Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2018, Тошкент вақти: 11:58

Ўзбекистон Баракнинг ўрнига Қирғизистонга Андижоннинг Бирлашганидан ер бериши мумкин


Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси.

Қирғизистоннинг Барак анклави Ўзбекистон ҳудудига ўтади, бу анклав ўрнига Ўзбекистон Андижон вилоятининг чегарадош ҳудудларидан қўшни давлатга ер беради. Бу маълумотни Қирғизистон ҳукумати расмий вакили Чингиз Эсенгул уулу тасдиқлади.

Ўзбекистон Баракнинг ўрнига Қирғизистонга Андижоннинг Бирлашганидан ер бериши мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

-Чегаранинг аниқланмай қолган ҳудудлари масаласида Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшма ишчи гуруҳлари тадқиқотларни олиб бормоқда. Уларнинг орасида Барак анклави ҳам бор. Ҳозирги кунда Барак анклави ва унинг атрофидаги аниқланмаган ҳудудлар устида иш олиб борилаяпти,-деди расмий.

Чингиз Эсенгул уулунинг айтишича, Барак қишлоғини Ўзбекистонга бериб, унинг ўрнига бошқа ердан ер олиш масаласи икки давлат чегарасини аниқлаш бўйича комиссиянинг Фарғонада 1-7 август кунлари ўтган навбатдаги мажслисида кўриб чиқилган.

Барак қишлоғи раиси Бурканбек Аширов қишлоқ аҳли Ўзбекистон билан ер алмашинишга рози эканини билдирди:

-Биз Барак қишлоғини Ўзбекистонга ташлаб чиқиб кетадиган бўлаяпмиз. Бунинг Ўрнига Ўзбекистон Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Бирлашган қишлоғидан бизга ер берадиган бўлаяпти. Бу қишлоқ шарқ томондан Қирғизистоннинг Оқтош қишлоғи, жануб томондан Қашқарқишлоқ қишлоғининг Андижон маҳалласи билан чегарадош. Ўзбекистон гектарга гектар мансабида ер берадиган бўлди. Қишлоқ аҳли мажлис қилиб, бу таклифга рози бўлдик. Лекин масала камида 1-1,5 йил ичида ҳал бўлар экан. Ҳозирча бу борада музокаралар олиб борилмоқда экан, - деди Бурканбек Аширов.

Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Барак қишлоғи Ўзбекистон ичкарисида жойлашган. Қишлоқдан 5 километр ташқарига чиқилса Қорасув туман марказига кириб келинади. Бироқ мана шу 5 километр масофа Ўзбекистонга тегишли. Ўзбекистон бу ердан ўтишга рухсат бермагани учун Барак қишлоғи аҳолиси 2013 йилнинг 17 январидан бери Қорасувга бориб -келиш учун 600 километр масофани босиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

-Бу йўл Ўзбекистонга тегишли бўлгани учун жуда қийналганмиз. Бизга йўлак бермаганидан кейин бу қишлоқни алмаштириш энг яхши қарор буўлади. Фақат Ўзбекистон бизнинг 280 гектар еримиз ўринга 280 гектардан кам бўлмаган ерни бериши шарт,- деди Барак қишлоғи турғуни Алмаз Каримов.

Чегара масалалари бўйича эксперт Саламат Аламанов эса Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ер алмаштириш масаласида жуда эҳтиёткор бўлишлари керак, деб ҳисоблайди:

-Бу масала ҳал этилганидан кейин танқидчилар пайдо бўлади, бу масалани сиёсий ўйинга айлантирадиганлар пайдо бўлади. Масалан, Қарқира ҳудудини Қозоғистонга бериб, унинг ўрнига Қозоғистондан икки баробар кўп ер олинганидан кейин ҳам айрим сиёсатчилар буни норозилик билдириш воситасига айлантиришди, -деди Саламат Аламанов.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил этади.

Президент Мирзиёев давлат ташрифи билан 2017 йилнинг 5 сентябрида Бишкекка борганида мазкур чегаранинг 1170 километри аниқланиб бўлингани тўғрисидаги ҳужжат имзоланган эди.

Ҳозирги кунда икки давлат чегарасининг қолган 208 километрни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG