Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2021, Тошкент вақти: 10:33

Туркияда истеъфодаги адмираллар давлат тўнтаришига ҳозирликда гумон қилинмоқда


Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркиянинг "Тузла" ҳарбий кемасини денгизга тушириш маросимида - Истанбул, 3 июль, 2017

Туркияда Монтрё конвенциясини сақлаб қолиш зарурлиги тўғрисидаги очиқ мактубни имзолаган 10 нафар истеъфодаги адмирал ҳибсга олинди.

Монтрё конвенцияси кемаларнинг Босфор ва Дарданелл бўғозлари орқали ҳаракатини тартибга солади.

Туркия денгиз флотининг юздан ортиқ собиқ юқори лавозимли раҳбарлари томонидан имзоланган ушбу мактуб ҳукумат расмийлари томонидан кескин танқидга учради. Улар бу ҳолатни давлатга қарши чиқишга тенглаштирдилар.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг матбуот хизмати мактубда давлат тўнтариши аломатлари борлигини иддао қилди.

4 апрель куни Туркия прокуратураси истеъфодаги адмиралларнинг давлат ва конституциявий тузум барқарорлиги ва хавфсизлигига путур етказишга қаратилган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш учун тергов бошлади.

Тўрт гумонланувчига келаётган уч кун ичида Анқара полициясига бориш буюрилган.

Ўтган ой Туркия ҳукумати Қора денгиздан Мармара денгизигача Босфорга параллель канал қуриш режасини маъқуллаган эди.

Расмийлар ушбу канал Монтрё конвенциясига бўйсунмаслигини айтишмоқда. Истеъфодаги денгиз зобитлари эса, Монтрё конвенцияси атрофида муҳокама қўзғаши мумкин бўлган ҳаракатлар давлат хавфсизлиги заифлашишига олиб келишини айтишмоқда.

Монтрё конвенцияси 1936 йилда Швейцарияда Қора денгиз бўғозлари ишлаш режимига бағишланган конференция давомида қабул қилинган.

Конвенция Туркиянинг Босфор ва Дарданелл бўғозлари устидан ҳукмронлигини тиклаган.

Конвенция тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам ҳар қандай мамлакатнинг савдо кемаларига ушбу бўғозлардан эркин ўтиш ҳуқуқини беради.

Бундан ташқари, конвенция тинчлик даврида Қора денгиз бўйидаги давлатларига тегишли ҳар қандай синфдаги ҳарбий кемаларнинг бўғозлар орқали эркин ўтишига имкон беради.

Қора денгиз соҳилидаги бўлмаган давлатларнинг ҳарбий кемалари учун Қора денгизда синф, тонна ва вақт билан боғлиқ чекловлар мавжуд.

XS
SM
MD
LG