Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2021, Тошкент вақти: 08:03

Тожикистонда тақиқлар билан ном чиқарган мулозим Ўзбекистонга элчи этиб тайинланди


Абдужаббор Раҳмонзода Таълим ва фан вазири экан, мусулмонча либос ва калта юбкаларда дарсга келишни таъқиқлаши билан ном чиқарганди.

Абдужаббор Раҳмонзода Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Президент Имомали Раҳмон бу ҳақдаги фармонни 4 май куни имзолаган.

Раҳмонзода бунга қадар Тожикистон раҳбарининг ижтимоий ривожланиш ва жамоатчилик билан алоқалар масалалари бўйича ёрдамчиси эди.

Озоди радиоси (Озодлик радиоси тожик хизмати) билан қисқа суҳбат чоғида Абдужаббор Раҳмонзода “она халқига хизмат қилишга ва икки буюк халқ ўртасида дўстликни мустаҳкамлашга ўзининг камтарона ҳиссасини қўшишга тайёр”лигини билдирган.

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Содиқ Имомий ўтган ҳафтада Тожикистон ташқи ишлар вазирига ўринбосар этиб тайинланганди.

Абдужаббор Раҳмонзода муқаддам Тожикистон давлат телерадио ширкати раиси, таълим ва фан вазири, Тожикистон давлат педагогика университети ректори лавозимларида ишлаган.

У даставвал 2004 йили, давлат телерадиосида раис бўлиб ишлаётган вақтида қўл остидаги ходимлардан диктант олиб ном чиқарган.

Таълим ва фан вазири экан, Раҳмонзода мусулмонча либосда ва калта юбкаларда дарсга келишни, ўқувчиларнинг мобил телефон тутишини ва хусусий автомобилларда келишини ман қилган.

Университет ректори лавозимида ишлаган кезлари эса у талаба қизларга баланд пошнали пойафзал кийишни тақиқлаган. Ректорнинг дарсда қатнашмаган талабаларга жарима солиш таклифи жамоатчилик орасида катта шов-шув келтириб чиқарганди. Кўп ўтмай Тожикистон таълим ва фан вазирлиги бу таклифни “қонунга хилоф” деб атаган.

XS
SM
MD
LG