Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:36

Душанбелик баъзи таксичилар йўловчиларига ўпишишни тақиқлади


Рассом Всеволод Максимовичнинг "Бўса" асари (Фрагмент) Украина давлат бадиий музейи.
Рассом Всеволод Максимовичнинг "Бўса" асари (Фрагмент) Украина давлат бадиий музейи.

Душанбедаги такси ҳайдовчиларнинг тахминан 10 фоизи ўз автомобилларида ўпишиш, қучоқлашиш ва бошқа “номуносиб” қилиқларни тақиқлади. Улар машиналарига йўловчиларнинг чекиши, спиртли ичимликлар ичиши, баланд овозда мусиқа қўйиши ва ҳиссиётларини очиқ билдиришини тақиқловчи лавҳа илиб қўйди.

Душанбеда яшовчи йигирма етти ёшли Муҳаммад икки йилдан бери таксичилик қилади. "Мен биринчилардан бўлиб ўз такси машинамга шу лавҳани илиб қўйдим, – дейди у. – Бу қарорга мен бир куни йўловчилар - катта ёшдаги эркак ва тахминан 15 ёшли қизнинг бир-бирларини қучоқлай ва ўпа бошлаганларидан кейин келдим. Мен уларни такси қучоқлаш ва ўпишиш жойи эмас, дея икки марта огоҳлантирдим! Аммо улар ўпишишда давом этишди. Шунда мен машинани тўхтатиб, уларни тушириб юбордим".

Муҳаммаднинг айтишича, у йўловчиларнинг эҳтиросларини жиловлай олмаслик ҳолатларига бир неча бор гувоҳ бўлган. "Шундай ҳодиса бўлдики, эркак ва аёл эҳтиросли ўпишишлардан кейин орқа ўриндиқда ҳирсларини қондирмоқчи бўлишди. Бунга чидаб бўладими? – дея ғазабланади ҳайдовчи. – Яна бир гал ёш қиз салонда чекмоқчи бўлди. Мен унга салонда чекиш тақиқланиши айтдим. Аммо орадан ўн дақиқа ўтиб менга бош идорамиздан қўнғироқ қилишиб нима учун одобсиз сўзларни айтиб қизга тегажоғлик қилганимни сўрашди".

Тожикистон– дунёвий давлат, аммо аҳолисининг 98% Исломга эътиқод қилади ва кўпинча шариат аҳкомларига итоат қилади. Бир неча йил муқаддам Тожикистон саньатшунослик институти ректори Аслиддин Низомов баёнот бериб, республикада аҳлоқ полицияси ташкил этишга эҳтиёж туғилганини ва бу масала бўйича мамлакат парламентига таклиф билан чиққанини айтган эди. Ректорнинг айтишича, полиция жамоат жойларида аҳлоқ меъёрларига амал қилинишини назорат қилиб бориши керак.

Жорий йил бошида Тожикистон давлат телеканали фильмлардаги энг оддий севги саҳналарини ҳам олиб ташлашни буюрди. Йил бошидан буён мамлакатда ўпишиш, қучоқлашиш ҳамда жинсий алоқа акс этган саҳналарни эфирга узатиш ман этилади.

Тожикистон расмийлари сўзларига кўра, Телевидение ва радио қўмитаси тожик миллий-маданий қадриятларини тарғиб қилиш бўйича 2018 йилнинг бошида қабул қилган қарорни бажаришга қаратилган ҳаракатлари доирасида шундай қарорга келинган.

18 январь куни Қўмита раиси ўринбосари Маҳмадшариф Бобошоҳзода беҳаё саҳналарни кесиб олиб ташлаш фильмлар мазмунига таъсир кўрсатмаслигини айтган эди.

Тожикистон расмийлари кейинги йилларда "миллий қадриятларни" тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келади.

Ўтган йилда ҳукумат эркаклар ва аёллар учун “тавсия қилинадиган” дресс-код ишлаб чиқди.

Расмийларнинг беҳаё саҳналарни цензура қилиши тожикистонликларни бундай саҳналарни кўришдан бутунлай асраши мушкул, чунки кўплаб одам сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган телеканалларни кўради. Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб цензура пичоғи тегмаган дискларни осонликча топиш мумкин.

XS
SM
MD
LG