Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 17:09

Избосканда тарбиячилар байрам арафасида тунда боғчасини қўриқламоқда


Ўзбекистонда Мустақиллик байрами кунлари боғча ва мактабларда кундузги ёки тунги навбатчиликлар ташкил этилгани авваллари ҳам бўлган.

Андижон вилоят, Избоскан туманидаги барча болалар боғчалари тарбиячилари 19 августдан буён тунги навбатчиликка қўйилаяпти.

Навбатчиликка мажбурланаётганини ҳамда бу иш учун ҳақ тўланмаётганини айтган тарбиячилардан олинган бу маълумотни Озодлик боғланган МТМ раҳбарлари тасдиқлади.

Мудирларнинг айтишича, тунги навбатчилик Мустақиллик байрами кунлари хавфсизликни сақлаш мақсадида ташкил қилинган.

Андижон вилоят Мактабгача таълим бошқармаси раҳбари муовинининг Озодликка билдиришича, бошқарма тунги навбатчиликни жорий қилишга буйруқ бермаган.

Избоскан туманидаги 4-сон мактабгача таълим муасасаси (МТМ) тарбиячиларидан бирининг Озодликка айтишича, тунги навбатчиликлар туман ҳокимининг оғзаки буйруғига асосан ташкиллаштириляпти:

Директоримиз 19 августдан 5 сентябргача ҳар куни боғча қоровулидан ташқари камида уч тарбиячи боғчада навбатчиликка қолиши кераклигини айтди. Ҳокимликда махсус мажлис қилиб, айтишибди, ҳаммага мажбурий экан..

Қоровул ёки милиция, қўриқлаш хизмати ходимлари нима қилиб ўтирибди? Улар нима учун ойлик олади? Боғча қоровули бўла туриб, тарбиячи, муаллимларнинг боғчада тунаб қолиши қайси мантиққа тўғри келади.

Избоскан туманидаги телефон орқали боғланганимиз 1-сон болалар боғчасида ҳам худди шу вазият.

Боғча тарбиячиларидан бири бундай деди:

– Байрам кунлари кўз-қулоқ бўлиб туринглар, деб тайинлашди. Лекин, ҳудо сақласин бир нарса бўлса биз аёллар нима ҳам қила олардик. Ўзи бизни боғчада тунда ушлаб ўтиришдан нима наф, шуни тушунмаяпман? Қоровул ёки милиция, қўриқлаш хизмати ходимлари нима қилиб ўтирибди? Улар нима учун ойлик олади? Боғча қоровули бўла туриб, тарбиячи, муаллимларнинг боғчада тунаб қолиши қайси мантиққа тўғри келади?

Айрим боғча опалар тунда навбатчиликка қолгани учун эрларидан гап эшитаётганини айтишди.

- Эрларимиз эътироз билдираяпти. Сизлар тарбиячиларсизлар, қоровул эмассизларку, деб. Буни мудирамизга айтсак, "ишдан бутунлай кетавер, эрингни ёнига", деб бақириб беради, - дейди избосканлик боғча опалардан бири.

Озодлик боғланган боғча раҳбарлари тунги навбатчиликлар Мустақиллик байрами кунлари хавфсизликни сақлаш мақсадида ташкил қилинганини айтишди.

- Ҳокимиятдан буйруқ, халқ таълимидан буйруқ бор, шу буйруқ асосида директор, директор муовини ҳам навбатчиликка қоляпти, ўз хоҳишимиз билан қоляпмиз, ҳамма ўз хоҳиши билан қоляпти, - деди Избоскан туманидаги мактабгача таълим муассасаси раҳбарларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган тарбиячиларга кўра, уларнинг навбатчилиги учун бирор ҳақ тўланмайди.

Меҳнат кодексига кўра, ортиқча ишлаган вақтингиз учун ҳақ тўланиши керак. Лекин бизга бир тийин ҳам бермайди.

- Меҳнат кодексига кўра, ортиқча ишлаган вақтингиз учун ҳақ тўланиши керак. Лекин бизга бир тийин ҳам бермайди. Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши керак. Лекин, аввалги йилларда ҳам навбатчиликка қолганмиз, ҳақ берилмаган, - дейди Тошлоқ туманидаги 6-сон мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси.

Андижон вилояти Мактабгача таълим бошқармаси раҳбари муовини Фарҳод Пирматов тарбиячиларни тунги навбатчиликка қолдиришга улардан буйруқ берилмаганини айтди.

- Мен бу ҳақда сиздан эшитиб турибман, - деди Пирматов.

Избоскан туман ҳокимлиги мулозими эса Озодлик саволини эшитиши билан гўшакни қўйиб қўйди.

Ўзбекистоннинг бошқа туман ва вилоятлари мактаб ва боғчаларида ҳам тунги навбатчиликлар ташкил этилгани ҳақда Озодликка маълум.

Шу йилнинг 23 август куни Самарқанд шаҳридаги мактаб ўқитувчилари тунги қоровулликка мажбурланаётгани ҳақда Озодликка хабар йўллашган эди.

“Самарқанд шаҳри мактабларида фаолият юритиб келаётган эркак ўқитувчилар номидан ёзмоқдамиз. Бизларни байрам арафаси ва байрамдан кейин мактабда мажбуран кечки навбатчиликка қўйишмоқда. Навбатчилик 20 августдан 5 сентябрга қадар давом этади. Кечаси билан мактабда қоровуллик қилиб ўтирамиз, аммо маошимизга бир сўм ҳам қўшилмас экан. Меҳнат вазирлиги бу вазиятга изоҳ берса яхши бўлар эди”, - дейилган самарқандлик бир гуруҳ ўқитувчиларнинг маълумотномасида.

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами кунлари боғча ва мактабларда кундузги ёки тунги навбатчиликлар ташкил этилгани авваллари ҳам бўлган.

Буни расмийлар жамоат хавфсизлигини сақлаш, юзага келиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш, ўз вақтида бартараф этиш, шунингдек, бу ҳақда ваколатли идораларга тезкорлик билан хабар бериш, дея изоҳлашган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG