Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 02:42

Тожикистонда фақат соқолини олдирган ёшларгина паспортли бўлмоқда


Face beard - for currenttime.tv

Тожикистон ҳокимият идоралари узун соқолли кишиларга қарши бир неча йилдан бери давом этиб келаётган кампанияни кучайтирганликда айбланмоқда. Соқолини олмай суратга тушган кишиларга чет эл паспорти берилмаяпти.

Президент Эмомали Раҳмон соқол қўйишни танқид қилган эди.

Марказий Осиёнинг ушбу энг қашшоқ мамлакатидаги амалдорларнинг аксарияти соқол қўйишни четдан олиб келинган, маҳаллий одатларга зид ҳамда диний ёки бошқа экстремизм аломати деб ҳисоблайди.

Сўнги бир ҳафта ичида ўнлаб тожикларнинг “Озодлик” радиоси Тожик хизматига хабар қилишича, паспорт берувчи идоралар расмийлари улардан чет эл паспортини олиш учун соқолини олдириб келишни талаб қилган.

‒ Улар менга Давлат виза ва рўйхатга олиш бошқармасида, соқолли эркак фақат 60 ёшдан ошган бўлса, паспорт олиши мумкин, деб айтди, ‒ деди Солеҳ Наврўзов. Соқоли билан тушган расмини олиб борганида унга паспорт берилмаган.

Бунақа ҳолатлар жуда кўп.

2011 йили футболчи Парвиз Турсунов соқолини олишни истамагани учун Тожикистон миллий чемпионати ўйинларидан бирига қўйилмаган.

У шундан сўнг Тожикистондан Дубайга кетиб қолди. Кейинчалик Европадан бошпана сўрашга мажбур бўлди.

Тожикларнинг тахминан 97 фоизи – мусулмонлар, аммо шўролар ҳукмронлик қилган 70 йил мобайнида диний фаолият кескин чекланди.

Тожик расмийлари эркакларнинг соқол қўйишини танқид қилгани етмагандай, муслималарнинг ҳижоби сингари “четдан олиб келинган” кийиниш усулларига ҳам қарши чиқмоқда.

8,5 миллион аҳолиси бўлган Тожикистонда Раҳмон дунёвий маданият тарзини ёқламоқда.

Сўнгги йилларда Сурия ва Ироқдаги Ислом давлати (ИД) ва бошқа радикал ташкилотлар сафларига ушбу мамлакатдан жуда кўп жангарилар бориб қўшилди.

Раҳмон 2017 йилги телевидение орқали мурожаатида тожикларни соқол қўймаслик ва ҳижоб ўрамасликка даъват қилди.

У Аллоҳни соқол қўйиш сингари “ташқи белгилар билан эмас, “юрак билан севиш кераклиги”ни айтди.

Соқол қўймасликни октябрь ойида Тожикистоннинг ҳукумат тайинлаган ислом кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода ҳам қўллаб-қувватлади.

Сўнгги йилларда полиция ёки хавфсизлик кучлари вакиллари кўчаларда минглаб тожик эркакларини тутиб олиб, соқолини олишга мажбур қилди.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги Хатлон вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳром Шарифзоднинг 2015 йили маълум қилишича, ўша йили соқоли олинишидан олдин 13 минг эркакнинг шахси аниқланиб, бармоқ излари олинган.

Яқинда Россияга кетаётган тожик мигрантларига нисбатан ҳам шундай қилинди. Россия чегарачилари Россия-Қозоғистон чегарасида тожиклардан соқолини олишни талаб этган, ҳатто уларнинг қўлига устаралар берган.

XS
SM
MD
LG