Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:59

Тайлоқдаги ошхонада заҳарланган 9 кишидан 5 нафари ҳануз касалхонада қолмоқда


Тўққиз одам балиқдан заҳарланган, деб гумон қилинмоқда.

Самарқанднинг Тайлоқ туманида овқатдан заҳарланиш белгилари билан ​шифокорга мурожаат қилган тўққиз бемордан беш нафари ҳануз касалхонада қолмоқда.

Заҳарланганларнинг аксари ёш болалардир. Улардан бир нафари реанимация бўлимида, оғир аҳволда ётгани айтилмоқда.

Тайлоқ Тиббиёт бирлашмаси врачи барча беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилгани, аҳволи қониқарли бўлганларга уйларига кетишга рухсат берилганини Озодликка айтди.

Тайлоқ туман Санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассисининг Озодликка айтишича, заҳарланганлар ошхонада сотилган айниган балиқ еган бўлиши мумкин.

Беморларнинг барчаси Тайлоқ туманининг "Талли Ота" маҳалласидаги ҳусусий ошхонада пиширилган балиқдан 14 ноябрь куни заҳарланган, деб гумон қилинмоқда.

Заҳарланиш белгилари билан шифокорга мурожаат қилган, исми очиқланмаслигини истаган беморлардан бири бу ҳақда Озодликка шуларни айтди:

Маҳалламизда битта балиқхона бор, заҳарланганларни ҳаммаси, мени ўзим ҳам шу ерни балиғини егандик.

- Маҳалламизда битта балиқхона бор, заҳарланганларнинг ҳаммаси, мени ўзим ҳам шу ерни балиғини егандик. Шундан кейин кўнгил айниш, ҳолсизлик бўлиб касалхонага ётдик. Эскирган балиқ бўлса керак, деб гумон қиляпмиз. Бизникику ўтиб кетди, лекин ёш бола оғир аҳволда реанимацияда ётибди, РайСЭС қаёққа қараяпти? Текширмайдими?

Оммавий заҳарланиш рўй берган "Талли ота" маҳалласи раиси Жавлон Ҳамзаев заҳарланиш уй шароитида тайёрланган компотдан бўлган, деган тахмин ҳам ўрганилаётганини айтди:

- Ўша куни у балиқхонадан бошқалар ҳам овқатланган экан-да. Улар заҳарланмаган. Мен балиқхона эгалари билан ҳам беморлар билан ҳам гаплашдим. Улар бошқалар ҳам балиқ еган, улар заҳарланмаган, деди. заҳарланганлар билан гаплашсам улар ёз мавсумида, пишиқчилик пайти мевалардан тайёрланиб, уй шароитида босилган компот ичганликларини ҳам айтишяпти-да. Шунинг учун компотдан заҳарланган, деган тахминлар ҳам бор,

Тайлоқ тумани Санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассисларидан бири Озодлик билан суҳбатда балиқхона текширилгани, айрим мижозларга эскирган балиқ пишириб сотилган бўлиши мумкинлигини айтди:

Балиқ тез айнийдиган маҳсулот ҳисобланади, шунинг учун айрим мижозларга эскиргани ўтиб кетган бўлиши мумкин.

- Ўша куни балиқхонани текширдик, лекин балиқлар сотиб бўлинган экан. Шунинг учун ўша кунги балиқлардан биологик намуна ололмадик. Балиқ тез айнийдиган маҳсулот ҳисобланади, шунинг учун айрим мижозларга эскиргани ўтиб кетган бўлиши мумкин, деган гумон бор. Ҳозир балиқхонада кундалик назорат ўрнатганмиз, ҳар бир маҳсулот алоҳида текшириляпти. Компотдан заҳарланди, деган таҳмин асоссиз, компотдан одам заҳарланмайди, чунки компотда ботулизм йўқ.

Тайлоқ туман Тиббиёт бирлашмаси бош врачи Гулнора Рустамова Озодликка вазият назоратга олингани, беморлар тузалиб уйларига жавоб берилганини айтиш билан чекланди:

- Ортиқча ваҳимага сабаб йўқ. Ҳаммасига тиббий ёрдам кўрсатилди, тузалиб уйларига қайтди. Назоратда ҳаммаси. Ҳозир мажлисдаман, гапиришга вақтим йўқ,- деб телефонни қўйиб қўйди.

Кейин Рустамовага боғланиб бўлмади.

Ўзбекистонда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари учраб туради.

Шу йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида бир боғчанинг 19 нафар тарбияланувчиси бўлган бола ўткир диарея, гастроэнтерит ташҳиси билан шифохонага ётқизилган эди.

​Ўтказилган текширув жараёнида боғчада овқат тайёрлаш блоки ҳамда гуруҳларда санитария қоидаларига риоя қилинмаганлиги аниқланган.

25 сентябр куни Наманганнинг Чуст туманидаги тўйда элликдан ортиқ одам заҳарланиш белгилари билан докторларга мурожаат қилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Санитария-эпидемия талабларини бузганлиги учун тўй эгасига нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима солинганди.

Шу йилнинг июн ойида эса суварак можароси билан танилган Тошкентнинг "Оқтепа лаваш" фаст-фуд тармоғи овқатидан 41 одам заҳарланганди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG