Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 21:30

International Job Organisation орқали хорижга ишга кета олмаганлар пулларини қайтариб беришни талаб қилмоқда


Бош офиси Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган International Job Organisation хусусий бандлик агентлигининг чет давлатларда ишга жойлаб қўйиш ҳақидаги ваъдаларига ишониб, шу ташкилотга миллионлаб сўм тўлаб қўйган ўнлаб ўзбекистонлик пулларини қайтариб беришни талаб қилмоқда.

Озодликка мурожаат қилганларнинг даъвосига кўра, International Job Organisation бандлик агентлиги уларни хорижга ишга юбориш ваъдаси билан бозор нархидан тўрт баравар қиммат нархда курслар ташкил этиб, ҳар биридан бир неча миллион сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким чет элга ишга юборилмаган.​

International Job Organisation агентлиги раҳбари Шерзод Абдураҳмонов "шикоятчилар имтиҳондан ўтолмаганлар" эканини айтди.

4 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Абдураҳмонов йил бошидан буён чет элга ишга кетиш истагида бўлган 3 мингдан зиёд одамга ойига 400 минг сўмлик ҳақ эвазига тўрт ойлик тил ўрганиш, аксил-террор курслари ташкил этилгани, имтиҳондан ўтган 323 одам чет элга кетиш арафасида турганини қўшимча қилди.

Абдураҳмонов имтиҳондан ўтолмаганлар икки йил ичида қайта имтиҳон топшириб, агентлик орқали чет элга ишга кетиш имконига эгалигини ҳам айтди.

Лекин, арзчиларга кўра, "шу пайтгача International Job Organisation агентлиги орқали бирон одам чет элга ишга кетмагани маълум".

Фарғоналик Адҳам Шокиров (исми суҳбатдошнинг илтимосига кўра ўзгартирилган) International Job Organisation бандлик агентлиги ташкил этган курслар бошқа тил ўрганиш марказларникидан тўрт баравар қиммат бўлганини айтди:

- Ҳафтасига бир ярим соатдан уч марта бўладиган тўрт ойлик курс учун 1 миллион 600 минг сўм тўлаганмиз. Корейс тилини ўрганганмиз. Шундан яхшироқ ўқитиладиган курслар ойига 90 минг, боринг 100 минг сўм бўлади. Буларники ойига 400 минг сўмдан бўляпти. Бундан ташқари 10 минг сўм турадиган медосмотрга деб 245 минг сўмдан олишди. Мен яшайдиган Фарғонада минглаб одам агентликка шу пулни тўлаган, ҳозир чет элга кетолмай юрибди, агентлик ҳаммамизни лақилатибди.

Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида яшовчи ўнлаб аризачиларнинг Озодликка айтишича, улар Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг лицензиясига эга бўлгани учун International Job Organisation бандлик агентлиги ваъдаларига ишонишган.

Аммо, Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликлар ваъда қилинган муддат ичида агентлик хориждан ҳеч кимга иш топиб бермаган.

Мана ҳозир 9 ой ўтди ҳали бу агентлик чет элга пашша ҳам учиргани йўқ

- Биз бу агентликка хорижда ишга жойлаштириб қўя олади, деб ишонгандик. Тўрт ойлик ўқиш тугаганидан кейин 45 кун ичида виза оласизлар дейишганди. Мана ҳозир ўшандан бери 9 ой ўтди, ҳали бу агентлик чет элга пашша ҳам учиргани йўқ, - дейди фарғоналик Адҳам Шокиров.

International Job Organisation агентлиги раҳбари Шерзод Абдураҳмонов Озодлик билан суҳбатда йил бошидан буён Ўзбекистон бўйича чет элга ишга кетиш истагида бўлган 3 мингдан зиёд одам уларга мурожаат қилгани ва агентлик ташкил этган тил ўрганиш, аксил-террор курсларида ўқиганини айтди.

Лекин, унинг айтишича, агентлик ҳеч кимга чет давлатга ишга юбориш ҳақида кафолат бермаган.

Ҳозир 500тача одам имтихондан ўтган, шулардан 323 нафари билан уч тарафлама шартнома имзолаганмиз, таклифномалар олинган, виза олишлари билан Япония, Польша, Германия, Чехия каби давлатларга жўнашади

- Чет элга юборамиз, лекин имтиҳондан ўтишса деб айтилган. Чет элга кетиш учун имтиҳондан ўтиш керак-да. Ўзбекистонни чет давлатларда уялтириб қўймасликлари учун уларга шу мамлакат тилларини ўқитдик, террор гуруҳларга қўшилиб қолмасликлари учун анти-террор курсларини ташкил қилдик, борадиган мамлакат қонун-қоидаларини, маданиятини ўргатдик. Ойига 400 минг сўм олинди. Бунинг учун биз малакали ўқитувчиларни ёллаганмиз. Ҳозир 500тача одам имтихондан ўтган, шулардан 323 нафари билан уч тарафлама шартнома, чет элдаги иш берувчи, биз ва ишчи ўртасида шартномани имзолаганмиз, таклифномалар олинган, виза олишлари билан Япония, Полша, Германия, Чехия каби давлатларга жўнашади, - деди International Job Organisation раҳбари Шерзод Абдураҳмонов.

Агентлик раҳбарига кўра, International Job Organisation ташкилоти курсларида ўқиб имтиҳондан ўтмаганлар ҳам икки йил ичида имтиҳонни қайта топшириб, чет элга ишга кетиш учун уч тарафлама шартномани имзолаши мумкин:

- Ҳаммасига курсда ўқиганликлари ҳақида сертификат берилган. Уларга айтилган икки йил ичида қайта топширишлари ҳақида.

Шу пайтгача агентлик ёрдамида чет элга ишга кетган одам бўлдими, деган саволга ташкилот раҳбари шундай жавоб қилди.

- Фаолиятимизни бошлаганимизга энди тўққиз ой бўлди. Уларнинг ишга кетишидан биринчи навбатда биз манфаатдормиз. Чунки улар ишга жойлашса ойлиги миқдорининг 10 фоиздан 20 фоизгача миқдорини иш берувчи бизга беради. Бундан ташқари мамлакат иқтисоди учун фойдали. Оиласига пул жўнатиб, мамлакатимиз иқтисоди ривожига ҳисса қўшган бўламиз-да. Қолаверса йилига 3 миллион 800 минг сўм эвазига тиббий суғуртасини ҳам қилиб берамиз. Бунақа пулга ҳеч ким суғуртани зиммасига олмайди. Бизга курслардан фойда йўқ, биз узоқни кўзлаб иш қиляпмиз, чет элга ишга жойлашишса шуни ўзи фойда бўлади бизга, - деди Абдураҳмонов, лекин саволга аниқ жавоб бермади.

Озодлик мазкур масала юзасидан изоҳ олиш мақсадида International Job Organisation ташкилотига лицензия берган Ўзбекистон Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги билан боғланди.

Вазирлик матбуот хизмати вакили бу борада тез орада расмий изоҳ берилишини айтди.

International Job Organisation ташкилоти Ўзбекистонда норозиликка сабаб бўлаётган ягона ҳусусий бандлик агентлиги эмас.

Бундан олдин Германия, Чехия, Туркия каби мамлакатларга ишга юбориш ваъдаси билан фуқаролардан 35 миллион сўмдан пул олган Human хусусий бандлик агентлиги жанжал марказида қолган эди.

Шу ой бошида Human агентлиги лицензияси тугатилди.

International Job Organisation агентлиги раҳбари Шерзод Абдураҳмонов бошқа бандлик идоралари муаммоларга дуч келгани сабаб уларга ҳам ишончсизлик кучайганини айтди:

- Одамлардан ўттиз миллионлаб сўмларни олиб йиллардан бери чет элга юбораолмай юрган ташкилотлар деб бизга ҳам ишончсизлик бўляпти, лекин биз албатта мижозларимиз ишончини қозонамиз.

Август ойида Ўзбекистонда ишга жойлаштириш билан шуғулланган Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Фарғона вилоятидаги 8 та хусусий агентлик фаолияти тафтиш этилгани хабари чиққанди.

Бу агентликлар ишга жойлаштириш учун одамлардан 100 фоиз тўловни ундириб, ваъдасини бажармаганликда, гражданлар хусусий агентликдан пулини қайтаришни талаб қилса, маблағ қайтарилмаяпти ёки хизмат кўрсатилмаган бўлса-да маблағнинг бир қисми ушлаб қолинаётганликда айбланган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG