Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2021, Тошкент вақти: 18:23

Ўзбекистон хабарлари

Фарғона водийсида ер қимирлади

Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида 11 январга ўтар кечаси ер қимирлагани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълум қилди.

Марказнинг билдиришича, зилзила 11 январь Тошкент вақти билан соат 00:38да юз берган. Унинг кучи Наманган, Андижон ва Фарғона шаҳарларида 2 баллни ташкил қилган.

Зилзила эпимаркази Тошкент шаҳридан 363 километр жануби-шарқий йўналишда бўлиб, эпимарказда зилзила кучи 4 баллни ташкил қилган.

Бу 2021 йил бошидан бери Ўзбекистонда юз берган иккинчи ер қимирлаши бўлди. 1 январь куни Тошкентда 3 балллик зилзила қайд этилган.

Кун янгиликлари

Абдулазиз Комилов Қирғизистон президентига Шавкат Мирзиёевнинг мактубини топширди

Абдулазиз Комилов

27-февралда Бишкек шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган ТИВ матбуот хизматига кўра, вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга йўллаган мактубини топширган.

Хабар қилинишича, суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ривожи ҳақида фикр алмашган.

Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

"Қайд этилганидек, бугун денгиз портларига ва янги ташқи бозорларга энг қисқа ё‘л очадиган транспорт йўлаклари тизимини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқдаки, бу, ўз навбатида, минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллашуви, транзит юк ташувларини орттириш, хом-ашё, асбоб-ускуналар ва тайёр маҳсулотларни ташиш нархининг пасайишига хизмат қилади", дейилган ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Чилонзордаги кафега ўт кетди. Жабрланганлар бор

Суратнинг Чилонзорда содир бўлган ёнғинга алоқаси йўқ.

Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги “Шовотландия-1” кафесида чиққан ёнғин оқибатида жабрланганлар бор.

Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. Хабарда неча киши жабрлангани, улар олган жароҳат характери тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

“Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа юзасидан ваколатли органлар томонидан қўшимча маълумот берилади”, дейилган хабарда.

Воқеа 27 февраль соат 03:51да Чилонзор тумани, Гулистон кўчасидаги “Шовотландия-1” кафесида содир бўлган.

Ёнғин оқибатида кафенинг томи ҳамда ички жиҳозлари 150 кв.м. майдони ёниб жиддий зарарланган.

Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ, ИИББ раҳбарияти, прокуратура, Соғлиқни сақлаш ва коммунал хизматлар мутахассислари, ИИБ тезкор-тергов гуруҳи ҳамда тегишли хизматларнинг куч ва воситалари жалб этилган.

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси ташаббускори Х. Аллақулов: уйимга Миллий Гвардия босқин уюштирди

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси sурултойини ўтказиш ташаббус гуруҳи билан мажлисни ўтказиш масласида шартнома тузган Оқсарой тўйхонаси таъмир учун тўлиқ ёпилган.

26 февралда "Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси ташаббускори, профессор Хидирназар Аллақуловнинг Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги уйига Миллий гвардиянинг 30 чоғли ҳарбийлари томонидан "босқин уюштирилди".

Бу ҳақда Хидирназар Оллоқулов Facebook ва Youtube ижтимоий тармоқларида онлайн транслация орқали маълум қилди.

Лавҳадан кўринишича, бир неча миллий гвардия либосидаги ҳарбийлар хонадон эшигини тепиб, қўнғироқни тинимсиз босишмоқда. Орада бир марта эшикни очган Хидирназар Аллақуловни олиб кетишмоқчи бўлишади ва профессор куч билан ўз уйи эшигини ёпиб олишга эришгани кўринади.

Маълум бўлишича, 26 февраль куни пойтахт тўйхоналаридан бирида Ҳақиқат ва Тараққиёт социал демократик партияси тарафдорларининг Таъсис қурултойи ўтказилиши лозим эди. Бу борада барча ижтимоий тармоқлар орқали эълон берилган, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус ваколатхонларига қурултой учун таклифнома тарқатилганди.

Хидирназар Аллақуловнинг таъкидича, 26 февраль куни эрталабки 9 да унга Андижон вилояти Балиқчи тумани ИИБ терговчиси Сарвар Сиддиқов томонидан муайян жиноят ишида сўроқ қилиниши борасида чақирув қоғози берилган.

“Мен қандай қилиб бир неча соат ичида Балиқчига боришим мумкин. Ноқулай об-ҳавони қаранг. Бундан ташқари партия ташаббускорларининг Таъсис қурултойини ўтказиш учун одамларни чақириб қўйганман. Буларнинг барчаси бутунлай коррупция ва қонунсизликка асосланган ҳукуматнинг сиёсий ҳуқуқларимни камситишга қаратилган ҳаракатдир “ дейди Х. Аллақулов.

Партия ташаббускори унинг бошқа фаоллари уйлари ҳам ҳукумат аскарлари томонидан ўраб олингани, уларнинг кўчага чиқарилмаётганини иддао қилмоқда.

Ҳолбуки, профессор партия қурултойини ўтказиш даврида жамоат хавфсизлигини сақлашни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний муддатларда мурожаатлар қилган.

Баҳор бошидан алимент ундиришнинг янги усули жорий этилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартидан ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Бу тартибга оид президент фармонида қайд этилишича, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади.

Бунда Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади. Алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган пуллар эса ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.

Оиласи билан ажрашган айрим эркаклар пандемия важидан ишсиз қолгани боис алимент тўлашга пул топа олмаётганидан шикоят қилганлари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистон бўйлаб алимент тўловчилар сони 250 минг нафардан ошган.

Махсус комиссия Ўзбекистонда халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга рухсат берди

Самарқандда 2018 йил августида ўтказилган кўргазмадан лавҳа

Жорий йилнинг 20 февралидан Ўзбекистонда санитария-эпидемиология меъёрлари ва қоидалари талабларига қатъий риоя қилган ҳолда халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказишга рухсат этилган.

Мазкур қарор Республика махсус комиссияси томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда қабул қилинган.

Халқаро кўргазма ва ярмаркаларни ташкил этмоқчи бўлган ташкилотчилар олдига қуйидаги талаблар қўйилган:

  • ташкилотчи Республика ҳудудида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда ташкил этилаётган тадбирларнинг барча босқичларида эпидемиологик тартибларга риоя этилиши устидан назоратни таъминлаши шарт;
  • барча тадбир иштирокчиларидан ҳимоя ниқоби ёки респиратор тақишлари талаб қилинади;
  • тадбирга киришда барча иштирокчилар пирометрлар ёрдамида ҳароратни ўлчаш жараёнидан ўтиши талаб этилади, юқори ҳарорат ёки юқумли касалликлар белгилари бўлган шахсларга тадбирда қатнашишга рухсат берилмайди;
  • экспозициялар орасидаги масофа кенглиги камида 3 метр бўлиши керак;
  • тадбир ўтказиш жойларида шамоллатиш тизимлари кираётган ҳавонинг чиқаётганидан устунлигини таъминлаши керак.

Ўзбекистонда барча турдаги оммавий тадбирлар ҳукуматнинг ўтган йил 23 мартидаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида тўхтатиб қўйилганди.

Миллий маданий марказлар учун ўтган йили қарийб 1,5 млрд сўмлик грант ажратилган

Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар вакиллари мамлакатда ўтказиладиган байрамларда фаол иштирок этиб келадилар

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг давлат ижтимоий буюртмасига асосан 2020 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш учун 600 миллион сўм маблағ, шунингдек 1,45 миллиард сўмлик грант ажратилган. Бу ҳақда мазкур қўмита раиси Рустамбек Қурбонов 25 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

Мулозим ўзи раҳбарлик қилаётган қўмита шу кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 147 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти ҳамда хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан ҳамкорлик қилаётганини қайд этган.

Унга кўра, яратилган қулай миллатлараро муҳит туфайли тожик, турк ва қозоқ миллатига мансуб аҳоли вакиллари томонидан ўтган йили 4 та янги миллий маданий марказ ва 2 та дўстлик жамияти ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилиб келмоқда. Мамлакатда таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади.

Тошкентдаги янги туманда 400 дан зиёд икки қаватли ёғоч уй бузиб ташланади

Тошкентда икки қаватли ёғоч уйлар аввал ҳам бузиб ташланган (архив сурати)

Ўзбекистон пойтахтида янги ташкил этилган Янгиҳаёт тумани ҳудудидаги хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган икки қаватли 409 та ёғоч уй бузиб ташланади. Бу ҳақда туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов 25 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирган.

Мулозимга кўра, мазкур уйлардаги 4 минг 314 та хонадонда истиқомат қилаётган одамлар учун туман марказида янги уйлар қуриш режаланган.

Ҳ. Иноғомов бу ёғоч уйлар 1966 йилдаги зилзиладан сўнг тез фурсатда қурилган бинолар экани, уларнинг кўпчилиги ҳозирги пайтда авария ҳолатига келиб қолганини маълум қилган.

Туман ҳокими ҳозирда бу бўйича туркиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилаётгани, кўчириладиган одамларга янги уйлар қуриш учун ҳозир ер танланаётгани, танланган ерга барча шароитларга эга янги уйлар қурилиб, уларга ёғоч уйларда яшаган кишилар кўчирилишини қўшимча қилган.

Ҳарорат пасайгани ортидан газ қуйиш шохобчалари иш вақти чекланди

Hududgazta'minot АЖ Ўзбекистондаги барча автотранспорт ҳайдовчилардан ўз автоуловларига газ тўлдириш ишларини эрталабки соат 05:00 дан кечки соат 15:00 гача техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширишни сўраган.

Ширкат матбуот хизматига кўра, мазкур чора мамлакат ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиб, айрим ҳудудларда ҳарорат – 25 даражагача тушиши ортидан табиий газ истеъмоли ҳажми кескин кўпайиши мумкинлиги важидан кўрилмоқда.

Hududgazta'minot АЖ шу муносабати билан табиий газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда таъминлашга қаратилишини билдириб, газ етказиб беришда айрим чекловлар киритилишини қайд этган. Айни пайтда ширкат мазкур чеклов қачонгача давом этиши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида газ сотиш вақти чекланиши билан боғлиқ тадбирлар олдин ҳам амалга оширилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

АҚШ ташкилоти Ўзбекистонга мингга яқин инглиз тили ўқитувчисини юбориш ниятида

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг American Councils халқаро таълим ташкилоти Ўзбекистонга мингга яқин инглиз тили ўқитувчисини юбориш ниятида эканини билдирди. Ўзбекистон ҳукумати матбуот органи бўлган “Халқ сўзи” нашрининг ёзишича, Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашларининг катта вице-президенти Майкл Кертис бу ҳақда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан ўтган учрашув чоғида гапирган.

Хабарда таъкидланишича, учрашувда Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш сифатини оширишга American Councils’ни жалб этиш истиқболлари муҳокама қилган.

Элчи Жавлон Ваҳобов АҚШ Ўзбекистонга дарс бериш учун 27 нафар инглиз тили ўқитувчисидан иборат биринчи гуруҳни жўнатганига миннатдорчилик билдирган.

“Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистонда АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган ўндан ортиқ таълим дастурлари амалга ошириш босқичида турибди. Улар орасида Future Leaders Exchange, University Partnership in Central Asia, English Speaking Nation, ESN Teacher Coaches Program, U.S. Central Asia Education Fund, US-CAEF Alumni Conference 2021, American Windows Uzbekistan, Faculty Enrichment Program, Young Professional Internships, Uzbekistan Business Leaders, Afghanistan University Student Exchange Program, Open World Leadership Center Program, Uzbekistan Youth Leadership Conference 2021 кабилар бор”,-дейилади хабарда.

Маҳалланинг фаол фуқаролари- кўчабоши ва уйбошиларга коммунал тўловлар бўйича товон пули берилади

Ўзбекистондаги кўчалардан бири.

Вазирлар Маҳкамаси 23 февраль куни тасдиқлаган 99-сонли низомга асосан 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб маҳалланинг фаол фуқароларига коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича компенсация берилади.

Низомда кўчабоши ва уйбошилар фаол фуқаролар қаторида қайд этилган. Мазкур фаолларга коммунал хизматлар учун ҳар ойда БҲМнинг 50 фоизи (122 минг 500 сўм) миқдорида товон пули берилади.

Шунингдек, мазкур шахслар фаолиятини баҳолашда улар бириктирилган кўча ёки уйда камида 3 ой давомида фаолият кўрсатганлиги инобатга олинади ва мезонлардан келиб чиққан ҳолда, товон пули 70 баллдан юқори балл тўплаган тақдирда тўланади.

Компенсация пул тўловлари тўланиши кўчабоши ва уйбошилар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этмаса муддатидан олдин тўхтатилади.

Мазкур компенсация пул тўловлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари орқали амалга оширилади.

Давлат корхоналари “обнал фирма”лар билан сохта битим тузган

16 февраль куни Тошкентда 300 га яқин тадбиркор музлатиб қўйилган банк ҳисобларини очиш, ноҳалол контрагентлар тўламаган ҚҚСни улардан ундиришни тўхтатиш талаби билан Давлат солиқ қўмитасига борган.

Ўзбекистондаги 120та давлат корхонаси ва 86 та давлат улуши мавжуд корхона ҳалқ тилида “обнал” деб аталувчи нақдловчи фирмалари билан сохта битилмларни тузган ва давлатга катта миқдорда зарар етказган.

Давлат солиқ қўмитасининг билдиришича, нақдловчи фирмалар билан сохта битим тузган 120та давлат корхонаси бюджетга 47,3 миллиард сўм, 86 та давлат улуши мавжуд корхона 48,1 миллиард сўм қўшимча қиймат солиғини тўламаган.

Давлат солиқ қўмитаси нақдловчи фирмалар билан ҳамкорлик қилган ва солиқ тўламаган жами 396та корхонадан иборат рўйхатни тузди.

Расман билдирилишича, бундай сохта битимларни тузган тадбиркорлик субъектлари 10 мингга яқин. Улар қарийб 1 триллион сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғини тўламаган.

Озодлик радиоси 16 февраль куни Тошкентда 300 га яқин тадбиркор музлатиб қўйилган банк ҳисобларини очиш, ноҳалол контрагентлар тўламаган ҚҚСни улардан ундиришни тўхтатиш талаби билан Давлат солиқ қўмитасига боргани ҳақида хабар берган эди.

16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - Бизнес омбудсман ҚҚС юзасидан тадбиркорлик субъектларига юборилган хабарномаларнинг қонунийлигини ўрганишни бошлагани тўғрисида баёнот берди.

Савдо марказида хотини ва яна бир эркакни пичоқлаб ўлдирган шахс 22 йилга қамалди

Судланувчи 2020 йил 20 ноябрида қўлга олинган эди.

Самарқанддаги савдо марказида харидорлар кўз ўнгида хотинини ва хотинининг жазмани сифатида гумонлаб яна бир эркакни пичоқлаб ўлдирган шахс 22 йилга қамалди.

Олий суд расмий каналининг хабар беришича, мазкур шахс Самарқанд вилоят суди томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2 қисми “а” ва “ж” бандлари (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш) асосида айбдор деб топилган. У жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Озодлик 2020 йилнинг 20 ноябрь куни тахминан 18:00 да 42 ёшли эркак Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо марказида хотини ва унинг жазмани экани тахмин қилинаётган шахсни пичоқлаб қўйгани ҳақида хабар берган эди. Жабрланганлар кўп қон йўқотиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Бу қотилликнинг гувоҳи бўлган вауни ведога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган уч нафар шахс 2020 йилнинг 23 ноябрида ички ишлар ходимлари томонидан аниқланиб, қўлга олинган ва уларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган эди.

Чимбойда камдан-кам учрайдиган табиат ҳодисаси - мурмурация кузатилди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани аҳолиси камдан-кам учрайдиган табиат ҳодисаси – мурмурацияга гувоҳ бўлишди. Бу ҳақда “Газета уз” нашри Николай Югай тасвирга олган ва ўз Фейсбук саҳифасида эълон қилган видеога асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича: “Минглаб қушлар улкан тўда бўлиб, осмонда ғайриоддий динамик шаклни ҳосил қилиши мурмурация деб аталади”.

Қушлар кутилмаган томонга учиши, қисмларга ажралиб, яна динамик ҳаракатни давом эттириши мумкин. Ушбу улкан тўдаларда учиш тезлиги соатига 40 километргача бўлади, бироқ қушлар бир-бирига урилиб кетмайди.

Пахтачида “қанотли бузоқ” туғилгани иддао қилинди (ВИДЕО)

Мутахасисларга кўра, бузоқчанинг саломатлиги яхши.

Самарқанд вилоят Пахтачи туманида “қанотли бузоқ” туғилгани тўғрисидаги видеони “Пахтачи” туман газетаси 23 февраль куни эълон қилди.


Видеода айтилишича, “қанотли бузоқ” “Кўрпа” маҳалласидаги Ғайбулла Хайруллаев хонадонида 20 февраль куни туғилган.

Ғайбулла Хайруллаевнинг гумонича, сигирининг ҳомиласи эгизак бўлган бўлиши мумкин, аммо иккинчи ҳомила ривожланмай, унинг оёғи бузоққа ўтган.

Туман газетаси эълон қилган видеода бузоқчанинг ўнг томонида “қанотга ўхшаш оёқча” мавжудлигини кўриш мумкин. Бу бузоқчани кўриш учун Хайруллаевнинг хонадонига ҳар куни маҳаллий аҳоли келмоқда.

Маҳаллий матбуотда 2018 йилнинг мартида Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 6 оёқли бузоқ, 2014 йили Жиззахда эса 5 оёқли қўзичоқ туғилгани хабар қилинган.

Тиббиётга алоқадор барча ташкилотлар ва дорихоналар мажбурий равишда ягона платформага уланади

Ўзбекистондаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар 2024 йил 1 январидан бошлаб мажбурий тартибда босқичма-босқич ягона платформага уланади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан шу йил 23 февралида имзоланган “Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Мазкур қарор республикадаги “соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-тамойилларни қисқартириш, аҳолига хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилинган рақамли трансформация қилиш дастурларини самарали амалга ошириш мақсадида” қабул қилинган.

Мазкур мақсаддан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси негизида Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Қайд этилишича, “IT-Med” МЧЖ “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” ДУКнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Қарор билан “IT-Med” МЧЖ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилган:

  • соғлиқни сақлаш тизими ва ташкилотларидаги жараёнларни оптималлаштириш, рационаллаштириш, стандартлаштириш ва автоматлаштириш;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот тизимларини ривожлантириш учун амалга ошириладиган ҳамда халқаро молия ташкилотлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрлари, концепциялари ҳамда бошқа лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
  • тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ахборот технологияси ва коммуникациялари сиёсати ва стандартларини жорий этиш;
  • “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
  • соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараён ва IТ-реинжинирингини ривожлантириш ва ушбу йўналишда халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш;
  • қўйилган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида инвесторлар, бизнес ҳамкорлар ва аутсорсинг хизматларини жалб қилиш;
  • тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий этилаётган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ўзида қамраб олувчи соғлиқни сақлашнинг ахборот тизими ягона платформасини жорий этиш.

Ҳужжатга мувофиқ, янги ахборот тизимларини жорий қилиш, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотларга хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, “IT-Med” МЧЖнинг устав жамғармасига белгиланган тартибда киритиладиган инвесторлар маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари, ташқи беғараз кўмак маблағлари (грантлар, техник кўмаклар ва бошқалар), юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентларнинг хайрия маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар “IT-Med” МЧЖнинг фаолиятини асосий молиялаштириш манбалари этиб белгиланган.

Тошкентдан шаҳарлараро автобус қатнови вақтинча бекор қилинди

"Тошкент" автовокзалидан қатнайдиган автобуслар

Жорий йил 25 февралида пойтахт Тошкентдан шаҳарлараро қатнайдиган барча автобус рейслари бекор қилинган.

“Тошкент” автовокзали матбуот хизмати маълумотига кўра, бундай қарор олинишига об-ҳаво шароитининг ноқулайлиги сабаб бўлган.

Мазкур автовокзалдан шаҳарлараро 17 та йўналиш бўйича автобус қатнайди.

Аввалроқ “Ўзгидромет” жорий ҳафта сўнгигача мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати пасайиши ҳақида маълумот тарқатган.

Ўзбек ва қозоқ расмийлари чегара демаркацияси муҳокамасини давом эттиришди

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги чегара узунлиги 2440 километр келади

Жорий йилнинг 18-24 февраль кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ва Қозоғистоннинг Туркистон вилояти чегаралари туташган участкада давлатлараро чегараси демаркациясининг якуний ҳужжатларини тайёрлаш ишларини амалга оширган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, 24 февраль куни Тошкент шаҳрида икки мамлакат ҳукумат делегациялари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма демаркация комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини якунлаган.

Комиссия йиғилишида Ўзбекистоннинг Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти чегаралари туташган давлатлараро чегаранинг алоҳида участкаларида дала тадқиқот ишлари ўтказилган.

Демаркация ишлари бўйича галдаги йиғилиш шу йил март ойида Қозоғистонда ўтказилиши режаланган.

2440 километрга узанган ўзбек-қозоқ чегарасининг шу кунгача 96 фоизи аниқлаб бўлингани маълум.

Президент видеоселекторида бу йил сув таъминоти 25 фоизга кам бўлиши мумкинлиги билдирилди

Жорий йил Ўзбекистонда суғориш мавсумида сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев раислигида 24 февраль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, “сув исрофига умуман йўл қўймаслик ҳаётий зарурат” экани урғуланган йиғилишда “430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш мумкин”лиги қайд этилган.

Видеоселекторда таъкидланишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, томчилатиб суғориш тизимлари ва қувурлар ишлаб чиқариш учун жорий йил февраль-апрель ойларида 35-40 минг тонна полиэтилен зарур. Шу боис сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган полиэтилен ва полипропилен учун импорт божи 1 октябргача бекор қилинган.

Сув хўжалиги вазирлигига 3 мингдан зиёд насосларни таъмирлаш ва янгилаш, насос станцияларида электр энергияси ва сув сарфини “онлайн” мониторинг қилиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилган.

Йиғилишда Ўзбекистонда аграр тармоқни барқарор молиявий ресурслар билан таъминлаш учун бу йил Қишлоқ хўжалиги жамғармасига 24 триллион сўм маблағ йўналтирилаётгани қайд этилган.

Кучли қор ёғиши тўхтамаётгани ортидан “Тахтақорача” довони ёпилди

Иллюстратив сурат

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довони об-ҳаво шароити ёмонлиги туфайли ёпилган.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, довон “қор ёғишда давом этаётганлиги сабабли турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида” ёпилган, у ерда “автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилган”.

Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фарғона водийсини пойтахт Тошкент билан боғлайдиган "Қамчиқ" довонида юк машиналари ҳаракати чекланганини билдирган.

“Ўзгидромет”нинг маълум қилишича, 25 февраль туни Устюртда ҳаво ҳарорати – 25 даражагача пасайиши мумкин, Қорақалпоғистоннинг бошқа ҳудудларида эса ҳарорат – 22 даражагача тушиши мумкин.

Қайд этилишича, шу туни Хоразмда ҳаво ҳарорати – 17 даражагача, Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида – 12 даражагача, тоғли ҳудудларда эса – 20 даражагача пасаяди.

Фарғонада дордан йиқилган дорбоз оғир аҳволда. Унинг ўлгани рад этилди

Иллюстратив сурат.

Фарғонада арқон узилиб кетиши оқибатида боши билан ерга қулаган дарбоз оғир аҳволда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 февралда маълум қилди.

2021 йилнинг 23 февраль куни соат 19:25 га яқин Фарғонадаги цирк дорбози дордан йиқилиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб келинган.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда дорбоз ҳалок бўлгани ҳақидаги турли маълумотлар тарқалган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотларни рад этди ва дорбоз айни пайтда ҳаёт эканлигини, бироқ аҳволи оғирлигини тан олди.

“Марказ мутахассислари уни зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказишган. Беморга “Ўнг пешона ва бурун бўшлиғи суякларининг парчаланиб синиши, бош мия лат ейишининг оғир даражаси, бош мия ўнг ярим шари пешона бўлаги эпидурал гематомаси, субарохнаидал қон қуйилиши, пневмоцефалия, бош юмшоқ тўқималари лат ейиши ва териости гематомаси ташхиси қўйилган ва беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилган”,-дейилади хабарда.

Марказ мутасаддиларининг маълум қилишича, беморнинг аҳволи барқарор бўлиб, ҳозирда нейрореанимация бўлимида малакали мутахассислар назоратида белгиланган стандартлар бўйича даво муолажаларини олмоқда.

Заргарлик буюмларини 2023 йилгача электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади

2023 йил 1 мартгача заргарлар қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки кечиктириб тўлаш шарти билан сотиши мумкин. Бу тўғрида 22 февраль куни президентнинг 4998-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан “Навоий кон-металлургия комбинати” ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” томонидан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металлар кейинчалик хом ашё кўринишида қайта сотиш ҳуқуқисиз тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки товар-хом ашё биржаси орқали нархнинг 15 фоизлик аванс тўловини амалга оширган ҳолда 180 кунга кечиктириб тўлаш шарти билан сотилади.

Бундан ташқари марварид, олмос ва қимматбаҳо тошларга импорт божхона божлари солинмайди.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади

“Янги Ангрен” ИЭСида яна ёнғин чиққани расман рад этилди

“Янги Ангрен” ИЭС (архив сурат).

Энергетика вазирлиги 24 февраль куни ижтимоий тармоқларда Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида ёнғин юз бергани тўғрисидаги видеохабарлар ёлғон эканини билдирди.

“Кун уз” нашрининг вазирликка таянган ҳолда хабар беришича, 24 февралда “Янги Ангрен” ИЭСида “ҳеч қандай ёнғин, авариявий ўчиш ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юз бермаган ва барча энергия ускуналар соз ҳолатда ишламоқда”.

“Видеолавҳа Янги-Ангрен ИЭС қозонхоналарида кўмир кулидан тозалаш ишлари амалга оширилаётганда ёки одатий технологик жараён амалга оширилаётган пайтда олинган бўлиши мумкин”,-деб иқтибос келтиради нашр Энергетика вазирлигига таяниб.

2021 йил январида айни станциянинг 5-блокида портлаш бўлган ва унда 3 киши ўлган. 2020 йил 30 январида чиққан ёнғинда эса станция 4-3-блоклар томи ёниб кетган, унда ҳеч кимга шикаст етмаган.

“Янги Ангрен” ИЭС станциясида 11 февраль кечаси ёнғин содир бўлгани айтилган. Станция ишчиларига кўра, бу гал 4-блокда ёнғин чиққан, ҳодиса жойида ишчилар бўлмаган ва ёнғин тезда ўчирилган.

Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлашни ўтказишга тайёр экани расман эълон қилинди

Расман билдирилишича, жорий йилнинг иккинчи чорагида коронавирусга қарши вакцинани сақлаш учун миллий омборхона қуриб битказилади.

Коронавирусга қарши эмлаш жараёни учун вилоятларга жами 34 та музхона, 10 121 дона термоконтейнер ва термосумка, 749 та музлаткич, бирламчи даволаш-профилактика муассасаларига 2 мингдан ортиқ совуткич ўрнатилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков 24 февраль куни маълум қилди.

Унга кўра, вакциналарни хавфсиз ва тезкор ташиш учун Ўзбекистонга жами 17 та авторефрижиратор, 206 Miniven-Labo автомашиналари келтирилди.

— Ўтган йиллар давомида жами 21 та вакцина сақлаш омборлари, шу жумладан, 1 та миллий, 14 та минтақавий ва 6 та туман омборлари қурилиши қўллаб-қувватланган эди. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича 16 та вакцина омбори қуриб битказилиб, 29 та махсус совуткичлар вакцина омборларига ўрнатилди. Қолган 5 та вакцина омборхонаси эса 2021 йилнинг биринчи чораги охиригача қуриб, фойдаланишга топширилиши кутилмоқда,-деб иқтибос келтирди Отабеков сўзларидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Расман билдирилишича, жорий йилнинг иккинчи чораги якунига қадар коронавирусга қарши вакцинани сақлаш учун миллий омборхона ҳам қуриб битказилади.

Нурмат Отабеков барча омборларга ёнғин хавфсизлиги ва сигнализация тизими ўрнатилган бўлиб, улардаги мавжуд совуқликни таъминлаб бериш тизимлари замонавий генераторлар ва стабилизаторларга уланганини айтди.

Айтилишича, барча омборлар вакциналарни юклаш-тушириш ускуналари, автокаралар ва махсус кийимлар билан таъминланди. Бундан ташқари, ҳудудларга жами 4000 ҳарорат индикатори ва 5000 музлатиш индикатори тарқатилди, эҳтиёт қисмлари заҳираси яратилиб, мавжуд омборлар ихтиёрига ўтказилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмалаш март ойининг ўрталаридан бошланиши эълон қилинган эди. Аммо 23 февралга келиб, Озодлик боғланган бирорта масъул ташкилот, эмлаш қачон бошланади ва 4 миллион доза вакцина қаердан олиб келинади, деган саволларга аниқ жавоб беролмади.

Сардоба тошқинидан жабрланганларга ажратилган озиқ-овқатни сотиб юборган фирибгар қамалди

Сардоба тошқинида вайрон бўлган аҳоли пункти, 2 май, 2020, Сардоба, Сирдарё.

Сардоба сув омбори ўпирилиши ортидан уйсиз қолган аҳолига берилиши шарт бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний равишда сотиб юборган шахс суд ҳукми билан 3,5 йилга қамалди.

“Сирдарё хабарлари” нашрининг хабар беришича, муқаддам фирибгарликда айбланиб судланган М.П., сув тошқинидан сўнг Сардоба туманидаги мактабларга эвакуация қилинган аҳолига ёрдам берувчи кўнгиллилар қаторига қўшилган. У ўзини “Қизил ярим ой” жамиятининг Сардоба тумани бўлимининг биринчи ўринбосари сифатида таништирган.

Шундан сўнг у “Қизил ярим ой” номидан сохта талабнома тўлдириб, умумий қиймати 15 миллион 154 миллион сўм бўлган 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини олган ва сотиб юборган.

Ҳуқуқ-тартибот тузимлалари ўтказган махсус амалиёт пайтда М.П., қўлга олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзгатилган.

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони 2020 йил 1 май куни ўпирилиб, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида юзлаб аҳоли усиз қолган, экин майдонлари вайрон бўлган эди. Ўшанда 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон президенти қабулида бўлди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов 2018 йил августидаги Кобул сафари чоғида ҳам президент А. Ғани қабулида бўлганди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулга ташрифи доирасида 23 февраль куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани томонидан қабул қилинган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, вазир Комилов Афғонистон президентига ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевнинг мактубини топширган.

Қабул чоғида Ўзбекистон-Афғонистон кўп қиррали муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Президент Ашраф Ғани афғон халқи номидан Афғонистон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини тиклашда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик изҳор этган.

Мулоқот пайтида афғонлараро сиёсий музокараларнинг узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ва мамлакатда хавфсизликни таъминлашдаги муҳим ўрни ҳам қайд этилган.

Ташқи ишлар вазири А. Комилов 17 ва 18 февраль кунлари Ўзбекистонга қўшни бўлган Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистонга сафар қилиб, мазкур мамлакатлар президентлари қабули бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Вазир Комилов 23 февраль куни Кобулда афғонистонлик ҳамкасби Ҳаниф Атмар билан ҳам учрашган.

“Учрашувда Ўзбекистон-Афғонистон конструктив ҳамкорлигининг долзарб масалалари, жумладан, сиёсат, хавфсизлик, савдо, инвестиция ва бошқа соҳалардаги ўзаро муносабатлар муҳокама қилинди”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Мулоқотда томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа масалалари бўйича ҳам фикр алмашганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG