Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2021, Тошкент вақти: 19:31

Халқаро хабарлар

Туркия: Измирда 6,6 балли зилзила рўй берди

Измирда зилзила оқибатида қулаган бинолардан бири, 2020 йил 30 октябри.

Туркия ғарбида 30 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 14.51 да 6,6 балли зилзила содир бўлган. Онадўли агентлиги хабарига кўра, бинолар қулагани айтилган ҳудудга қутқарувчилар йўлланган.

Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар оқибатлари олдини олиш ва бартараф этиш бошқармаси маълумотига мувофиқ, зилзила маркази Эгей денгизининг Измир вилояти Сеферҳисар тумани соҳилига яқин ҳудудида бўлган. Зилзила ўчоғи 16,5 километр чуқурликда бўлгани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, ер силкиниши 15 сонияга яқин давом этган ва мамлакат ғарбидаги (Эгей денгизи бўйлари) кўплаб вилоятларда сезилган.

Туркия Ички ишлар вазирлиги ер қимирлаши оқибатида Измирнинг Бўрнўва ва Байрақли мавзеларида олти турар-жой биноси вайрон бўлгани ҳақида билдирди. Қутқарувчилар Байрақлида қулаган бино вайроналари орасидан 4 кишини қутқаришга муваффақ бўлганлар.

Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 6 киши нобуд бўлган, 120 киши тан жароҳати олган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Измирдаги зилзила оқибатида жабр кўрган ватандошларга ҳамдардлик билдирди.

Кун янгиликлари

Қозоғистон: Олмаотада қўлга олинган мухолифатчи фаол очлик эълон қилди

Олмаотадаги полиция машиналари (архив сурати)

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 15 суткалик маъмурий жазога ҳукм қилинган мухолифатчи фаол Айдар Мубараков ҳибсхонада очлик эълон қилди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати фаол Арман Иманжанов маълум қилган.

Иманжановнинг айтишича, 8 декабрь куни фаоллар полиция департаменти биносига боришиб, Мубараковга озиқ-овқат киритишмоқчи бўлганлар, бироқ бу ишни амалга оширолмаганлар.

“Қабулхонада бизга унинг очлик қилаётгани ва биз олиб келган озиқ-овқатлар “қабул қилиниши эҳтимоли кам”лигини айтишди. Биз “ҳеч бўлмаганда, идишдаги сувни киритсак бўладими?” деб сўрадик, бироқ бизга унинг сув ичишдан ҳам бош тортаётганини айтишди”, деган фаол.

Олмаота шаҳар полиция департаменти ходими 9 декабрь тонгида Озодликнинг қозоқ хизматига Айдар Мубараков очлик эълон қилгани ва ҳеч нарса тановул қилмаётганини тасдиқлаган. Полициячига кўра, Мубараков 6 декабрдан бери очлик қиляпти. “Сув ичяпти. Аҳволи барқарор”, деган полиция департаменти вакили.

Фаолнинг қандай талабларни олға сураётгани ҳозирча маълум эмас.

Жорий йилнинг 5 декабрь куни Олмаотадаги маъмурий суд Айдар Мубараковни тинч йиғилиш ўтказиш тартибини бузганликда айблаб, унга нисбатан 15 суткалик қамоқ жазоси тайин қилган. Суд ҳукмига мувофиқ, унга 27 ноябрь куни Олмаотадаги Фанлар академияси биноси олдида ўтказилган “ноқонуний митинг”да иштирок этганлик айби қўйилган.

Маҳаллий ҳуқуқбонлардан олинган маълумотларга кўра, Қозоғистонда Мустақиллик куни (16 декабрь) ва Жанаўзен воқеаларининг 10 йиллиги арафасида мамлакатнинг турли минтақаларидаги фаоллар полиция таъқибига дучор бўлишмоқда. 7 декабрь куни Чимкентда суд 39 ёшли маҳаллий фаол Ерлан Файзуллаевни тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузганлик айблови билан 15 суткага ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Байден АҚШ қўшинлари Украина мудофааси учун йўлланмаслигини билдирди

АҚШ президенти Жо Байден

Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, у ёққа АҚШ қўшинларини йўллаш эҳтимоли кўриб чиқилаётгани йўқ, чунки Украина НАТОга аъзо мамлакат бўлиб ҳисобланмайди, дея билдирди АҚШ президенти Жо Байден 8 декабрь куни Оқ уйда журналистлар саволларига жавоб бераркан.

Байден ўз чиқишида 7 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган икки соатлик видеомулоқот ҳақида ҳам тўхталди. АҚШ президентига кўра, у Путинга, агар Россия Украинага қарши ҳарбий амалиёт бошлагудек бўлса, Москва аввалда кузатилмаган иқтисодий оқибатлар билан тўқнашишини уқтирган. Байден Россия президенти унинг муждасини қабул қилганига ишончи комил эканини урғулади.

Жо Байден билан мулоқот ҳақида чоршанба куни Владимир Путин ҳам ўз мулоҳазаларини баён этган. У Москва Украинанинг НАТОга қабул қилиниши эҳтимолидан ташвишда эканини эслатган.

Вашингтон, унинг НАТОдаги иттифоқчилари ва Украина расмийлари сўнгги ҳафталарда Россия Украина чегараси яқинига ўзининг икки минг чоғли ҳарбийсини ташлаганига оид маълумотлардан хавотирланмоқдалар. Москва Украинага бостириб киришга ҳозирланаётганинига оид тахминларни қатъиян рад этиб келяпти.

Қозоғистон 2022 йилда Қирғизистонга мингта автобус етказиб беради

Бишкек кўчалари бўйлаб қатнаётган Yutong русумли автобуслардан бири

Қозоғистон кейинги йилда Қирғизистонга Yutong русумли 1000 дона автобус етказиб беради. Бунга оид меморандум 8 декабрь куни Қирғизистон ҳукумат делегациясининг Нур-Султон шаҳрига сафари чоғида имзоланди, дея маълумот тарқатган Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.

Имзоланган ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон Қозоғистондан электр, газ ва дизель ёқилғисида ҳаракатланувчи мингта автобус ва 100 дона махсус техника сотиб олади. Лизинг шартлари асосида сотиб олинаётган автобусларнинг параметрлари, қиймати ҳамда пулни тўлаш муддати очиқланган эмас.

Жорий йилда Бишкек мэрияси 350 дона автобус етказиб бериш бўйича “Эко Пассажирские перевозки” МЧЖ билан шартнома тузган эди. Мазкур фирма Ўзбекистонда йиғилган ISUZU автобусларини олиб келиш билан шуғулланади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ISUZU автобуслари шу йилнинг июнь ойидан эътиборан Бишкек кўчалари бўйлаб қатнай бошлаган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Қирғизистон пойтахтида йўловчиларга 130 та троллейбус ва 82 та муниципал автобус хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтд мэрия вакиллари Бишкекда жамоат транспорти муаммосини ҳал қилиш учун камида 1500 та автобус кераклигини билдирганлар.

Тожикистон: Сўғд вилоятида эмланмаган кишиларнинг тўйга келиши тақиқланди

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлмаган маҳаллий аҳоли вакилларига эндиликда тўй-маърака ва бошқа тадбирларга бориш ман қилинади. Бунга оид қарор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг санитария-эпидемиология станцияси (СЭС) томонидан қабул қилинган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, тўйга келган меҳмонларда эмлов сертификати бор-йўқлигини СЭС вакиллари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда текширади.

Сўғд вилояти СЭС раҳбарининг ўринбосари Мажнун Ориповга кўра, ташрифчиларда бундай сертификат бор-йўқлигини текшириш зарурати ҳақида ресторанлар эгалари ҳам огоҳлантирилган.

Тожикистон парламенти Россия билан ҳамкорликда ҳаводан мудофаа битими лойиҳасини тасдиқлади

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзонинг Москвадаги учрашуви. 2016 йилнинг 30 ноябри.

Тожикистон парламенти 8 декабрь Россия билан ҳамкорликда ҳаводан мудофаа умумий тизимини ташкил этиш тўғрисидаги битим лойиҳасини тасдиқлади. Мазкур лойиҳа парламентга Тожикистон Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган эди.

Мудофаа вазири Шерали Мирзо парламентда қилган чиқишида, мазкур битим “турли террорчи ва экстремистик гуруҳлар учувчисиз бошқариладиган учувчи аппаратлардан фаол фойдаланётган бир пайтда Тожикистон хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этади”, деб айтди.

2021 йилнинг май ойида Россия ҳукумати Тожикистон билан умумий ҳаводан мудофаа тизимини шакллантириш лойиҳасини қабул қилган эди. Шундан сўнг президент Владимир Путин ҳукуматга Тожикистон билан тегишли битимни имзолаш тўғрисида кўрсатма берган.

Айрим экспертлар мазкур битим ортидан Душанбе Москвага ўз ҳаво ҳудудини назорат қилиш ҳуқуқини бериб қўйишидан ҳавотир билдирмоқда. Экспертларнинг яна бир гуруҳи эса бу битимни қўллаб-қувватламоқда.

Аҳолини рўйхатга олиш натижалари: Қозоғистон аҳолиси 19 миллион кишидан ошди

Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига қараганда Қозоғистон фуқаролари сони 19 миллион 169 минг 550 кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда 8 декабрь куни Бош вазир Асқар Мамин президент Қосим-Жомарт Тоқаевга ахборот берди.

Қозоғистонда илк маротаба аҳолини рўйхатга олиш миллий тадбири 2009 йилда ўтган ва ўшанда аҳоли сони 16 миллонга етгани билдирилган эди. Аҳолини рўйхатга олиш бўйича навбатдаги тадбир 2021 йилнинг 1 сентябридан 30 октябригача бўлиб ўтди.

Расман билдирилишича, Қозоғистон аҳолисининг 51,8 фоизини аёллар ва 48,2 фоизини эркаклар ташкил қилди.

Аҳолининг 33,97 фоизи 17 ёшгача бўлган болалар, 19,72 фоизи 14-28 ёш атрофидаги фуқаролардир.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 11 миллион 320 мин 410 киши ёки 59.05 фоиз. Аҳолининг 70,18 фоизи қозоқ миллатига мансуб.

Австралия АҚШнинг Пекинда ўтадиган Қишки Олимпиадани дипломатик байкот қилиш ташаббусига қўшилди

Австралия Бош вазири Скотт Моррисон.

Австралия Бош вазири Скотт Моррисон ўз мамлакати АҚШнинг Пекинда ўтадиган Қишки Олимпиадани дипломатик байкот қилиш ташаббусига қўшилганини билдирди.

Моррисоннинг 8 декабрда журналистларга билдиришича, Хитой Австралия билан муносабатларда юзага келган қатор муаммоларни, жумладан, Шинжон-Уйғур минтақасида инсон ҳуқуқлари бузилишини бартараф этишни истамаяпти. Бу эса Хитойнинг Австралия билан икки томонлама муносабатларида кескинликни пайдо қилмоқда.

“Шунинг учун ҳам Австралия ҳукумати расмийлари Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Хитойга бормайди, аммо австралиялик спортчилар ўйинларда қатнашади”,-деди Бош вазир.

Хитой томони эса Австралияни муносабатларни яхшилаш учун дипломатик қадамларни ташлашга чақирди.

7 декабрь куни Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШ Хитойдаги Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилгани тўғрисида билдирган эди. Мулозима, бойкотга қарамай, америкалик спортчилар Олимпиадада иштирок этишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

“ХХР томонидан Шинжонда геноцид ўтказилаётгани ва бошқа инсон ҳақлари бузилаётганини эътиборга олган ҳолда, Байден маъмурияти 2022 йилдаги Пекин қишки Олимпиадаси ва Паралимпиадасига дипломатик ёки расмий делегацияни жўнатмайди”, - деган Жен Псаки брифингда.

Пекиндаги Қишки Олимпиада 2022 йилнинг 4 февралидан 20 февралигача бўлиб ўтиши режаланган. АҚШ сўнгги бор 1980 йили Москвада ўтказилган Олимпия ўйинларига тўла бойкот эълон қилган эди.

Коронавирус бўйича экспертлар Omicron штамми унча хавфли эмаслигини айтмоқда

Omicron штаммининг кўриниши.

Дастлабки тадқиқотлар коронавируснинг Omicron штамми тез тарқалишини, аммо у коронавируснинг бошқа штаммларига нисбатан хавфсизроқ эканини кўрсатди. Бу ҳақда АҚШ ҳукуматининг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи 7 декабрь куни маълум қилди.

Оқ Уйда ўтган брифингда Фаучи Omicron штамми оқибатларини тўлиқ ўрганиш учун бир неча ҳафта вақт керак бўлишини айтди. Унга кўра, кейинги ҳафтада коронавирусга қарши амалдаги вакциналарнинг мазкур штаммга таъсири юзасидан ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинади.

Кейинги бир неча ҳафта ичида Оmicron штаммига чалинганлар сони Delta штаммига чалинганлар сонидан ўтиб кетиши кутилмоқда.

Айни пайтда Ҳарвард университети тадқиқотчиси Стивен Кисслер Оmicron штамми бошқа штаммларга қараганда хавфсиз экани тўғрисида оптимистик баёнотлар қилишга ҳали эрта деб ҳисоблайди.

Олаф Шольц Германия канцлери лавозимини бажаришга киришмоқда

Олаф Шольц раҳбарлигидаги социал-демократлар партияси сайловда кўпчилик овозни олган эди.

Олаф Шольц 8 декабрь куни Ангела Меркель ўрнига Германия канцлери лавозимини бажаришга киришиши кутилмоқда.

63 ёшли Шольц Бундестаг томонидан расман кейинги 4 йилга канцлер лавозимига сайланди ва президент Франк-Вальтер Штайнмайер томонидан қасамёдга келтирилди.

Молия вазири ва Меркель ҳукуматида вице-канцлер бўлган Олаф Шольц раҳбарлигидаги социал -демократлар партияси 26 сентябрда Бундестагга бўлиб ўтган сайловда кўпчилик овозни олган эди. Бу билан Меркелнинг христиан-демократлар партияси сўнгги 16 йилда биринчи марта парламентда озчилик ўринга эга бўлди.

Қаторасига тўрт муддат канцлер бўлган 67 ёшли Ангела Меркель эса сиёсатдан кетишини эълон қилди.

Янги ҳукумат яшил иқтисодиётга ўтишни ва рақамлаштиришни тезлаштиришга, аҳолини арзон-уй жой билан таъминлашга, ойлик иш ҳақининг энг кам миқдорини кўпайтиришга ва марихуанани легаллаштиришга ваъда бермоқда.

Сауле Умарова АҚШ Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи лавозимига номзод бўлишдан воз кечди

Сауле Умарова

Президент Жо Байден томонидан АҚШ Молия вазирлиги валюта назорати бошқармаси бошлиғи лавозимига номзод ўлароқ тавсия этилган асли қозоғистонлик Сауле Умарова ўз номзодини қайтариб олди.

Оқ уй хабарномасига кўра, Умарова айрим республикачи сенаторлар унинг номзодига шубҳа билдиргани ва “коммунист аёл” деб атагани, шунингдек демократлар унинг банк ислоҳотига доир позициясидан хавфсирагани ортидан шундай қарорга келган.

Сенатда ўтган ойда бўлиб ўтган муҳокамаларда Республикачилар партияси вакиллари Умаровага унинг болалиги ва ёшлиги, чунончи комсомолга аъзо бўлгани ҳақида саволлар беришган.

Хусусан, сенатор Пэт Туми Умаровадан МДУда ўқиган йиллари ва Карл Маркс ҳақида ёзган илмий мақолалари билан қизиққан. Яна бир республикачи сенатор Жон Кеннеди эса “Билмадим, сизни профессор деб аташ керакми ёки ўртоқ дебми?” дея кесатган.

Сенатдаги демократлар, аксинча, Умаровани ҳимоя қилишга уринганлар ва унга нисбатан ҳужумларни АҚШда Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кузатилган “коммунизм ваҳимаси” даврига қиёслаганлар.

Оқ уй номзоди ўз изоҳида коммунист эмаслиги, ушбу мафкурани ёқламаслиги ва “таваллуд жойини танлаш имконига эга бўлмаган”ини таъкидлаган.

Сауле Умарова Қозоғистон ССР ҳудудида туғилган ва 1991 йилда АҚШга кўчиб кетган, кейинроқ бу мамлакат фуқаролигини олган.

Қозоғистонда давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев 7 декабрь куни “Қозоғистон мустақиллигига 30 йил тўлиши муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ушбу қонун ижтимоий оғирлиги катта бўлмаган ва ўртача жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтаётганларни муддатидан олдин озод этишни, шунингдек айрим оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича қамоқнинг ўталмаган муддатини қисқартиришни назарда тутади.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, асосий эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар – фуқаролар ва давлат хавфсизлигига жиддий таҳдид солмайдиган ветеранлар, вояга етмаганлар, кексалар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига қаратилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, амнистияга 14 мингдан ортиқ одам тушади. Қамоқхоналардан мингга яқин киши озод этилади, 3.8 минг одам пробация хизмати ҳисобидан ўчирилади. Шунингдек, тахминан 9 минг маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилиши ва судгача иш юритувда бўлган 5 мингга яқин жиноят иши амнистияга кўра тугатилиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Қозоғистондаги 64 та колония ва 16 та тергов ҳибсхонасида 34 мингдан ортиқ одам сақланмоқда. ИИВ статистикасига мувофиқ, 93 фоиз маҳкум оғир ва ўта оғир жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтамоқда, улардан қарийб 45 фоизи муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, 32 мингдан ортиқ киши пробация хизмати рўйхатида туради.

Путин ва Байденнинг видеоалоқа орқали суҳбати икки соат давом этди

Жо Байден (ч) ва Владимир Путин (ў) видеоалоқа орқали 7 декабрь куни ўтказилган музокаралар чоғида (коллаж)

АҚШ ва Россия президентлари Жо Байден ва Владимир Путин жорий йилнинг 7 декабрь куни видеоалоқа орқали музокара олиб боришди.

Суҳбат Тошкент вақти билан 20.00 ларга яқин бошланиб, маълум қилинишича, 2 соату 5 дақиқа давом этган. Мулоқот матбуот учун ёпиқ режимда бўлиб ўтган.

Музокаралар якуни бўйича қўшма баёнотлар берилмаган. Суҳбат тугаганидан сўнг тахминан бир соат ўтиб, Оқ уй сайтида қисқа хабарнома пайдо бўлган.

Унда Байден ва Путин Россия-Америка муносабатларига доир кўплаб масалаларни муҳокама қилишгани айтилган. Хусусан, Байден Россиянинг Украина чегараларида ҳарбий қудратини ошираётгани АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчиларини чуқур хавотирга солаётганини билдириб, ҳарбий эскалация бўлган тақдирда иқтисодий ва бошқа чоралар билан жавоб берилишини англатган.

АҚШ президенти Украина северенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашини урғулаб, дипломатик музокараларга қайтишга чақирган. Хабарномага кўра, президентлар ўз жамоаларига ушбу масалани ўрганишда давом этишга кўрсатма беришган. Томонлар стратегик барқарорлик, киберхавфсизлик ва Эронга оид масалаларни ҳам муҳокама қилганлар.

Россия президенти сайтидаги хабарномада музокараларнинг асосий мавзуси Украина бўлгани тасдиқланган, аммо Россия талқинига кўра, гап “Украина ичидаги инқироз” ва “Минск келишувларини бажаришда олдинга силжиш йўқлиги” ҳақида борган. Маълум қилинишича, Путин Украина расмийларини “Донбассга қарши фитна қўзғаш”да айблаган.

Кремль стенограммасида Жо Байден Россияга, агар у “вазиятни кескинлаштиришда давом этгудек бўлса”, янги санкциялар билан таҳдид қилгани тасдиқланган. Путин эса ўз навбатида Россия “НАТОнинг шарққа томон кенгайиши ва Россияга туташ давлатларда зарба берувчи ҳужум қуролларини жойлаштиришини истисно этувчи” кафолатлардан манфаатдорлигини билдирган.

Телекўприк илк бор ҳимояланган видеоалоқа линияси ёрдамида ташкил қилинган. Мулоқот чоғида Путин – Сочида, Байден эса Оқ уйдаги ситуацион хонада бўлган.

Bloomberg агентлиги хабарига кўра, Байден Россия раҳбари билан музокаралар якунларини Европадаги иттифоқчилари билан муҳокама қилмоқчи.

Москвада ниқоб можароси ортидан отилган ўқдан икки киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат

Москва жанубидаги “Рязанский” кўп тармоқли марказида номаълум шахс ўқотар қуролни ишга солди. Дастлабки маълумотларга кўра, икки киши – марказ маъмури ва қўриқчи ҳалок бўлган. Бу ҳақда "112" телеграм-канали хабар қилди. Маълумотни Москва мэри Сергей Собянин тасдиқлади.

Ўқ отилиши натижасида ёш бола дохил уч киши жабрланган. Ҳозир улар касалхонада муолажа олмоқда. Ҳодиса юзасидан қотиллик ва ноқонуний қурол сақлаш бўйича жиноят иши очилган.

РБКнинг полициядаги манбаси ўқ отган кишининг исми Сергей Глазов эканини маълум қилган. Readovka телеграм-канали унинг собиқ ҳарбий разведкачи эканини ёзган. Иддаоларга кўра, Глазов марказга гўё носоғ ҳолда келиб, ниқоб тақиш талабини рад этиб, жанжал кўтарган.

Унинг ёнида жанговар ўқ отиш қуролига айлантирилган травматик тўппонча ва ичига симлар солинган халта бўлган. "112" канали қўлга олинган шахс жиноятни нима сабабдан амалга оширганини очиқламаётгани, бироқ терговчиларга пандемия ва фитна назарияси ҳақида гапираётгани ҳақида хабар қилган.

Москва мэри Сергей Собянин ва Россия президенти Владимир Путин можаро чоғида метронинг янги станцияларида поезд ҳаракатининг тантанали очилиш маросимида иштирок этаётган бўлганлар. Бироқ фожиа ортидан мазкур тадбир бекор қилинмай, давом эттирилаверган.

Францияда журналист Жамол Ҳашогги ўлимида гумонланаётган шахс ҳибсга олинди

Саудиялик диссидент ва журналист Жамол Ҳашоггининг Лондондаги анжуманда қилган чиқишидан лавҳа, 2018 йил 29 сентябри

Францияда саудиялик журналист Жамол Ҳашогги ўлимига алоқадорликда гумонланган шахс ҳибсга олинди. Холид Айёд ал-Утайбий, Франция нашрлари хабарларига кўра, 7 декабрь куни Париждаги “Шарль-де-Голль” аэропортида қўлга олинган. У журналист ўлимига оид иш бўйича Туркия томонидан қидирувга берилган 26 нафар саудияликнинг бири бўлиб ҳисобланади, дея хабар қилди Би-би-си.

Саудия қироллик гвардияси хизматчиси бўлган 33 ёшли ал-Утайбий Францияга ўз номига берилган ҳужжат билан келган ва қўлга олинганидан кейин ҳибсхонага жойлаштирилган.

Саудия Арабистони ҳукумати танқидчиси Жамол Ҳашогги 2018 йил октябрида ўз мамлакатининг Истанбулдаги консуллиги биносида ўлдирилган эди.

Қироллик расмийлари Washington Post газетаси собиқ шарҳловчиси Ҳашогги уни ватанга қайтишга ишонтириши лозим бўлган агентлар гуруҳи томонидан ўтказилмиш “манфур амалиёт” қурбонига айланганини билдиришган.

Туркия расмий манбалари эса агентлар Ар-Риёддаги энг юқори мақомли шахслар томонидан берилган буйруқ асосида ҳаракатланганларини таъкидлаб келишади.

Қирғизистон: МСК парламент сайловининг якуний натижаларини эълон қилди

Бишкекдаги участка сайлов комиссияларидан бирининг вакиллари, 2021 йил 28 ноябри

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси ахборот-сайлов тизимида (АСТ) 7 декабрь куни овозларни қўлда санаш якуний натижалари эълон қилинди.

Сайлов варақалари 100 фоиз санаб бўлинганидан сўнг 5 фоизлик сайлов тўсиғидан олти партия ўтган, булар “Ата-Журт Қирғизстан” (17,3%), “Ишеним” (13,63%), “Интимақ” (10,99%), “Альянс” (8,34%), “Бутун Қирғизстан” (7,04%) ҳамда “Ийман Нуру” (6,15%) партияларидир.

Ўттиз олтита бир мандатли округдан 34 нафар номзод сайланган. Икки сайлов участкасида “барча номзодларга қарши” овозлар устунлик қилган, эндиликда ушбу участкаларда қайта сайлов ўтказилади.

Қирғизистонда парламент сайлови шу йилнинг 28 ноябрь куни бўлиб ўтган. Унда сайловчилар нафақат партияларга, балки унинг рўйхатидаги муайян номзодга ҳам овоз бериши мумкин бўлган. Жўғўрқу Кенешнинг 90 бўлғуси депутатидан 54 нафари шу тариқа сайланган, қолган 36 депутат мамлакатнинг бир мандатли округларини тамсил этади.

Мухолифат партиялари овоз бериш натижалари сохталаштирилганини таъкидламоқда. Сайлов куни овозларни автомат тартибда санаш тизимида носозлик чиқиши, сайт қайта ишга тушганидан сўнг эса мухолифат партиялар тўплаган овозлар сони кескин камайиб қолиши сайловнинг холислигини шубҳа остида қолдирмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG