Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 12:24

Жиззахда туғруқ пайти ўлган чақалоқнинг отаси шифокорларни айбламоқда


Иллюстратив сурат: Ўзбекистонда ҳар минг боланинг бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтади.

Жиззах вилояти Янгиобод туманида яшовчи Жасур Худойбердиев туғруқ пайти чақалоғи нобуд бўлишида шифокорларни айбламоқда.

Худойбердиевнинг айтишича, 3 май куни тўлғоқ тутиб келган турмуш ўртоғини туғруқхона врачлари вақтида қабул қилмагани оқибатида фарзанди нобуд бўлган.

Туғруқхона врачлари эса аёл кеч олиб келингани боис чақалоқни сақлаб қололмаганликларини айтишди.

Туман прокуратураси бола ўлими юзасидан терговолди текширув ўтказаётганини билдирди.

29 ёшли Жасур Худойбердиевнинг иддаосича, 4 май куни аёлида тўлғоқ бошлангач, уни Янгиобод туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ мажмуасига олиб борган.

Аммо навбатчи доя тушликка чиқиб кетгани сабаб хомиладор вақтида қабул қилинмаган.

"Ўша куни соат 16 лар атрофида аёлимдан қон кета бошлади. Бизга Тез ёрдам машинаси узоқлиги учун вақт чўзилмасин, деб қўшнимиздан шифохонага олиб боришни илтимос қилдик. 16.40 да етиб бордик, "навбатчи врач йўқ", деб турмуш ўртоғимни киргизишмади. Навбатчи врач шахсий иши билан қаергадир кетиб қолган экан".

Жасур Худойбердиевга кўра, рафиқасини туғруқхонага етиб келганларидан бир ярим соат ўтиб қабул қилганлар.

"Охири соат 18 лардан ўтиб қабул қилишди. Шифокорлар аёлим кўп қон йўқотгани сабаб вилоятга олиб бориш керак дейишди, лекин осма уколсиз вилоятга етиб боролмаслигини айтишди. Бола ўлик туғилди. Аёлим ҳам икки литр қон йўқотиб, ўлишига сал қолди, зўрға ўзига келтирдик".

Янгиобод туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи муовини Ўткир Нормаматов аёл кеч олиб келингани оқибатида чақалоқ нобуд бўлганини айтди.

"Чақалоқ чала бўлган, уйида қон кетган, чунки тўлғоқ вақтидан олдин бўлган, саккиз ойлик даврда бўлган. Аёлни вақтида олиб келишмаган. Вақтида киритишмади, деган нарса умуман нотўғри, бизни касалхонада бу бўлиши мумкин эмас".

Жасур Худойбердиев айни пайтда туғруқ пайти чақалоғи ўлгани юзасидан туман прокуратурасига арз қилган.

Жиззах вилоят Янгиобод туман прокуратураси терговолди текширувларини олиб бораётганини айтди, лекин, текширув хулосаси ҳақида ҳозирча маълум беролмаслигини билдирди.

Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда.

Британиядаги "Save The Children" - "Болаларни Асранг" халқаро хайрия ташкилоти ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда ҳар минг боланинг бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтади.

Дунёга келганидан сўнгги 30 кун мобайнида рўй берадиган болалар ўлими ҳоллари эса Ўзбекистонда ҳар минг болага 15тани ташкил этади.

Туғруқхоналардаги тиббий шароит, малакали ходимларнинг етишмаслиги, шунингдек, оилавий шароит ёмонлиги бунинг сабаблари сифатида тилга олинади..

Дунё бўйича эса ҳар йили 1 миллиондан ошиқ бола туғилиши билан ўлади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG