Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 20:49

Оёғи кесиб ташланган йўловчи яқинлари: Ҳайдовчининг ҳибсдалиги ёлғон, у очиқда юрибди


Авария оқибатида Дамас машиналаридан бирини бошқариб кетаётган Иззатулла Боев оғир жароҳат олди, касалхонада унинг бир оёғи ампутация қилинди.

Қашқадарёнинг Китоб туманида автоҳалокатга учраб, бир оёғидан айрилган 46 ёшли Иззатулла Боевнинг қариндошлари маст ҳолатда автоҳалокатга сабабчи бўлган ҳайдовчининг жазосиз қолаётгани, "3 кун олдин очиқда юрганини" кўргани ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Китоб тумани Ички ишлар бўлими расмийлари эса, мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266- моддаси, 1-қисми бўйича иш очилиб, тергов олиб борилаётганини, эҳтиёт чораси сифатида аварияга сабабчи бўлган деб гумон қилинаётган ҳайдовчи ҳибсга олинганини Озодликка айтди.​

30 июль куни Китобда иккита Дамас русумли машина иштирокида йўл ҳодисаси рўй берди.

Авария оқибатида Дамас машиналаридан бирини бошқариб кетаётган Иззатулла Боев оғир жароҳат олди, касалхонада унинг бир оёғи ампутация қилинди.

Аварияга сабабчи деб кўрилаётган яна бир Дамас ҳайдовчисига жиддий шикаст етмаган.

Китоб туманидаги автоҳалокат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:14 0:00

Иззатулла Боев, синглиси Ҳуршида Боеванинг иддаосича, туман ички ишлар бўлими ва прокуратураси спиртли ичимлик ичиб автоҳалокатга сабабчи бўлган, деб гумон қилинаётган Дамас ҳайдовчисининг тақдири билан қизиқмаган ва ишни беэътибор қолдирган.

Боева 7 август куни Озодлик билан суҳбатда аварияга сабабчи бўлган ҳайдовчи тумандаги катта таъсирга эга амалдорлардан бирининг фарзанди бўлгани учун жазосиз қолаётган бўлишини айтди.

- Айтишларича, аварияни содир этган бола ички ишлардаги каттаконлардан бирининг қариндоши эмиш. У ғирт маст ҳолатда машинани бошқариб, акамни бир умрга ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлди, милиция эса жим қараб турибди, - дейди Ҳуршида Боева.

Китоб тумани Ички ишлар бўлими терговчиси Озодликка мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266- моддаси, 1-қисми бўйича иш очилиб, тергов олиб борилаётганини айтди.

- Суриштирув тўлиқ бўляпти. Ҳайдовчи маст ҳолатда бўлгани аниқланди. Бу иш бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми, яъни Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши очилган. Эҳтиёт чораси сифатида аварияга сабабчи бўлган деб гумон қилинаётган ҳайдовчи ҳибсга олинган, - деди ИИБ терговчиси.

Аммо, Ҳуршида Боева ҳайдовчи очиқда юрганини ўз кўзи билан кўрганини айтди.

- Ҳозир бошқа Дамасни миниб юрибди, уч кун олдин кўрдик. Акамни мажруҳ қилган ҳайдовчи очиқда. Иш очилгани ҳақида бизга маълумот беришмаяпти, - дейди Ҳуршида Боева.

Ўзбекистонлик ҳайдовчилар йўлларида машина бошқариш қийинлашиб бораётгани, юқорида таниши бор қоида бузувчилар жазосиз қолиб кетаётганини ва бунга барҳам бериш кераклигини таъкидлаб келишади.

Баъзи холларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан йўл транспорт ҳодисалари содир бўлади.

Ўтган ой Жиззах вилояти Зомин тумани ИИБ майори маст ҳолатда ўз хизмат машинасида йўл-транспорт ҳодисасини содир этиб, воқеа жойидан ғойиб бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шу йилнинг апрел ойида Андижон вилоятининг Марҳамат туманида прокуратура ходими иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир киши ҳаётдан кўз юмганди.

Озодлик пиëда ўлимига сабаб бўлган “Нексия” машинаси рулида Марҳамат тумани прокурорининг катта ёрдамчиси бўлганини аниқлаган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG