Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 12:06

Туркманистон: Йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган ҳарбийлар сони 30 дан ошди


Туркманистон ҳарбийлари - иллюстратив фото

Озодлик радиоси туркман хизматига 18 нафар ҳарбий хизматчининг ўлимига доир баъзи тафсилотлар маълум бўлди. Озодлик маълумотига кўра, кўп сонли аскар ва зобитларнинг ҳалокатига, марҳумларнинг қариндошларига айтилганидек, йирик йўл-транспорт ҳодисаси сабаб бўлган.

Шунингдек, Озодлик мухбирлари ва манбалар қурбонлар сони 30 дан ошиб кетганини хабар қилишди.

Ҳарбийлар колоннаси 10 та “Камаз” юк машинасида, мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилажак байрам парадига ҳозирлик кўриш учун Бекревин гарнизонига кетаётган бўлган.

Озодликнинг Туркманистон мудофаа вазирлигига яқин манбаларига кўра, ЙТҲда ҳалок бўлганлар сони айни пайтда 30 кишидан ошган.

Йирик ЙТҲ 18 июль куни кундузи, ҳарбийлар Қурбон ҳайити муносабати билан “Халқ хотираси” ёдгорлик мажмуаси ёнида ўтказилган қурбонлик маросимида иштирок этиб, қайтаётган пайтда Бекревин проспектида юз берган.

“Ўша куни (18 июлда) мудофаа вазирлиги раҳбарияти Қурбон ҳайити муносабати билан мустақиллик байрамига тайёргарлик доирасида ҳарбийлар маршида қатнашаётган аскарларга дастурхон ёзишга қарор қилди. Тадбирни “Халқ хотираси” мажмуасида ташкил қилишди, у ерда зиёфатлар учун каттагина зал бор. Аскарлар тушлик қилгач, соат иккиларга яқин 10 та “Камаз”дан иборат колонна қайтиш учун йўлга тушди.

Ёдгорлик мажмуаси жойлашган тепаликдан эниш чоғида саккизинчи машина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотди, чамаси, тормоз ишламай қолган. Машина катта тезликда олға юриб, олдинда ҳаракатланаётган “Камаз”га урилди ва уни йўл четига суриб борди, ўзи эса бир неча марта ағдарилди. Жабрланганлар иккала машинада ҳам бор эди, чунки иккала “Камаз” ҳам ағдарилиб кетганди. Аммо энг кўп қурбон саккизинчи машинада бўлди”, деб ҳикоя қилади мудофаа вазирлигига яқин манбамиз.

Бу маълумотни бошқа манбамиз ҳам тасдиқлаб, 30 дан зиёд одам ўлганини ва яна 20 дан ортиқ аскар жиддий жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини билдирди.

Озодлик туркман хизматининг Ашхободдаги мухбирлари қайд этишича, “Халқ хотираси” ёдгорлик мажмуаси Копетдоғ тоғи этагидаги баландлиги 100 метрга яқин тепалик устида жойлашган. Уларга кўра, Бекревин проспекти ҳануз ҳаракат учун ёпиқ бўлиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мухбирларимиздан бири воқеа шоҳиди билан сўзлашишга муваффақ бўлди. Унинг айтишича, фалокатдан сўнг йўлда худди “бомба портлаганидан кейинги манзара” вужудга келган.

“Ҳамма ёқда жасадлар ва “Камаз” бўлаклари. Бошқа машиналардан аскарлар югуриб келишди, лекин улар ҳам эсанкираб қолгани кўриниб турарди. Бошлиқлар воқеа жойини қуршаб олишга буйруқ беришди. Ҳамма ёқ қон эди. Шу атрофда тез тиббий ёрдам станцияси бор, бир нечта машина тезда етиб келди. 20 дақиқаларда ўт ўчирувчилар ҳам етиб келиб, асфалтдаги қонларни ювиб ташлашга киришди”, дея ҳикоя қилади у.

Мухбирларимиз ва манбаларимиз маълумотига кўра, тўқнашув Бекревин ва Гўрўғли проспектлари кесишувидан бир чақиримча нарида содир бўлган.

Майитлар шошилинч равишда олиб кетилган. Манбаларимиздан бири аксари жасадлар таниб бўлмас ҳолга келганини айтмоқда.

“Шу боис жасадларни қариндошларига ёпиқ тобутларда беришга ва очмасдан кўмишга қарор қилинди”, дейди манба.

Озодликнинг ЙТҲ бўйича қўшимча маълумот олиш учун мудофаа ҳамда ички ишлар вазирлиги билан боғланишга қайта-қайта уринишлари натижа бермади.

Озодлик радиоси 20 июль куни қурбонлардан олти нафарининг жасади 18 июль куни кечқурун Лебап вилоятига етказилгани, шунингдек, қариндошларга тобутларни очишга рухсат берилмагани ҳақида хабар ёйинлаган эди. Манбаларимиз Ашхобод остонасида ЙТҲ юз бергани ҳақидаги расмий изоҳга шубҳа билан қараган эди.

Туркманистон мудофаа вазирлигига яқин манбаларимизга кўра, қурбонлардан уч нафари зобитлар (бир майор, бир капитан ва бир катта лейтенант) бўлган.

Шунингдек, манбаларимиз айтишича, президент Гурбангули Бердимуҳамедовга ҳозирча 12 киши қурбон бўлгани маълум қилинган. Президент душанба куни Тошҳовуз вилоятига жўнаши керак бўлган, лекин ЙТҲ ҳақида хабар топгач сафарини қолдирган.

“Қурбонлар сони 30 дан ошиб кетгач, бу ҳақда президентга қандай маълумот беришни била олмай мудофаа вазирлиги раҳбариятининг боши қотган. Гундуғдиев (вазир) бунақа янгилик билан президент ҳузурига киришга қўрқади. Вазирлик раҳбарларидан кўпининг калласи учса керак ҳали”, мулоҳаза қилади вазирликка яқин манбамиз.

Бу аскарлар ёппасига ҳалок бўлган биринчи йўл фалокати эмас. Хусусан, ўтган йилнинг сентябрь ойида Марв вилоятида юз берган ЙТҲда камида беш нафар, мустақил матбуот маълумотига кўра эса, 11 нафар аскар нобуд бўлган эди. Ўшанда аскарлар ортиқча юк ортилган машинада писта теримига кетаётган бўлган.

Туркманистонда ҳокимият одамлар ўлимига олиб келган бахтсиз ҳодисалар ва табиий офатлар юзасидан ҳеч қачон изоҳ бермайди, президент ва унинг ҳукумати эса ўз фуқароларининг ўлими муносабати билан сира ҳамдардлик билдирмайди.

Аммо президент Бердимуҳамедов бошқа давлатларда шунақа фожиалар юз берганида уларнинг ҳукуматларига ҳамдардлик билдиришни канда қилмайди.

XS
SM
MD
LG