Линклар

Шошилинч хабар
14 июл 2020, Тошкент вақти: 08:20

Юзлаб қашқадарёликни ишга ёллаб, маошини тўламай кетган чех ширкати фақат қоғозда мавжудлиги маълум бўлди


"Yes" Россиянинг ENTER Engineering компанияси билан ўтган йилнинг май ойида Қашқадарёнинг Нишон туманида технологик қувурларни ўрнатиш ва изоляция қилиш лойиҳаси бўйича 14 миллион АҚШ долларилик шартнома тузган эди.

Қашқадарёда ​юзлаб кишини ишга ёллаб, маошларини тўламай, шартнома муддати тугашидан аввал ғойиб бўлган Чехиянинг “Yes” ("Your Equipment Suppliers") ширкати атиги 1600 АҚШ долларлик устав фондига эга фақат қоғозда мавжуд ширкат бўлиб чиқди.

"Yes" ширкати Қашқадарёда қурилаётган синтетик суюқ ёнилғи заводида технологик қувурларни ўрнатиш ва изоляциялаш билан шуғулланган.

Қашқадарё вилоятида яшовчи бир гуруҳ ишчилар Чехия Республикасида рўйхатга олинган ушбу ширкатга ишга ёлланиб, чув тушганликларини Озодликка айтган эди.

Ишчилар иддаосига кўра, шартнома асосида 150 нафарга яқин маҳаллий йигитларни ўтган йилнинг октябрида 3 миллион сўмдан ортиқ ойлик ваъда қилиб ишга ёллаган ширкат, ишчиларнинг икки ойлик маошларини тўламай, шу йилнинг мартида - шартнома муддати тугашидан аввал - ғойиб бўлган.

"Yes" ширкатини Ўзбекистондаги қиймати 14 млн. долларлик лойиҳага жалб этган Россиянинг "ENTER Engineering" компанияси матбуот хизмати "Yes" лойиҳани чала қолдириб, ишчиларга ойлик тўламай кетганини тасдиқлади.

Озодлик Чехиядаги ширкатлар реестри орқали "Your Equipment Suppliers" ("Yes") 2017 йилда рўйхатга олинган, 40 минг чех крони, яъни 1600 АҚШ долларлик устав фондига эга бўлган масъулияти чекланган ширкат эканини аниқлади.

Чехиядаги ширкатлар реестрига кўра, "Yes" ширкати Прага шаҳрида 2017 йил апрель ойида рўйхатга олинган.
Чехиядаги ширкатлар реестрига кўра, "Yes" ширкати Прага шаҳрида 2017 йил апрель ойида рўйхатга олинган.

Ҳужжатда ширкатнинг эгаси озарбайжонлик Сархан Гайдаров, ширкатнинг қолган ҳиссадорлари эса озарбайжонлик Нотиқ Микайлов ва ўзбекистонлик Баҳодир Искандаровлар экани айтилган.

Чехияда рўйхатга олинган ширкатлар реестридан олинган ҳужжат.
Чехияда рўйхатга олинган ширкатлар реестридан олинган ҳужжат.

"Your Equipment Suppliers" ширкатининг реестрда келтирилган манзили сифатида Праганинг Нусле мавзесидаги кўпқаватли панел уйлардан биридаги квартира кўрсатилган.

"Yes" ширкатининг манзили жойлашган бино. Прага шаҳри, Нусле мавзеси.
"Yes" ширкатининг манзили жойлашган бино. Прага шаҳри, Нусле мавзеси.

Квартирада яшовчилар ширкатни ҳам, унинг ҳиссадорларини ҳам билмасликларини Озодликка айтишди.

Ширкат таъсисчиси бўлган озарбайжонлик Сархан Гайдаровни эса, Озодлик Чехиядаги қурилиш моллари билан савдо қилувчи ширкатларни бирлаштирган "MPower" гуруҳидан топди.

Ширкат сайтида Сархан Гайдаров савдо менежери деб кўрсатилган.

Озодлик Гайдаровга қўнғироқ қилганида Ўзбекистонда ишчилар ойликсиз қолиб кетгани ҳақдаги саволга изоҳ беришни истамади.

- Мен ҳозир бошқа иш билан шуғулланяпман. Ўзбекистондаги масала бўйича кимнидир шикояти бўлса, тегишли идоралар орқали чиқишлари мумкин, - деди Гайдаров.

"Пудратчи танлашда сабоқ бўлиши мумкин"

Қашқадарё вилоятида UzGTL синтетик суюқ ёнилғи заводини ​ENTER Engineering ширкати қурмоқда.​

Ўзбекистоннинг давлатга қарашли "Ўзбекнефтгаз" ширкати ушбу лойиҳа буюртмачисидир.

2019 йил бошида Россиядаги "ENTER Engineering" завод қурилиши бош пудратчиси сифатида ишга киришган эди.

Ширкат сайтида 2020 йил май ойига қадар лойиҳанинг умумий бажарилиши 86%га етгани айтилади.

Лойиҳанинг ён пудратчиси сифатида танланган "Yes" ширкати "ENTER Engineering" компанияси билан ўтган йилнинг май ойида лойиҳа бўйича технологик қувурларни ўрнатиш ва изоляция қилиш учун 14 миллион АҚШ долларилик шартнома тузгани ҳақда "Ўзбекнефтгаз" ширкати хабар берган эди.

Бу лойиҳани амалга ошириш учун "Yes" Ўзбекистон ичи ва ташқарисидан 450 нафардан зиёд ишчи ёллагани маълум.

"ENTER Engineering" матбуот хизмати "Yes" ва унинг озарбайжонлик бошлиғи лойиҳани чала қолдириб, шу йилнинг март ойида ишчиларга ойлик тўламай мамлакатдан кетиб қолганини тасдиқлади.

"Нотиқ Микайлов бошчилигидаги "YES" молиявий-иқтисодий фаолиятининг бемаънилигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда карантин чоралари бошланган пайтдан бошлаб, 450 нафар ишчилари олдида маоши қарздор бўлиб, уларни шунчаки тақдир ҳукмига қолдирган. Натижада, баъзи ходимлар иш ҳақини олмасдан ишдан кетишди, Таиланд, Филиппин, Бангладеш ва Озарбайжон фуқаролари орасидан 160 мутахассис чет элда яшаш учун пулсиз қолишди​", - дейилади ширкат матбуот хизмати билдирувида.

Аммо, "ENTER Engineering" Чехияда икки йил аввал рўйхатга олинган ва атиги 1600 долларлик устав фондига эга "Yes" ширкатини нима асосда бир неча миллион АҚШ долларлик лойиҳага жалб этган?

Бу саволга Озодлик ширкат "ENTER Engineering"дан аниқ жавоб ололмади.

Ширкат пудратчи танлашда хатолик бўлганини тан олмоқда:

"Нотиқ Микайлов компаниясига аванс тўловини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган хизматлар учун 3 миллион 708 минг 481 AҚШ доллари тўлаган, шу билан бирга бажарилган ишларнинг ҳақиқий ҳажми 2 миллион 143 минг 127 AҚШ доллари. Бундай катта миқдордаги маблағ қаерга сарфланганини ва унинг қаердалигини тахмин қилиш мумкин, компания ва унинг ходимлари билан барча алоқаларни узган "YES" бош директори ўз ишчиларини ташлаб кетган.

Ушбу яққол далил пудратчини танлашда барча компаниялар учун сабоқ бўлиши керак, чунки инқирозли вазиятда нафақат ишлаб чиқариш жараёнига салбий таъсир кўрсатадиган, балки одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига таъсир кўрсатадиган ҳолатларга сабаб бўлади", - дейилади "ENTER Engineering" билдирувида.

"Your Equipment Suppliers" ширкати таъсисчиси Сархан Гайдаров март ойида ишчиларига ёзма мурожаатида коронавирус пандемияси туфайли форс-мажор ҳолати юзага келгани, ширкат молиявий инқирозга юз тутгани, "ENTER Engineering" билан имзолаган 14 миллион долларлик лойиҳани тўхтатишга мажбур бўлганини маълум қилган.

Ширкат таъсисчиси ўз хатида Европа ва МДҲ бозорида саккиз йиллик тажрибага эга ширкати молиявий инқирозга юз тутгани ҳақда ёзади.
Ширкат таъсисчиси ўз хатида Европа ва МДҲ бозорида саккиз йиллик тажрибага эга ширкати молиявий инқирозга юз тутгани ҳақда ёзади.

Ойликсиз қолган ишчилар

Озодлик билан суҳбатда бўлган қашқадарёлик ишчилар иддаосига кўра, Чехиядаги "Yes" ширкати уларни 2019 йилнинг августида “Nishon oil gaz servise” МЧЖ орқали ишга ёллаган.

Ўзбекистон меҳнат қонунчилигига биноан меҳнат дафтарчалари ва шартнома асосида ишга ёллаган ширкат ходимларни август ойидан бери ишлатиб, шу йилнинг 31 мартида карантин муносабати билан меҳнат шартномаларини бир томонлама бекор қилган.

Ишчилар иддаосига кўра, ширкат 2020 йилнинг февраль-март ойлари учун ҳали иш ҳақларини тўламаган.

- 150 га яқин кишининг қарийб 1 миллиард сўмлик иш ҳақлари ширкат бўйнида қолиб кетди. Чет эллик ишчиларнинг ойлигини "ENTER Engeneering" тўлаб берди, биз ойликсиз қолиб кетдик. Чунки улар шартномани "ENTER Engeneering" билан имзолаган экан. Биз “Nishon oil gaz servise” МЧЖ орқали ёлланганмиз, у фирма "Yes" кетворганидан кейин ёпилиб кетди, - деди нишонлик чилангар.

Иш ҳақларини ололмаган юздан зиёд қашқадарёлик Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон президенти қабулхонасига арз қилгани, лекин натижа бўлмаганини айтишмоқда.

- Бош прокуратурага ҳам шикоят киритганмиз, президент қабулхонасига ҳам ёздик. Кўриб чиқамиз, дейишади, лекин натижа йўқ, - дейди қашқадарёлик ишчи.

"ENTER Engeneering" бош ҳиссадори Россияда яшовчи ўзбекистонлик тадбиркор, "Eriall Group" ширкати асосчиси бўлган Бахтиёр Фозилов ҳисобланади.

"Eriall Group"нинг эса Чехияда ҳам офиси борлиги маълум.

Озодлик билан суҳбатда бўлган "Eriall Group" матбуот котиби Елизавета Скворцова ўзи тамсил этаётган ширкатнинг "ENTER Engeneering" амалга ошираётган Қашқадарёдаги лойиҳасига алоқаси йўқлигини айтди.

"Биз "ENTER Engeneering" билан Ўзбекистонда Тошкентдаги муз саройини қуришда иштирок этганмиз. Лекин, Қашқадарёдаги завод қурилишига Eriall Groupнинг алоқаси йўқ", - деди Скворцова.

Чехияда рўйхатдан ўтган 40 долларли ширкатга Тошкентдаги ер бепул берилган

Ўтган ҳафта Озодлик Тошкентдаги “Пойтахт” савдо маркази рўпарасидаги автотураргоҳ Тошкент шаҳри ҳокимининг 2019 йил 28 мартдаги 467-сонли қарори асосида Чехияда рўйхатдан ўтган “IMP NEW PAY” компаниясига текинга, ҳеч қанақа тендерларсиз бериб юборилгани ҳақида хабар берганди.

“IMP NEW PAY” компаниясининг уставида 1000 крон (40 доллар) бор эканини кўриш мумаин.
“IMP NEW PAY” компаниясининг уставида 1000 крон (40 доллар) бор эканини кўриш мумаин.

Озодликнинг аниқлашича, Чехиянинг Карлови Вари шаҳрида рўйхатга олинган ширкатнинг эгаси ​Ўзбекистондаги “Real House” қурилиш фирмаси раҳбари, Ўзбекистон фуқароси Исроил Юнусовдир.

Чехиянинг ширкатлар реестридаги ҳужжатда Исроилов асос солган “IMP NEW PAY” компаниясининг уставида 1000 крон (40 доллар) бор эканини кўриш мумаин.

Чехиядаги ўзбекистонлик бизнес доираларга яқин тадбиркорнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни кўлга киритаётган ширкатларнинг аксари "фақат қоғозда мавжуд" ширкатлар эканини айтади.

- Ўзбекистонда иш қилаётган чех ширкатларини тагини қарасангиз кеча очилган, таъсисчиси ё ўзбек ё ўзимизни томонлардан бўлган одамлар бўлиб чиқади. Улар гўё чет эл сармоячиси, деб кириб боряпти, имтиёзларга эга бўляпти. Чехияда эса ширкатни рўйхатга олиш жуда осон ва арзон. Карлови Варида ўтган йили 40 долларга рўйхатга олинган ширкатга бир миллион долларлик ер ҳеч қанақа тендерсиз бепул бериб юборилди. Лекин, тендерсиз қилинган ишларни оҳири вой, буни "Yes" мисолида кўриб турибмиз, - дейди Чехияда яшовчи ўзбекистонлик тадбиркор.

XS
SM
MD
LG