Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2021, Тошкент вақти: 01:56

“Уйғур трибунали”. Лондон судида қозоқлар Хитой лагеридаги қийноқлар ҳақида сўзлаб беришди


Хитой. Уйғурлар.

“Уйғур трибунали” номини олган Лондондаги суд жараёнида қозоқ миллатига мансуб бир неча шинжонлик мусулмон Хитойнинг ерли халқларга қарши қатағон сиёсати ҳақида гувоҳлик берди. Улар суд комиссияси аъзолари қаршисида Хитойнинг шимоли-ғарбий вилоятидаги “сиёсий қайта тарбиялаш жамлоқлари”да тутқунликда кечирган кунларини ва тортган азобларини ёдга олишди.

Собиқ тутқунлар

Британия пойтахти суд идорасида Шинжоннинг асосан Ислом динига эътиқод қилувчи уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа туркийзабон туб халқларига нисбатан Хитойнинг камситиш сиёсатини кўриб чиқиш бўйича маҳкама жараёни давом этмоқда. 12 сентябрь куни суд эшитувларида бир неча этник қозоқ кўрсатув берди. Улар – “жамлоқ”лардан чиққандан сўнг Қозоғистонга кўчиб боришга муваффақ бўлиб, тез орада ушбу ёпиқ муассасаларда кечирган кунлари ва кўрган қийноқлари ҳақида сўзлаб берган хитойликлардир.

Бакитали Нур уни 2017 йилда қўлга олиб, кўп ўтмай “сиёсий тарбия жамлоғи”га жўнатишганини гапириб берди. Бакиталига “24 террорчи давлат рўйхатидаги мамлакатга борган”, деб айб қўйишган (ўша мамлакат Нурнинг тарихий ватани – Қозоғистон эди). Гувоҳнинг сўзларига кўра, Хитой полицияси унинг олти ойлик ҳомиласи бор хотинини боласини олдиришга мажбурлаган.

Экспертлар Нурнинг ёзма аризасида баён қилинган маълумотларга таяниб, унга ёпиқ муассасада у билан бирга сақланган уйғур миллатига мансуб ёш йигитга нисбатан қўлланган қийноқлар ҳақида саволлар беришди.

– Кунларнинг бирида у йигитни кечаси соат ўн икки яримда камерадан олиб чиқиб кетишди ва тўрт кундан сўнггина қайтаришди. Унинг қўллари шол бўлиб қолганди. Эртасига муассаса бошлиғи бўлмиш хитой мулозими менга: “Бакитали, бу йигитнинг иккала қўли ҳам ишламаяпти, уни ҳожатга олиб бориш ва овқатлантириш сенга юклатилади”, деди. Шу тариқа унга овқат едириб қўядиган, ҳожат қилишига ёрдамлашадиган бўлдим. Биз сақланадиган жой видеокузатув камералари билан назорат қилинарди, бир-биримиз билан гаплаша олмасдик. Фақатгина ҳожатхонада гаплашиш имкони бор эди. Йигитчага кўмаклашар эканман, ундан қаерга олиб боришганини сўрадим. У шундай жавоб берди: “Бир нотаниш жойга олиб бориб, икки қўлимдан осдилар. Тўрт кун шу кўйи сақладилар. Оёқларим ерга тегмасди, лекин тўрт кун ичида пайларим чўзилиб, оёғимга ерга тегадиган бўлди”. Сўнгра: “Бакитали, кўйлагимни бир оз кўтар”, деди у. Айтганини қилдим. Қарасам, бутун аъзои бадани электрошокер зарбаларидан моматалоқ бўлиб кетганди. “Шунақа хор бўлгандан кўра, ўлган яхши эмасми? Нима гуноҳ қилдимки, бу қадар азоб беришади”, деди у. Йигитнинг бор-йўқ айби – дўстлари билан “машраб”га (уйғурларда дўстлар ўтириши, гап-гаштак шундай аталади – Таҳр.) боргани экан. Уни қийноққа солишаркан, “айбингга иқрор бўл” ва “’террорчи’лар нима ҳақида гаплашишганини айтасан”, деб талаб қилганлар, – деди Бакитали Нур судда. Гувоҳлик бераркан, унинг кўзларидан ёш томчиларди.

Яна бир гувоҳ – “жамлоқ”да 125 кун бўлган Ўринбек Кўксебек уни озод этганларидан сўнг икки ой қамоғида сақлаганларини сўзлаб берди.

– Мени хитой тилини билмаганим ва Қозоғистон фуқароси бўлганим учун қамоққа ташладилар. Не азобларга гирифтор этганларини гапиришга тилим ожизлик қилади, – деди Ўринбек Кўксебек. Унинг айтишича, Қозоғистонга қайтиб келганидан сўнг аллақандай нотаниш одамлар унга таҳдид қилишган экан.

Кўксебек 2018 йилда Озодликнинг қозоқ хизматига берган интервьюсида Хитой “жамлоғи”да уни ҳафталаб кишанбанд сақлаганлари, назоратчилар муздек сувли чуқур қудуққа ташлагани ва сув совуқлигидан ҳушини йўқотгани ҳақида гапириб берганди.

“Жамлоқ” тутқунларидан яна бири – Эрбакит Ўтарбой ҳам Лондон судида гувоҳлик берди. Унинг айтишича, ёпиқ муассасаларда тутқунларни “ҳатто дайди итлар емайдиган овқатлар билан боқишган”.

“Норозилик билдирган тутқунлар видеокамералар бўлмаган махсус хонага элтиб, калтакланарди. Бутун “жамлоқ”нинг ҳар қаричи камералар орқали назорат қилингани ҳолда у хонага битта ҳам ўрнатилмаган эди”, дея гувоҳлик берди Ўтарбой.

Ўтган йили ноябрда Озодлик билан суҳбат чоғида у Хитой қамоқхонасида 98 кун бўлганини, шундан сўнг бир ярим йилни – “сиёсий қайта тарбиялаш жамлоғи”да ва ярим йилни уй қамоғида кечирганини айтганди.

Ўтарбойнинг сўзларига кўра, у “меҳнатга яроқсиз” ҳолга келган, боз устига фарзанд кўриш лаёқатидан ҳам маҳрум. Шифокорлар унинг бепуштлигини яллиғланиш хасталиги билан изоҳлашмоқда, Ўтарбойнинг ўзи бу касалликни хитой қамоқхонасидаги ғайриинсоний шарт-шароит асорати деб билади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг баёнотлари

Шинжон уйғурлари, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа туркий тилли халқларининг таъқиб этилишига доир маҳкама жараёни бўйича суд тингловларининг иккинчи давраси 10 сентябрь куни бошланди. Аввалгиси жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтганди.

Халқаро оммавий ахборот воситалари “Уйғур трибунали” деб атаётган суд жараёнида туркийзабон мусулмонларнинг Хитой томонидан таъқиб этилаётганини тасдиқловчи далиллар ўрганилиб, Пекиннинг хатти-ҳаракатлари Геноцид ҳақида конвенцияга кўра баҳоланади. Британиялик юрист Жеффри Найс раислигидаги комиссия шу кунларда гувоҳлар, олимлар ва экспертларнинг кўрсатувларини тингламоқда.

Британия медиаси хабарларига қараганда, суд юридик кучга эга эмас, аммо унинг ташкилотчилари жараён Хитойнинг туркий тилли мусулмонларга нисбатан тутган қатағон сиёсатига баҳо беришига умид қилишмоқда.

Комиссия раиси Жеффри Найс Sky News телеканалига интервьюсида шундай деди: “Биз шунчаки фактларни кўздан кечирамиз, қонунларни варақлаймиз ва нималар исбот этилганини кўрамиз”. Унинг айтишича, Хитой мулозимлари бир неча марта суд эшитувларига таклиф этилган, аммо улардан жавоб бўлмаган.

Аввалроқ Хитой ҳукумати эшитувларни кескин танқид қилган эди. Sky News хабар қилишича, иккинчи эшитувлар олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Хитойнинг Буюк Британиядаги элчиси Чжэн Чжэгуан ушбу маҳкама жараёнини Хитойни ёмонотлиқ қилишга қаратилган “сиёсий найранг” деб атаган. Пекин ўзига қўйилаётган айбловларни қатъиян рад этиб, Хитой тутган сиёсатни “геноцид” деб атаётган Ғарб мамлакатларининг қилаётган ишларини қораламоқда. Хитой Шинжондаги хатти-ҳаракатларини “ўз ички иши” ва “экстремизмга қарши кураш” деб, жамлоқларни эса “касб-ҳунарга ўргатиш марказлари” ҳисоблайди.

Amnesty International ташкилоти жорий йилнинг июнида Шинжоннинг туб миллат ва элатлари “давлат тарафидан уюштирилган тизимли оммавий қамоқ, қийноқ ва таъқиблар”га дуч келаётгани ва бу инсониятга қарши жиноят билан тенглигини айтиб чиққан эди. Ташкилот Хитой ҳукумати “зўравонлик билан дунёвий, бир жинсли хитой миллатини барпо этмоқчи ва коммунистик партия идеалларини ёймоқчи”, деб ҳисоблайди.

“Терроризмга қарши кураш ниқоби остида Хитой ҳукумати Ислом динига мансуб озчилик халқларнинг юз минглаб эркак ва аёлларини “ёппасига қамади ва исканжага солди”, яна бошқа миллионлаб инсонларни Шинжонда “мислсиз кўламдаги антиутопик жаҳаннам” яратиш мақсадида “тизимли оммавий кузатув” остига олди” – Amnesty International бош котиби Агнес Калламар юз бераётган воқеаларни шундай таърифлаган эди.

Human Rights Watch томонидан жорий йил апрелида тақдим этилган ҳисоботда айтилишича, Шинжонда мусулмонларни қатағон қилиш “мисли кўрилмаган” даражага етган: ҳуқуқбонлар аввалдан қўлланиб келинаётган ялпи қамоқ ва Ислом динига эътиқод қилишни чеклаш каби усулларга қўшимча равишда мажбурий меҳнат кучайганини, одамлар кузатувга олинаётганини ва болалар ўз оиласидан қонунга хилоф равишда ажратилаётганини қайд этганлар.

Хитойнинг давлатга қарашли ОАВлари бу айбловларга жавобан Шинжондаги “бахтли ҳаёт”ни тараннум этишга уринади. Яқинда Хитой Компартияси нашри бўлмиш “Жэньминь жибао” газетаси Қозоғистон ичидаги аудиторияга мўлжаллаб қозоқ тилида онлайн газета чиқара бошлади. Унда эълон қилинаётган қатор мақолаларда Хитойнинг шимоли-ғарбидаги вилоятда ҳукм сураётган “фаровон ҳаёт” ҳақида ҳикоя қилинади.

XS
SM
MD
LG