Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:25

Ҳиндистонга шифо излаб борган тошкентлик аёл уйига тобутда қайтди


52 ёшли Наргиза Аҳророванинг жасади солинган тобут 11 июн куни учоқда Деҳлидан Тошкентга олиб келинди.
52 ёшли Наргиза Аҳророванинг жасади солинган тобут 11 июн куни учоқда Деҳлидан Тошкентга олиб келинди.

Ҳиндистонга саратондан даволаниш учун борган 52 ёшли Наргиза Аҳророва уйга тобутда қайтди.

Марҳуманинг ўғли Одилбек Аҳроров Озодлик билан суҳбатда воситачиларнинг алдовига учиб саратонга чалинган онасини бир неча минг доллар харж қилиб Ҳиндистонга олиб боргани, аммо воситачилар ўзини чув туширишганини иддао қилади.

“Воситачи” деб таърифланаётган тошкентлик аёл ва унинг ҳиндистонлик турмуш ўртоғи Озодлик билан суҳбатда Наргиза Аҳророва саратоннинг охирги стадиясида бўлишига қарамай¸ ўғли уни 30 май куни Ҳиндистонга олиб келгани, бемор Деҳлидаги Jaypee клиникасига ётқизилганини билдирди.

Воситачиларга кўра, муолажага етарли пул бўлмагани сабаб "ўлиб қолса¸ ўзим масъулиятни зиммамга оламан", деган тилхат билан Одилбек Аҳроров онасини касалхонадан олиб чиқиб кетган.

8 июнь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ширкати учоғида Тошкентга олиб кетилаётганида кислород тугаб¸ Аҳророванинг аҳволи янада оғирлашган.

Шундан сўнг Тошкентга парвоз қилаётган учоқ Деҳлига қайта қўнишга мажбур бўлган.

Деҳлидаги Jaypee клиникасидагилар Наргиза Аҳророва ўлими юзасидан Озодликка изоҳ бермади.

Ҳиндистонга саратондан шифо излаб борган 52 ёшли ўзбекистонлик аёл Наргиза Аҳророванинг ўлими акс этган видео ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Марҳуманинг ўғли Одилбек Аҳроров Озодлик билан суҳбатда "воситачилар" ўзини чув туширишганини иддао қилди.

- Ҳиндистонлик эркакка турмушга чиққан аёл 1000 доллар эвазига онамни даволатиб беришини айтди. Биз ишониб¸ 30 май куни онам билан Деҳлига йўл олдик. Ҳиндистонга ўз оёқлари билан юриб бордилар, ўн кун ўтиб мана онамни тобутда Тошкентга олиб келаяпмиз, - деди Одилбек Аҳроров 11 июнь куни.

Озодликка маълум бўлишича¸ Деҳлига келиши билан Наргиза Аҳророва Jaypee номли клиникага ётқизилган¸ бир ҳафта ўтиб аёлнинг аҳволи оғирлашган.

Одилбек Аҳроровнинг айтишича, касалхона ходимлари беморни даволаш учун воситачилар ваъда қилганидан беш баравар кўп нарх айтишган.

- Бир неча кун узлуксиз осма уколлар ва ҳар хил укол-дорилар қилишди. Онамнинг бирдан буйраклари ишламай қолди. 5000 АҚШ доллар ёки кунига бир ярим минг доллардан тўлайсизлар, дейишди. Бизда бунча пул йўқ эди. Минг долларга ишониб келганмиз. Пул бўлмагани учун онамни ялиниб, ёлвориб Ўзбекистонга олиб кетишни сўрадик, - дейди марҳуманинг ўғли.

8 июнь куни Наргиза Аҳроровани “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ширкатининг учоғида Тошкентга олиб кетишаётганида махсус мосламадаги кислород тугаб¸ аёлнинг аҳволи янада оғирлашган.

Одилбек Аҳроровнинг айтишича, учоқ Деҳлига қайта қўнган ва онаси касалхонага олиб кетилаётган пайт жон берган.

- Самолëтда онамнинг ҳолати яна ҳам оғирлашиб қолди ва бир ярим соат учгандан сўнг самолёт Ҳиндистонга қайтишга ва қўнишга мажбур бўлди. Деҳли аэропортига қўнганимиздан сўнг тез ёрдам келиб касалхонага олиб кетишаётган вақтда онам жон берди, - дейди марҳуманинг ўғли.

11 июнь куни Наргиза Аҳророва жасади Деҳлидан Тошкентга олиб келинди.

Одилбек Аҳроров онаси ўлимида "воситачилар"ни айблайди.

- Буларнинг тузоғига илиниб¸ онамдан айрилдик. Агар шундай бўлишини билганимда¸ онамни сарсон қилмаган бўлар эдим. Булар онамни аҳволини билиб, катта харажатга туширишди, - дейди Одилбек Аҳроров.

Озодлик марҳуманинг ўғли “воситачи” деб таърифлаётган тошкенлик аёл ва ҳиндистонлик Кабир исмли йигит билан суҳбатлашди.

Кабир Наргиза Аҳророва ўта оғир аҳволда Ҳиндистонга олиб келингани, лекин ўғли муолажа тугамасдан онасини “ўлиб қолса¸ ўзим жавобгар бўламан”, деган тилхат ёзиб олиб кетганини айтди.

- "Пулим йўқ, деб онамни олиб кетаман", деб туриб олди. "Ўзбекистонга борганимиздан кейин банк орқали тўловларни қиламиз", деб олиб кетди. Агар “йўлда ўлиб қолса¸ ўзим жавобгарман”, деган мазмунда касалхона ундан тил хат ҳам ёздириб олди. Олиб кетаётганида кимлардандир арзонга сунъий кислород берадиган мосламани ҳам сотиб олган. У кислород тугаб, онасининг самолётда жони узилган. Мен унинг тармоқда ёзганларини ўқидим. “Онам Ҳиндистонга ўз оёғи билан кириб борган”, деб ёлғон гапираяпти. Аслида ўта оғир аҳволда, коляскада олиб келишганди. Охирги стадиядаги саратон бўлган онасини ким 1 минг долларга даволайди? - дейди Кабир.

Одилбек Аҳроров беморларни Ҳиндистонга жўнатиш билан шуғулланувчи тошкентлик воситачи деб таърифлаган аёл эса беморга ёрдам бераман, деб балога қолганини айтади.

- Қайтанга биз унинг айрим харажатларини касалхонага тўлаб юбордик. Бу шу қарзни тўлашдан бўйин товлаш учун шов-шув кўтараяпти, туҳмат қилаяпти. Аслида у биздан қарздор, - дейди исми айтилмаслигини истаган тошкентлик аёл.

Озодлик Деҳлидаги Jaypee клиникасига ҳам боғланди. Лекин шифохона ходимлари Наргиза Аҳророва ўлими юзасидан изоҳ беролмасликларини айтишди.

Ҳиндистонда тиббий туризм тез ўсаётган соҳалардан бири ҳисобланади.

Даволанишнинг паст нархлари сабаб охирги йилларда Ўзбекистондан даво истаб Ҳиндистонга юзланганлар сезиларли тарзда ортган.

Ўзбекистонда Ҳиндистонда даволанишни реклама қилган эълонларни кўп учратиш мумкин.

"Hindustan Times" рўзномасига кўра, Ҳиндистон ҳар йили тиббий туризмдан 3 миллиард долларгача даромад кўради, 2020 йилга бориб мамлакат ушбу соҳадан келадиган даромадни 5 миллиард долларга етказишни мўлжалламоқда.

XS
SM
MD
LG