Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:39

Тожикистонда чегарани ноқонуний бузиб ўтган Қирғизистон фуқаролари судланмоқда


Тожикистон чегарачилари.
Тожикистон чегарачилари.

Тожикистонда “чегарани ноқонуний кесиб ўтган”ликда айбланиб апрель ойи бошларида қўлга олинган Қирғизистон фуқароси Ойбек Маҳмудов беш йилга қамалди. Яна уч нафар фуқаронинг суди номаълум муддатга қолдирилди.

Тожик суди томонидан беш йилга қамалган Ойбек Маҳмудовнинг Бишкекда истиқомат қилувчи опаси Дилафруз Бакированинг айтишича, маҳкамада укаси жарима билан қутилиб кетиш имконияти бор эди. Бироқ унга моддий ва ҳуқуқий ёрдам берилмагани ортидан суд уни озодликдан маҳрум қилган.

Дилафруз Бакировага кўра, укаси Ойбек апрель ойи бошларида Тожикистоннинг Жирғатол туманида қолган турмуш ўртоғини олиб келиш учун чегарани кесиб ўтганида қўлга тушган.

Ойбек чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб Душанбе шаҳридаги тергов ҳибсхонасида икки ой сақланган.

Самони туман суди унинг жиноий ишини кўриб чиққан ва 9 июлда беш йилга озодликдан маҳрум қилган.

“Ойбек турмуш ўртоғини олиб келиш учун борганди. Беш боласи бор. Мен кунора гемодиализ олишга мажбурман. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа раҳбарларга мурожат қилдик. Тожикистонга бориб ёрдам беролмадик. Ойбек оиламиздаги ёлғиз ўғил. Қолган тўрт фарзанд қиз. Шунинг учун Тожикистонга бориб адвокат ололмадик. Пул бўлганида Тожикистондан адвокат олсак яхши бўлар эди. Энди биз уни Қирғизистонга кўчириб беришларини, жазосини бу ерда ўташини сўраяпмиз. Яна ушланган уч бола бор экан. Уларнинг яқинлари Тожикистонга борган”, -дейди Дилафруз Бакирова.

Маълум бўлишича, Ойбек Маҳмудов билан бирга Жирғатол туманига ота-онасини, яқинларини кўргани бориб ушланиб қолган Қирғизистоннинг яна уч фуқароси - Абдулос Нуридинов, Иброҳим Мирзамидинов, Ҳотамбек Эгембердиев Душанбе қамоқҳонасида сақланмоқда. Уларга нисбатан чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун Тожикистон жиноий кодексининг 335-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Мазкур модда бўйича, тақрибан 2600 доллардан 5200 долларгача жарима ёки икки йилдан беш йилгача қамоқ жазоси белгилаш кўрсатилган.

Тожикистонда ушлаб турилган тўрт нафар қирғизистонликнинг яқинларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган Аким Қўжўевнинг айтишича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашгани ортидан оддий фуқаролар жабр кўраяпти.

"Президентга, Ташқи ишлар вазирлигига, Миллий хавфсизлик қўмитасига ёрдам сўраб мурожат қилганман. Бироқ бу ерда икки давлатнинг ҳудудий даъволари оқибатида кураш кетяпти. Бу йигитлар сиёсат қурбони бўлаяпти. Улар оғир жиноят қилмади. Суддан жарима тўлаб чиқариш мумкин эди”, - деди Аким Қўжўев.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу масала ўз назоратида эканини, қўлга олинган фуқароларнинг яқинлари билан боғланиб, консуллик ва ҳуқуқий ёрдам берилаётганини, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборилганини маълум қилган.

Ҳозирча, Тожикистон бу масала юзасидан расмий изоҳ бермади.

28-30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можародан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган эди.

Қирғизистон Тожикистонни агрессияда айблаган. Тожикистон эса чегарадаги низога қирғиз томони сабаб бўлганини билдирган. Можарода Қирғизистонда 36 киши, Тожикистонда 19 киши ҳалок бўлган.

8 июль куни ҳам қирғиз ва тожик чегарачилари ўртасида отишма юз берган ва Қирғизистон Чегара хизмати ҳарбийси, 27 ёшли сержант Ҳусниддин Ҳожиев ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG