Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:18

Қорақўтанда ўласи қилиб калтакланган ака-укалар оиласи ИИБни ҳаракатсизликда айбламоқда


Жамшид Бобоёров калтакланиши ортидан ҳушсиз аҳволда касалхонага ётқизилган.
Жамшид Бобоёров калтакланиши ортидан ҳушсиз аҳволда касалхонага ётқизилган.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида "ўласи қилиб келтакланган" икки фермернинг қариндошлари туман Ички ишлар бўлимини ҳаракатсизликда айбламоқда.

35 ёшли фермер Жамшид Бобоёров ва унинг 38 ёшли акаси Дилшод Бобоёровни Қорақўтан олтин кони яқинида номаълум шахслар 18 июнь куни ваҳшийларча калтаклагани оқибатида касалхонага ётқизилди.

Пахтачи туманининг "Ҳаёт элбеги" маҳалласида яшовчи Бобоёровларнинг онаси Сайёра Бобоёрова Озодлик билан суҳбатда фарзандларини калтаклаганларни билишини, улар “Қорақўтон” конидаги олтин тошларни ўғирловчилар экани, фарзандларини калтаклаганлар унинг ўзига ҳам ўлим таҳдиди қилишганини айтди.

Ўзи ва ўғиллари ҳаëти учун қўрққанини таъкидлаган Бобоёрова ўзи жиноятда гумон қилаëтган шахсни Озодликка очиқламади.

Бобоёрова иддаосича, "туман ИИБси ўғиллари калтакланишини текширишни турли баҳоналар билан чўзмоқда".

Озодлик Жамшид Бобоёровнинг дўппосланиши, онасига ўлим таҳдиди бўлгани юзасидан Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Ички ишлар бўлимига боғланганида¸ бу воқеа текширилаётгани¸ аммо изоҳ берилмаслигини айтди.

Фермерларнинг онаси Сайёра Бобоёрова Озодлик билан суҳбатда ўғлини “Қорақўтан” конидаги олтин тошларни ўғирловчилар калтаклагани, "улар билан тили бир бўлган" Пахтачи тумани Ички ишлар бўлими ходимлари эса атайлаб ишни текширишни чўзаётганини айтди.

- Олдинига ўғлим Жамшидни йўлда арматура билан уриб, ўласи қилиб калтаклаб ташлаб кетишди. Ғалла ҳашаридан қайтган яна бир ўғлим Дилшод сабабини суриштириб олтин мафиячиларни олдига борган. Дилшодни ҳам ўласи қилиб калтаклашди. Энди мени ҳам йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилишяпти. Ҳозир иккала ўғлим Пахтачи тумани Тиббиёт бирлашмаси Жонлантириш бўлимида, оғир аҳволда ётибди. ИИБ ҳеч нарса қилмаяпти. Олтин мафиясининг органда танишлари кўплигидан ҳеч қандай суриштирув ўтказилмаяпти, - деди Сайёра Бобоёрова.

Айни пайтда Бобоёрова қўрққанидан икки ўғлини калтаклаганлар ва ўзига ўлим таҳдиди қилганлар исмини Озодликка очиқлай олмаслигини айтди.

Калтакланган ака-укаларнинг исми очиқланмаслигини истаган қариндошларидан бири Жамшид Бобоёров 18 июнь куни даладан қайтаётганида номаълум одамлар олтин тошларни ўғирлаётганига гувоҳ бўлгани учун калтакланганини айтади.

- Йўлда олтин тошларни олиб кетаётганини Жамшид кўриб қолган. Кейин қувиб етиб, темир жисмлар билан уришган. "Айтсанг ўлдирамиз", дейишган. Тиллочиларнинг дастидан кўчада юролмайдиган бўлиб қолдик, - дейди калтакланган ака-укаларнинг қариндоши.

Онасининг айтишича, калтакланиш оқибатида Жамшиднинг боши ёрилган, жағи синган ва ҳозиргача касалхонада ҳушсиз ётибди.

- Бир ўғлим касалхонада ўлим билан олишиб ётибди. Яна бир ўғлим ҳам касалхонада. Қани ҳақиқат, фарзандларимни ўласи қилиб калтаклашсаю милиция қараб тураверса? Шу мурожаатимни президент Шавкат Мирзиёевга етказинг!, - дейди Бобоёрова.

Дилшод Бобоёров калтакланиши ортидан Пахтачи тумани касалхонасига ётқизилди.
Дилшод Бобоёров калтакланиши ортидан Пахтачи тумани касалхонасига ётқизилди.

Ғайриқонуний олтин бизнесидан хабардор пахтачиликлардан бири Қорақўтан конида ўғриликлар систематик тус олгани ва туман аҳолисининг 70 фоизи шу ноқонуний фаолиятдан кун кўришини, бу тизимни тумандаги тиллочилар мафияси назорат қилишини иддао этди.

- Туманда 200 та рудаларни қайта ишловчи яширин тегирмон цехлари бор. Ўғирланган рудалар шу ерга олиб борилиб, ювилади. Қайсидир цехда тошни қумга айлантиришади, қайси бирида тошни ювиб, зарра қилиб беришади. Бир ёки икки килограмм тошдан 1 грамм тилла чиқади. Ҳаммаси уюштирилган система бу. Йиллардан бери давом этяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари билади буни. Майдаларини ушладик, деб матбуотга чиқаришади, йирик мафияга тегишмайди.

Озодлик бу иддаоларга муносабат олиш мақсадида 24 июнь куни ИИВ матбуот хизмати телефонларига кун давомида телефон қилди, лекин қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Озодлик Жамшид Бобоёровнинг дўппосланиши, онасига ўлим таҳдиди қилингани юзасидан Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Ички ишлар бўлимига боғланганида¸ улар бу ҳолат текширилаётгани ва изоҳ беролмасликларини айтди.

Айни пайтда¸ Озодлик гаплашган Пахтачи тумани ИИБ расмийси, "тиллочилар билан милициянинг тили бир" деган иддаоларни рад қилди.

Қорақўтанда олтин ўғрилигига гувоҳ бўлганларнинг ҳужумга учраши биринчи марта бўлаётгани йўқ.

2018 йил июнь ойида “Қорақўтлн” конидан ўғирлангани гумон қилинган олтин тошларни қўлбола тегирмонда майдалаётганига гувоҳ бўлган участка нозири Сардор Маматқулов "тиллочилар"нинг ўзига темир жисм билан ташлангани ҳақда Озодликка хабар қилган эди.

Тўрт йил аввал эса Қорақўтан олтин конини қўриқлаётган милиция ходими босқинчилар томонидан дўппослаб ўлдириб кетилган эди.

Қорақўтан олтин кони Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бўлиб, у ердаги шахталардан таркибида олтини бор руда қазиб олинади.

Ака-ука Бобоëровларнинг калтакланиш воқеасини ўрганиш давомида Навоий кон-металлургия комбинати маъмурияти билан боғланиб¸ 18 июнь кунги воқеа¸ қолаверса¸ комбинатга қарашли конлардаги ўғриликлар ҳақидаги иддаоларга муносабат олишнинг имкони бўлмади. 24 июнь куни комбинат матбуот хизмати рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG