Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:54

Мактабларда коронавирусга қарши диктантлар ёздирилмоқда


3 февралдан бошлаб ўрта умумтаълим мактаблари ва лицейларда ўқувчиларга Хитойда тарқалган коронавирус мавзуида мунтазам диктант ва иншолар ёздирила бошланади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига 1 февраль куни топшириқ берилган.

Озодлик 2 февраль куни нусхаси келиб тушган ҳужжатда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар санитария эпидемиологик осойишталик маркази раҳбари М. Қудратхўжаеванинг хатида Хитойда тарқалаётган коронавирус ташувчилари 9700 дан ортгани, 213 дан ортиқ кишининг қурбон берилгани таъкидланади.

Шунингдек, мазкур хатда ўрта умумтаълим мактабларида санитария ва гигиена қоидаларига муттасил амал қилиш, мактабга келмаётган ўқувчиларга патронаж ташкил қилиш, ОРВИ, ринит ва тумовнинг бошқа турларига чалинган ўқувчи, ўқитувчи ва ходимларни назоратга олиш таъкидланади.

“Халқ таълими бошқармаларининг 01/332-сонли хатига илова қилинган ҳолда мактабларга диктантлар намунаси ва маълумотлар тарқатилди. 3 февралдан бошлаб, ўқувчиларга мунтазам равишда бу борадаги билимларни ошириш юзасидан топшириқвлар берилади ва диктантлар ёздирилади” деди Тошкент шаҳридаги 94-мактабнинг исми сир қолишини истаган муаллимаси Озодликка.

Янги коронавирус касаллигининг тарқалиши муносабати билан ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилажаги тўғрисида Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ҳам хабар қилди

Вазирлик баёнотида бундай дейилган:

Маълумки, ўтган йилнинг 31 декабрь куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) га мамлакатнинг Ухан шаҳрида номаълум пневмония эпидемияси юзага келгани ҳақида хабар қилган эди. Касалланишнинг биринчи ҳолатини денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозор билан боғлашмоқда. Жорий йилнинг 7 январь куни хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV эканини аниқлашди. Коронавирус бошқа хориж мамлакатларида ҳам қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлат чегараси кесишган жойлардаги санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, Халқ таълими вазирлиги тизимида ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларини олдини олишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқди:

- хоналар ҳароратини меъёрда бўлиши, хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намли дезинфекция ишларини мунтазам олиб бориш;

- касалликнинг клиник белгилари ва тана ҳарорати юқори бўлган ишчилар, талабалар ва ўқувчилар аниқланганда уларни ишга ва ўқишга қўймаслик, тиббий муассасага мурожаат этишини ташкил этиш;

- ҳожатхоналарда тозалаш ва дезинфекция ишларини мунтазам олиб борилишини назоратга олиш;

- ҳожатдан чиққанда ва овқатланишдан олдин қўлни совунлаб ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига мунтазам риоя этилиши;

- талаба ва ўқувчиларни тиббий ниқоблар билан етарлича таъминлаш;

- ходимлар, талабалар ва ўқувчилар иштирокида тиббиёт мутахассисларини жалб қилган ҳолда коронавирус инфекциясини профилактикаси бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш;

Ўзингиз ва оила аъзоларингизда юқорида қайд этилган касаллик белгилари кузатилса, зудлик билан ҳудудингиздаги тиббиёт муассасасига мурожаат этинг. Ҳар қандай даволаш ишлари шифокор назоратида амалга оширилиши лозим.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG