Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 11:45

Президентнинг Байтқўрғондаги резиденциясини безаётган ўймакор усталар устахоналари бузилмоқда (ВИДЕО)


Устахонаси бузилаëтган усталар Ислом Каримов мақбарасига эшик ва панжара ясаган.

Тошкент шаҳар, Учтепа туманида жойлашган 18 та ëғоч ўймакорлиги устахонаси бузилмоқда.

Устахоналар эгаларини биноларни бўшатиш ҳақида Realhouse қурилиш ширкати 23 майда огоҳлантирди.

Тилга олинган ширкат устахоналар жойлашган ҳудудда кўп қаватли уй қурмоқчи.

24 майда устахоналарга ëндош бинолар ўраб олиниб, уларнинг томини бузиш бошланди.

Бузилиши кутилаëтган устахоналар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг октябрида имзолаган ПҚ-3393-сонли қарор асосида наққош¸ кандакор ва ëғоч ўймакорларидан иборат 18 устага Тошкент ҳокими буйруғига кўра берилган.

Президентнинг Байтқўрғондаги резиденциясини безаётган ўймакор усталар устахоналари бузилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:34 0:00

Президент қарорида давлат мулки бинолари ва хоналари усталарга бепул фойдаланиш учун топширилиши айтилади.

Айни устахоналардан бирида ишлайдиган 45 яшар таниқли ўймакор уста Хайрилла Ҳусановнинг 24 май куни Озодликка айтишича¸ Realhouse ширкати ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари келиб, бинони бўшатишни сўрашган.

Суҳбатдош бу учрашув акс этган видеотасвирларни Озодликка тақдим қилди. Видеода 100 га яқин уста ва уларнинг шогирдлари ҳовлида йиғилиб тургани ва уларга уч нафар мулозимнинг кўчиш таклифини билдираëтгани акс этган.

Ўймакор уста Хайрилла Ҳусановга кўра¸ қурилиш ширкати вакили “тез кўчиб кетинглар¸ бинони бўшатинглар” дея босим қилган:

- Ҳеч қанақа ҳужжат бермасдан "бўшат, бузамиз" деяпти. Realhouse ўтган йили ҳам келиб бузамиз деганда биз хат қилиб чиқиб тўхтатгандик. Мана бир ҳафтадан бери улар яна калхатдек устимизда айлана бошлади.

Озодлик суҳбатлашган Realhouse қурилиш ширкати вакилига кўра¸ “устахоналар ўрнида қуриладиган кўп қаватли бинонинг смета ҳужжатлари тўла тасдиқланмаган ва бино пойдевори учун жойни тозалаш ишлари учун рухсат олинган”.

Президент қарори билан берилган бинони хусусий ширкат буза олмайди

Усталар аъзо бўлган “Ҳунарманд” уюшмаси республика идораси вакили Бибишаҳрибону Раҳматуллаеванинг Озодликка айтишича¸ "бу усталар республика президенти қарори билан шу устахоналарга жойлашган ва ҳусусий фирманинг уларни шундоқ чиқариб юборишга ҳаққи йўқ”

“Ҳунарманд” уюшмаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Баҳодир Суюновнинг аниқлик киритишича, устахоналар бузилган тақдирда “ўрнига ўрин устахона бериш” юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан маслаҳатлашув бўлган:

- Шаҳарсозлик мантиғидан келиб чиқиб саноат зонасида жой ажратилади. Катта-катта нақшин устунлар ишлайдиган усталар улар. Ҳар бирига камида 300 квадрат метр жой керак. Шовқин бўлгани сабаб аҳоли яшайдиган жойдан узоқ бўлиши керак. Шаҳарда тез-тез чироқ ўчади. Саноат зонасида доимий электр борлиги ҳам мақсадга мувофиқ.

Унинг сўзларидан устахоналарнинг бузилиши аниқ бўлгани тушунилди.

Бундан бир йил олдин Сузук ота мавзеида азалдан мавжуд бўлган устахоналар бузилган ва наққош усталарга Учтепа туманидаги собиқ буюм бозоридаги омборлари 10 йил муддатга фойдаланишга берилган эди.

Президент саройини безаган устазодалар

Бу усталар қўли билан ясалган ўймакор эшик¸ нақшин устунлар Ўзбекистон президентининг Байтқўрғондаги қароргоҳи безалган. Шунингдек, бу усталар Чеченистон пойтахти Грознийдаги масжид эшик устунларини ҳам ясаган. Наққош уста Хайрилла Ҳусановнинг айтишича, бугунги кунда ҳам усталарнинг бир қисми "Байтқўрғон" қароргоҳида ишламоқда:

- Байтқўрғон резиденцияси қурилиши бошлангандан бери ўша ердамиз. Асосий залдаги нақшин эшик ва устунларни биз ясадик. Ҳозир ҳам усталаримизнинг бир қисми ўша ерда резиденцияниг иккинчи блогида ишлаяпти. Бундан ташқари Ислом ота масжиди¸ Шахрисабздаги Амир Темур қўрғони ва Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев қароргоҳини ҳам безаганмиз, деди уста.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG