Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:39

Туркманлар чет эл валютаси сотиб олиш учун Ўзбекистонга сафар қилмоқда


Юзлаб кишилар Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси дарвозаси ортида эрта тонгданоқ Ўзбекистонга виза олиш учун навбатга туради. Улар орасида дўстлари ёки қариндошларини кўриш учун борувчилар жуда кам.

Туркманистонликларнинг Ўзбекистонга сафар қилишидан асосий мақсад чет эл валютаси харид қилишдир.

Сўнгги ўн йилда Туркманистон ҳукуматининг даромади турли мамлакатлар билан муаваффақиятсиз тузилган битимлар, шунингдек, жаҳонда мамлакатнинг асосий экспорт товари бўлмиш табиий газ нархи пасайгани сабаб кескин камайиб кетди.

Назорат ўта қаттиқ бўлган Туркманистондаги валюта билан боғлиқ танқислик минглаб одамларнинг банкоматлардан пул олиш учун Ўзбекистонга боришга мажбур қилмоқда.

Turkmen.news нашрининг хабар қилишича, Ўзбекистон элчихонаси ёнидаги кишиларнинг навбат кутиб туришига сабаб энг яқин шаҳарларга бориб, ўша ерлардан нақд пул олишдир.

Туркманистонда пул тобора тақчиллашиб бормоқда, энергетика ресурсларига жуда бой мамлакатдаги 6 миллионга яқин аҳолининг аксарияти оғир молиявий муаммоларга дуч келмоқда.

Тақдир ҳазилини қарангки, нақд пул тақчиллиги одамларга муайян ҳақ эвазига қора бозорда воситачилик қилиш билан шуғулланиш учун янги иш ўринлари манбасига айланди.

Ширберди исмли бир ашхободликнинг айтишича, Ўзбекистонга кўп марта киришга рухсат берадиган 20 кунлик виза олар, бошқалар қатори ўзининг ва бошқа бир неча кишининг дебет картасини олиб, Ўзбекистонга нақд пул олиб келиш учун борар экан. Карта эгалари унга ҳатто ПИН-кодларини ҳам беради.

Ширберди 100 манат (расмий курс бўйича 28,6 доллар, қора бозор курси бўйича 5 доллар) эвазига одамларга хизмат кўрсатади. Бу – унинг яккаю ягона даромад манбаи.

Мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан ошиғи ишсиз экани айтилади.

Ширберди виза амал қиладиган 20 кун давомида Ўзбекистонга 5 мартача келиб кетади. Унга ўхшаб тирикчилик қилаётганлар кўп. Айтишича, Ашхободда яхши дейиладиган ишда ишлайдиганлар 700 манатча (расмий курс бўйича 200 доллар) маош олади.

Манат излаб

Туркманистонда барча маошлар, пенсиялар ва талабаларнинг стипендиялари банк карталари орқали тўланади, лекин банкоматларда нақд пул йўқ. Айниқса, қишлоқ жойларда пул ўта танқис, одамлар банкоматлардан пул олиш учун соатлаб навбат туради.

“Озодлик” мухбирлари 4 ноябрда Марв вилоятида одамларнинг маоши банк ҳисоб рақамларига жўнатилгани, бироқ банкоматлар бўм-бўш экани ва одамлар пул ола билмаганига гувоҳ бўлди.

Марв ва Лебап вилоятидаги айрим кишилар нақд пул олиш учун кунлаб навбатда турганини айтди.

Август охирида Лебап полицияси бундай навбатда турган бир неча кишини ҳибсга олган. Улар банкоматлар олдида навбатга турмаслиги кераклигидан огоҳлантирилгач, қўйиб юборилган.

Айрим лебапликлар Ашхободдан нақд пул олиб келиб бериши учун норасмий воситачиларга мурожаат қилмоқда, чунки пойтахтдаги банкоматларда пул бўлиб туради.

Маҳаллий аҳоли қора бозордаги пул алмаштириб берувчилар хизмати учун 10 фоиз ҳақ олаётганини айтмоқда.

“Техник муаммо”

Авторитар президент Гурбангули Бердимуҳамедов 19 августда банкоматлардаги пул тақчиллигини тилга олди, аммо бунга сабаб бўлаётган иқтисодий муаммолар ҳақида ҳеч нарса демади.

Бердимуҳамедов ҳукумати билан бирга Туркманистон аҳолиси ҳаётининг барча соҳаларини назорат қилади, айниқса, иқтисодиёт – қаттиқ назорат остида. Мамлакатни 2006 йилдан бери шафқатсизлик билан бошқариб келаётган президент банкоматлар муаммосини “техник масала” деб атади ҳамда марказий банк раиси Мердан Аннадурдиевга “банкомат амалиётларини суст назорат қилгани” учун ҳайфсан берди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, 2019 йилнинг дастлабки 6 ойида 233 400 нафар туркман ватандоши Ўзбеистонга сафар қилган. Аслида Туркманистондан келган меҳмонлар сони бундан анча кўп, деб ҳисобланади.

Асосан чўллардан иборат бўлган Туркманистонда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги сабабли айрим озиқ-овқат дўконлари бўш туради, нон ҳам талон билан тарқатилади.

Сўнгги ўн йилда Туркманистон ҳукуматининг даромади турли мамлакатлар билан муаваффақиятсиз тузилган битимлар, шунингдек, жаҳонда мамлакатнинг асосий экспорт товари бўлмиш табиий газ нархи пасайгани сабаб кескин камайиб кетди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG