Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2021, Тошкент вақти: 18:33

Трейлблейзер учун уч миллиард. Дилерлар “ЎзАвтомоторс”нинг янги талабидан норози


“Ўзавтосаноат” мамлакат автомобиль бозорида фақат ўзига тегишли автосалонларни қолдириш учун январь ойидан бошлаб автосалонларга "босим қила бошлади". Бу ҳақда Тошкент¸ Сирдарë ва Андижондаги автосалон эгалари Озодликка билдирди. Уларга кўра¸ “ЎзАвтомоторс” АЖ автосалонларни янги келишув ҳужжатига имзо чекишга мажбурламоқда.

Озодликда нусхаси бўлган бу келишув ҳужжатига кўра¸ автосалон дилерлари ҳали сотилмаган автомобиль учун ўта катта миқдордаги депозитни “ЎзАвтомоторс” ҳисобига ўтказиши шарт.

Озодлик суҳбатлашган дилерлар ҳали сотилмаган Малибу ëки Трейблейзер автомобили учун уч миллиард сўм депозит ëтқизишга қурби етмаслигини айтишди.

Шу пайтгача дилерлар сотиб бериш шарти билан депозит тўловисиз фаолият олиб борган ва автожаллоблар бу статус кво сақланишидан манфаатдор.

“ЎзАвтомоторс” АЖ вакили эса бу холат нобарқарор бозор хатарини камайтириш учун ҳаридор манфаатини кўзлаб қилинган икки тарафлама фойдали иқтисодий қадам эканлигини айтди.

Дилерни синдирадиган келишув

Озодликда “ЎзАвтомоторс” АЖ автомобиль сотиш бўйича маркетинг бошқармаси бошлиғи А. Сахапов жорий йил январь ойида имзолаган¸ барча дилерларга юборган расмий огоҳлантириш мактуби бор.

Қўшимча келишув иловаси
Қўшимча келишув иловаси

Мактубда ички бозордаги ҳаридорларга хизмат кўрсатадиган дилерлар учун 2021 йилдан бошлаб “Гарантия фонди” жорий қилингани айтилади. Мактубда дилер тўлайдиган депозит миқдори 2021 йил учун 5 миллиард сўм бўлиши кўрсатилган. Бундан ташқари дилерлар Спарк¸Нексия¸ Кобальт¸ Ласетти ва Лабо автомобилини сотиш ҳуқуқини олиш учун бир миллиард сўм депозитни “ЎзАвтомоторс” АЖ ҳисоб рақамига ëтқизиш шартлиги ҳужжатда таъкидланган. Агар дилер Трекер¸ Малибу¸Эквинокс¸ Трейблейзер русумли машиналарни заводдан олиб сотмоқчи бўлган дилер уч миллиард сўм депозит пул ëтқизиши ҳужжатда урғуланган.

Сирдарëдаги автосалонда ишлайдиган Музаффар Ҳолжигитов Озодлик билан суҳбатда бу келишув дилерлар умуртқасини синдирадиган даражада оғир эканлигидан ташвиш билдирди.

Ҳолжигитовга кўра¸ жорий йилнинг 28 февралига қадар камида 5 миллиард сўмни . “ЎзАвтомоторс” АЖ ҳисобига ëтқизишга қурби етмаайди. Ҳолжигитов дилерлик соҳасини тарк этиб, бошқа иш қидиришга мажбур бўлганини айтади.

Бу машинанин олиб сотиш учун дилер бир миллиард сўм депозит қўйиши керак
Бу машинанин олиб сотиш учун дилер бир миллиард сўм депозит қўйиши керак

Харидор ютадими?

Озодлик суҳбатлашган¸ Сирдарë¸ Тошкент ва Андижондаги дилерлар бу келишув ортидан Ўзбекистон автомобил бозорида фақат “Ўзавтосаноат”га оид дилерлар қолиб, бошқалар сиқиб чиқарилаëтганлигини айтишди.

Яъни дилерлар зарар кўради. Унда ким фойда кўради? Сирдарëлик дилер Ҳолжигитовга кўра¸бундан фақат “ЎзАвтомоторс” ва “Ўзавтосаноат” фойда кўради.

“Дилер йил бошида “ЎзАвтомоторс” ҳисобига 5 миллиард сўм пул қўяди. “ЎзАвтомоторс” бўлса бу пулни 50 фоиз йиллик фойда кўриш учун Марказий Банк ставкаси бўйича банкка қўяди. Йил мобайнида Ўзбекистондаги бутун дилерлар ëтқизган депозит пуллари фойдасини “ЎзАвтомоторс” кўради. Дилер эса йил охирига бориб келишувдан воз кечса максимум ўша ўзи тўлаган беш миллиардни балки ундан ҳам камни олишига умид бор. Форс мажор деб бермай қўйса ҳам хайрон бўлмайман,” дейди сирдарëлик дилер. “ЎзАвтомоторс” ширкатининг ўзини маркетинг бўлими ходими деб атаган мулозими эса “бу келишув ҳаридор манфаатини ўйлаб тузилганини айтди.

“Сизга дилер келишувига илова қилинган 10 рақамли қўшимча келишув ҳужжатини бераман, танишиб чиқинг. Ўша ерда ҳаридор манфаати учун депозит олиниши ëзилган.”

Дилер келишувига илова бўлган ҳужжатда “ҳаридорларга кўрсатилаëтган хизмат сифатини яхшилаш ва ҳаридор олдига сотувчи маъсулиятини таъминлаш учун” депозит олинаëтгани айтилган.

Доимий танқид остида

2020 йили “ЎзАвтомоторс”нинг фаолиятида қонунбузарликлар аниқланган эди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган текширувда “ЎзАвтомоторс” автомобилларига нархларни шакллантиришда айрим харажатларни ошириб киритганлиги ва рақобат тўғрисидаги бошқа қонунбузарлик аломатлари аниқланган эди.

Автомобиль бозори
Автомобиль бозори

Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев очиқламаси ортидан “ЎзАвтомоторс” тармоқда танқидларга нишон бўлган эди.

Расул Кушербаевнинг 2020 йил августдаги видеоанжуманда таъкидлашича, Текшириш жараёнида айрим харажатларни ошириб кўрсатиб, монопол томондан юқори нарх қўлланилиши аломатлари мавжудлиги тасдиқланган.

Шу билан бирга, автомобилларни истеъмолчиларга сотишда баъзи бир дилерларга имтиёз ва преференциялар берилиб, улар бошқа дилерлар билан таққослаганда устун мавқега эга бўлиши ва янги дилерлар билан шартномалар тузишда шартнома предметига алоқадор бўлмаган шартлар қўйилиши кузатилган, деб ёзган эди депутат.

Расул Кушербаев янги дилерлар учун 10 млрд сўм миқдорида аванс тўлаш талабини янги дилерларнинг бозорга киришига сунъий тўсиқ яратиш, деб атаган.

XS
SM
MD
LG