Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 20:55

Халқаро арбитраж Ўзбекистон мулки мусодара қилинган турк ширкатига $40млн тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқарди


Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd раҳбари Воҳид Гунаш 18 октябр куни Озодлик билан суҳбатда ICSID қароридан рози эканини айтди.

Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ (International Centre for Settlement.of Investment Disputes -​ ICSID) Ўзбекистон ҳукумати Туркиядаги Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкатига 40 миллион АҚШ долларилик товон тўлаши лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда Global Arbitration Review нашри 8 октябрь куни хабар қилди.

2004-2011 йилларда Тошкентда "Туркуаз" савдо марказига асос солиб, фаолият юритган ширкат эгаси, 50 яшар Туркия фуқароси Воҳид Гунаш 2012 йил апрелида эса мусодара қилинган мол-мулкини қайтариш талаби билан Ўзбекистон расмийларига қарши даъво аризаси билан ICSID га мурожаат қилган эди.

Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ қарорларини эълон қилиб борадиган GAR нашри хабарига кўра, бельгиялик ҳакам Ҳанс ван Хоутте раислигидаги маҳкама Ўзбекистонда мол-мулки мусодара қилинган турк ширкатининг даъво аризасини 7 йил давомида кўриб чиқиб, 4 октябрь куни сўнгги қарорини чиқарган.

Қарорда Ўзбекистон ҳукумати турк ширкатига тўлаши керак бўлган товон 40 миллион доллар қилиб белгиланган.

Бу эса даъвогар талаб қилганидан анча кам.

АҚШдаги халқаро маҳкамага берилган ҳужжатларда Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкати Ўзбекистон ҳукумати айби билан 180 миллион долларлик зарар кўргани ҳақда арз қилганди.

Ўзбекистон томони ICSID қарорини ҳозирча изоҳламади.

ICSID Ўзбекистон турк ширкатига US$40 million тўлаши ҳақида қарор чиқарди.
ICSID Ўзбекистон турк ширкатига US$40 million тўлаши ҳақида қарор чиқарди.

Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd раҳбари Воҳид Гунаш 18 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда ICSID қароридан рози эканини айтди.

180 миллион доллар сўрагандик, маҳкама Ўзбекистон бизга 40 миллион доллар тўлаши керак, деб қарор берди ва шунга розимиз

- Шариат кесган бармоқ оғримайди деганларидек, қарордан розимиз, адолат бу! 180 миллион доллар сўрагандик, маҳкама Ўзбекистон бизга 40 миллион доллар тўлаши керак, деб қарор берди ва шунга розимиз. Ўзбекистонда маънавий зарар ҳам кўрганмиз, тўққиз ярим ой давомида Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги МХХ тергов изоляторида сақланганимда кўрган қийноқларим юзасидан ҳам шикоят қилганман, лекин даъвонинг маънавий қисми эътиборга олинмаган афтидан, - деди Воҳид Гунаш.

Озодлик Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро маҳкама қарори юзасидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматидан изоҳ ололмади.

- Бу ҳақда маълумотга эга эмасмиз, - деди матбуот хизматининг Озодлик суҳбатлашган ходими.

Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунаш етти йил мобайнида Ўзбекистонда тадбиркорлик қилганидан кейин 9 ой қамоқда сақланиб¸ 2011 мамлакатдан депортация қилинган эди.


Гунаш билан бирга яна етти нафар туркиялик тадбиркор солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик¸ ҳамда “яширин иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшгани” учун Ўзбекистон суди томонидан айбдор деб топилган эди.

Воҳид Гунашнинг Ўзбекистонда "Туркуаз" номли йирик хорижий савдо тармоғига айланган ширкати иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, 2011 йилда ёпилганди.

Ўзбекистон ҳукуматига 700 минг АҚШ долларини тўлаганларидан сўнг, уларга жазо енгиллаштирилган ва мамлакатдан бадарға этилган.

Аммо, Воҳид Гунаш Ўзбекистонда ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев даврида сармоя муҳити яхшилангани этироф этади, лекин бу мамлакатга бизнес қилиш учун қайтиш нияти йўқлигини айтади.

- Мирзиёев мени икки йил аввал Ўзбекистонга таклиф қилган эди. Бордик, кўришдик, лекин келиша олмадик. "Улар пулимиз йўқ, сизга бино берамиз, иш юритинг" дедилар. "Бинони нима қиламан", дедим. Лекин, Ўзбекистонда бизнес учун ҳозир тўсиқ бор деб ўйламайман. Ҳурматли Мирзиёевга қарши ҳеч қанақа эътирозимиз ҳам йўқ. Бу президент уч йил ичида анча ўзгаришлар қилди, - дейди Гунаш.

  • 1965 йилда таъсис топган Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказга 140 давлат¸ хусусан¸ Ўзбекистон ҳам аъзо. Жаҳон Банки ҳузуридаги бу марказ халқаро майдондаги сармоя можароларини кўриб чиқиб¸ ҳукм чиқарувчи нуфузли халқаро арбитраж маҳкамаси ҳисобланади.
  • 2006 йилда Newmont USA Limited and Newmont (Uzbekistan) Limited ширкати Ўзбекистон ҳукуматини Вашингтон маҳкамасига тортган ва ўзаро можаро 2007 йилда Ўзбекистон ҳукумати Newmont билан муросага эришиб¸ ширкатга 80 миллион доллар тўлаши билан якун топган эди.
  • Шунингдек¸ Исроилнинг Metal-Tech Ltd.ширкати ҳам Ўзбекистон ҳукуматини 2010 йил апрелида Вашингтон арбитраж судига тортган¸ аммо ўша йилнинг июнь ойида ҳакам коррупцияга бориб тақалувчи бу келишмовчилик юзасидан ажрим чиқариш ўз ваколатига кирмаслиги асосида жараëнни тўхтатган.
  • МТС мобил телефон ширкати¸ “Вимм-Билль-Данн”, “Carlsberg”, Spentex Industries, Oxus Gold, United Cement Group каби ўнлаб ширкатлар ҳам Ўзбекистонда муаммоларга дуч келгач Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро маҳкама ICSID га арз қилишган эди.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG