Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:55

Туркия Россиянинг огоҳлантиришига қарамай, Ливияга қўшин жўнатмоқчи


Туркия президенти Рaжаб Тоййиб Эрдўғон (ўнгда) Триполидаги Миллий ярашув ҳукумати бошлиғи Фаёз ас-Сарроф билан учрашди, Истанбул, 15 декабрь.
Туркия президенти Рaжаб Тоййиб Эрдўғон (ўнгда) Триполидаги Миллий ярашув ҳукумати бошлиғи Фаёз ас-Сарроф билан учрашди, Истанбул, 15 декабрь.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон расмий Триполининг илтимосига кўра, 2020 йил январида Ливияга қўшин жўнатишини маълум қилди. Туркия қўшинлари ушбу мамлакатда Кремлга боғлиқ ёлланма аскарларга рўпара келиши мумкин.

Триполи ҳукумати вакили 26 декабрда маълум қилишича, Анқарага Туркия ҳаводан, ердан ва денгиздан кўмак бериш сўралган расмий илтимоснома юборилган.

Ливиянинг БМТ тан олган Миллий ярашув ҳукумати (МЯҲ) пойтахт Триполида назоратни сақлаб қолиш учун мамлакат шарқида жойлашган генерал Халифа Ҳафтарнинг Ливия миллий армиясига қарши курашмоқда. Хабарларга кўра, уни Россия, Хитой, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания дастаклаб турибди.

2011 йили НАТО кўмагидаги қўзғолон вақтида диктатор Муаммар Қаддофий ағдариб ташлангандан сўнг мамлакатда бошбошдоқлик вужудга келган, сўнгра 2016 йили БМТ воситачилигида МЯҲ ташкил этилган эди.

Москва Туркияни Ливияга қўшин жойлаштирмасликка қатъий даъват қилди. Лекин Эрдўғон Россия танқидини рад этди ҳамда Туркия Ҳафтарни қўллаб-қувватлаётган Кремлга алоқадор “Вагнер” ҳусусий ҳарбий компанияси ёлланма аскарлари хатти-ҳаракатларини жим кузатиб тура олмаслигини билдирди.

Кремль ҳалигача “Вагнер” компаниясининг Ливияда борлигини ҳам, унинг жангариларини қўллаб-қувватлаётганини ҳам тасдиқлагани йўқ.

− У ерда Россиянинг 2000 нафар “Вагнер” жангчиси бор, − деди Эрдўғон. Айтишича, Ливияда яна Суданнинг 5000 аскари бор.

− Уларни расмий ҳукумат таклиф қиляптими? Йўқ, − деди Эрдўғон. – Улар барчаси ҳарбий барон Ҳафтарга ёрдамлашяпти. Биз эса мамлакат қонуний ҳукуматининг таклифини қабул қиляпмиз. Бунинг фарқи бор.

Ҳафтар қўшинлари вакилидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Ҳафтарнинг жангчилари марказий Триполига ҳали етиб келмади, бироқ рус ва суданлик қўшинлар ёрдамида аста-секин пойтахтнинг жанубий чеккалари томон сурилиб бормоқда, дейди дипломатлар.

Айни чоқда Оқ Уй 26 декабрда президент Дональд Трамп Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан телефон орқали гаплашганини, иккала раҳбар Ливияга “чет мамлакатлар бостириб киришини рад этгани”ни маълум қилди, бироқ қайси чет эл қўшинлари ҳақида гап кетаётганини очиқламади.

“Раҳбарлар... томонлар ливияликлар назоратни чет эллик ўйинчиларга бериб қўйишидан олдин можарони ҳал этиш учун шошилинч қадамлар қўйиш шарт экани хусусида якдил эканини айтди”, дейилади Оқ уй баёнотида.

Туркиянинг собиқ дипломати ва Иқтисодиёт ва ташқи сиёсат тадқиқотлари маркази раиси Синан Улгеннинг “Рейтер”га билдиришича, Россиянинг ёлланма аскарлари МЯҲга қаттиқ босим ўтказган ҳамда “Триполи билан Анқара ўртасидаги ушбу келишувни тезлаштирган”.

‒ Шунинг учун қўшинлар зудлик билан жойлаштирилиши керак, бироқ Туркиянинг ҳарбий ўйинга тортилиш хавфи бор, бунақа ҳолатда бирдан-бир йўл фаол қатнашиш ва уни кучайтиришдир, ‒ деди у.

XS
SM
MD
LG