Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:38

Қўқонда бўлмаган концерт учун банк ходимлари ойлигидан пул ушлаб қолинди


Концертга билетлар Қўқондаги бозор ва ҳусусий дўкон эгаларига ҳам мажбурлаб сотилган.

Озодлик қўлга киритган ҳужжатларга кўра​, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида бўлмаган ҳайрия концерти учун банк, бозор ва солиқ идоралари ходимлари маошидан кесиб қолинган.

28 май куни Қўқон шаҳар ўйингоҳида кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш мақсадида “Юлдузлар иштирокидаги хайрия концерти” ўтказилиши керак эди.

Аммо, концерт номаълум сабабларга кўра ўтказилмади.

Озодлик ҳужжатларидан маълум бўлишича, шаҳардаги ўндан зиёд банк бўлимининг ҳар бирига 60 донадан, Қўқон Бозорлар ва савдо комплексларига 852 дона, Қўқон солиқ инспекцияси бўлимига эса 1020 дона (жами 2652 дона) концерт чиптаси 15 минг сўмдан мажбурий равишда тарқатилган.

Қўқондаги 13та банк бўлими, Қўқон Бозорлар ва савдо комплекслари ва Қўқон солиқ инспекцияси бўлимига концерт чиптасини олиш тайинланган ҳужжат..
Қўқондаги 13та банк бўлими, Қўқон Бозорлар ва савдо комплекслари ва Қўқон солиқ инспекцияси бўлимига концерт чиптасини олиш тайинланган ҳужжат..

Қўқондаги Микрокредит банкининг исми сир қолишини истаган ходими бўлмаган концерт учун ойлигидан пул ушлаб қолинганини Озодликка тасдиқлади.

- Банкимизга донаси 60та билет берилди, "ҳамма олиши шарт", дейилди. Баъзиларга иккита, баъзиларга учтадан бўлиб беришди. Концерт бўлмади, лекин ойлигимиздан шу пулни ушлаб қолишди, - дейди Қўқондаги Микрокредит банкнинг исми очиқланмаслигини истаган ходими.

Билетлар Қўқондаги бозор ва хусусий дўкон эгаларига ҳам мажбурлаб сотилган.

- Ол дейишди, олдик. Ҳокимни буйруғи дейишди. Концерт бўладими, бўлмайдими, бизга аҳамияти йўқ”, - дейди қўқонлик савдогар.

Озодлик билан суҳбатда бўлган банк ходимларига кўра, хайрия концерти ва мажбурлаб чипта соттирилиши ташкилотчиси Қўқон ҳокимлиги бўлган.

Бунақа майнавозчилик, мажбурий, бемаъни концертлар - Қўқон шахар ҳокимининг иши. Банк, бозор ва солиқ идораларига билет олишга бошқа ким буйруқ бера олади?” - дейди қўқонлик банк ходими.

Лекин, Қўқон ҳокимлиги расмийси концертга ҳам, пул йиғишларга ҳам уларнинг алоқаси йўқлигини айтди.

- Концерт бўлмаган, тўғри. Буни нодавлат ташкилотлари уюштирган экан-да. Энди ҳокимият ҳам четда қараб турмайди, кўмак беради. Кам таъминларга ёрдам бериш мақсадида уюштирилган-да. Лекин, билет мажбурлаб сотилгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз, - деди Қўқон шаҳар ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийси.

Концерт нега ўтказилмади? Бўлмаган концерт билети учун ойликларидан ушлаб қолинган пуллар ходимларига қайтариб бериладими?

Қўқон ҳокимлиги расмийси бу саволни жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистонда концерт томошаларига чипталар бюджет ташкилотлари ходимларига мажбурлаб сотилиши учраб туради.

Ўтган ой Қашқадарёда хонанда Анвар Санаев концертига билетларни мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларига мажбурлаб соттирган Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ва Қарши шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарларига интизомий жазо кўрилган эди.

XS
SM
MD
LG