Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2020, Тошкент вақти: 03:13

Франция ва Макрон: Расмий Тошкент жим - ўзбеклар дин ва демократия устидан тортишмоқда


2018 йил октябрида Парижга қилган сафари давомида Шавкат Мирзиëев Франция президентига унга бағишланган махсус китобни совға қилган эди.

Франция мусулмонлар шаккоклик деб кўрадиган Муҳаммад пайғамбар карикатуралари туфайли тобора кучайиб бораётган ғазаб ва бойкотга юз тутмоқда.

26 октябрь куни Покистон Францияда «исломофобия кампанияси» бошланганини иддао қилди, Эрон расмийлари эса, Парижни «экстремизмнинг тегирмонига сув қуйиш»да айблади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон
эса ўз халқини Франция маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди.

Франция 16 октябрь куни ўқитувчи Самюэль Патининг сўз эркинлиги мавзусидаги машғулотда Муҳаммад пайғамбар карикатурасидан фойдалангани учун боши танасидан жудо этилганидан ларзага келганди.

Ҳодисадан икки ҳафта аввал президент Макрон Ислом "дин сифатида инқирозда" эканини айтган ва ўз таъбирича, "исломий бўлгинчиликка" қарши курашишга ваъда берганди.

Исломда Муҳаммад пайғамбарнинг қиёфасини у ёки бу кўринишда тасвирлаш табу ҳисобланади ва аксар мусулмонлар уни таҳқирлаш сифатида қабул қиладилар.

Аммо Франциядаги "лаиклик" ёки давлатнинг дунёвийлиги тамойили французларнинг миллий ўзлик масаласи ҳамдир.

Европадаги энг кўп мусулмон аҳолисига эга Франция ҳукумати маълум жамоанинг диний ҳиссиётларини муҳофаза қилиш учун сўз ва ифода эркинлигини чеклаш миллий бирдамликка путур етказади, деган фикрда.

Қотиллик ортидан Пайғамбар карикатуралари Франция шаҳарларининг биридаги бино фасадида намойиш қилинди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб бошланиб кетган норозилик акциялари қатнашчилари карикатураларни намойиш қилдилар. Президент Макрон эса, консерватив исломий қадриятлар фаранг қадриятларини издан чиқаришига қарши курашни икки ҳисса кучайтиришини айтди.

47 яшар ўқитувчининг бошини кўчада чопиб ташлаган 18 яшар чечен Абдуллоҳ Анзоров ҳаракати Франция президенти томонидан "исломий террор хуружи" дея баҳоланди. 23 октябрь куни Пати дафн маросимида Макрон ўлдирилган ўқитувчини “қаҳрамон” деб атади ва Франция республикасининг дунëвий қадриятлари¸ хусусан¸ сўз ва ифода эркинлигини радикал исломчилар ҳужумидан ҳимоя қилишга ваъда берди.

Макроннинг сўнгги нутқи халқаро майдонда консерватив ва радикал мусулмонларнинг эҳтиросли эътирозлари ва француз товарлари бойкотига сабаб бўлди. Бу виртуал кампанияга ўзбек ижтимоий тармоқларидаги айрим диндорлар ҳам, ўтмишда кўрилмаган сиёсий фаоллик кўрсатган ҳолда қўшилдилар.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатга қарши танқидлар радикал озчилик томонидан қилинаётганини айтиб, ҳукуматларни ўзларини бойкот чақириқларидан ажратиш ҳақида огоҳлантирди.

Франция Мусулмонлар Кенгаши баёнот эълон қилиб, “Францияда мусулмонлар тақиб қилинмаслиги, улар масжид қуриш ва динларига амал қилишда эркин эканликлари”ни айтган.

Францияга қарши бойкот кампанияси

Эммануэль Макроннинг мамлакатдаги яна бир террор хуружи ортидан қилган баëнотлари Яқин Шарқдаги айрим мусулмон давлатлар ҳамда бошқа мамлакатлардаги исломчилар томонидан кескин норозилик билан қарши олинди.

Қатар¸ Қувайт ва Покистон каби давлатларда айрим уламолар чақириғи ортидан супермаркетлардаги француз маҳсулотларини бойкот қилиш бошланди.

Туркия президенти Эрдўғон Францияга қарши ғазаб ва бойкот кампаниясининг лидерига айланди.

Ўтган ҳафта охирида Франция президентини “руҳий текширувга”муҳтож деб ҳақорат қилган Эрдўғон душанба куни Анқарадаги чиқишида нафақат туркияликлар¸ балки мусулмон дунëсини Франция маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди.

Бу ҳақоратга жавобан Туркиядаги элчисини чақиртириб олган Франция ҳукумати¸ айни пайтда Туркия товар ва хизматларига бойкот эълон қилмаслигини билдирди.

Эрдўғоннинг Франция дунëвий қадриятлари¸ қолаверса Франция раҳбари шаънига қилган ҳақоратлари Европа етакчилари томонидан кескин қораланди.

Иттифоқ раҳбарлари Франция билан ҳамдард ва ҳамфикр эканларини таъкидлаб¸ Эрдўғонни НАТОдаги иттифоқчилари қадриятларига ҳурмат кўрсатишга чақирди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқлар ва Ғарб матбуотида Эрдўғоннинг Франция президентига қилаëтгган давомли ҳужумлари Туркия иқтисодининг чўкаëтгани фонида жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун қилинаëтган манëвр сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Қолаверса¸ ўз хотини Франциянинг энг қиммат брендларининг доимий мижози бўлган Эрдўғон "субутсизлик ва иккиюзламачилик"да ҳам айбланди.

Эмине Эрдўғоннинг Hermes, Channel, Dior каби француз брендлари кийимлари¸ рўмол ва сумкаларига ўчлиги турк матбуотида ëритиб келинаëтган мавзулардан бири. Хусусан¸ Эрдўғон хотинининг қашшоқликка қарши кураш масаласи муҳокама қилинган G-20 саммитига 50 минг долларлик Hermes сумка кўтариб боргани турк ва халқаро жамоатчиликни жунбушга солган эди.

Нафақат қимматбаҳо француз брендлари¸ балки мамлакат ҳудудидаги энг қимматбаҳо кўчмас мулк соҳиблари ҳам, асосан араб шаҳзодалари ҳисобланади.

Хусусан¸ Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон дунëдаги энг қиммат уй деб баҳоланган Chateau Louis XIVни 2015 йили 300 миллион долларга сотиб олган эди.

Қатар¸ Қувайт¸ БАА подшоҳлик оилаларининг аксар аъзолари ўз асосий вақтини Париж ва Франция жанубида ўтказиши маълум. Ҳозирча араб подшоҳ ва шаҳзодалари¸ хусусан¸ Ислом муқаддас зиëратгоҳлари жойлашган Саудия етакчилари Франциядаги воқеаларга муносабат билдирмади¸ бойкотга расман қўшилмади.

Рамзан Қодиров таҳдиди

Туркия президенти Франция товарларини бойкот қилишга чақираëтган бир пайтда¸ Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Эммануэль Макроннинг ўзини салкам “террорчи”га чиқарди.

Россиядаги таниқли журналист ва сиëсатчиларни ўлдиришга алоқадор кўриладиган Қодиров¸ сешанба куни Франция президентини ҳақорат қилиш билан чекланмай¸ унга очиқдан-очиқ таҳдид қилди.

Бу қилаётган пайғамбаримиз Муҳаммадга хақоратингни сўз эркинлиги деб атаяпсан .Бу сўз эркинлиги эмас, бу 2 миллиард мусулмонга ҳақорат.
Яхшиликча бу ишларни тўхташингни сўраймиз, агар яхшиликча тўхтатмасанг 2 миллиард мусулмон пайғамбаримиз Муҳаммадни ҳақорат қилишларингга жим қараб турмайди. Бунга шубҳа йўқ
“¸ деди Қодиров.

Ўзбек исломчилари бошлаган сазойи

Эрдўғон ва Қодиров каби сиëсатчилар ҳамда Форс кўрфазидаги айрим имомларнинг Франция Республикаси президенти ҳимоя қилишга ваъда берган дунëвий қадриятларга қарши кампанияси ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти орасида ҳам ëйилиб бормоқда.

Хусусан¸ айрим Telegram каналларида қувайтлик шайх Усмон ал-Хомис видеофатвосининг ўзбекча таржимаси тарқалди.

Халқаро майдонда ИШИД террор гуруҳи идеологиясини қўлловчи жиҳодчи сифатида танилган ал-Хомис бу фатвосида Франция ва бошқа Ғарб давлатларини “куфр давлати” деб атаб¸ мусулмонларни пайғамбарни ҳажв қилганларга “ғазабни кўрсатиш”га чақиради¸ “ғазаб кўрсатмаганларни” эса имонсизга чиқаради. Карикатурага “ғазаб кўрсатганлар” – Францияда террор ҳужумлари қилганларни эса¸ "Ислом қаҳрамонлари" деб атайди.

Ислом дунëсидаги бу каби ашаддий радикал имомлар чақириғига жавобан айрим ўзбекистонлик диндорлар ҳам “сукут сақламаслик”¸ “ғазабини кўрсатиш”га киришди.

Ўзбекистонликларнинг хориж давлат раҳбарларини диний ақидалар асосида топташи ҳозиргача кўрилмаган янги ҳодиса.
Ўзбекистонликларнинг хориж давлат раҳбарларини диний ақидалар асосида топташи ҳозиргача кўрилмаган янги ҳодиса.

Наманганлик Муҳаммад Икром исмли шахснинг Франция президенти ва рафиқаси суратларини оëқ ости қилаëтгани акс этган видео Telegram ва Facebook тармоқларида кенг ëйила бошлади.

Ўзбекистонда "кенг диндор қатлам эҳтиёжларини қондиришни мақсад қилгани" айтилган AzonTV онлайн телеканали муассиси Мубашшир Аҳмад бу кампанияга қўшилишни “шаън ва ҳамият¸ муҳаббат ва эҳтиром масаласи” деб атади.

Расмий сукут

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар Францияни ларзага солган террор ҳужуми борасида расмий муносабат билдирмади.

Расмий идоралар ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар юзасидан ҳам бирон изоҳ берганича йўқ.

Ўзбекистондаги давлат бошқаруви тизими¸ хусусан¸ диннинг давлатдан ажратилгани¸ президент бошқаруви¸ мамлакат конституцияси Француз Республикаси моделига асосланган.

Франциянинг марҳум президенти Франсуа Миттеран 1994 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи ғарб давлати раҳбари бўлган эди.

Ислом Каримовнинг вафоти ортидан Шавкат Мирзиëев ҳукумати Франция билан яқин ҳамкорлик интилишларини яна бир марта тасдиқлади.

2018 йил октябрида Францияга сафар қилган Мирзиёев президент Макрон билан сиёсий ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилган эди.

Эммануэль Макрон Шавкат Мирзиëевни 2018 йил 9 октябрь куни Елисей саройида қабул қилган эди.
Эммануэль Макрон Шавкат Мирзиëевни 2018 йил 9 октябрь куни Елисей саройида қабул қилган эди.

Мирзиëевнинг Парижга ташрифи чоғида ¸ расмий матбуотга кўра¸ Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати 600 миллион еврога яқин инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланган¸ Франциянинг «Эйрбас», «Тоталь», «Тоталь Эрен», «Винчи», «Орано», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинган” .

"Фитна"

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мулозимлари 27 октябрь куни Озодликнинг бу масалада изоҳ сўраб қилган мурожаатини жавобсиз қолдирди.

Озодликнинг қатор қўнғироқлари ортидан 27 октябрь куни кечқурун Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий сайтида "МУНОСАБАТ: ҲИССИЁТ БИЛАН ЭМАС, ТАФАККУР ИЛА ИШ ТУТАЙЛИК!" деган мақола пайдо бўлди.

Унда Францияда рўй берган террор хуружи ва унинг ортидан президент Макрон қилган баëнотларга бевосита муносабат билдирилмаган.

16 октябрь куни Франциядаги мактаб ташқарисида юз берган ҳужум - Самюэль Патининг 18 яшар чечен томонидан сўйиб ташланишини қораламаган идора¸ "мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини " таъкидлаган.

Идора "aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар" ни "фитна" деб атаган.

"Ушбу ҳолатлар ҳақида кенг фикр қилиб, чуқур мушоҳада юритишимиз керак. Биз ҳам мўмин-мусулмонларни ҳиссиёт билан эмас, тафаккур ила иш тутишга чақирамиз. Дин душманлари фитнасига замин яратиб, вазият янада кескин тус олишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Бу бўлаётган ишлар ҳаммаси фитна, ғанимлар томонидан режали амалга оширилмоқда, бундай вазиятда ўйлаб иш тутиш керак. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ардоқлаш тажовузкорона хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки ақл ила бўлади"¸ дейилади Ўзбекистон Мусулмонлари идораси баëнотида.

Демократик партия етакчисининг баёноти

Ўзбекистондаги расмий партиялардан бири етакчисининг Facebookдаги пости.
Ўзбекистондаги расмий партиялардан бири етакчисининг Facebookдаги пости.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш" демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ўзбек сиёсатчиларидан биринчи бўлиб Франциядаги ҳодисага муносабат билдирди.

27 октябрь куни Фэйсбук саҳифасида эълон қилган баёнотида у Франциядаги ҳужумни қораламади ва ҳужум учун масъулиятни француз таълим тизимига юклади.

20 миллион одам 5 йилга иккиланиб ишонч билдирган шахсни хақорат қилишга йўл қўйиб бўлмайди, лекин 2 миллиард одам қиёматгача қатъий ишонч билдирган шахсни хақорат қилиш - сўз эркинлиги...

2 ёшидан бошлаб француз давлатининг таълим тизимида тарбияланган боланинг раҳмсизлиги учун чумолини босиб олганига йиғлаган мусулмон боласи нега таҳқирланиши керак?

Агар эркак билан эркак оила қуриши эркинлик бўлса аёлларнинг яратилишидан мақсад нима эди? Ҳазрати Исо алайҳиссалом ҳисоб куни умматидан ор қилса керак.

Хуллас, Европада бир нарсалар бўлаяпди” (орфография сақланди-таҳр.)¸ деб ёзди Facebook саҳифасида демократик партия етакчиси.

Алишер Қодиров бундан аввал миллий рамз ва қадриятларни ўзига хос йўсинда ҳимоя қилиш уринишлари учун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан "популизм"да айбланганди.

Эрдўғон, Макрон ва ўзбеклар

Кўплаб диний ва дунёвий масалаларда кузатилгани каби, Франциядаги ҳужум ва Макроннинг баёнотлари ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидаги кескин қутблашувни яна бир марта юзага чиқарди.

Faceboоkда Uch Zamon тахаллуси билан пост ëзиб келаëтган асли ўзбекистонлик шарҳловчи “ФРАНЦИЯДА НИМАЛАР БЎЛМОҚДА?” деган сарлаҳва остида таҳлилий мақола эълон қилди.

Франциядаги жорий воқеаларни тарихий фактлар асосида таҳлил қилган бу шарҳловчи ўзбекистонлик исломчиларнинг Эрдўғон бойкотига қўшилишига ҳам муносабат билдирди.

Яқин шарқ мусулмонлари каби биздаги айрим диний авторитетлар ҳам Эрдўғон​нинг ортидан эргашганлари тушунарли. Аммо Ўзбекистон Туркия эмас ва Ўзбекистонда динни сиёсийлаштириш, диний прозэлитизм Конституция ва қонун билан таъқиқланади. Мен бу билан, бизникилар қонунни бузган демоқчи эмасман ва буни аниқлаштириш менинг ваколатимга кирмайди. Аммо диний-сиёсий мотивларга кўра терроризмни қўллаш мақсадида ташаббус қилинган сиёсий-иқтисодий акцияга қўшилиш мазкур инсонларнинг қарашларини ва орзуларини савол остига қўяди”¸ деб ëзди бу таҳлилчи.

Лондондаги Осиë ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов Facebook саҳифасида “Бировларнинг ибодатхонасига ўз низоми билан борилмайди” деб номланган шарҳ ëзди. Унда сиëсатшунос ўзбекистонликларнинг Франциядаги воқеалар моҳиятини тушунмай¸ Эрдўғон олиб бораëтган сиëсий ўйинларни англамай туриб¸ фақат эҳтирослар асосида аксилғарб риторикасига қўшилганини “ачинарли ҳолат” деб атади.

“Эрдўғон​нинг ўз баëнотлари билан аксилфранцуз жазаваси оловига ўт қалаëтганини кўриш ачинарли. Аммо бизнинг жамиятимизда бундай агитация таъсирига осонликча бериладиган мутаассибларнинг кўплиги ундан ҳам ачинарлироқдир”¸ деб ëзди Илҳомов.

Ўзбекистон жиноий қонунчилиги миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаганлик учун жавобгарликни назарда тутади, аммо унда “нафрат риторикаси" тушунчаси ҳозирча мавжуд эмас.

Каримов даврида бу каби чақириқ ва даъватлар Жиноят Кодексининг 159-моддасига кўра¸ "конституциявий тузумни ағдаришга уриниш" сифатида таснифлаб келинган.

XS
SM
MD
LG