Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:57

Турк Навальнийси ва “султон” ғазаби. Эрдўғон Ғарбни кечирим сўрашга мажбур қилди


Усмон Кавала Истанбулдаги анжуманда - 15 октябрь, 2021
Усмон Кавала Истанбулдаги анжуманда - 15 октябрь, 2021

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўн мамлакатнинг Анқарадаги дипломатик ваколатхоналари бошлиқларини, жумладан, НАТОдаги АҚШ дохил етти иттифоқчи давлат элчиларини “исталмаган шахс”лар деб эълон қилишга қарор бериб, иқтидордаги йигирма йиллик даври мобайнида Туркия билан Ғарб ўртасидаги энг катта можаро оловини ёқди.

Жанжал сабаби – Ғарб мамлакатларининг кўпдан бери қамоқда ўтирган машҳур турк сиёсий фаоли, ҳуқуқбон ва филантроп Усмон Кавалани ҳимоя қилишга уринганидир. Аммо ғарблик элчиларнинг ташаббуси, юмшоқ қилиб айтганда, муваффақиятсизликка учради – тез орада барчаси бирма-бир узр сўрашди, Эрдўғон эса уларни кечирди.

“Бу элчилар бизнинг ҳузуримизга келиб буйруқ бера бошлашди! Нечук ҳаддингиз сиғди? Сиз ўзи кимсиз? Мен ташқи ишлар вазиримиз Мавлуд Човушўғлига зарур кўрсатмаларни бериб, нима қилиш зарурлигини айтдим: бу 10 киши зудлик билан "исталмаган шахс" деб эълон қилинсин. Улар ҳали Туркияни яхши билиб олишади! Билмасалар, ўша куниёқ мамлакатдан кетадилар!” – Эрдўғон 24 октябрь куни Эскишеҳирдаги митингда, минглаб тарафдорларининг маъқулловчи хитоблари остида шундай нутқ ирод этди.

Эрдўғон АҚШ, Германия, Франция, Нидерландия, Канада, Янги Зеландия, Дания, Норвегия, Финляндия ва Швеция элчиларини Туркиядан бадарға қилишга буйруқ берган эди. Расмий Анқара ушбу кескин қарорни мазкур дипломатлар давлат тўнтаришига уринганликда айбланган турк жамоат арбоби, ҳуқуқ ҳимоячиси, тадбиркор ва филантроп Усмон Кавалани қамоқдан озод қилишга чақиришгани билан изоҳлади.

Дипломатик жанжал манзарасида 25 октябрь, душанба куни турк лираси яна бир бор рекорд даражада қадрсизланди. Аммо Эрдўғон мақсадига етди – Канада, АҚШ ва бошқа мамлакатлар ўша куни‑ёқ унга нома йўллаб, “Туркия қонунларига ҳурмат бажо келтиришди”. Турк медиаси ёзишича, Эрдўғон бу баёнотларни “илтифот билан қабул қилган”. “Бундан кейин улар тилларига эҳтиёт бўлишади”, деган Туркия президенти. Шу билан можаро, афтидан, барҳам топди.

Усмон Кавала ким?

Усмон Кавала Туркияда аввало маданият ва санъатдан тортиб инсон ҳуқуқлари ҳимоясигача – турли йўналишларга ихтисослашган кўп сонли ноҳукумат ташкилотлари асосчиси ўлароқ танилган. У яна “Amnesty International” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг қўли очиқ ҳомийларидан бири бўлган, Туркияда Гёте институти, Швециянинг Истанбулдаги Бош консуллиги, Француз институти ва бошқа ташкилотлар ҳамда дипмиссиялар билан фаол ҳамкорлик қилган.

Қолаверса, Усмон Кавала Жорж Соросга оид халқаро грантлар тармоғининг Туркиядаги асосчиларидан бири эди – бу тармоқ 2018 йили ҳукумат босими остида ўз фаолиятини тўхтатди. 2020 йилда эса Кавала, қамоқда экан, инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги муваффақиятлари учун Грант Динк номидаги нуфузли халқаро мукофотга сазовор бўлди.

Эрдўғон Кавалани кўпдан бери, аниқроғи, Истанбулга ҳоким бўлган 90-йилларданоқ хушламаслигини айтадилар. 2003 йили у илк бор ҳукумат раиси бўлгач, Кавала борган сари жиддий муаммоларга дуч кела бошлади. У ўнлаб марта полиция ва махсус хизматлар томонидан тўхтатилди, ҳар турли айбловлар билан судга тортилди.

2013 йили, турк жамиятининг “султон” Эрдўғонга нисбатан норозилиги ўз чўққисига етганида, Усмон Кавала Истанбулдаги Гези боғи ўрнида бинолар қурилишига фаол қарши чиқа бошлади. Экологик акция ўлароқ туғилган халқ норозилиги ўша йилиёқ сиёсий ҳаракатга, полиция аралашуви ва зўравонликдан сўнг эса тартибсизликларга айланди. Эрдўғон ўшандаёқ Гези боғидаги митинг ташкилотчилари “террорчиларга алоқадор”лигини ва “Туркиянинг чет элдаги душманларидан” пул олишларини айтган эди. Аммо ҳукумат ўша пайтда Кавалани қамоққа олишга журъат этмади.

2017 йилда ҳукуматга қарши норозиликнинг янги тўлқини босилгач, Кавала унинг ташкилотчиларидан бири сифатида айбланиб, илк дафъа узоқ муддатга панжара ортига жўнатилди. Гарчи кейинроқ у барча айбловлар бўйича оқланган бўлса-да, қамоқдан барибир бўшатилмади – Эрдўғон қистови билан уни 2016 йил ёзда барбод бўлган ҳарбий путчга алоқадорликда айблаб, оғирроқ моддалар билан ҳукм қилишди.

Туркия ва дунё Эрдўғондан чарчадими?

2016 йил июлида Туркияда эълон қилинган (ва у ёки бу шаклда ҳануз давом этаётган) фавқулодда ҳолат президент Эрдўғонга кўплаб сиёсий фаоллар, ҳуқуқбонлар ва журналистларни қамоққа олиш, 100 дан зиёд мустақил ОАВларни ёпиш имконини берди. Шу йилнинг январь‑февраль ойларида Туркиянинг қатор шаҳарларида, асосан Истанбул ва Анқарада бўлиб ўтган ёшлар ва талабаларнинг янги оммавий митинглари ҳам полиция ва махсус хизматлар тарафидан куч билан бостирилди. Эрдўғон эса, намойишчиларни яна “террорчилар” деб атади, уларнинг фаолияти “хориждан, жумладан, Кавала сингари одамлар томонидан” бошқарилишини айтди.

Бу орада Туркияда оғир иқтисодий тушкунлик пишиб етила бошлади ва COVID-19 пандемияси манзарасида янада чуқурлашди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 35 фоиздан ортиқ қимматлади, инфляция даражаси эса қарийб 18 фоизга ортди – бу 2019 йил ёзидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Янги президент ва парламент сайловлари 2023 йилга белгиланган. Ижтимоий-иқтисодий муаммолар ортидан рейтинги муттасил тушаётган Эрдўғон иқтидорда қолишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган кўринади. Бунга у, жумладан, жамоатчиликни ташқи сиёсий масалалар билан чалғитиш учун жарангдор баёнотлар бериш орқали эришмоқчи.

Туркия президентининг Ғарб ва унинг қадриятларига муносабати кескин ёмонлашгани, хусусан, жорий йилнинг апрелида “софагейт” можаросида яққол намоён бўлди. Ўшанда Эрдўғон билан музокара ўтказиш учун Еврокенгаш раиси Шарль Мишель билан бирга Анқарага келган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга атайлаб курси қўйиб беришмади. Фон дер Ляйен журналистлар кўз ўнгида бироз каловланиб қолганидан сўнг эса, дипломатик қабул қоидаларига зид равишда уни Мишель ва Эрдўғондан четроққа, диванга таклиф қилишди.

Умуман, сўнгги бир неча йил ичида Ражаб Тоййиб Эрдўғон дунёнинг барча етакчи мамлакатлари ва шахсан – Владимир Путин, Дональд Трамп, Ангела Меркель ва ҳатто Си Цзиньпин билан жанжаллашиб чиқди.

Туркия президенти ўз ташқи сиёсатини нақадар идрок этади? Сиёсатчи-шарқшунос, Москвадаги Олий иқтисодиёт мактабининг сиёсий фанлар департаменти катта ўқитувчиси Леонид Исаев унинг хулқ-атвори хусусида шундай фикр билдирди:

– Сўнгги йилларда Эрдўғоннинг ўзига нисбатан ишончи анча ошди. Унинг ҳаракатлари тобора дадилроқ, қалтисроқ тус олмоқда. Шу билан бирга, у ўзига ва ўз қоидаларига содиқ қоляпти. Бугунги кунда кўплаб турклар учун у мамлакатнинг сўзсиз етакчисидир.

– Унинг феъл-атвори ташқи сиёсатда муваффақият келтиряпти, деса бўладими? Эрдўғон жанжалдан тап тортмайди – ҳатто АҚШ ва Евроиттифоқ, Россия ва НАТО билан ҳам жиқиллашади ва, қизиғи, кўпинча мақсадига етади ҳам. Ёки бундай эмасми?

– Менимча, у қўрқади ҳар қалай, лекин, шунга қарамай таваккал қила олади. Ютуқларига келсак, улар бирмунча нисбий. Лоақал Суриядаги сиёсатини олинг – очиқ муваффақиятсизлик-ку бу! Туркия иқтисодиёти Эрдўғоннинг ташқи сиёсатидан яхшигина зарар кўрмоқда. Мен бу сиёсатни ҳамиша қалтис ва муайян ҳолатларда ўзини оқлайдиган сиёсат, деб таърифлаган бўлардим.

– Охирги ўн йилни ҳисобга олганда, дунё Эрдўғоннинг феълидан чарчаб, Туркия учун ташқи сиёсатда жуда катта муаммолар пайдо бўладиган вазият юзага келиши мумкинми?

– Эрдўғон қўзғаган барча можаролар дунёнинг ундан сиз айтганчалик чарчаши учун етарли эмас. Туркиянинг геосиёсий ва стратегик жойлашувидан, дунёда унинг иштирокисиз битмайдиган бир талай муаммолар мавжудлигидан келиб чиқсак, мамлакат ташқи сиёсат майдонида яккаланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш маҳол. Бинобарин, нима бўлган тақдирда ҳам Анқара билан мулоқот қилишга ва келишишга тўғри келади. Эрдўғоннинг табиати бу ишни хийла қийинлаштиради, албатта. Ҳар ҳолда унинг қўлида кўплаб таъсир ўтказиш қуроллари мавжуд. Ражаб Тоййиб Эрдўғон – замонавий халқаро сиёсатнинг объектив воқелигидир, ёқадими, йўқми, дунё мамлакатлари у билан ҳисоблашишга мажбур.

XS
SM
MD
LG