Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:48

Мирзиёев туркларни Ўзбекистонга таклиф этди, аммо визани бекор қилмади


​Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябр куни Анқарада ўтказилган матбуот брифингида Самарқанд-Истанбул рейси йўлга қўйилишини маълум қилар экан¸ турк журналистларини ушбу рейсда биринчи бўлиб Самарқандни зиёрат қилишга таклиф этди. Мирзиёев “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати раҳбарига бу саëҳатни бепул уюштиришни тайинлади, лекин турк ватандошлари Ўзбекистонга бориш учун 250 АҚШ долларгача тўлаб оладиган виза тартибини бекор қилмади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев келаси йилнинг март ойида йўлга қўйилиши режаланган Истанбул-Самарқанд авиақатновини шу йилнинг октябрь-ноябрь ойларида йўлга қўйишни таклиф қилди ва турк журналистларини биринчи бўлиб шу рейсда меҳмон бўлишга чақирди.

Мирзиёев залда ўтирган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати раҳбари Улуғбек Рўзиқуловга туркиялик журналистларнинг Самарқандга бепул саёҳатини уюштиришни тайинлади:

- Ўртоқ Рўзиқулов айт, залда ўтирган оммавий ахборот воситалари раҳбарларини уч кун-бир ҳафта Ўзбекистонда бепул меҳмон қиламан, деб ваъда бер, - деди Ўзбекистон президенти Рўзиқуловга қараб.

Шу орада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам “Туркия ҳаво йўллари” ширкати раҳбари Басим-бейга қараб “Сен ҳам ваъда бер” деди.

Ҳар икки ширкат раҳбарлари ўрнидан туриб "турк матбуот вакилларини Ўзбекистонга текин олиб бориб, олиб келиш мажбуриятини ўз зиммамга оламан", деб ваъда берди.

Туркларга нисбатан 300 долларлик виза амалда

​Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эрдўғон билан ўтказилган матбуот брифингида “Туркия Республикаси фуқаролари учун визага оид жараёнларни соддалаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолаганини маълум қилди.

Мирзиёев Туркия фуқаролари Ўзбекистон визасини энди уч кун ичида олишлари мумкинлигини, Ўзбекистонга бир ойгача бўлган муддатга сайёҳлик мақсадида келаётган Туркия фуқароларига визалар ҳам уч иш кунида расмийлаштирилишини айтди.

“Албатта, турк тадбиркорлари ва мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этишда виза масаласида енгилликлар яратиш муҳим ўрин тутади. Бу борада яқинда алоҳида қарор қабул қилдик. Бу катта ишимизнинг бошланиши. Шундай кунлар келадики, виза масаласи бундай дўст, биродар халқ орасида бўлиши мумкин эмас. Шунга биз¸ албатта¸ ҳаракат қиламиз”, - деди Мирзиёев.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ватандошлари Туркияга бир ой муддатга визасиз сафар қилишлари мумкин.

Ўзбекистон эса Туркия ватандошларининг мамлакатга кириши учун виза тартибини сақлаб қолмоқда.

Президент тилга олган янги қарорда туркияликларнинг Ўзбекистонга бориш учун 40 доллардан бошланиб бир йиллик кўп марта кириш ҳаққини берувчи 250 АҚШ доллари тўлаб оладиган виза тартиби бекор қилинган эмас.

Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Адем Чевик турк ватандошлари президент Мирзиёевдан икки мамлакат орасидаги виза режимини буткул бекор қилишига умидвор эканликларини айтади:

- Президент Мирзиёевнинг Туркияга ташрифидан биз турклар кўп нарсани кутаяпмиз. Айниқса¸ турк ватандошларига виза олишни енгиллаштирганидан кейин бу виза умуман бекор қилинади, деган умид бор. Икки қардош ўлка орасида виза тартиби бўлмаслиги керак. Бундан ташқари¸ иш одамларимиз ҳам Ўзбекистонга сармоя киритишга умид кўзи билан қарамоқда, - дейди Адем Чевик.

20 йиллик турғунлик ортидан 26 та битим

25 октябрь куни ўтказилган матбуот брифингида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон икки мамлакат орасидаги савдо алоқалари ҳажми 2 миллиард доллардан ошганини таъкидлади:

- 2016 йилда Туркия ва Ўзбекистон орасидаги савдо ҳажми 1,2 миллиард доллар эди, сўнгги саккиз ой ичида бу рақамни 900 миллион долларга оширдик ва қисқа фурсатда яна ҳам юқорига кўтарамиз, - деди Эрдўғон.

Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия бизнес-форумида 3,5 миллиард доллар ҳажмидаги 35 та лойиҳанинг имзолангани айтилмоқда.

Ўзбекистонда 1996-2011 йиллар оралиғида иш юритган туркиялик ишбилармон Илёс Ўзқайноқ узоқ йиллик турғунликни бошдан кечирган Туркия ва Ўзбекистон алоқалари учун бу катта ўсиш эканини айтади:

- Беш-олти йил аввал бундай бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди, Ўзбекистонда турк ишбилармонларини ҳайдашганидан сўнг кўпчиликни ҳафсаласи пир бўлганди. Ўзбекистонга сармоя олиб кирмоқчи бўлган ишбилармонлар у ердаги қатағонларни кўриб, фикридан қайтганди. Бугун алоқалар қайта йўлига тушаяпти. Ўзаро ишонч қайта тикланаяпти. Ҳозир мен қатори кўплаб турк ишбилармонларининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан умиди катта бўлиб турибди, иншоллоҳ Ўзбекистонда фаолиятимизни қайтадан бошлаймиз, деб турибмиз, - дейди Истанбулдаги Ўзбекистон-Туркия бизнес-форумида қатнашаётган турк тадбиркори Илёс Ўзқайноқ.

Ўзбекистон марҳум президенти охирги марта Туркияга 1999 йилда сафар қилган эди.

Туркия 1991 йилда биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган эса-да¸ 90-йиллар ўрталарида икки мамлакат орасидаги муносабатлар совиди.

Мухолифат лидерлари Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатовларнинг Туркиядан бошпана топиши ортидан Ислом Каримов Туркиядан юз ўгиришни бошлади.

Туркияда таҳсил олаётган юзлаб ўзбекистонлик талаба мажбуран ватанга қайтарилди.

2011-12 йилларда эса Туркиянинг Ўзбекистондаги ширкатларига қарши Тошкент кенг кўламли кампания бошлади.

Туркиялик элликдан ортиқ тадбиркор ҳибсга олинди, турк ширкатлари ёпилди.

Президент Ислом Каримовнинг 2016 йил сентябрдаги вафоти ортидан Анқара ва Тошкент ўртасида борди-келдиларнинг жонлангани кузатилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарийб 20 йиллик турғунликдан сўнг Туркияга қилган илк давлат ташрифи чоғида Тошкент ва Анқара ўртасида хавфсизликдан тортиб иқтисод, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, туризм, маданият ва таълим соҳаларига оид жами 26 битим имзоланган.

XS
SM
MD
LG