил автомобиль билан тўқнашган. Тўқнашувдан сўнг “Ласетти” русумли автомобил ёниб кетган.

Кун янгиликлари

Ургутдаги газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлашда икки одам нобуд бўлди

Ургутдаги газ қуйиш шохобчасида портлаган юк автомобили (Самарқанд вилояти ИИБ фотоси)

Самарқанд вилоятининг Ургут тумани “Кенагас” МФЙ ҳудудида жойлашган маиший газ баллонларини пропан гази билан тўлдириш шохобчасида 14 июнь куни соат 17:40 ларда “ЗИЛ-130” русумли юк автомобилидан суюлтирилган газни тўкиш вақтида пропан сиғимининг ёрилиши содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, портлаш оқибатида юк автомобиль ҳайдовчиси ва “Bek Diamond Gaz” МЧЖ газ тўлдириш шохобчаси ишчиси воқеа жойда вафот этган.

“Ҳозирда ҳодиса сабаби ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Самарқанд вилояти ИИБ эса портлаш сабабларини аниқлаш юзасидан текширув ишлари олиб борилаётганини билдирган.

Бир ҳафтадан буён кўтарилиб бораётган АҚШ долларининг расмий курси яна 10600 сўмдан ошди

Ўзбекистон Марказий банки 2021 йил 15 июнидан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси аввалги курсга нисбатан 11 сўм 96 тийинга кўтарилиб, 10 минг 609 сўмни ташкил этади. Доллар курси 9 июндан бери кетма-кет кўтарилиб келаётганди. Ўзбекистонда долларнинг расмий курси май ойида ҳам 10 минг 600 сўмдан ошган.

Айни пайтда 15 майдан евронинг расмий курси олдинги курсга нисбатан 27 сўм 90 тийинга пасайиб, 12 минг 851 сўм 74 тийинга тенг бўлади (14 июнь ҳолатига кўра, евро курси 1 сўм 73 тийинга арзонлаб, 12 минг 879 сўм 64 тийинга тенг бўлган эди).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Қўшработда қабристонга ўт кетди, ҳокимлик аланга қарийб 2 соатда ўчирилганини билдирди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги қабристонлардан бирида ёнғин содир бўлганига оид видео тарқалди. Бунга изоҳ берган туман ҳокимлиги ҳодиса 12 июнь куни рўй берганини билдирди.

Қайд этилишича, “Бозоржўй” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Кўктўнли ота” қабристонида ёнғин чиққанига оид маълумот туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига шанба куни соат 11:05 да келиб тушган.

Ёнғинни ўчириш учун бўлим томонидан икки экипаж жалб қилинган ва соат 12:54 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Ҳодиса чоғида бир қанча қабрга шикаст етгани айтилмоқда.

Ёз жазирамасида қабристон ҳудудида юз берган ёнғин сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Ҳокимлик маълумотига кўра, айни пайтда ёнғин ҳодисаси юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон – Тожикистон: Автобус ва темир йўл қатнови тикланади. Ҳамкорликда ГЭС қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан 10-11 июнь кунлари Тожикистонда бўлган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов 14 июнда ўтган матбуот анжуманида билдирди.

Асадовга кўра, икки мамлакат транспорт вазирлари Ўзбекистон ҳудуди орқали юклар транзити тўғрисида битимни имзолаган. Бундан ташқари темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида юк ва йўловчи ташишни кўпайтиришга ҳам келишилган.

Мазкур шартнома доирасида автобус ва темир йўл орқали йўловчи ташишни қайта тиклаш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари ташриф давомида Тожикистоннинг Зарафшон дарёсида ҳамкорликда иккита ГЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида қўшма ширкат ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан 10-11 июнь кунлари Тожикистонда бўлган эди.

Ўзбекистонликлар бу йил ҳам Ҳажга бора олмайди

Дин ишлари бўйича қўмитанинг 14 июнда билдиришича, Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус пандемияси оқибатида жаҳонда кузатилаётган мураккаб эпидемиологик вазият ортидан жорий йилги Ҳаж зиёратига ҳам хориж фуқаролари киритилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилган.

“Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ислом мамлакатларидаги кўплаб фатво ҳайъатлари ва бошқа илмий марказлар томонидан маъқулланган”,-дейилади расмий билдирувда.

Шу муносабат билан Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ўзбекистонликларнинг навбатлари кейинги мавсум учун сақланиб қолинади.

13 июнь куни Озодлик Саудия Арабистони жорий йилда коронавирусга қарши эмланган 60 минг фуқаросига Ҳаж амалини бажаришга рухсат бериши ва Саудия фуқароси бўлмаган шахслар Ҳажга киритилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида хабар берганди.

Ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирган Сирдарё туман ҳокими ўринбосари ишдан кетди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Мирзаев 2021 йил 14 июнь куни ўз аризасига биноан ишдан бўшади.

Бу ҳақда “Sirdaryo Xabarlari” нашри Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Бундан ташқари Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муротов ҳам 14 июнь куни ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг ресторанда ярим-яланғоч раққосаларга пул қистираётгани акс этган видеолавҳа тарқалган эди.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бу видеога муносабат билдирар экан, воқеа ўтган йилнинг октябрь ойида “Евро Азия” ресторанида рўй берганини маълум қилган.

Ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирганлар орасида ҳоким ўринбосари ва ободонлаштириш бошқармаси бошлиғидан ташқари яна туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.

Ҳокимлик муносабатида расмийларга тегишли жазо чоралари кўрилгани билдирилган, аммо айнан қандай чоралар кўрилгани аниқ айтилмаган эди.

Иштихон деҳқон бозорида ёнғин юз берди

Ўзбекистондаги ёнғинлардан бири.

Самарқанд вилояти Иштихон тумани деҳқон бозорида 14 июнга ўтар кечаси ёнғин юз бергани ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, деҳқон бозорининг озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари сотиладиган очиқ савдо растаси ёнган.

Ҳодисани бартараф қилиш учун воқеа жойига 6 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ёнғин соат 00:32да ўраб олиниб, 01:35да тўлиқ ўчирилган. Ўт ўчирувчилар савдо расталарининг 450 квадрат метрини ёнғиндан сақлаб қолган.

“Ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаблари ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда бозорларда тез-тез ёнғин юз беради. Масалан, май ойида Хоразм вилояти Гурлан туманидаги деҳқон бозорида, йил бошида эса Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани марказида жойлашган бозорда ёнғин чиққанди.

Жаҳон банки Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини ривожлантиришга 100 миллион доллар қарз беради

Жаҳон банки Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги шаҳарларни ривожлантириш лойиҳасига 100 миллион доллар қарз беради. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган билдирувда айтилишича, “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида муниципал хизматлар ва инфратузилмани яхшилаш назарда тутилган.

Юз миллион доллар миқдоридаги кредит Ўзбекистонга Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан 30 йилга имтиёзли тарзда берилмоқда.

Билдирилишича, 2019 йилда Жаҳон банки мазкур лойихани Когон, Чортоқ, Янгийўл ва Пскент туманларида амалга оширишга киришган эди.

Лойиҳа Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг қайси туманларида амалга оширилиши ҳозирча аниқ эмас. Лойиҳа иштирокчисига айланадиган туманлар рўйхати вилоят ва шаҳарлар ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар якунланганидан сўнг 6 ой ичида тасдиқланади.

Лойиҳа доирасида, жумладан, сув таъминоти, электр инфратузилмаси, автомобил йўлларини модернизациялаш ва маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишларини олиб бориш кутилмоқда.

Мирзиёев ҳафтанинг иккинчи ярмида Андижонга боради

Шу йилнинг 17-18 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи режаланган. Бу ҳақда, маҳаллий матбуотнинг ёзишича, президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 14 июнь куни ўтказилган брифингда маълум қилган.

Мулозимга кўра, Ш. Мирзиёевнинг ҳафталик кун тартибидан 14 июнь куни соғлиқни сақлаш соҳасига оид масалалар ва таклифлар ҳамда Тошкент вилоятининг Татаристон билан ҳамкорлиги юзасидан бўйича ўтказилган тақдимотда иштирок этиш, 15 июнь куни олий таълим ва жорий йилга ОТМга қабул бўйича йиғилиш ўтказиш, яна шу куни БАА келажак ишлари бўйича вазири Ал-Гергави билан учрашиш, 16 июнь куни Татаристон президенти Рустам Минниханов билан мулоқот қилиш кабилар ҳам ўрин олган.

Ўзбекистондан Грецияга чартер рейслари йўлга қўйилади

Ўзбекистонлик расмийлар июнь ойи бошида грециялик масъуллар билан туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасида чартер рейсларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишган. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 2-4 июн кунлари хизмат сафари билан Грециянинг Афина шаҳрида бўл Туризм ва спорт вазирлиги масъуллари Греция туризм вазири Харис Теохарис ва вазир ўринбосари Софиа Зачараки билан учрашув ўтказганлар. Учрашувда туризм соҳасида ҳамкорлик ва чартер рейсларни йўлга қўйишдан ташқари таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети билан ўзаро тажриба, мутахассислар ва адабиётлар алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари Греция Маданият ва спорт вазири ўринбосари Лефтерис Авгенакис билан икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида тузилган 2006-2009-йилларда таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик дастурини қайта имзолаш, мазкур соҳаларда ходимлар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилганлар.

Афинага ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан Греция Савдо-саноат палатаси, Греция сайёҳлик ва туристик агентликлар ассоциацияси, Греция-Евроосиё Иттифоқи, Греция меҳмонхоналари кенгаши, “Aegean Airlines” авиакомпанияси, “KAD 12 Sports Tips” каби ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари юзасидан музокаралар ўтказилган.

Сирдарё ҳокимлиги ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирган мулозимлар видеоси юзасидан изоҳ берди

Иллюстратив сурат

Сирдарё вилоят ҳокимлиги Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг ресторанда ярим-яланғоч раққосаларга пул қистираётгани акс этган видеолавҳа юзасидан ўз расмий муносабатини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати қайдича, мазкур ҳодиса ўтган йилнинг октябрь ойида “Евро Азия” ресторанида рўй берган.

Мулозимларнинг туман ҳокими ўринбосари (ўша вақтда туман ҳокими ёрдамчиси), туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.

“Мазкур шахслар ўтирган хонага ресторанда хизмат кўрсатаётган “Шоу балет” раққоса қизлари кириб келган. Раққосаларнинг кутилмаганда кириб келиши уларга маъқул келмаган. Шу сабабли раққосаларга пул берилган ва хонани тарк этиши сўралган. Натижада видеодаги ҳолат юзага келган”, дея билдирган Сирдарё вилоят ҳокимлиги.

Видео давра иштирокчиларидан бири томонидан олингани ва у ерда ўтирган мулозимлар юзида қимтиниш ифодаси кўринмаганидан ҳокимлик изоҳи у қадар ишончли кўринмайди.

Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан ресторан маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилгани, масъул ходимларга жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги эслатиб ўтилгани, ҳамда лавозимдан озод этиш каби қатъий чора қўлланилиши белгиланганини қайд этган. Бироқ хабарномада қайси мулозимга қандай жазо қўлланилгани очиқланмаган.

Мобил алоқа абонентлари сони қарийб 27 миллион нафарга етди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда мобил алоқа тизимига уланган абонентлар сони, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 26 миллион 953,5 минг нафарга етган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8 фоизга ёки 2 миллион 636,8 минг нафарга кўпдир.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда шу кунда аҳолининг мобил алоқа билан таъминланганлиги ҳар 100 киши ҳисобига 72 бирликни ташкил этмоқда.

Айни пайтда қўмита 2021 йилнинг январь-апрель ойларида мамлакатга хориждан қиймати 45,4 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 628,9 минг дона мобил телефон олиб кирилганини маълум қилган. Бу эса 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 400 минг донага кўпдир.

Ўзбекистонга бу йил импорт қилинган мобил телефонларнинг учдан икки қисми (422,1 минг дона) Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Сергелида кузатилаётган бадбўй ҳид юзасидан 22 нафар масъулга нисбатан иш очилди

Иллюстратив сурат

Сергели туманида кузатилаётган бадбўй ҳид бўйича 22 нафар мансабдорга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий ишлар қўзғатилган. Бу ҳақда Оқова сув тозалаш иншоотлари хизмат кўрсатадиган ифлослантирувчи ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов маълум қилган.

Мулозимга кўра, тумандаги бадбўй ҳидни бартараф қилиш мақсадида “Тошкент шаҳар сув таъминот” МЧЖ тақдим қилган потенциал хавфли корхоналар рўйхати бўйича Бектемир ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларига техник сувларни ташловчи корхоналарда текширувлар президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман рухсатига асосан ўтказилган. Текширув натижаларига кўра, мансабдорларга қарши маъмурий иш очилган.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, корхоналарда локал оқова тозалаш тизимини ишга тушириш, уларни таъмирлаш ва самарали ишлашини таъминлаш юзасидан қисқа муддатда бажарилиши лозим бўлган мажбурий кўрсатмалар берилган.

“Бектемир туманида жойлашган 9 та корхона томонидан берилган мажбурий кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли давлат экологик экспертизасининг белгиланган муддатдан олдин амал қилишини тўхтатиш ва шаҳар канализация тармоғидан узиш мақсадида Тошкент шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Салар оқова сув тозалаш иншоотига ишлаб чиқариш оқова сувларини ташловчи 18 та корхонадан 11 тасида текширишлар амалга оширилди.
Меъёр даражасида тозаланмаган оқова ташлаётган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди”, деган Ф. Деҳқонов.

Сергелида ёқимсиз ҳид тарқалиши масаласи юзасидан ўтган ой Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳам текширув ўтказган эди.

Коронавирусдан яна уч бемор вафот этди. Вирусга чалинганлар сони 103,5 мингдан ошди

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3386 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда 12 июнь куни коронавирусга чалинган беморлардан яна уч нафари вафот этди. Бу билан ўлганлар сони 708 нафарга етди.

12 июнь куни Ўзбекистонда яна 304 кишида коронавирус аниқланди. Улардан 127 нафари Тошкент шаҳрида, 59 нафари Тошкент вилоятида, 29 нафари Самарқанд вилоятида, 19 нафари Қашқадарё вилоятида, 18 нафари Сурхондарё вилоятида, 13 нафари Жиззах вилоятида, 12 нафари Фарғона вилоятида қайд этилган. Қолган вилоятларда коронавирус аниқланганлар сони 10 нафардан кам.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 12 июн ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганларнинг жами сони 103510 нафарни ташкил этмоқда. Касалликдан соғайганлар жами 99416 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3386 нафар бемор даволанмоқда.

Нукус шаҳрида икки қаватли Neo ресторанида газ портлаши оқибатида ёнғин юз берди.

Ўзбекистондаги ёнғинлардан бири.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, портлаш ресторанннинг 2-қаватидаги ошхонада 12 июнь куни эрталаб соат 6 ларда бўлган.

Воқеа жойига Қорақалпоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Нукус ФВБдан 2 та ёнғиндан қутқариш экипажи етиб келган.

Хабарларда айтилишича, портлаш оқибатида иморат зарарланган. Ҳодисада жароҳат олганлар ва вафот этганлар йўқ. Портлаш вақтида ресторан биносида фақат қоровул бўлган. Унга жароҳат етмаган.

“Айни вақтда суриштирув ишлари олиб борилиб, етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”,-дейилади хабарда.

Ўзбекистонда Туркиядан келган фуқаролар учун карантинда бўлиш тартиби бекор қилинди

Ўзбекистонда Туркиядан келаётган фуқаролар учун карантинда бўлиш тартиби бекор қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Сўнгги 14 кун давомида Туркияда бўлган ва ушбу мамлакат орқали Ўзбекистонга кириб келган Ўзбекистон фуқаролари уй ёки меҳмонхонада карантинда бўлиши шарт эмас энди, дейилади хабарда.

Ўзбекистонга келиш учун авиақатновга рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиш талаби сақланиб қолади.

Шунингдек, Туркияга туристик саёҳатлар учун мўлжалланган чартер авиақатновлар жорий йилнинг 5 июнидан бошлаб босқичма-босқич тикланиши кўзда тутилмоқда.

11 июнь куни Туркиядан Урганчга илк парвоз амалга оширилган эди.

Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси ушбу йўналишдаги парвозлар ҳафтанинг ҳар жума куни амалга оширилишини хабар қилган.

Тошкент метросида яна поезд тўхтаб қолди, бу сафар "шубҳали буюм топилган"

"Ўзбекистон темир йўллари" ширкати Тошкент метрополитенининг "Космонавтлар" бекатида поезддан йўловчилар тушириб юборилгани тасвирланган видео юзасидан изоҳ берди.

Ширкатга кўра, 11 июнь куни соат 11:50 да 38-йўналишда ҳаракатланаётган поезднинг 3-вагонида шубҳали нарса қолдириб кетилган ва бу ҳақда поезд машинистига хабар берилган.

Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент метрополитени ўртасидаги ўзаро келишилган йўриқномага кўра, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар "Космонавтлар" бекатида поезддан туширилган.

Сўнгги вақтларда Тошкент метрополитенида поездларнинг тўхтаб қолиши ва йўловчиларнинг тушириб юборилиши тез-тез юз бермоқда.

13 май куни "Амир Темур хиёбони" бекатида барча йўловчилар тушириб юборилганди.

7 май куни соат 21:10 дан 22:00 гача Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида электр энергияси ўчиб қолганди.

Ўзбек сенаторлари авиачипталар нархи юзасидан МҚҚҚга сўров юборди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати мамлакатда авиачипталар нархининг ҳаддан зиёд юқорилиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига сенатор сўрови юборилганини маълум қилди.

Бунга авиачипталар нархлари ҳаддан зиёд қимматлиги ва фуқароларнинг эътирозлари сабаб бўлган.

Сенат қўмитаси маълумотига кўра, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан Тошкент-Москва бир томонлама йўналишда чипталар “багажсиз эконом” синфида 131 евродан 211 еврогача, “эконом” синфида 145 евродан 335 еврогача, “бизнес” синфида 642 евродан 862 еврогача этиб белгиланган.

“Тошкент-Урганч (учиш вақти 1 соат 15 минут) йўналиш бўйича “багажсиз эконом” синфидаги чипта нархи ўртача 41 евро этиб белгиланган. Ҳудди шу хизмат Россияда (Санкт-Петербург-Москва – йўналиши 1 соат 30 минут) ўртача 27 еврони ташкил этади. Бундан кўриш мумкинки, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан парвоз учун белгиланган нарх 56 фоизга қиммат. “Uzbekistan Airways” АЖнинг ушбу йўналиш бўйича “эконом” синфидаги авиачипта нархи Қозоғистондаги авиакомпаниядаги нархлардан 40 фоизга, Туркиядаги авиакомпания нархларидан эса 146 фоиз қиммат эканлиги аниқланди” – дейилади Сенат билдирувида.

“Uzbekistan Airways” АЖ нархлари хорижий авиакомпанияларнинг нархларидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори бўлган.

“Uzbekistan Airways” АЖ чипталар қимматлиги керосин нархларининг қиммат экани билан изоҳлаган.

"Авиачипталар нархининг 30-40 фоизи керосин билан боғлиқ. Бизда у етарлича бўлмагани учун хориждан қиммат нархларда сотиб олинади. Чет элдан келган самолётларга керосиннинг бир тоннаси бир минг икки юз доллардан сотилар эди. Бугунги кунда янги тизимга кўра “UzbekistanAirways” компанияси ўзи учун керосинни сотиб олмоқда. Чет эл авиакомпаниялари учун эса янги нарх белгиланди, 890 доллар атрофида. Бу хорижликлар учун маъқул бўлмоқда", - деган ширкатнинг ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Улуғбек Бектошев.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг 11та халқаро аэропортларида импорт қилинган керосин сотилаётгани қайд этилмоқда.

Улуғбек Бектошевнинг фикрича, авиачипталарни арзонлаштириш учун ҳаво кодексига ўзгартириш киритиш керак. Хусусан, юки бўлмаган ва овқатланмайдиган йўловчилар учун 20 фоиз паст нарх шакллантириш мумкин.

"UzAuto Motors" Тожикистонда автомобилларни йиғишни йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон Тожикистонда "UzAuto Motors" автомобиль заводи бўлимини очиш бўйича битимни Тожикистоннинг "Алюминсўхтмон" ва "Автосаноат Инвест" ширкатлари билан имзолаган.

Бу ҳақда "Ўзавтосаноат" матбуот хизмати хабар берди.

"Ушбу лойиҳа Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабирнинг 2021 йил 21 апрелда Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади", дейилган "Ўзавтосаноат" сайтида.

Бу ҳақдаги келишувга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга сафар қилаётган бир пайтда эришилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун 2021 йил 5-7 май кунлари "Ўзавтосаноат" АЖ ишчи гуруҳи Тожикистонга ташриф борган, шерик "Алюминсўхтмон" компаниясининг ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганмоқда.

Дастлабки босқичда лойиҳанинг ишлаб чиқариш қуввати 10 000та автомобилни ташкил этади, келгусида 35 000 донага етказиш режалаштирилган.

Ҳукумат биноси олдида норозилик тадбири ўтказган аёллар ишини прокуратура ўз назоратига олди

Иллюстратив сурат

Самарқанд вилоят прокуратураси 7 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг Тошкентдаги биноси олдида ўзларининг жарбрланувчи деб эътироф этилмагани туфайли намойиш ўтказган Д.С., А.А. ва Г.А. ишини ўз назоратига олган.

Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, шу йилнинг 24 майида Пастдарғом туманидаги “Пастдарғом мева-сабзавот” МЧЖ автотураргоҳи ҳудудида жойлашган фуқаро Ш.У.га тегишли бўлган енгил конструкцияли савдо дўконлари ва унга яқин масофада жойлашган полиз экинлари сотишга мўлжалланган павильонларда ёнғин рўй берган.

Воқеа жойи кўздан кечирилганида 120 квадрат метр майдондаги жами 8 та савдо дўкони, 90 квадрат метр майдондаги 5 дона енгил конструкцияли павильон ва ичидаги маҳсулотлар тўлиқ ёниб кетганлиги аниқланган.

Шу куни Пастдарғом туман прокуратураси томонидан ҳолат бўйича ЖКнинг 173-моддаси 1-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Тергов жараёнида фуқаролар Д.С., А.А., Г.А. ва бошқалар ҳолат юзасидан батафсил сўроқ қилиниб, 6 нафар фуқаро жиноят иши юзасидан жабрланувчи сифатида эътироф этилган.

“Жабрланувчилар томонидан кўрсатилган барча важлар тергов давомида ҳар томонлама ўрганиб чиқилиши таъминланади”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Бош прокуратура икки йилда ҳокимлар томонидан 120 минг гектар ер ноқонуний бериб юборилганини аниқлади

Ўзбекистонда ўтган икки йил ичида 120 минг гектардан зиёд ер талон-тарож бўлган ёки ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилган. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов 10 июнь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Мулозимга кўра, икки йилда прокурорлар томонидан 7500 дан ортиқ ерга оид қарорларни бекор қилиш бўйича протест киритилган.

“Маъмурий судлар томонидан ерга оид туман ҳокимларнинг 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган. Ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деган Ш. Раҳимов.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев томонидан ер муносабатлари - ерни тақсимлаш, сотиш ва ижарага бериш тартибини ўзгартиришга оид фармонни имзоланганди.

Ўзбекистонда ер муносабатлари йиллардан буён муаммоли қолаётганини урғулаган айрим экспертлар Озодлик билан суҳбатда президентнинг бу фармонини амалдаги вазиятни янада чигаллаштириши, ерни сотиб пул қилаётган амалдорлар ишини эса аксинча соддалаштириши мумкин бўлган “зиддиятли” фармон, деб баҳолаган.

Душанбедаги концерт олдидан Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевга орден тақди

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Ш. Мирзиёев ва Э. Раҳмон (president.uz фотоси)

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 10 июнь куни расмий ташриф билан Душанбега борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали “Зарринтож” ордени билан тақдирлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур мукофот Ш. Мирзиёевга “икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун” берилган.

Орден тақиш бўйича тантанали маросим Душанбедаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокидаги концерт аввалида бўлиб ўтган.

Ш. Мирзиёев маросимда қилган чиқишида ушбу мукофот катта ҳурмат ва ишонч ифодаси, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эътирофи эканини таъкидлаган.

Сўнгра Ўзбекистон президенти икки мамлакат санъат усталарининг бу каби концертлари халқлар ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айлангани, санъат халқларни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини урғулаган.

“Инсонга турли чегаралар ўрнатиш хос бўлса, санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси – одамларни бирлаштириш. Меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Биз ҳам, икки давлат раҳбарлари – ўртамиздаги чегаралар бизни ажратишга эмас, фақат бирлаштиришига хизмат қилиши учун бундан буён ҳам ҳаракат қиламиз”, деган Ш. Мирзиёев.

Шундан кейин Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтган.

Президент Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали таклифига биноан 10 июнь куни Душанбега йўл олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Пайшанба куни икки президент Самарқанд вилояти ва Хатлон вилоятида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросимида қатнашишган.

Ташриф доирасида икки мамлакат расмийлари ўртасида 36 та ҳужжат имзоланган.

11 июнь куни Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида Тожикистоннинг Сўғд вилоятига бориши кутилмоқда.

Тошкент билан Душанбе ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов даврида совуқлашган эди. 2016 йили Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Мирзиёев келиши билан икки давлат ўртасидаги иқтисодий-сиёсий ва маданий алоқалар тиклана бошлаган.

МБ асосий фоиз ставкасини яна 14 фоиз даражасида қолдиришга қарор қилди

Ўзбекистон Марказий банки биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви жорий йилнинг 10 июнь куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур қарор базавий инфляция даражаси пасаювчи трендга ўтган бўлса-да, айрим товар гуруҳлари бўйича нархлар ўсиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолаётгани, Ўзбекистонда иқтисодий ва инвестицион фаолликнинг юқори суръатда тикланаётгани шароитида йил якунига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш вазифалари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

МБ қайдича, жорий йилнинг май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, апрель (10,7 фоиз) ойига нисбатан бироз тезлашган. Бунда озиқ-овқат товарлари гуруҳида нархлар ўсишининг апрель ойидаги 13,6 фоиздан 14,4 фоизгача тезлашиши инфляцияни оширувчи асосий омиллардан бўлган.

Регулятор 2021 йилнинг январь-май ойларида экспортдан тушумлар ҳажми (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) 3,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йил шу давридаги кўрсаткичдан (2,5 миллиард доллар) 1,5 баробарга, 2019 йилдаги кўрсаткичдан (2,8 миллиард доллар) 39 фоизга юқори бўлганига эътибор қаратган.

Айни пайтда Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган 5 ой ичида 2,6 миллиард долларни ташкил этгани, бу 2020 йилнинг шу даврига (1,8 миллиард доллар) нисбатан 43 фоизга, 2019 йилнинг шу даврига (2 миллиард доллар) нисбатан эса 30 фоизга кўплиги билдирилган. Бу эса, МБнинг урғулашича, аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қиляпти.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи, 11 марти ва 22 апрелида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йил 22 июлига белгиланган.

Ўзбекистонда 24 та туман ва шаҳар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади

Ўзбекистонда 24 та туман ва шаҳар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб, уларда “кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг 9 июнда қабул қилинган “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилди.

Адлия вазирлиги ўз расмий хабарида фармонга қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириладиган туманлар ва шаҳарлар рўйхатини келтирган.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 июлдан қурилиш материалларни ишлаб чиқараётганларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар компенсацияланади.

Бундан ташқари миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда, чет эл валютасидаги кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда, синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар берилади.

Зўрлашда айбланган хонанда Жасур Умиров қамоқдан озод этилди

Жасур Умиров 2 февраль куни Каттақўрғон шаҳар суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланиб 5 йилга қамалган хонада Жасур Умировнинг жазо чораси ўзгартирилди ва у қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизматига ва Жазони ўташ бош бошқармасига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Билдирилишича, Олий суд кассация инстанцияси 8 июнь куни Жасур Умировнинг жазо чорасини енгиллаштирган ва унга нисбатан чиқарилган қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган. Бунга жабрланувчи ва унинг қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги сабаб сифатида келтирилган.

Жасур Умиров номусга тегишда айбланиб, жорий йил 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Кейинроқ, жабрланувчи Шаҳзода Мўминова ўзининг дастлабки кўрсатмаларини ўзгартирган ва суддан Умировни оқлашни сўраган эди.

Ш.Мўминовага кўра, йигит унга уйланиш ниятида эканини айтган ва ўртада кечган барча ишлар унинг хоҳиши билан бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG