Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 19:40

“Шаҳидлар хиёбони” истироҳат боғига айланишидан хавотирлар пайдо бўлди


“Шаҳидлар хиёбони” мажмуи таркибига кирувчи “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи.

Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

Бу ҳақдаги хабар 16 апрель, эрта тонгда бир-биридан мустақил икки идора: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги Телеграм каналларида 14 сониялик фарқ билан эълон қилинди.

Айтилишича, хиёбонда бошқа зарурий ишлар қаторида “аҳоли учун маиший хизмат бинолари, миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари” қуриш ҳам режалаштирилган.

Хабардаги айнан шу жиҳат дарҳол ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар орасида бир қатор саволлар уйғотди.

Режани шарҳлар экан, “Шаҳидлар хиёбони” мажмуига кирувчи музей ходими ҳам, тошкентлик фаол ҳам хиёбонни истироҳат боғига айланиб кетиш таҳдиди пайдо бўлганидан ташвишга тушганини билдирди.

Ҳокимлик ва вазирликнинг хабар қилишича,

  • қатағон қурбонларининг номлари акс этган рамзий китоб барпо этилади;
  • рамзий ротонда реконструкция қилинади;
  • музей ходимлари учун алоҳида маъмурий бино қурилади;
  • аҳоли учун маиший хизмат бинолари, миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари ҳамда очиқ амфитеатр ва «Wi-Fi» худудлари барпо этиш режалаштирилган.

"Шаҳидлар хотираси ёдгорлиги ҳудудига дўконлар нега керак?"

“Шаҳидлар хиёбони”га оид хабари чиққанидан икки соат ўтиб, Телеграм-блогер Safar бундай ёзди:

“Бузилмаган, ўзгартирилмаган битта шу ер қолганди ўзиям... Саволда: шаҳидлар хотираси ёдгорлиги ҳудудига дўконлар нега керак? Нега?”

Блогернинг бу саволини Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига беришнинг имкони бўлмади: хизмат телефони автомат-операторнинг хабар қилишича, “линия носозлиги учун ўчирилган”.

Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати ходимаси эса, “бундай саволларга жавоб бериш ваколати йўқ”лигини билдириш билан чекланди.

"Шаҳидлар хиёбони"да намозхона йўқ"

“Шаҳидлар хиёбони” мажмуи таркибига кирувчи “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи катта илмий ходими, тарихчи олим Баҳром Ирзаев Озодлик саволларига жавоб бераркан, хиёбонда бошланаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари режасини шартли равишда иккига бўлиб, бирини олқишлади, иккинчисини кескин танқид қилди.

Режанинг музей ходими олқишига сазовор бўлган қисми музей ходимлари учун алоҳида маъмурий бино қурилишидир.

Баҳром Ирзаевнинг айтишича, музей билан унинг ходимлари иш жойи ораси тақрибан 15 километр ва ходимлар йиллардан буён музейга мана шу масофада қатнайди.

12 йилдан бери шу оворагарчилик. Кунда-кунора офисдан музейга қатнашга тўғри келади.

“Офисимиз Шайхонтохурда, Навоий музейида. Барча ҳужжатларимиз шу бинода сақланади. “Шаҳидлар хиёбони”да қурилган музейимиз биносида ходимлар учун иш жойи назарда тутилмаган экан. Мен, масалан, 12 йилдан бери шу музейда ишлайман. 12 йилдан бери шу оворагарчилик. Кунда-кунора офисдан музейга қатнашга тўғри келади”, - деди Баҳром Ирзаев.

Олимнинг айтишича, музейнинг ходимлар иш жойидан ҳам кўра, жуда катта, ҳатто уятли бир камчилиги бор:

Келувчилар “Бу ер "Шаҳидлар хиёбони” экан, уларнинг ҳақига икки ракаат намоз ўқиб қўяй”, деса, намозхона йўқ.

“Келувчилар “Бу ер "Шаҳидлар хиёбони” экан, уларнинг ҳақига икки ракаат намоз ўқиб қўяй”, деса, намозхона йўқ. Таҳорат оладиган жой йўқ, ҳатто ҳожатхона йўқ. Нимани ўйлаб қуришган, ҳеч тушунмайман”.

Баҳром Ирзаевнинг айтишича, музейнинг яна бир катта камчилиги бор:

“Музейимизда гардероб йўқ. Келувчилар, улар орасида баъзида баланд мартабали меҳмонлар ҳам бўлади, устки кийимини ечиб қолдирай, деса, ечинадиган жой йўқ. Бу, айниқса, совуқ фаслларда билиниб қолади. Одамлар устки кийими, қўлидаги сумкаси билан музей айланади. Бундан ташқари, билет сотадиган касса ҳам йўқ. Сотувчи билетни музей эшиги олдида сотиб туради”.

"Шаҳидлар хиёбони" пиво ичадиган жой эмас!"

Баҳром Ирзаевнинг айтишича, музей ходимлари ҳокимиятнинг улар учун офис қуриб бериш режаси тўғрисида эшитгани, бундан хурсанд экани, бироқ “Шаҳидлар хиёбони”да сўнгги йилларда шаклланган муҳит бу объектнинг умумий руҳига зид эканидан норозидир.

“Қатағонлар ва уларнинг қурбонлари мавзуи музейнинг ичида бор, холос. Ташқарига – хиёбонга чиқсангиз, севишган ёшлар ўтирадиган одатдаги истироҳат боғига ўхшаб қолган”, деди олим.

Бу ерга келиб, қатағон қурбонларини хотирлаб, кейин пиво ичиб ўтиришадими? Кулгилику?!”

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи катта илмий ходими, тарихчи олим Баҳром Ирзаев “Шаҳидлар хиёбони”да “аҳоли учун маиший хизмат бинолари, миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари” қурилишини қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, деб ҳисоблашини билдириб, “бу ерга келиб, қатағон қурбонларини хотирлаб, кейин пиво ичиб ўтиришадими? Кулгилику?!” деди.

"Қанақа амфитеатр, қанақа вайфай?!"

Тошкентлик яна бир тарихчи, ўз маслакдошлари билан миллат тарихига оид қатор саналарга бағишлаб, турли тадбирлар уюштириб келаётган фаол Анвар Назир “Шаҳидлар хиёбони” реконструкцияси тўғрисида бундай деди:

Бу ер ахир қабристон мақомига эга жойку?! Ахир, бу ер истироҳат боғи эмаску?!

“Бу ҳақда уч йил олдин президент бир гап қилган эди. Лекин бу мавзуга қайтган эмасдилар. Мана энди, яна гап бошланди. Тушунмадим: нима учун бу ерда дўконлар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қуриш керак? Бу ер ахир қабристон мақомига эга жой-ку?! Ахир, бу ер истироҳат боғи эмас-ку?! Қанақа амфитеатр, қанақа вайфай?! Уч йил олдин биринчи марта гап пайдо бўлиши биланоқ, биз хат ёзган эдик президент порталига. Лекин ҳеч қандай жавоб беришмаган”.

Анвар Назирнинг фикрича, куч ва пулни “Қатағон қурбонлари хотираси” музейини бойитишга, қатағон қилинганлар қатл қилинган бошқа бир қатор жойларга ёдгорликлар ўрнатишга сарфлаш керак.

Уч йил олдинги режа

2017 йилнинг 15 июлида президент Мирзиёев Бўзсув канали бўйида барпо этиладиган боғ лойиҳаси билан танишган эди. Давлат раҳбари расмий сайти янги боғ ҳақида мана бундай ёзган эди:

“Боғда китоб ўқиш учун махсус жойлар, фавворалар, амфитеатр, кўргазма павильонлари, спорт ва соғломлаштириш зоналари, камончилар ва ҳаваскор балиқчилар клублари ташкил этилади, замонавий аттракционлар ўрнатилади. Боғ ҳудудга туташ Шаҳидлар хотираси хиёбони билан ўзаро уйғунлик касб этади”.

Қодирий, Чўлпон, Фитратлар отилган жой

Тошкентнинг Юнусобод туманида барпо этилиб, 2000 йилнинг 12 майида очилган Шаҳидлар хиёбони ўрнида 1938 йилнинг 4 октябрида Ўзбекистон сиёсий элитасидан 155 киши қатл қилинганини ёдга солди тарихчи олим Баҳром Ирзаев:

“Ўшанда отилганлар орасида Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Худойберган Девонов, Отажон Ҳошим, Анқабой, Акбар Исломов, Исроил Ортиқовлар бор эди”.

Қатл қилинган 155 киши ҳамда меҳнат лагерларига ҳукм қилинган яна 10 кишини қатағон қилиш тўғрисидаги фармойиш 1938 йилнинг 28 мартида Сталин имзолаган эди.

«Бу инсонлар йўқ дунёда бир нафас ҳам яшашни истамайман, мени ҳозир отасизлар».

“4 октябрь куни шунчалар кўп одам отиладики, Абдулҳамид Чўлпонга келганда ҳатто ўқлар тугайди, отувчиларнинг ўзи ҳам чарчаб қолади. Чўлпонга сени эртага отамиз деганида, у: «Бу инсонлар йўқ дунёда бир нафас ҳам яшашни истамайман, мени ҳозир отасизлар», деб туриб олгани учун унинг бошини болта билан чопиб ўлдиришади...” деб ҳикоя қилади Баҳром Ирзаев.

2000 йилнинг 12 майида очилган “Шаҳидлар хиёбони” мажмуида, президент Каримов 2001 йил 1 майда имзолаган фармонга биноан, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи қурилган.

XS
SM
MD
LG