Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2021, Тошкент вақти: 00:41

Ўзбекистон хабарлари

Туризм ва спорт вазирлиги пиёда юрганларга пул тўлаш тўхтатилгани тўғрисида ўзи берган хабарни ўзи рад этди

Бир кунда 10 минг қадам юрганларга 3000 сўмдан берилади.

Туризм ва спорт вазирлиги “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолияти ва 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларга пул тўлаш вақтинча тўхтатилгани тўғрисида ўзи тарқатган хабарга ўзи раддия берди.

Билдирилишича, Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати ходими маҳаллий матбуотда бу борада чоп этилган мақоласида жамоатчиликка асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот берган.

Вазирлик ахборот хизмати мазкур хабарни етказишда хатоликка йўл қўйгани учун узр сўраган ва “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишлашда давом этишини маълум қилган. Матбуотга нотўғри хабар етказган ходимга эса огоҳлантириш берилган.

Расман билдирилишича, мазкур платформа бўйича 2021 йил 10 июндан 13 сентябрга қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағ тўлаб берилган.

Ўзбекистонда юриш ва югуришни рағбатлантирувчи 1hls.uz иловаси шу йилнинг 10 июнида ишга туширилган эди.
Мазкур платформани ишлаб чиқиш тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг ноябрида махсус фармонни имзолаганди.

Кун янгиликлари

Сўхда аэропорт қуриб битказилди, тез орада синов парвозлари бошланиши айтилмоқда

Фарғона вилоятининг, тўлиғича қўшни Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх туманидаги аэропорт қурилиши якунига етди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, майдони етти гектар бўлиб, узунлиги етти юз метрни ташкил қилган аэропортда тез орада синов учишлари бошланади.

Аэропорт, 2020 йил, 8 августда президент имзолаган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор асосида қурилди.

Расмий хабарга кўра, Сўх туманининг Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган аэропортга қарийб 7 миллиард сўм сарфланган. Унда учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойи бўлади.

Сўх аҳолиси йиллардан буён Қирғизистон ҳудуди орқали Фарғона вилояти марказига ўтадиган йўл азобини тортиб келаётган эди.

Бундан 7 йил аввал Сўх анклавидаги “Ҳушёр” қишлоғи аҳолиси ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги чегарачилар ўртасида юз берган тўқнашувлар ортидан қирғиз расмийлари Ўзбекистондан Сўх анклавига борувчи Риштон-Сўх автомобиль йўлини бутунлай беркитиб қўйганди.

Бу йўл шу йилнинг апрелида очилди. Расмийларга кўра, мазкур чегара постлари орқали ҳозирча йўловчи ташувчи автомашиналар ва пиёдалар ўтказилади. Юк ташувчи оғир автомашиналар ҳозирча чегаранинг бу қисмидан ўта олмайди.

Аммо, Сўх туманига чегарадош қўшни қишлоқлар аҳолиси ўртасида сув, чорва ва яйлов масаласида норозиликлар, жанжал ва тўқнашувлар кузатилади. Шундай тўқнашувлардан сўнггиси 2020 йилнинг майида чегарадаги баҳсли ҳудудда жойлашган "Чашма" булоғи устида кўтарилган ва ўшанда ҳам чегаралар ёпилиб, туман аҳолиси қамалга тушиб қолганди.

Бу қонли тўқнашувдан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати Сўх тумани билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан аэропорт қуришга қарор қилганди.

"Ҳудудгазтаъминот": аҳолининг табиий газдан қарздорлиги 500 млрд сўмдан ошди

Куз ва қиш ойларида мамлакат бўйлаб, аҳолига берилаётган табиий газ босимининг ўта пастлаб кетиши ҳар йили кузатилади. Андижондаги хонадон.

"Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти (АЖ) матбуот хизмати, Ўзбекистонда 1 миллион 200 мингдан ортиқ истеъмолчининг табиий газдан дебиторлик қарзи 501 млрд сўмга етганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, айрим истеъмолчилар табиий газ ҳақини вақтида тўламаётир, бунинг ортидан пеня ҳам ортаётир.

Жамият ҳозирги кунда аҳоли хонадонларида "Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими"га уланган 2 миллиондан ортиқ "ақлли ҳисоблагич" ўрнатилганини маълум қилди. Аммо, яна 1 ярим миллион истеъмолчи эски намунадаги ҳисоблагичдан фойдланмоқда.

"Тез орада бутун мамлакатимиз бўйлаб „ақлли ҳисоблагичларни“ ўрнатиш ишлари якунланади. Янги ҳисобдонлар ишга тушгач истеъмолчига барибир қарздорлигини қоплашга тўғри келади. Бундан ташқари, асосий қарздорликни бартараф этиш билан бирга унга нисбатан ҳисобланган пеняни ҳам тўлаш талаб қилинади. Акс ҳолда истемолчи газ таъминоти тизимидан автоматик равишда узиб қўйилади", деб огоҳлантирди ташкилот.

Аммо, аҳолида табиий газ таъминоти ва йиғиладиган қарздорлик бўйича расмий баёнотларга қарши эътироз йиллардан буён кузатилади.

Куз ва қиш ойларида табиий газга уланган ҳудудларда унинг босими кескин пасайиши, шунга қарамай қарздорлик пайдо бўлишидан норози истеъмолчилар Озодликка муттасил равишда шикоят қилади.

Ўтган 2 йил давомида мамлакатда қишда кучли энергетик бўҳрон кузатилди, бу йил ҳам давом этиши айтилмоқда. Ҳозирданоқ Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларида газ етишмаслиги, шу боис, исинишнинг ягона воситаси бўлиб қолаётган кўмирнинг ўта танқислаша бошлагани кузатилмоқда.

COVID-19га қарши кураш ва вакцина заҳираси учун яна 1,3 трлн сўм ажратилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 14 октябрь куни ўтган йиғилишда коронавирус беморларини даволаш ва вакцина заҳирасини тўлдириш учун яна 1,3 трлн сўм ажратилгани айтилди.

Палатанинг Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси йиғилишида, коронавирусга қарши эмлаш ва санитария-эпидемиология хизмати ишини яхшилаш масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилишда, айниқса болалар орасида коронавирус билан касалланиш ҳоллари ортаётгани, аҳоли орасида эмланишга истак кучли эмаслиги қайд этилган.

Расмий хабарда айтилишича, пандемияга қарши кураш ва вакцина сотиб олиш учун 2021 йилга ажратилган 3 триллион сўмлик заҳира, йил якунига етмай туриб, тугаган.

Санитария-эпидемиология хизмати берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда эмланиши мумкин бўлган жами аҳоли сони 21,45 млн киши (18 ёшдан катталар).

12 октябрга келиб, бунинг 3 миллион 290 минги тўлиқ эмланган, 7 миллион 240 минги 2-доза, 12 миллион 400 минги эса 1-доза билан эмланган.

Бунинг учун эса жами 22,95 млн доза вакцина ишлатилган:

  • ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси 81,5 фоиз,
  • AstraZeneca вакцинаси 78,5 фоиз,
  • Спутник V вакцинаси 62,4 фоиз,
  • Moderna вакцинаси 92,7 фоиз,
  • Pfizer вакцинаси 36,6 фоиз.

Ўзбекистон ва Тожикистон орасида автобус қатнови тикланади

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Хўжанд-Тошкент-Хўжанд автобус йўналиши қайта тикланади.

Тожикистондаги Asian Express транспорт компаниясининг билдиришича, автобус қатнови жорий йилнинг 18 октябридан йўлга қўйилади. Дастлаб автобуслар бир кунда бир марта қатнайди.

Компания вакилига кўра, келажакда агар хоҳловчилар кўп бўлса, рейслар кунига 2-3 мартагача оширилади.

Чегарани кесиб ўтишда йўловчиларда COVID-19 га қарши эмлаш сертификати бўлиши керак, агар у йўқ бўлса, улар экспресс-тестдан ўтишлари лозим бўлади.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 октябридан бошлаб Панжикентдан автобусда Самарқанд ва Бухорога бориш мумкин бўлади.

Тожикистон ва Ӯзбекистон ӯртасида йӯловчи ташиш автобусларининг қатнови уч йил олдин йӯлга қӯйила бошланди. Олдинроқ эса, Тошкент ва Душанбе орасида самолётлар парвози тикланганди.

Толибон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Ўзбекистонга келди

Этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий Толибоннинг Қатардаги идораси раҳбарларидан  бўлган.

Афғонистондаги Толибон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари вазифасини бажарувчи, этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги делегация 16 октябрь куни Термиз шаҳрига келган.

Ташриф Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 2021 йил 7 октябрда Афғонистонга амалий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга бағишланади, деди Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуфбек Қобулжонов.

Музокараларда Ўзбекистон томонига бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов бошчилик қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу ой бошида Кобулда Толибон ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан учрашганди.

Бу ҳақда Толибон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдулқаҳҳор Балхий 7 октябрь куни ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди.

Билдирилишича, Ўзбекистон вазири Толибон билан транзит, энергетика ва савдо-сотиқ масалаларини муҳокама қилган.

Толибон 15 августда Афғонистон ҳукуматини босиб олганидан бери юқори даражали расмийси илк бора Ўзбекистонга сафар қилмоқда.

Этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий бундан олдин Толибоннинг Қатардаги идораси раҳбарларидан бўлган.

ХТВ Москванинг Ўзбекистонда рус мактаблари очиш дастури ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Россиянинг Ўзбекистонда рус тилида таълим беришга ихтисослашган янги мактабларни очиш режаси ҳақида уларда маълумот мавжуд эмаслигини айтмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чет элда яшовчи россиялик ватандошларнинг VII жаҳон конгрессидаги чиқишида Ўзбекистонда рус мактабларини очиш дастури тайёрланаётганини маълум қилган эди.

Вазирлик матбуот котиби Лайло Рустамова "Дарё" нашри сўровига жавобан "бизда бу бўйича маълумот мавжуд эмас", деб жавоб қилган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2020/2021 ўқув йилида таълим фақат рус тилида олиб бориладиган мактаблар сони 81тани ташкил этади.

Уларда 634 985 нафар ўқувчи таълим олади.

"Тошкент сити"даги боғ сотувга қўйилди

"Тошкент сити"даги дам олиш ва истироҳат боғи сотувга қўйилди.

Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги сайтида бу ҳақда эълон қилинди.

Умумий майдони 23,4679 гектар, бино ва иншоотларнинг умумий майдони3 933 кв.мни ташкил қилувчи боғни хусусийлаштириш ва ундан келгусида фойдаланиш бўйича “Мастер план” ишлаб чиқиш учун профессионал ташкилотни жалб этиш кўзланмоқда.

“Профессионал ташкилот “Мастер план”ни ишлаб чиқади, у бўйича барча зарурий хизматларни кўрсатади. Буюртмачи ушбу эълон билан профессионал ташкилот ва “Мастер план”га қўйиладиган дастлабки талабларни, шунингдек унинг таклифининг тузилишини ҳамда тегишли тартибда баҳоланишини белгилайди”, дейилади агентлик хабарида.

“Мастер план”ни ишлаб чиқиш муддати Буюртмачи билан келишилган ҳолда белгиланади.

Буюртмачи ўз хоҳишига кўра ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаган ҳолда, ҳар қандай вақтда танловни тўхтатиши мумкин, дейилган агентлик билдирувида.

Қувасойда чақалоғини ёқиб юбориш билан таҳдид қилган эр-хотинга нисбатан жиноят иши очилди

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида ўз чақалоғини ёқиб юбориш билан таҳдиди билан Мажбурий ижро бюроси ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилган эр-хотинга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов бир неча маҳаллий нашрга маълум қилган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 сентябрь куни МИБ Қувасой шаҳар бўлими вакиллари ва бошқа масъуллар Фарғона туманлараро суди қарорига асосан Hamkorbank Қувасой филиали фойдасига 32,5 миллион сўмдан кўпроқ қарзни ундириш учун қарздор З.Б.нинг хонадонига келишган.

МИБ ходимларига 28 ёшли З.Б. ҳамда унинг 34 ёшли эри А.Б. фаол қаршилик кўрсатишиб, БП мулозими иддаосига кўра, уларни ҳақорат қилиб, МИБчиларга ҳамда қўлидаги чақалоғи устига бензин сепиб, ёқиб юборишларини айтишган.

Ҳодиса ортидан Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан 12 октябрь куни қувасойлик эр-хотинга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 180 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 14 октябрь ҳолатига кўра, 180 минг 162 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, кеча мамлакат бўйлаб 451 киши коронавирусга чалинган.

Пайшанба куни Наманган, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари ҳудудларда 425 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 175 минг 996 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 283 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик қайдича, 14 октябрь куни 17 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 520 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 43 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.

UzAuto Motors дон омборига йўлланган Lacetti автомобиллари юзасидан изоҳ берди

Дон омборига олиб кетилаётган янги автомобиллар (видеодан скриншот)

Асака автозаводида ишлаб чиқарилган Chevrolet Lacetti автомобиллари заводда жой етишмаётгани туфайли дон омборларига йўлланган. Бу ҳақда UzAuto Motors ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ “Водий бозор” Телеграм-каналида Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги дон омборига янги автомобиллар олиб келинаётгани ҳақида хабар берилган.

Янги автомобилларга навбат баҳорда тегишини урғулаган канал маъмурлари мутасаддилардан бунинг сабабини сўраган.

Бунга изоҳ берган UzAuto Motors ширкати заводда кунига 250-300 дона Chevrolet Lacetti автомобили ишлаб чиқарилиши, бу автомобиллар яримўтказгич деталининг йўқлиги сабабли ўз эгаларига топширилмаётгани, сотиб бўлмайдиган автомобиллар заводдаги тайёр маҳсулот учун ажратилган жойни тўлдириб бўлишгани, шу важдан UzAuto Motors “Ўздонмаҳсулот” билан автомобилларни корхона ҳудудида вақтинча сақлаш тўғрисида шартнома тузганини билдирган.

Ширкат масъуллари ваъдасига кўра, янги автомобилларга етишмаётган деталь ўрнатилиши билан харидорларга топширилади.

UzAuto Motors ўтган ойда барча оммабоп автомобил моделлари, жумладан Chevrolet Lacetti ҳамда Chevrolet Spark автомобилларини ишлаб чиқариш тиклангани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Tashkent City сайилгоҳига пиёда кириш бепул бўлди

Жорий йилнинг 14 октябрь кунидан Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази сайилгоҳи ҳудудига кириш бепул бўлди. Бу ҳақда Tashkent city дирекцияси маълумот тарқатди.

Tashkent City мажмуаси маъмурияти 2020 йил 17 декабридан 2021 йил 10 январигача боғ ҳудудига киришни пулли қилиб қўйгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Кейинроқ 31 мартга қадар узайтирилган бу тартиб қарийб ўн ойдан бери ўзгармай келаётган эди.

Пулли тартибга мувофиқ, сайилгоҳга кириш учун маъмурият ёши 12 дан катта бўлганлардан 10 минг сўм, 5 ёшдан 12 ёшгача болалар ва нафақа ёшидагилардан 5 минг сўмдан ҳақ талаб қилган. Эндиликда бу кишилар боққа пул тўламай киришлари мумкин. Бироқ Tashkent City маъмурияти сайилгоҳга автотранспорт воситаларининг кириши учун олинадиган ҳақни (20 минг сўм) бекор қилган эмас. Маъмурият изоҳича, “бу чора ички йўлларни тартибли, соз ва тоза ҳолда сақлаш хизматлар учун белгиланган”.

Tashkent City боғига кириш пулли қилиб қўйилгани ортидан ижтимоий тармоқларда норозилик постлари кўпайган. Бу каби чиқишлар шу кунгача ҳам давом этиб келаётган эди.

ДСҚ IT-гигантлар томонидан Ўзбекистонга тўланган солиқ миқдорини очиқлади

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга Facebook 7,6 миллиард сўм, Google Commerce Limited 4,6 миллиард сўм, Apple 2,2 миллиард сўм, Netflix 331 миллион сўм, Yandex эса 256 миллион сўм солиқ тўлаган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўтган 9 ой давомида юқорида номлари зикр этилган ва бошқа ширкатлар тўлаган солиқ миқдори 15,2 миллиард сўмга етган.

ДСҚ маълумотига кўра, 2021 йил бошидан бери мамлакатда 9 та хорижий ширкат қўшимча қиймат солиғини тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Ўзбекистонда ўтган йилнинг 1 январидан Солиқ кодексига ўзгартишлар кучга кириб, мамлакатда “Google солиғи” дейилган солиқ тури жорий этилганди. Мазкур солиқни дастурий таъминотдан фойдаланиш, шу жумладан, Интернет тармоғи орқали ўйинлар, электрон китоблар, ўқув қўлланмалари, мусиқа асарлари ва бошқалардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш орқали электрон хизматлар кўрсатадиган компаниялар тўлайди.

Интернет-компаниялари рўйхатдан ўтиши учун қулайлик яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҚҚС-офис ишга туширилган.

“Ушбу манба хорижий юридик шахсларга Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза бериш, онлайн шахсий кабинетдан фойдаланиш, (ҳисобот тақдим этиш ва солиқ тўлаш) шунингдек, солиққа тортиш билан боғлиқ барча саволларга жавоб олиш имконини беради”, дейилган ДСҚ хабарномасида.

Бухорода автомобиль газ баллони портлаб, икки киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Бухоро вилоятида “Волга” автомобилининг газ баллони портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди.

“Бу кун” ахборот дастурининг хабар беришича, ҳодиса Бухоро—Ғузор—Денов автомобиль йўлида юз берган. Йўлда кетаётган “Волга”нинг 50 литр ҳажмдаги сиқилган газ баллонининг бири портлаган. Портлашга газ баллонидаги носозлик сабаб бўлган.

Портлаш оқибатида ҳайдовчи ва бир йўловчи ҳалок бўлди. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ИИБ тергов бўлими суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Аввалроқ маҳаллий нашрлар 14 октябрь куни Ўзбекистонда юз берган камида 9 та автоаварияда камида уч киши ҳалок бўлганини билдирган эди.

7 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Ўзбекистонда 2021 йил бошидан бери то шу кунгача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлганини билдирган эди.

Самарқанд вилоятида куйдирги касаллиги тарқалгани тасдиқланмади

Куйдирги одамлар орасида касаллик қўзғатувчиси бўлган яроқсиз гўшт истеъмол қилинган тақдирда тарқалади.

Самарқанд вилоятининг Нарпай тумани Танишка қишлоғида ҳайвонлар ўртасида куйдирги касаллиги тарқалгани тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга зид. Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси расман маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Нарпайда куйдирги касаллиги аниқлангани ва у касаликка чалинган ҳайвон гўштини истеъмол қилишдан келиб чиққани тўғрисидаги хабарлар тарқалганди.

“Мазкур ҳолат Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси қошида ташкил этилган махсус штаб томонидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида қўлга киритилган наъмуналар Ҳайвонларда касаллилкарни аниқлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги илмий маркази лабараторияда текширилди. Аммо олинган наъмуналарда касаллик қўзғатувчилар аниқланмади”,-дейилади хабарда.

Ўзбекистон ҳукумати ўтган йил сентябрь ойида куйдирги касаллиги аниқланганлиги сабабли Қозоғистоннинг сут ва гўшт маҳсулотларини олиб киришга чекловлар киритганди. Бу чеклов 2021 йилнинг октябрида олиб ташланган.

Россияда қолиб кетган ўзбекистонликлар махсус поездларда Тошкентга олиб келинади

Иллюстратив сурат.

«Ўзтемир йўлйўловчи» ширкати 22, 25, 29 октябрь ҳамда 1 ноябрь кунлари пандемия даврида Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни қайтариш учун поезд қатновини йўлга қўяди.

Расман билдирилишича, Волжский—Тошкент йўналишида 483-сонли йўловчи поездининг 4 та махсус рейси 22, 25, 29 октябрь ҳамда 1 ноябрь кунлари соат 20:57 да йўлга чиқади.

Фақат бир томонга чипта сотиладиган мазкур поездга чипталарни E-ticket.railway.uz сайтидан электрон тарзда ҳам сотиб олиш мумкин бўлади.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери Ўзбекистон махсус поездлар ва чартер рейслар орқали Россияда қийин аҳволга тушиб қолган бир неча ўн минг муҳожирни ватанига қайтарган.

Ўзбекистон АҚШ қуролли кучларини жойлаштириш масаласи муҳокама қилинганини рад этди

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон ўз ҳудудига АҚШ аксилтеррор кучларини жойлаштириш масаласини муҳокама қилаётганини рад этди.

Абдулазиз Комилов: “Бу масала кун тартибида ҳам тургани йўқ”,-деб айтди журналистларга берган интерьюсида.

13 октябрь куни АҚШнинг нуфузли Politico нашри АҚШ конгресси ва Пентагондаги манбаларига таянган ҳолда, Пентагон расмийлари октябрь ойи охиригача Тошкентга келиши ва АҚШ кучларини мамлакат ҳудудига жойлаштириш масаласини муҳокама қилишини ёзган эди.

“Газета.uz” эса Ўзбекистон мудофаа вазирлигига таянган ҳолда, Пентагон вакилларининг Тошкентга ташрифи юзасиданеч қандай расмий мурожаат келиб тушмаганини билдирди.

Россиялик расмийлар “миграцион амнистия”га тушган ўзбекистонликлар сонига аниқлик киритишди

Россияда ишлаётган мигрантлардан бири (иллюстратив сурат)

Россия аввал мамлакатга кириши тақиқланган 158 минг нафар ўзбекистонликка нисбатан “миграцион амнистия” ўтказишга қарор қилган. Бу ҳақда Meduza нашри Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Меҳнат муҳожирларига нисбатан “амнистия” эълон қилингани ҳақида Россия ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Александр Горовой бош вазир маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги ўзбек делегацияси билан учрашув чоғида билдирган.

Айни пайтда мазкур амнистия Россиядан суд қарорига кўра депортация қилинган ўзбекистонликларга тегишли эмаслиги маълум қилинган.

Аввалроқ Россия Мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов россиялик расмийлар мамлакатга кириши тақиқланган 300 минг нафар муҳожирга нисбатан амнистия эълон қилишгани, булардан 150 минг нафари ўзбекистонлик, яна 150 минг нафари тожикистонлик эканини билдирган эди.

Қайд этилишича, амнистия қилинган муҳожирлар бундан буён Россия ҳудудига қайта кириш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

ССВ: Коронавирус важидан қурбон бўлганлар сони 1280 нафарга етди

Ўзбекистонда 13 октябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 280 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 340 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 179 минг 711 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда чоршанба куни Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 379 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 175 минг 571 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда яна 9 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 503 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 12 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.

Андижонда қўлбола кўпригидан одамларни пул эвазига ўтказган шахс судланди

Аравонсой устидаги қўлбола кўприк (видеоскриншот)

Андижон вилоятида сой устига ёғочдан кўприк ўрнатиб, одамлардан пул ишлаётган шахс устидан маҳкама ўтказилди.

Булоқбоши туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 10 октябрь куни муқаддам судланган 35 ёшли Х.И. ўзбошимчалик билан сой устига иккита ёғочдан иборат кўприк ясаб, одамларни 1000 сўм эвазига ўтказиб қўйишни йўлга қўйган.

Шахс ясаган қўлбола кўприк устидан одамлар ўтаётганига оид видео аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Туман ҳокимлиги хабарномасида Х.И.нинг ушбу ноқонуний хатти-ҳаракати Булоқбоши тумани судида кўриб чиқилгани, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ва 200-моддалари билан айбдор деб топилган бу шахсга нисбатан 7 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани қайд этилган.

Булоқбошилик расмийлар жорий йилнинг июль ойида содир бўлган табиий офат туфайли Аравонсой кўприги авария ҳолатига келгани ва кўприкдан ўтиш тўхтатилганини эътироф этишиб, ҳозирда кўприк таъмирланаётганини қўшимча қилишган.

Гулистон ва Тошкентда янги туғилган чақалоғини пулламоқчи бўлган аёллар қўлга олинди

Гулистон шаҳрида 5 кунлик чақалоғини 5 минг долларга пулламоқчи бўлган қашқадарёлик Б.С. қўлга олинди.

Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати маълумотига кўра, аёл вилоят ИИБ ЖҚБ ҳамда ТЕҚКБ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентда куни кеча бўлиб ўтган судда эса 3 кунлик чақалоғини 18 минг долларга сотмоқчи бўлган андижонлик аёл устидан ҳукм ўқилди.

“Ёшлар” телеканали хабарига кўра, 28 ёшли аёл Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида фарзандини сотаётган вақтда прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми “а” банди билан 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

МСК вакили: Сайлов куни овоз бериш жараёнини 400 дан зиёд камера орқали кузатиш мумкин

Кузатув камераси (иллюстратив сурат)

Президент сайлови куни овоз бериш жараёнини Ўзбекистондаги 207 та туман ва шаҳар сайлов участкаларида ўрнатилган жами 414 та камера орқали кузатиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров 13 октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирган.

Мулозимга кўра, МСКнинг чоршанба куни бўлиб ўтган мажлисида мамлакатнинг ҳар бир туман ва шаҳридаги биттадан намунавий сайлов участкасида иккитадан камера ва зарурий қурилмаларни ўрнатиш қарори олинган.

Кузатув камералари ўрнатилган участкалардаги овоз бериш жараёни сайлов куни соат 8:00 дан 20:00 гача МСК сайти ва “Ўзбекистон 24” телеканали орқали трансляция қилиб борилади.

МСК вакили иддаосича, участкаларга камераларни яширин овоз бериш тамойилини бузмаган ҳолда ўрнатиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда президент сайлови шу йилнинг 24 октябрь куни ўтказилиши кутилмоқда. Сайловни ўтказиш учун 14 та сайлов округида 10 минг 760 сайлов участкаси ташкил қилинган.

Шу кунда Ўзбекистонда сайловчилар сони 21,2 миллиондан кўпроқ кишини ташкил қилади. Аввалроқ МСК сайлов кунида яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчиларга 14 октябрдан 20 октябргача муддатидан аввал овоз бериш имконияти берилишини билдирган.

Мирзиёев ЕОИИ ва МДҲнинг онлайн саммитларида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 октябрь кунлари видеоконференцалоқа шаклида ўтказилажак Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитларида қатнашади.

Президент матбуот хизмати қайдича, пайшанба куни Ш. Мирзиёев ЕОИИ саммитида нутқ сўзлайди. Ўзбекистон кузатувчи мақомига эга бўлган бу ташкилотга Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон аъзо. Ҳозирда Қозоғистон раислик қилаётган ЕОИИ раҳбарлари саммитида Мирзиёев Ўзбекистоннинг мазкур ташкилот билан амалий ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари ҳақида сўзлаши кутилмоқда.

Ўзбекистонга ЕОИИда кузатувчи давлат мақоми 2020 йилнинг декабрь ойида берилган. Шу йил баҳорида эса Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда 2021-2023 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси қабул қилинган.

15 октябрь куни эса Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг 30 йиллик юбилей мажлиси ўтказилади. Беларусь раислигида ўтказиладиган мазкур тадбирда Арманистон, Молдова, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчилари қатнашиши айтилган.

Саммитда МДҲнинг 30 йиллик фаолиятидаги кўп томонлама ҳамкорлик якунлари, шунингдек, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, миграция, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги шерикликни янада кенгайтириш борасидаги қўшма режалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Ш. Мирзиёев мазкур тадбирда МДҲни ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепцияси мақсад ва вазифаларига эришиш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши режаланган.

Кузатувчиларга кўра, ЕОИИда ҳам, МДҲда ҳам Москванинг етакчилик роли устувор характерга эга. Ўтган ҳафта Ш. Мирзиёев Россия президенти В. Путин билан телефон орқали суҳбат чоғида ўзининг ноябрь ойида Москвага бўлажак олий даражадаги давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилган. Президентликка ҳали қайта сайланиб улгурмаган Ш. Мирзиёевнинг бу муҳокамаси жамоатчилик орасида қатор саволларни пайдо қилган.

Ўзбекистонда галдаги президент сайлови шу йилнинг 24 октябрига белгиланган.

Ўзбекистон сўнгги уч йилда Google ширкатидан 26 контентни ўчиришни талаб қилган

Ўзбекистон давлат органлари Google ширкатига муайян контентни ўчириш илтимоси билан илк бор 2018 йилда мурожаат қилди.

Google ширкати статистикасида қайд этилишича, Ўзбекистон 2018 йилда 4 марта, 2019 йилда 1 марта ва 2020 йилда 1 марта контентни ўчириш талабини жўнатган. Мазкур сўровларда ҳукумат Google сервиси бўлган YouTube порталидан 26 маълумотни ўчиришни илтимос қилган.

Google статистикасида Ўзбекистон ҳукумати талаб қилган 26 маълумотдан қанчаси ўчирилгани айтилган эмас.

Sputnik нашрининг билдиришича, Россия 2011 йилдан то шу кунгача Google ширкатига муайян контентни ўчириб ташлаш талаби билан 123 минг марта мурожаат қилган. Бу ширкатга жаҳондаги барча ҳукуматлар томонидан юборилган сўровларнинг 60,6 фоизини ташкил қилади.

Google LLC ва Microsoft Ireland Operations Limited ҳам Ўзбекистонга солиқ тўлайдиган бўлди

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Google LLC ширкати 12 октябрь куни ва Ирландиянинг Microsoft Ireland Operations Limited ширкати 13 октябрь куни Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди.

Давлат солиқ қўмитасининг билдиришча, бундан буён мазкур ширкатлар солиқ тўловларини амалга оширишда 15 фоиз ҚҚСни ҳисобга олиши шарт бўлади.

Охирги икки йилда АҚШ ва Ирландияда рўйхатдан ўтган Google Commerce Limited, Google Voice, Google Ireland Limited, Google Cloud EMEA ширкатлари ҳам Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 январидан Солиқ кодексига ўзгартишлар кучга кирган эди. Мазкур ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистонда Google солиғи амалга киритилган.

Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг навбатдаги йирик партияси ишлаб чиқилди

Ҳукумат қарорига асосан Хитой ва Россия вакциналари Jurabek Laboratories корхонасида ишлаб чиқарилиши белгиланди. "Вакцина. уз" фотоси.

Jurabek Laboratories қўшма корхонаси ZF-UZ-VAC2001 Хитой-Ўзбек вакцинасининг 1 миллион 219 минг 510 дозалик иккинчи партиясини ишлаб чиқди ва фойдаланиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига топширди.

Бир неча кун аввал мазкур ширкат томонидан Россиянинг Sputnik V вакцинаси 1- ва 2- компонентларининг дастлабки 260 500 дозаси ишлаб чиқилгани тўғрисида хабар берилганди.

Бундан аввал ушбу корхонада тайёрланган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1 миллион 458 минг 820 дозаси эмлаш учун топширилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан Ўзбекистонда эмлаш жараёнларида фойдаланилаётган жами вакцина 29 миллион 893 минг 38 дозани ташкил қилмоқда.

Улардан 23 177 998 миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001, 1 594 480 дозаси AstraZeneca, 720 500 дозаси "Sputnik V", 3 000 060 дозаси Moderna, 1 200 000 дозаси Pfizer/BioNTech, 200 000 дозаси Sinovac вакцинасидир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG