Линклар

Шошилинч хабар
09 апрел 2020, Тошкент вақти: 22:00

"Мени Қозоғистонда қулликка сотганлар жазосиз қолмоқда"


Андижонлик Паҳлавон Ҳудойбердиев иддаосича, ўз ҳамқишлоғи уни Олмаота вилоят Жаркент туманига олиб борган, паспортларини олиб қўйиб, қозоғистонлик шериклари қўлига топширган.

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшовчи 43 ёшли Паҳлавон Ҳудойбердиев ўзи ва яна йигирма нафар ҳамқишлоғини Қозоғистонга олиб бориб қулликка сотиб юборган шахслар устидан туман ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган шикояти жавобсиз қолаётганини айтди.

Ҳудойбердиев иддаосича, ўз ҳамқишлоғи бўлган 37 ёшли йигит уларни 2016 йил март ойида Олмаота вилоят Жаркент туманига олиб борган, паспортларини олиб қўйиб, қозоғистонлик шериклари қўлига топширган.

Шериклари уларни қурилишда уч ой давомида ойлик бермасдан кунига 14 соатлаб ишлатган.

2016 йилнинг июнь ойида қулликдан қочиб қутулишга муваффақ бўлган Ҳудойбердиев уни сотиб юборган шахслар устидан Марҳамат тумани Ички ишлар бўлимига арз қилгани, аммо натижа бўлмаганини айтди.

- Йигирмага яқин йигит ҳаммамиз ички ишларга бориб бўлган воқеани айтганимизда ўша пайтдага уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимини бошлиғи ҳалиги йигит Россияда ишлаб, пулларингни беради, деб бизни тинчлантирди. Аризамизни олиб қолганди. Орадан уч йилдан ошиқроқ вақт ўтди, ҳеч қандай натижа бўлмади. Иш ҳам очилмади. Бизни қулликка сотиб юборган ҳамқишлоғимиз Россияда яна эски ишини қилиб юрибди. Мен уни уйини ҳам биламан, қаердалигини ҳам биламан. Биз қанчалик жабрланган бўлсак у бола ҳам жазога тортилса кўнглимиз тинч бўлар эди. Шундай бўлмади. Ким билади яна қанча одамни қул қилиб сотди. Қайтанга милициядагилар уни ёнини оляпти, - дейди Ҳудойбердиев.

Озодлик Паҳлавон Ҳудойбердиев иддаолари юзасидан изоҳ олиш учун Марҳамат тумани Ички ишлар бўлимига боғланди.

Ўзини ИИБ Уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш бўлими ходими деб таништирган мулозим саволни эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг одам савдосига қарши кураш бўйича тергов бўлинмаси вакили эса Озодлик билан суҳбатда қулликка мажбурланган ҳар бир шахснинг аризаси кўриб чиқилишини айтди.

- Бизга мурожаат қилишсин, биз кўриб чиқамиз, - деди ИИВ расмийси.

Ҳозирги кунда Марҳамат туманида қурилиш соҳасида ишлаётган Паҳлавон Ҳудойбердиев ўз ҳамқишлоғи сўзларига ишониб, Қозоғистонга борганидан афсусда эканини айтади.

- Ўшанда бу бола 400 долларгача ойлик беради, деб бизни ишонтирди-да. Ўзимизни тумандан, таниш бола. Ички ишларда танишлар бор, деб мақтанганди. Шунга ишониб кетивордик. Борганимизда ҳужжат қилиб бераман, деб паспортларимизни олди. Кейин билсак бизни Жаркентдаги қурилиш фирмасига бизни сотиб юборган экан. Бизни қулдек ишлатишди. Ҳозир беҳуда кетган кунларимга ачинаман, - дейди Ҳудойбердиев.

Ўзбекистондан Қозоғистон ёки Россияга келаётган муҳожирларнинг аксарияти қонуний йўллардан фойдаланмай, воситачилар ёрдамида иш топишга уринишади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровга кўра аҳолининг 60 фоизга яқини одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан хабардор.

Сўровда қатнашганларнинг аксарияти (90%) бу муаммо ҳақида давлат телевидениеси кўрсатувлари ва кўчаларда осилган ижтимоий рекламалардан билганликларини айтишган.

"Ижтимоий фикр" маркази тахлилчиси Марат Ҳожиматов Озодлик билан суҳбатда аксар холларда одамлар ўз танишлари, ҳамқишлоқлари ваъдасига учиб одам савдоси қурбонига айланаётганини айтади.

- Телевидениеда ҳар куни айтиляпти, "эхтиёт бўлинг, одам савдоси". Лекин, одамлар ўзини яқин одамларига ишониб, алданиб қолишяпти. Ўз қўшнисини, ўз қариндошини сотиб юбораётганлар бор, - дейди Ҳожиматов.

АҚШ Давлат департаментининг Одам савдоси бўйича 2019 йилги ҳисоботида Ўзбекистон ҳукуматининг одам савдосини бартараф этиш бўйича ҳаракатлари белгиланган минимал стандартларга тўлиқ мос келмаётгани айтилган.

Ҳисоботда одам савдоси бўйича жиноий ишларни олиб борадиган ходимлар етарли кўникмага эга эмаслиги, жабрланувчи манфаатларини кўзловчи ёндашувдан фойдаланмаслиги, натижада жабрланувчиларга қайта руҳий зарар етказилиши таъкидланган.

XS
SM
MD
LG