Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:40

Чегарачилар 2 йигитни бейсбол таёғи билан калтаклади, ДХХ улар буйруққа бўйсунмаганини билдирди


Ижтимоий тармоқда 12 ноябрь куни тарқалган видеодан олинган кадр.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода қора ниқобли қуролланган аскар​лар икки эркакни бейсбол таёғи билан калтаклаётгани акс этган.

Озодлик видеода акс этган воқеа Фарғона вилоят, Фарғона туманининг Қирғизистон чегарасига туташ Ҳосилот аҳоли пунктида 10 ноябрь куни содир бўлганини аниқлади.

Калтакланган йигитлар Ҳосилот аҳоли пунктида яшовчи 22 ёшли киракаш Умиджон Саиджонов ва унинг 23 ёшли шериги Абдурасул Фозилов​лардир.

Калтакланиш оқибатида Фарғона туман касалхонасига ётқизилган Саиджонов ва Фозиловлар Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари уларни сабабсиз калтаклаганини 13 ноябрь куни Озодликка айтишди.

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ҳам 12 ноябрда ижтимоий тармоқда тарқалган видео юзасидан баёнот чиқарди.

Баёнотда Саиджонов ва Фозиловлар чегараолди ҳудудидан "Nexia" машинасида ўтаётганларида чегара нарядининг "тўхта" буйруғига бўйсунмаганликлари боис чегарачилар уларга нисбатан куч қўллашга мажбур бўлганликлари айтилади.

Ижтимоий тармоқда 12 ноябрь куни тарқалган бу видеода қора ниқобли қуролланган аскар​лар 22-23 ёшлардаги икки эркакни ҳақоратли сўзлар билан аёвсиз калтаклаётгани акс этган. Юзига қора ниқоб тортган ҳарбийлардан бири "нима деяпсан, нима х..ет қиляпсан, қ...қ, оғзингга с...й" деб эркаклардан бири қорнига мушт туширади, тиззаси билан юзига тепади.

Яна бир қуролланган ҳарбий эркакнинг елкасига бейсбол таёғи билан туширади.

Шу пайт кадр ортида дод-вой овозлари эшитилади.

Калтакланиш оқибатида жабрланиб Фарғона туман касалхонасига ётқизилган Умиджон Саиджонов уни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари калтаклашгани ҳақда Озодликка мана бундай деди:

Машинани текширтирмай қочдинг" деб уриб бошлашди. Дубинка билан бошимга урди, ўшандан бери ҳеч нарсани билмайман.

- Онам билан патир олгани центрга бораётувдик. "Машинани текширтир" деди. "Орқадаги сиденияни кўтар" деди, кўтардим. "Сиденияни еч" деди. "Унга ключ керак, болтда қотирилган" дедим. "Очасан" деди. "Очишни иложи йўқ" дедим. "Машинани чеккага ол", деди. Машинани чеккага олиб нарги томондан уйимизга қайтиб келдим. Сал нарироқда уйим, онамни ва патирларни уйга ташлаб шеригим билан қайтиб бордик. "Машинани текширтирмай қочдинг" деб уриб бошлашди. Дубинка билан бошимга урди, ўшандан бери ҳеч нарсани билмайман.

23 ёшли Абдурасул Фозилов ҳам Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари уни калтаклаши оқибатида тан жароҳатлари олгани ва Фарғона туман касалхонасида муолажа олаётганини айтди:

- Видеодаги қорнига тепилган, елкасига дубинка билан урилган мен бўламан. Елкамда оғриқлар, қаттиқ жароҳат излари қолган. Мен Умиджон билан бирга машинада эдим. Мени ҳам машинадан тушириб ҳеч қанақа сабабсиз калтаклашди, ҳозир елкаларим кўкарган, туман шошилинч касалхонасида ётибмиз.

Умиджон Саиджонов Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари чегарадан ўтаётган, шубҳали кўринган одамларни калтаклаши, ҳақоратлаши деярли ҳар куни рўй бериши, чегарачиларнинг бу бедодлигини фош қилиш мақсадида улар пайтдан фойдаланиб, калтаклаш саҳнасини видеога олиб, тармоқда тарқатишганини айтди:

- Биз шундай бўлишини олдиндан билганмиз. Шунинг учун мен телефонимни машинамда очиқ қолдирдим. Кейин видеони тарқатиб юбордик, ҳамма кўрсин чегарада нималар бўлаётганини.

"Чегарачилар буйруғига бўйсунишмаган"

Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати 12 ноябрда ижтимоий тармоқда тарқалган видео юзасидан чиқарган баёнотида Саиджонов ҳам, Фозилов ҳам чегарачиларнинг тўхта деган буйруғига бўйсунмаганликлари айтилади.

Баёнотда айтилишича, чегараолди ҳудудида автоуловларни текширувдан ўтказаётган чегарачилар наряди мазкур ҳудудда ҳаракатланаётган "Нексия-2" машинасини тўхтатмоқчи бўлишганида автомашина катта тезликда ғойиб бўлган.

Бироз вақт ўтиб воқеа жойига етиб келган иккала йигит низо келтириб чиқарган, чегарачиларни ҳақорат қилган.

"Саиджонов Умиджон Холдорали ўғли ва Фозилов Абдурасул Маъруфжон ўғли "Нехиа-2" русумли автомобилда кетаётиб, тўхташ буйруғи талабларига эътибор бермай, чегарадан ўтишга уриниш найрангидан фойдаланиб, юқори тезликда ғойиб бўлишди.
Бироз вақт ўтгач, бу фуқаролар орқага қайтиб, чегарачиларнинг ёнида тўхтаб, тўқнашувни бошладилар, чегарачиларни ҳақорат қилдилар ва ҳарбийларнинг қонуний талабларини менсимай қонунбузарлик содир этишди", -
дейилади ДХХ баёнотида.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати баёнотида айтилишича, Саиджонов Умиджон Холдорали ўғли ва Фозилов Абдурасул Маъруфжон ўғли "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида" ги қонунининг 43- моддаси ва "Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида" ги қонуннинг 44-моддасини бузганлар.

"Тартибини бузувчилар, Саиджонов Умиджон Холдорали ўғли ва Фозилов Абдурасул Маъруфжон ўғли жисмоний куч ишлатилган ҳолда ушланган. Ҳибсга олингандан кейин уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, шунингдек автоуловни бошқариш ҳуқуқидаги ҳужжатлар йўқлиги аниқланди", - дейилади ДХХ баёнотида.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати баёнотида Умиджон Саиджонов контрабанда билан бундан олдин ҳам қўлга тушгани ва жаримага тортилгани айтилади.

"Яқинларимиз прокуратурага арз қилди"

Саиджонов ҳам, Фозилов ҳам ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари калтаклагани ҳақида яқинлари туман прокуратурасига арз қилишганини айтди.

Фарғона туман прокуратурасидан Озодлик изоҳ ололмади.

XS
SM
MD
LG