Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2021, Тошкент вақти: 15:57

Эрон, Украина ва Грузияда коронавирусга қарши эмлаш жараёни тезлашди


COVAX дастури доирасида Украинага 170 минг доза Pfizer-BioNTech вакцинаси юборилган.

Эрон, Украина ва Грузияда коронавирусга қарши аҳолини эмлашда силжиш қайд этилди. Ушбу мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш мутасаддилари эълон қилишича, COVID-19 вакциналаш дастури анча тезлашган.

Украина соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Виктор Ляшко COVAX дастури доирасида Украинага 170 минг доза Pfizer-BioNTech вакцинаси юборилганини 30 январда айтган.
COVAX Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг паст даромадли давлатларни вакциналар билан таъминлаш дастуридир.

«Вакциналар билан аввало COVID-19 билан касалланганларни даволаётган шифокорлар эмланади»,- деган Ляшко Facebook саҳифасида.

Украинага, шунингдек, 2021 йилнинг биринчи ярмида 2,2 – 3,7 миллион доза AstraZeneca вакцинаси ҳам етказилади.

Грузия Бош вазири Гиоргий Гахария 30 январь куни ўз Facebook саҳифасида маълум қилишича, февраль ойининг охиригача Грузияга Pfizer вакцинасининг биринчи партияси етиб келади.

Гахария айнан қанча вакцина Грузияга етказилишини айтмаган, лекин унинг билдиришича, илк дозалар билан тиббиёт ходимларини эмлаш режалаштирилган.

Гахария буни ўнлаб умумий овқатланиш муассасалари ҳамда соғломлаштириш марказлар эгалари Тбилисида COVID-19 қарши чеклов чораларини бекор қилиш талаби билан намойишларга чиққан бир пайтда эълон қилган, деб хабар беради Озодлик радиосининг грузин хизмати.

Грузия расмийларининг билдиришича, вазият ўнгланмагунча, чекловлар кучда қолади.

Эронга Россиянинг Sputnik V вакцинасининг биринчи партияси 4 февралгача келтирилиши режалаштирилган, деб хабар беради IRNA давлат ахборот агентлиги.

“Эрон ва Россия вакцинани сотиб олиш ҳамда биргаликда ишлаб чиқариш келишувини кеча имзолаган”,- деган 30 январь куни Теҳроннинг Москвадаги элчиси Казем Жалоли IRNA агентлигига.

Sputnik V вакцинасининг яна икки партияси февраль ойи мобайнида келтирилади.

Вакцина синовлари борасидаги эътирозларга қарамай, Sputnik V Россия, Беларусь, Аргентина, Боливия, Сербия, Фаластин, Венесуэла, Парагвай, Туркманистон, БАА ва Гвинея республикасида давлат рўйхатидан ўтган.

Sputnik V шунингдек фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун ЕИ аъзоси бўлмиш Венгрияда ҳам давлат рўйхатидан ўтган, аммо бу қарор ҳали Европа Дори-дармонлар Агентлиги (EMA) томонидан маъқулланиши лозим.

Европа ва бошқа давлатлар ҳукуматлари COVID-19 вирусининг янги мутациялари пайдо бўлгани ортидан халқаро саёҳатга доир жорий этилган чекловларни янада кучайтирмоқда.

Соғлиқни сақлаш мутасаддилари вакциналар вирусдан, айниқса унинг Жанубий Африка ва Бразилияда аниқланган мутацияларидан етарли даражада ҳимоя қилишидан шубҳаланмоқда.

XS
SM
MD
LG