Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2021, Тошкент вақти: 08:03

COVID-19: Инфекциядан сўнг тўлиқ соғаймаганлар "10 фоизга яқин"


Тошкент шаҳрида Тез ёрдам шифокорлари беморни уйидан олиб кетмоқда, октябрь, 2020

Ўзбекистонлик шифокорларга кўра, коронавирус инфекциясига чалингач, соғлиги тўлиқ тикланмаган беморлар тахминан 10 фоизни ташкил қилади.

Озодлик суҳбатлашган тиббиёт ходимларининг айтишича, булар коронавирусга чалингунча қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари ва сурункали бошқа касалликлар билан хасталанган беморлардир. Тиббиётчиларга кўра, уларнинг орасида ўлим ҳоллари ҳам учрамоқда.

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик шифокорлар ўз тажрибасига таяниб ушбу тахминий рақамни тилга олмоқда. Ўзбекистонда коронавирусдан тузалган беморларнинг кейинги аҳволига оид бирор тадқиқот ўтказилгани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Қатор вилоятларда, коронавирусдан қутулган бўлса-да, ўпка фаолияти тўлиқ тикланмаган беморлар уйларида кислород етказиб берувчи қурилмаларга уланган ҳолда даволанаётгани айтилади. Коронавирусга чалинган кекса беморлар эса, унинг оғир оқибатларидан ҳануз тузала олмаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон Статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, 2020 йилда 175,6 мингта ўлим қайд этилган, бу эса 2019 (154,6 мингта) ва 2018 (154,9 мингта) йиллардагидан кескин ошган - 21 мингтага кўп бўлган.

Шу кунларда Буюк Британияда эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, бу давлатда COVID-19дан тузалган, аммо унинг оғир оқибатларидан касалхонага тушганлар сони 30 фоиз атрофида. Ғарблик шифокорлар бу инфекция асоратларини зудликда ўрганиш лозимлигини таъкидламоқда.

Қашқадарёлик шифокор: коронавирусга чалинган беморларнинг 10 фоизи тўлиқ соғайгани йўқ


Қашқадарёлик терапевт шифокорнинг Озодликка айтишича, у октябрь ойида ковид марказида ишлаган ва ўзи даволаган беморларнинг 10 фоизга яқини ҳануз тўлиқ соғайгани йўқ.

Исми сир қолиши шарти билан гаплашган шифокор, бу беморларда ўпка яллиғланиши 60-70 фоиз атрофида бўлганини айтади:

“Ўпкада яллиғланиш 70 фоизгача бўлган бу беморларда. Вирусдан тўлиқ тузалган, лекин иммунитет ва ўпкага катта зарар берган-да вирус, шунинг учун кўпчилигида ўпка ҳалиям тўлиқ тикланмаган. Шамоллаб қолса, мавсумий грипп бўлса ҳам, оғир кечяпти бунақа беморларда. Буларнинг орасида ёши катталари кўпчилик, улар энди ўзига келиши жуда қийин. Менинг практикамда вирусдан тузалиб, кейинроқ ўлган бемор ҳали бўлмади. Лекин, ўша роса авжи пайтида, жуда кўпчилик ёши катталар кетиб қолди, ўлим ҳақиқатан кўп бўлди. Кўпи пневмониядан кетди”, - дейди бу шифокор.

Унинг кузатишича, қандли диабет, сил ва юрак-қон томир касаллигидан азият чеккан ёши каттароқ беморлар орасида коронавирусга чалингач, ўлим ҳолатлари кўп учраган.

Бундай беморлар тузалган тақдирда ҳам, саломатлиги жуда заифлашиб, мунтазам тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолгани кузатилмоқда:

“Бундай касаллар олдин ҳам ўзи доим тиббий кузатувда бўлишган. Поликлиникада рўйхатда турган. Бу вирус иммунитетга қаттиқ зарба берганидан кейин, улар яна ҳам заифлашиб қолиши тушунарли-ку, энди. Қаров жуда яхши бўлиши керак-да, бўлмаса, бундай беморлар ҳам вафот этиши мумкин”.

Наманганлик шифокор: айрим беморлар уйида движок билан кислородга уланиб ётибди

Наманганнинг Чуст туманида яшайдиган умумий амалиёт шифокорига кўра, у ишлаб турган ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳоллари шу кунда қарийб учрамаяпти. Аммо вирусдан тўлиқ соғаймаган 10 га яқин бемор унинг назорати остида қолмоқда.

“Патронаж ҳамширалар боради, керак бўлса, ўзим бориб, кўриб келаман. Коронавирусга чалинганига бир-икки ой бўлган, вирусдан соғайиб чиққан. Лекин, ҳалиям тўлиқ соғаймаган, ўпка жуда заифлашиб қолган беморлар бор. Айримларида яна юрак касал, қон босим баланд, бўйрак ёки ошқозони хаста, қанд касали бор. Бундай беморларда куни билан кислородга уланмайди, албатта. Қаттиқ йўтал келганда, қанди ёки қон босими ошиб, аҳволи оғирлашганда нафас етишмовчилиги бошланади. Ўпка заиф, зўриқишни бошлайди, шунда кислородга уланади. Свет ўчса, движокларни ёқиб, баллонга уланишяпти”, - дейди исми сир қолиши шарти билан гапирган терапевт шифокор.

Унинг сўзларига кўра, уй шароитида мунтазам кислородга эҳтиёж сезаётган беморларга махсус қурилма – оксигенератор тавсия қилинмоқда.

Бу қурилма қонни кислород билан тўйинтириш ва унинг таркибдаги улгекислород ҳажмини туширишга хизмат қилади. Ўзбекистондаги бозорларда бундай қурилма ўртача 5 миллион сўмдан сотилаётгани айтилмоқда.

У бир неча ой муқаддам Чуст туманида коронавирус беморларини даволагани, ўшанда шифохонадан чиқарилган беморларда айрим салбий оқибатларни кузатганини айтади:

“Кўпчилигида тананинг умумий аҳволи жуда заиф бўлиб қоляпти. Вирус танасидан кетган бўлса ҳам, умумий ҳолсизлик бор. Сал зўриқса, нафас қисиш бошланади, ўпка заиф. Кўпчилик ёши катта беморларда қон босими ўйнайдиган бўлиб қолди. Кейин қанд касаллигига мойил беморлар бўлади, ўшаларда қанд касаллиги бошланганини кўрдим мен. Энди, тана тўлиқ тузалишига камида 2 ой кетади чамамда. Унда ҳам организмга боғлиқда бу. Ўлим ҳоллари ҳақида аниқ бир нарса дейишим қийин, тўғриси. Ўлим бўлди, лекин қанча бўлди, қандай бўлди – буни аниқ айтиш қийин. Чунки, ҳар битта ўлим ҳолатини алоҳида текшириш керак”.

Тошкентлик пенсионер: вирусни юқтирганимдан бери ўзимга келганим йўқ!

Тошкентда яшайдиган 61 яшар Азиза Йўлдошева ноябрь ойида вирусга чалиниб, соғайган бўлса-да, ҳануз касаллик асоратларидан қутула олмаётганини айтади.

Айтишича, бунга қадар унда қон босим осиш ҳоллари кузатилган, аммо соғлигидан бошқа жиддий шикояти бўлмаган:

“Озгина сиқилсам ёки кучли овқатлансам, қон босимим 160гача кўтарилиб кетарди. Бошқа унақа жиддий шикоятим йўқ эди. Коронавирус ҳам унақа оғир ўтмади менда, унақа ўпкага ўтибам кетмади. Тез соғайдиму, лекин ўшандан бери қон босими роса ўйнайдиган бўлиб қолди. Кейин, иммун система ишдан чиқарканда, сал грипп текса ҳам иситма чиқиб кетаркан. Кейин кўзимда яллиғланиш кетмаяпти мени. Ўзи ёши катта одамлар нозик бўлади, коронавирус юққандан кейин яням нозиклашиб қоларкан”.

Бу аёл 2020 йилда коронавирусга чалинган уч қариндоши оламдан ўтганини айтади. Унинг айтишича, учаласи ҳам 60 – 70 ёшлар оралиғидаги аёллар бўлган.

“Бири ўзимнинг амам – 78 ёшда эди. Роса кетди-кетди бўлиб, ўлим кўпайган пайтда ўтиб қолди. Вирус юқиб, роса касал бўлган пайтида больницага олиб боришган экан, осма уколга улаб қўйишибди. Ўша уколдан кейин турмади, оламдан ўтди. Яна бири, ўша амамнинг қудаси, яна бири ҳам шунақа узоқроқ қариндошимиз. Қуда хола касалхонадан чиққанидан кейин уйига бориб, 1 ҳафта ичидамикин, инсультдан ўлди. Катта ёшдагиларнинг тузалиши қийин экан ўзи”, - дейди Йўлдошева.

Самарқандлик пульмонолог: коронавирусдан кейин энг кўп учраётган асорат - Фиброз

Самарқандлик 37 яшар пульмонолог шифокорнинг айтишича, коронавируснинг оғир тури билан хасталаниб шифохонага тушиб қолган беморларда энг кўп учраётган асорат – ўпка фиброзидир. Аммо, коронавирус асоратидан ўлим ҳолатлари кўп эмас, дея таъкидлади бу врач:

“Аксар беморларда ўпкада фиброз ҳосил бўлган (ўпкадаги чандиқ - таҳр). Фибрознинг тузалиши жуда секин кечадиган жараён, аксар беморларда кечмаслиги ҳам мумкин. Бу организмнинг ҳолатига боғлиқ. Назаримда, коронавирусдан оғир асорат қолган беморлар 10 фоизни ташкил қилади, булар орасида ўзига келолмай вафот этганлари 4-6 фоиздир. Лекин бу менинг тахминим, холос. Буни ўрганиш керак. Биз энди коронавирус эпидемиясидан қутулдик. Унинг оқибатлари ҳам ўрганилса керак яқин орада”.

Пульмонологнинг кузатувича, фиброзга учраган беморлар уй шароитида даволанишни давом эттириши мумкин. Шунингдек, бу шифокор аксар беморларда гормонал терапиянинг асоратлари ҳам кузатилаётганини хавотир билан қайд этди:

“Касаллик янги, даволаш протоколи ҳам янги, беморларга қўлланган дори дармонлар ҳам янги. Шу боис коронавирус оқибатлари, айниқса, гормон дори воситаларининг таъсири – ҳали биз шифокорлар учун янги муҳит, бундай олганда. Бунинг ҳаммасин кузатиш керак, бу терапия ва аслида коронавируснинг организмга таъсири, асоратларини таҳлил намуналарини олиб, янги ва эскисига солиштириб, ўрганиш керак. Бу жуда катта жараён, вақт керак, мутахассислар керак, лабораториялар керак. Тошкентда бор, ўрганишлар бораётгандир, лекин вилоятларда унақа шароитлар йўқ ҳали”.

Статистика қўмитаси: 2020 йилда ўлим ҳолати кескин ошган

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси мамлакатда 2020 йилги демографик вазият бўйича ҳисоботини эълон қилди.

Бу ҳисоботнинг энг эътиборли жиҳати, 2020 йилдаги ўлим ҳолатига оид рақам бўлиб қолмоқда – ўтган йилда 175,6 мингта ўлим қайд этилган, ўтган йилгидан кескин ошган - 21 мингтага кўп бўлган. Ўлим статистикаси 2019 йил бошида 154,6 мингта, 2018 йил бошида 154,9 мингтани ташкил қилган.

Қўмита ҳисоботида ўлим ҳолати ошиши сабаблари келтирилмаган. Аммо, Озодлик гаплашган шифокорлар, мутахассислар ва оддий ўзбекистонликлар, ортиқча 21 минг киши коронавирусдан вафот этганлардир, деган якдил тахминни илгари сурдилар.

Буюк Британиядаги тадқиқот: коронавирус беморларининг 30 фоизи яна шифохонага тушган

Буюк Британиядаги Лестер университети ва Статистика миллий бюроси ўтказган қўшма тадқиқот натижаларига кўра, коронавирус билан оғриган беморларнинг 30 фоизга яқини яна касалхонага тушиб қолгани кузатилган.

Олимлар 48 мингга яқин беморнинг хасталикдан кейинги аҳволини кузатган. Натижага кўра, вирусга чалинганидан кейинги 140 кун ичида кузатувга олинганларнинг 29,4 фоизи яна шифохонага тушиб қолган, 12,3 фоизи вафот этган.

Аксар беморларда юрак касаллиги, қандли диабет, хроникжигар ва буйрак хасталиклари кучайгани кузатилган.

Ҳозирда Буюк Британия олимлари бу беморларни ҳам коронавирус қурбонлари статистикасига қўшиш лозим, деган хулосага келмоқда.

Британиядаги амалиётга кўра, COVID-19 касаллигини қўзғовчи коронавирусга чалинган беморлар, кейинги 28 кун ичида вафот этгани тақдирда, ушбу касалликдан ўлган бемор сифатида қайд этилади.

Ўзбекистонда эса, ССВ расмийларига кўра, бу муддат расман 14 кунни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG